СУД ТИЗИМИ ИСЛОҲОТЛАРИ ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 8 июнь куни «Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон имзоланди.
Мазкур Фармон суд органларининг ички бошқарув тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, унда учта муҳим мақсад белгилаб берилган.
Биринчи мақсад — судларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизимини жорий этиш орқали коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш.
Иккинчи мақсад — суд аппаратига ишга қабул қилишда шаффоф тартиб-таомилларга асосланган очиқ танлов ҳамда меритократия тамойилини жорий этиш.
Учинчи мақсад — суд тизимига жамоатчилик ишончини мустаҳкамлаш ва суд органларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг амалий иштирокчисига айлантириш.
Фармонда белгиланган вазифалар қуйидаги тўрт асосий йўналишни қамраб олади:
— суд аппарати ходимлари ўртасида коррупциянинг олдини олиш;
— Комплаенс назорат хизматини ташкил этиш;
— судьялар корпусида коррупцияга муросасизлик маданиятини шакллантириш;
— Фармон ижросини таъминлашнинг самарали механизмларини жорий этиш.
Ҳар бир йўналиш бўйича аниқ муддатлар, масъул идоралар ва амалга ошириладиган чора-тадбирларни назарда тутувчи «йўл харитаси» белгиланган.
Фармоннинг энг муҳим ташкилий янгиликларидан бири — Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппаратида Комплаенс назорат хизматини ташкил этишдир. Мазкур хизмат Олий суд раисига бевосита бўйсунади ва 3 та штат бирлигидан иборат бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида жами 15 та комплаенс инспектори лавозимини жорий этиш назарда тутилган.
Комплаенс назорат хизматининг асосий вазифаларига коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, касб этикаси қоидаларига риоя этилишини доимий мониторинг қилиш, ишга қабул қилиш жараёнида ошкоралик ва холисликни таъминлаш, шунингдек, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари — турмуш ўртоғи ҳамда вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини юритиш киради.
Фармон билан суд аппаратини бошқаришда янги ёндашув — HR-меритократик тамойилларни жорий этиш кўзда тутилмоқда. Жумладан, «vacancy.sud.uz» порталини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш назарда тутилган. Мазкур платформа орқали суд аппаратидаги барча бўш лавозимлар очиқ ва рақобатли танлов асосида эълон қилинади. Номзодлар сунъий интеллект ёрдамида саралаш, тест синовлари ҳамда касбий кўникмаларни баҳолаш босқичларидан ўтказилади.
«SudHR» электрон платформаси эса суд тизимида ходимлар билан ишлашнинг замонавий усулларини жорий этишга қаратилган. У орқали ходимлар фаолияти мониторинги, уларнинг касбий ўсиш траекторияси, малака ошириш режалари ва самарадорлик кўрсаткичларини баҳолаш жараёнлари рақамли, шаффоф ва объектив тарзда амалга оширилади.
Фармонда белгиланган чора-тадбирлар ривожланган давлатлар суд тизимининг илғор ва синовдан ўтган тажрибасини миллий суд тизимига мослаштириш, коррупцияга қарши курашишни янги босқичга кўтариш, коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ҳамда самарали ички назорат механизмларини жорий этишга хизмат қилади.
Ибрайым АЛЛАНИЯЗОВ
Жиноят ишлари бўйича Беруний туман судининг тергов судьяси






