АЁЛЛАРГА НИСБАТАН ТАЗЙИҚ ВА ЗЎРАВОНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳар қандай демократик давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, уларни тазйиқ ва зўравонликдан муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Зеро, аёл — оиланинг таянчи ва келажак авлод тарбиясининг муҳим омилидир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш ҳамда уларга нисбатан ҳар қандай тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада қабул қилинган «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун мазкур соҳада мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Унга кўра, аёлларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий зўравонликнинг барча шакллари тақиқланади.

Тазйиқ ва зўравонлик — шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, таҳдид қилиш, қўрқитиш, жисмоний куч ишлатиш ёки уни иқтисодий жиҳатдан қарам ҳолатга солиш каби ғайриқонуний ҳаракатларни ўз ичига олади. Бундай ҳолатлар нафақат оилада, балки иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда жамиятнинг бошқа соҳаларида ҳам учраши мумкин.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, бундай ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар тегишли тартибда жавобгарликка тортилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда Жиноят кодексида ушбу қилмишлар учун маъмурий ва жиноий жазо чоралари белгиланган. Бу эса жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида ҳимоя ордери институти жорий этилган. Ҳимоя ордери — жабрланувчини муҳофаза қилишга қаратилган махсус ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, у орқали ҳуқуқбузарга нисбатан муайян чекловлар белгиланади ва жабрланувчининг хавфсизлиги таъминланади.

Бу соҳадаги ислоҳотларни янада кучайтириш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 3 март куни қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони муҳим аҳамият касб этди. Мазкур ҳужжат билан профилактика ишларини кучайтириш, жабрланган шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш механизмлари янада такомиллаштирилди.

Шу билан бирга, бу йўналишда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, зўравонлик ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича тизимли чоралар белгилаб берилди.

 

Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишда нафақат давлат органлари, балки жамиятнинг ҳар бир аъзоси фаол иштирок этиши лозим. Оилада ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик муҳитини шакллантириш, ёшларни инсон ҳуқуқларига ҳурмат руҳида тарбиялаш бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш жамият барқарорлиги ва оила мустаҳкамлигини таъминловчи муҳим омилдир. Бу борада қабул қилинган қонунлар ва норматив ҳужжатлар хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилиб, жамиятда адолат ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлайди.

 

 

 

Зульфия БАБАДЖАНОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси