Бола ҳуқуқлари — бу ҳар бир бола, яъни 18 ёшга тўлмаган шахс ҳеч қандай чекловларсиз эга бўлиши лозим бўлган асосий ҳуқуқ ва эркинликлар мажмуидир. Болалар ва ёшлар катталар билан бир хил инсон ҳуқуқларига эга экани халқаро ҳамжамият томонидан тўла тан олинган. Шу билан бирга, болаларнинг жисмоний ва руҳий жиҳатдан ҳимояга муҳтожлиги улар учун қўшимча кафолатлар ва алоҳида ғамхўрлик зарурлигини ҳам тақозо этади.
Бола ҳуқуқлари тушунчаси ўз илдизини Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг асосий ғояларидан олади. Мазкур ҳужжатда “оналик ва болалик алоҳида ғамхўрлик ва ёрдам олиш ҳуқуқини беради”, деб белгилаб қўйилган. Бу норма болаларнинг барча умумий инсон ҳуқуқларига тенг эгалигини эътироф этган ҳолда, уларни ҳимоя қилишга алоҳида ёндашув зарурлигини кўрсатади.
1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги энг муҳим халқаро ҳужжат ҳисобланади. Ушбу Конвенция инсоният тарихида энг кўп ратификация қилинган инсон ҳуқуқлари шартномаси сифатида болалар ҳаётида туб бурилиш ясади. Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилиб, болалар олдидаги халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Конвенцияга доир болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги, болалар порнографияси ҳамда болаларнинг қуролли можароларда иштирокига оид Факультатив протоколларни ҳам ратификация қилди. Давлат томонидан Конвенция ижроси юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига мунтазам равишда миллий ҳисоботлар тақдим этиб келинмоқда.
Конвенцияда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий принципи сифатида “боланинг энг яхши манфаати” тамойили белгиланган. Бу тамойил ҳар қандай қарор, чора-тадбир ёки ҳуқуқий таъсир аввало боланинг манфаатига хизмат қилиши шартлигини англатади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам болалар ҳуқуқлари алоҳида ўрин эгаллайди. Асосий қонуннинг XIV боби “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланиб, унда давлатнинг болалар олдидаги мажбуриятлари мустаҳкамланган. Жумладан, Конституцияга кўра, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг бевосита мажбурияти ҳисобланади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда “ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди” деган тамойил асосида болалар манфаатларига қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. “Инсон қадри учун” ғояси ҳамда “ҳеч кимни орқада қолдирмаслик” принципи доирасида янгиланган Конституцияда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир кафолатлар янада кучайтирилди.
Айниқса, 2024 йил 14 ноябрда қабул қилинган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашишда янги босқични бошлаб берди. Ушбу қонун билан болаларга нисбатан зўравонлик шакллари учтадан олтитагача кенгайтирилиб, ғамхўрлик қилмаслик, эксплуатация ва буллинг каби ҳолатлар ҳам ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгилаб қўйилди.
Мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2025 йил 24 декабрь куни “2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжат болаларни ҳимоя қилишга қаратилган давлат сиёсатини тизимли ва узоқ муддатли асосда амалга оширишни кўзда тутади.
Стратегияга мувофиқ, зўравонликдан жабрланган ёки хавф остидаги болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш, уларнинг дастлабки кўрсатувларини видеойозув орқали қайд этиш, васийлик ва ҳомийлик органлари иштирокини таъминлаш, шунингдек, болаларга нисбатан зўравонлик ҳақида хабар бермаган мансабдор шахслар учун жавобгарлик жорий этиш каби муҳим механизмлар белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қабул қилинган қонунлар ва Президент Фармонлари болани ҳимоя қилишни фақат оила ёки алоҳида институтлар вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулияти сифатида белгиламоқда. Боланинг ҳуқуқи ва қадри — давлат сиёсатидаги энг олий қадрият сифатида эътироф этилиб, уни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Алишер АМЕТОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси