ФУҚАРО  К. САБУРОВНИНГ YOUTUBE ВИДЕОХОСТИНГИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ВИДЕОМУРОЖААТИ ЮЗАСИДАН

 

Аниқланишича, даъвогар К. Сабуров жавобгар Г. Рахимовага нисбатан турар жойлардан мерос улушини олиш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилган.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2022 йил     22 декабрь кунги ҳал қилув қарори билан даъвогар К. Сабуровнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилган.

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди апелляция инстанциясининг    2023 йил 14 февралдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2024 йил 14 февралдаги ажрими билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

 

Иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида кўрилмаган.

 

Чунки жавобгар Г.Рахимова 1985 йилдан бошлаб мерос очилгунга қадар мерос қолдирувчи Э.Сабуров билан биргаликда яшаганлиги ва мерос қолдирувчи билан мол-мулкка нисбатан умумий мулк ҳуқуқига эга бўлганлиги сабабли мерос тақсимланишида мерос мулкини асл ҳолида олишда имтиёзли ҳуқуққа эга ҳисобланган.

 

Аризачи мажбурий ижро бўлими Тўрткўл тумани бўлими ҳал қилув қарори бўйича ундирувни низоли мулкка қаратиш ва ва кадастр паспортини шакллантирилиб, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги аризаси билан судга мурожаат қилган.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2024 йил     17 майдаги ажрими билан аризачи мажбурий ижро бўлими Тўрткўл тумани бўлимининг аризаси қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 23 июль кунги ажрими билан биринчи инстанция судининг ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди фуқаролик ишлари бўйича тафтиш инстанциясининг 2024 йил 9 октябрдаги ажрими билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

 

Иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида кўрилмаган.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси судининг ахборот хизмати

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЙ ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИНИНГ КЕЛИШУВ БИТИМИ ВА МЕДИАТИВ КЕЛИШУВНИНГ ФАРҚЛИ ЖИҲАТЛАРИ

 

Келишув битими – ўзаро келишишга асосланган ва ва низони ҳал қилиш юзасидан тарафларнинг ёзма келишуви тушунилади.

 

Медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир.

 

Медиатив келишув – медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув ҳисобланади.

 

 

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида, низоларни ўзаро тинч (дипломатик) йўл билан ҳал қилиш орқали судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда келишув битими ва медиатив келишув институтлари муҳим аҳамият касб этади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида”ги 204-сон қарори 2-бандида берилган тушунтиришга кўра, келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилади.

 

“Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 4-моддасига кўра, медиация — келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир. Медиатив келишув эса — медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув ҳисобланади.

 

Уларнинг умумий жиҳати шундаки, иккиси ҳам низоларни тинчлик ва муроса (дипломатик) йўл билан ҳал қилишга қаратилган низоларни муқобил ҳал қилиш усулидир.

 

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 131-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

 

Фарқли жиҳатлари шундаки, келишув битими иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида (ҳаттоки, ишларни апелляция ва кассация инстанциясида кўриш босқичларида ҳам) ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин;

 

иккинчидан, келишув битими у суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади, медиатив келишувни эса тасдиқлаш талаб этилмайди;

 

учинчидан, суд томонидан келишув битимининг тасдиқланиши иш юритишни тугатишга асос бўлади, шу сабабли айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан судга такроран мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.

 

Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади, бундай ҳолатда даъвогар судга даъво аризаси билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли;

 

тўртинчидан, тарафлар ўртасида келишув битими бўйича шартлашилган мажбуриятларни бажармаслик ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Шу сабабли, келишув битимида мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари кўрсатилиши керак, шунингдек келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан (неустойка)дан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин. Келишув битимининг унда белгиланган тартиб ва муддатларда ижро этилмаслиги суд томонидан манфаатдор тарафнинг аризаси бўйича ижро варақаси бериш учун асос бўлади. Медиатив келишувда эса, гарчи тарафлар маълум мажбуриятларни бажариш ҳақида келишган бўлсалар-да, ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди. Шунга кўра, медиатив келишув шартлари бажарилмаган тақдирда, тарафлар такроран судга мурожаат этишга ҳақли;

 

бешинчидан, агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, умумий тартибда ҳал этади. Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилиб, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган тақдирда эса, даъво аризаси тақдим этишда олдиндан тўланган давлат божи даъвогарга қайтарилади (“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 18-модда).

 

Тарафлар иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида”ги 204-сон қарори 17,18 ва 19-бандларида келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги суд ажримининг хулоса қисмида унинг барча шартлари баён этилиши лозим. Бунда тарафларнинг суд харажатларини тақсимлаш бўйича келишувнинг мавжуд эмаслиги келишув битимини тасдиқлашни рад этишга асос бўлмаслигини инобатга олиши керак. Бундай ҳолда, суд харажатларини тақсимлаш масаласини суд Иқтисодий процессуал кодекси 118-моддасининг қоидалари асосида ҳал қилади.

 

Келишув битимини тасдиқлаш ва иш юритишни тугатиш тўғрисидаги суд ҳужжати устидан Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган умумий тартибда шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.

 

Агар келишув битимининг тарафи, келишув битими суд томонидан тасдиқлангандан сўнг келишув битими шартларини қайта кўриб чиқишга ва (ёки) келишув битимини ижро этишдан бош тортишга қаратилган даъво билан мурожаат қилса, суд Иқтисодий процессуал кодекси 173-моддасининг иккинчи қисмини қўллаб, бундай талабларни қаноатлантиришни рад этиши лозим.

 

Агар суд томонидан тасдиқланган келишув битимини тарафлар ўзаро бекор қилиб ёки уни шартларини ўзгартириб, судга янги таҳрирдаги келишув битимини тасдиқлаш учун тақдим этса, суд бундай аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради ва бундай ажрим устидан шикоят қилинмайди (протест келтирилмайди).

 

Мухтасар қилиб айтганда, келишув битими ва медиатив келишув институтлари тарафларга ўрталарида юзага келган низоли масалаларни ўзаро келишув, дипломатик йўл билан ҳал қилиш усуллари бўлиб, алал оқибат низоли вазиятнинг муросаи-мадора йўли билан барҳам топилишига хизмат қилади.

 

 

 

Байрамбек БЕКМУРАТОВ,

Чимбой туманлараро иқтисодий судининг раиси

ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУД ХАРАЖАТЛАРИНИ УНДИРИШ ТАРТИБИ

 

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

 

Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан суд-ҳуқуқ соҳасидаги кенг кўламли ўзгаришлар ўзининг ижобий самарасини бериб келмоқда. Буни халқимизнинг суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қилаётган мурожаатлари, судларда кўрилаётган ишларнинг мазмуни ва унда иштирок этаётган шахсларнинг ҳуқуқий маданияти даражасидан ҳам кўзатишимиз мумкин.

 

Айниқса, сўнги йилларда фуқаролик ишлари бўйича судларнинг иш юритувидаги ишлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

 

Одил судловни амалга ошириш бевосита давлат бюджети ҳисобидан таъминланади. Бунда, судларга мурожаат қилишда ундириладиган давлат божи тўловлари бошқа мажбурий тўловлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантиришнинг таркибий қисмини ташкил қилади.

 

Шунинг учун давлат божини тўғри белгилаш ва вақтида ундириш муҳим аҳамият касб этади. Судларга ариза, даъво ариза беришда ҳамда суд ҳужжатларига нисбатан апелляция, кассация ва тафтиш шикояти беришда давлат божи ундириш миқдори, ҳамда давлат божи тўловидан озод қилинган жисмоний ва юридик шахслар рўйхати, шунингдек давлат божини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва камайтириш тартиби Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси нормалари билан белгиланган.

 

Шу кунгача амалда бўлган “Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги пленуми қарори 15 йил аввал қабул қилинган бўлиб, бу давр ичида қонунчиликда бир қатор ўзгаришлар юз берди. Бу эса, мазкур пленум қарорини ҳам қайтадан кўриб чиққан ҳолда унинг янги таҳририни қабул қилиш заруриятини юзага келтирди.

 

Шу сабабли, судлар томонидан қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш, фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш мақсадида 2024 йил 16 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида»ги 37-сон қарори қабул қилинди.

 

Мазкур Пленум қарори суд харажатларини ундириш масаласига доир қонунчиликни судлар томонидан тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

 

Пленум қарорига судлар томонидан давлат божини ундиришнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, судларда турлича амалиёт юзага келишига сабаб бўлган ҳолатларга батафсил тушунтиришлар бериш ҳақидаги янги бандлар киритилди.

 

Хусусан, даъво баҳоси чет эл валютасида белгиланган мулкий низо бўйича судга ариза берилганда, давлат божининг миқдори ариза тақдим этилган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютада белгиланиши;

 

«Давлат божи тўғрисида»ги Қонун билан белгиланган давлат божи ставкаларининг фуқаролик ишлари бўйича судларига оид қисмида шартнома олди низолари бўйича тўланиши лозим бўлган давлат божи ставкалари белгиланмаганлиги ҳамда Фуқаролик процессуал кодекси 129-моддасининг 2-бандида мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар бўйича даъвонинг баҳоси талаб қилинаётган мол-мулкнинг қийматига қараб белгиланиши назарда тутилганлиги сабабли, шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ёки бекор қилиш ҳақидаги талаблар юзасидан низолашилаётган шартномада кўрсатилган пул қиймати (шартнома баҳоси) даъво баҳоси ҳисобланиши ва давлат божи мулкий хусусиятга эга даъво аризалар учун қонунда белгиланган ставка бўйича тўланиши лозимлиги;

 

«Давлат божи тўғрисида»ги Қонун 8-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар суд ҳужжатлари устидан апелляция, кассация, тафтиш шикояти билан мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилганлиги;

 

апелляция, кассация, тафтиш шикоятидан воз кечилганлиги сабабли шикоят бўйича иш юритиш тугатилганда, тўланган давлат божи қайтарилмаслиги, агар шикоят беришда давлат божи тўланмаган бўлса, давлат божи шикоят берган шахсдан ундирилиши ва бошқа қатор суд амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш бўйича тушунтиришлар берилган.

 

Мазкур Пленум қарори одил судловга эришишга хизмат қилиш билан бирга, суд амалиётини бирхиллаштириш, қонунларни аниқ ва тўғри қўллашга хизмат қилади.

 

 

Абдимурат КЕРИМБАЕВ,

Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси ўринбосари

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИ ҚАРОРИНИНГ МАЗМУНИ ҲАҚИДА  

 

Маълумки, фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари давлат божи ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан иборат.

 

Ўзбекистон Республикаси «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунининг  3-моддасига мувофиқ, давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун олинадиган мажбурий тўлов ҳисобланади.

Фуқаролик ишлари бўйича давлат божини ундириш билан боғлиқ масалалар «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун, ушбу Қонун билан тасдиқланган «Давлат божи ставкаларининг миқдорлари» ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг  13-бобига мувофиқ тартибга солинади.

 

Ўзбекистон Республикаси «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги муносабати билан, шунингдек, судлар томонидан қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш, фуқаролик ишлари бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш мақсадида,  Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан 2024 йил 16 декабрдаги 37-сон қарори қабул қилинди.

 

Ушбу Пленум қарорида фуқаролик ишлари бўйича давлат божи қандай аризалардан ундирилиши аниқ белгилаб кўрсатиб ўтилди, яъни:

 

  • судларга бериладиган даъво аризалардан, алоҳида тартибда юритиладиган ишларга доир аризалардан, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризалардан;

 

  • ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги аризалардан;

 

  • ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалардан;

 

4) чет давлат судининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги аризалардан;

 

  • корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келмайдиган қарорлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг шундай ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган даъво аризаларидан;

 

  • апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоятларидан:

 

а) судларнинг ҳал қилув қарорлари устидан;

 

б) иш юритишни тугатиш тўғрисидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш тўғрисидаги ажримлар устидан;

 

в) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги ишлар бўйича ажримлар устидан;

 

г) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалар бўйича ажримлар устидан;

 

д) чет давлат судининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризалар бўйича ажримлар устидан;

 

  • ҳужжатларнинг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини (шу жумладан, такрорий равишда бериладиган суд ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини) берганлик учун.

 

Шунингдек,  Пленум қарорида ФПКнинг 396, 416 ва 41927-моддаларига асосан апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияси судлари суд ҳужжатларини тўлиқ ҳажмда текшириб чиқиши шартлигидан келиб чиқиб, суд қарорларининг суд харажатлари қисмидан норози бўлиб берилган апелляция, кассация ва тафтиш шикоятлари бўйича давлат божи умумий асосларда тўланади, давлат божи билан боғлиқ масалалар бўйича чиқарилган ажримларга нисбатан берилган хусусий шикоятлар бундан мустаснолиги ҳақида тушунтириш берилган.

 

Қоидага кўра, давлат божи ва почта харажати ариза, даъво аризаси, шикоят (бундан буён — ариза) судга берилгунга қадар тўланади, қонун билан давлат божи тўлови бўйича бошқача тартиб белгиланган ҳоллар бундан мустасно (масалан, аризачи қонун билан давлат божини тўлашдан озод қилинган, суд томонидан давлат божи тўлови кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб тўлаш белгиланган ҳоллар).

 

Давлат божи тўланганлиги факти:

 

банк томонидан тўловчига берилган белгиланган шаклдаги тўлов ҳужжати (квитанция, тўлов топшириқномаси ва бошқалар);

 

белгиланган шаклда тўловни амалга оширган мансабдор шахс ёки давлат органи ва ташкилотнинг кассаси томонидан тўловчига берилган тўлов ҳужжати;

 

электрон тўлов тизимидан олинган маълумотлар билан тасдиқланади.

 

Шунингдек, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасига кўра, давлат божи қуйидаги ҳолларда умумий асосларда ундирилади:

 

қарши даъво аризалардан;

 

учинчи шахсларнинг ишга мустақил даъво талаблар билан киришганлиги тўғрисидаги аризалардан.

 

Ишга киришган даъвогарнинг ҳуқуқий ворисидан давлат божи, агар у даъвогар томонидан тўланмаган бўлса, умумий асосларда ундирилади.

 

Бунда «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун 7-моддасининг иккинчи қисми ва 8-моддаси қоидалари инобатга олиниши лозим.

 

Пленум қарорига кўра, судга ариза давлат божи тўловисиз келиб тушганда, судья аризачи қонун билан уни тўлашдан озод қилинган-қилинмаганлигини текшириши шарт.

 

Фуқаролик ишлари бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинган жисмоний ва юридик шахслар рўйхати «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун    8-моддасининг биринчи қисмида белгиланган.

 

Бунда «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддасига кўра,    2020 йил 1 январга қадар қабул қилинган бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ва ушбу Қонунда назарда тутилмаган давлат божини тўлашдан озод қилиш ушбу ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар кучда қолиши инобатга олиниши лозим.

 

Агар аризачи қонун ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларига кўра давлат божини тўлашдан озод қилинмаган ва аризада уни тўлашни кечиктириш, камайтириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ҳақида илтимоснома мавжуд бўлмаса, шунингдек почта харажатлари тўланмаган бўлса, судья аризани қайтариш ҳақида ажрим чиқаради (ФПК 195-моддаси биринчи қисмининг 7-банди). Ажримда тўланиши лозим бўлган давлат божи, почта харажатлари суммаси кўрсатилиши ва ушбу камчилик бартараф қилинганидан сўнг такроран мурожаат қилиш имконияти мавжудлиги тушунтирилиши лозим.

 

 

 

 Зулфия БАБАДЖАНОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси       

ЕР БИЛАН БОҒЛИҚ ҲУҚУҚИЙ ИСЛОҲОТЛАР

 

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонуни 2024 йил 5 август куни қабул қилиниб, ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга кириши ва 2028 йил 1 январга қадар амал қилиши қонуннинг ўзида белгилаб қўйилди.

 

Ушбу Қонуннинг мақсади ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш асослари ва тартибини белгилайди.

 

Фуқаролар томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун қуйидаги шартларнинг барчасига риоя этилганлиги асос бўлади, агар:

 

мазкур ер участкаси бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ажратилмаган ёки электрон онлайн-аукционга қўйилмаган бўлса;

 

мазкур ер участкасидан фойдаланиш юзасидан жисмоний ва (ёки) юридик шахслар ўртасида низо мавжуд бўлмаса;

 

мазкур ер участкаси учун ер солиғи бўйича, унда қурилган бинолар ва иншоотлар учун эса мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаса.

 

 

Жанат АЙМАГАНБЕТОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси

СУД ҚАРОРЛАРИ УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШ ҚОНУНИЙЛИГИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛДИ

 

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 сентябрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Унга кўра, Жиноят-процессуал кодекси қуйидаги боблар билан тўлдирилди. Ҳукмларнинг, ажримларнинг, қарорларнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг умумий шартлари (55-боб), суднинг ҳукми, ажрими устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш (56-2-боб) шулар жумласидан.

Шунга мувофиқ, суд ҳукмлари, ажримлари, қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги апелляция, кассация ва тафтиш тартибида текширилиши мумкин. Жиноят ишини апелляция, кассация, тафтиш тартибида кўришда прокурор иштирок этади.

Суд жиноят ишини апелляция, кассация, тафтиш тартибида кўришда шикоят ёки протест важлари билан чегараланмайди ва ишни барча маҳкумларга, шу жумладан, тегишли шикоятни бермаган шахсларга ёки ўзига нисбатан шикоят (протест) берилмаган маҳкумларга нисбатан ҳам тўла ҳажмда текширади. Маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, жабрланувчи, унинг вакили биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек, апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанцияси судларининг ҳукмлари, ажримлари устидан тафтиш тартибида шикоят беришга ҳақлидир.

Агар шикоятда ёки протестда оғирроқ жиноят тўғрисидаги қонунни қўллаш зарурлиги ҳақидаги, жазони кучайтириш тўғрисидаги ёки маҳкумнинг аҳволи ёмонлашишига олиб келадиган бошқа ўзгаришлар ҳақидаги масала қўйилган бўлса, суднинг айблов ҳукмини ёхуд ажримини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишга, шунингдек суднинг оқлов ҳукмини ёки ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишга фақат у қонуний кучга кирганидан кейин бир йил ичида йўл қўйилади.

Ҳукм чиқарган суд жиноят иши тафтиш инстанцияси судига юборилганлиги тўғрисида тегишли шахсларни уч сутка ичида хабардор қилади.

Қонун билан шунингдек, ҳукм устидан апелляция шикоятларини (протестларини) бериш муддатлари 20 суткадан 10 суткага қисқартирилди. Шунингдек, суд ҳукми, ажримини ва қарорини ижро этиш чоғида юзага келган масалаларни ҳал қилиш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят бериш ва хусусий протест билдириш тартиби белгиланди.

Қонун 2024 йил 1 январдан эътиборан кучга кирди. Мазкур қонун судьяларнинг масъулиятини оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ва норозиликларнинг олдини олишга, шунингдек, ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликка хизмат қилади.

Агзам УСПАНОВ,

жиноят ишлари бўйича Чимбой тумани суди раиси

ФУҚАРО М.САПАРОВАНИНГ YOUTUBE ВИДЕОХОСТИНИГИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ВИДЕОМУРОЖААТИ ЮЗАСИДАН

 

Мурожаатчи ўзини нечоғлик ҳақ деб билмасин, афсуски судда бу ўз тасдиғини топмаган. Аниқроғи, унинг турмуш ўртоғи, даъвогар Дж. Авезов уч йиллик даъво муддати ўтиб бўлганидан кейин судга даъво ариза билан мурожаат қилган. Унинг ўтказиб юборилган даъво муддатини узрли, деб топиш ва уни тиклаш тўғрисидаги аризасида келтирилган важлар ҳам суд томонидан текширилган. Бироқ, судда даъво муддатини тўхтатиб туриш ёки судга мурожаат қилишга монелик қиладиган узрли деб топишга асос бўлувчи ҳолатлар аниқланмаган.

 

Яъни, Фуқаролик кодексининг 154-моддасига мувофиқ, даъво муддати шахс ўзининг ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан ўта бошлаши белгиланган бўлиб, даъвогар Дж. Авезов даъво муддатини узрли сабабларга кўра ўтказиб юборганлигини тасдиқловчи мақбул далилларни судларга тақдим қилмаган.

Даъвогар Дж. Авезовнинг акаси Султон Авезов (ака) 2004 йил 31 июлда вафот этганлиги, шу вақтда мерос очилганлиги, бунда айнан низоли уй-жойга бевосита қўшни бўлиб яшаган Дж. Авезов ўз ҳуқуқлари бузилганлигини билган бўлиши лозим эди ва ўтган вақт давомида эса Дж. Авезов узрсиз сабабларга кўра даъво талаби билан судга мурожаат этмаган.

 

Олий суд Пленумининг 2019 йил 24 майдаги “Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида”ги 12-сонли қарорининг 15-бандига кўра даъво муддати ўтказилганлиги муносабати билан даъво рад қилинганда, шу жумладан, уларни ўтказиш сабаблари узрсиз деб топилганда, ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида ушбу ҳолатнинг кўрсатилиши етарли бўлади.

 

Даъвогар Дж. Авезов ўз ҳуқуқи бузилганлигини (2005 йил февраль) билган бўлса-да, уч йиллик даъво муддатини 11 йил ўтказиб юбориб (2021 йил 22 апрель) судга мурожаат қилган бўлиб, ушбу даъво муддати жорий этиладиган талаб эканлигини суд эътиборга олган ва муддат қўллаган ҳолда даъвони 2008 йил 18 январдаги нотариал ҳаракатни, шундан келиб чиқиб даъво талабларининг қолган қисмини ҳам рад қилишни лозим топган.

 

Шунинг баробарида Дж.Авезов ўзига тегишли уй-жойдан фойдаланиб келиш жараёнида даъвогар Э. Юлдашевга тегишли уй-жой жойлашган ер майдонининг бир қисмини эгаллаб олиб, қурилиш қилган.

 

Давлат кадастрлари палатаси Беруний туман филиалининг 2021 йил 7 июндаги хулосасида, Дж.Авезовга тегишли Янги ҳаёт кўчаси 14-уйнинг қозонхона биноси 14Б-уйга тегишли ер майдонига 30 см ўтиб қурилганлиги ва газ қувурлари ўтказилганлиги қайд этилган.

 

Фуқаролик кодексининг 164, 228-моддаларига асосан, даъвогар Э. Юлдашев ер майдони ва уй-жой мулкдори сифатида ундан ўз хоҳиши ва манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

 

Бундан ташқари, даъвогар Э. Юлдашев жавобгар Дж. Авезовга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда ўзбошимчалик билан қурилган қурилишни буздириш ва ерни дастлабки ҳолатга келтиришни сўраган.

 

Суднинг 2021 йил 3 майдаги ажрими билан даъво талаблари битта фуқаролик ишига бирлаштирилган. Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2021 йил 7 июндаги ҳал қилув қарори билан Дж. Авезовнинг даъвоси рад қилинган.

 

Э. Юлдашевнинг даъвоси қисман қаноатлантирилиб, даъвогар Э. Юлдашевга тегишли бўлган Беруний тумани, “Амир Темур” МФЙ, Янги ҳаёт кўчаси, 14Б-уйнинг ер участкасида қурилган қозонхона биносининг ўтган 30 см қисми жавобгар Дж. Авезов ҳисобидан мажбурий бузиб ташлаш ва ернинг шу қисми яроқли ҳолатга келтириши, 14Б-уйнинг ички қисмидан ўтиб турган сув қувурлари Дж. Авезов томонидан олиб ташлаш, жавобгар Дж. Авезовдан даъвогар Э. Юлдашевнинг фойдасига 507.150 сўм суд ҳаражати ундириш белгиланган.

Шундан сўнг мазкур низо суд инстанцияларида кўриб чиқилиб, суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган. Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2022 йил 1 июлдаги ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2021 йил 7 июндаги ҳал қилув қарори ва Қоракалпоғистон Республикаси суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 13 августдаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилганлиги маълум қилинади.

ХОТИН-ҚИЗЛАРГА НИСБАТАН ЗЎРАВОНЛИККА БАРҲАМ БЕРИШ БЎЙИЧА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ХАЛҚАРО ҲУЖЖАТЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ

 

Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича халқаро ҳужжатлар жамиятларда аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга нисбатан зўравонликни олдини олишга қаратилган муҳим воситалардан ҳисобланади. Бу ҳужжатлар глобал даражада аёлларнинг ҳуқуқларини тан олиш ва ҳимоя қилишни мустаҳкамлашга йўналтирилган.

Ушбу ҳужжатларнинг аҳамияти жуда катта бўлиб, уларнинг асосий мақсадлари ва йўналишларини қуйидагича белгиловчи қадамлардан иборат:

 

БМТнинг аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси (CEDAW) 1979 йилда қабул қилинган БМТнинг «Хотин-қизлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси» (CEDAW) — аёллар ва қизларнинг барча соҳалардаги ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилиш ва уларга зўравонликка қарши курашишнинг энг муҳим халқаро ҳужжати ҳисобланади. Ушбу конвенция аёлларга нисбатан зўравонликни олдини олиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий нормаларни белгилайди. Конвенцияга аъзо давлатлар ушбу ҳуқуқларни таъминлаш учун ўз миллий қонунчиликларини мустаҳкамлашга ва амалга оширишга мажбур.

 

Шунингдек, БМТнинг умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси 1948 йилда қабул қилинган «Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси» (Universal Declaration of Human Rights) ҳам аёллар ҳуқуқларига эътибор қаратилади. 1-мақола инсоннинг ҳудудидан, ирқий ёки жинсий аниқланишидан қатъий назар барча инсонларга тенг ҳуқуқ ва озодликларни таъминлаш зарурлигини таъкидлайди. Аёлларнинг зўравонликдан ҳимоя қилиниши ушбу ҳуқуқларнинг бир қисми ҳисобланади.

 

БМТнинг аёлларга нисбатан зўравонликни олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича Ҳаракат дастури.

Ушбу дастур БМТ 2008 йилда «Аёлларга нисбатан зўравонликни олдини олиш ва унга қарши курашиш» (UNiTE) кампаниясини бошлади. Ушбу дастур аёлларга нисбатан зўравонликни бартараф этишга қаратилган глобал ҳаракатни ташкил этди ва аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашишга йўналтирилди.

 

Европа Кенгаши ва Европа Конвенцияси

Европа Кенгаши аъзоси давлатлар учун қабул қилинган «Аёлларга нисбатан зўравонлик ва уй зўравонлигини олдини олиш ва унга қарши курашиш тўғрисидаги конвенция» (İstanbul Convention) 2011 йилда қабул қилинган. Ушбу конвенция аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва зўравонликни олдини олишга қаратилган халқаро норма ва стандартларни белгилайди. Унинг мақсади — аёллар ва қизларнинг жисмоний, руҳий ва сексуал зўравонликдан ҳимояланишини таъминлаш.

 

БМТнинг 2030 йилгача ривожланиш мақсадлари

«Ривожланиш мақсадлари» (Sustainable Development Goals, SDGs)нинг 5-маддаси аёллар ва қизларнинг бутун дунёда тенг ҳуқуқ ва имкониятлар билан таъминлаш, шунингдек, уларга нисбатан зўравонликка барҳам беришга қаратилган. Бу мақсад БМТнинг ижтимоий ривожланиш, тенглик ва хавфсизликка олиб келувчи глобал стратегияларига асосланади.

 

Юқорида қайд этилган ҳужжатларнинг аҳамияти шундан иборатки:

Тенглик ва ҳуқуқларнинг таъминланиши: Ушбу халқаро ҳужжатлар аёллар учун тенглик ва ҳуқуқларнинг амалга ошишини таъминлашга қаратилган.

 

Жаҳон миқёсида ҳаракат: Зўравонликка қарши курашиш глобал масштабдаги заруриятга айланиб, давлатларнинг ўз қонунларини мустаҳкамлашга интилишини рағбатлантиради.

 

Қонунчиликни мустаҳкамлаш: Бу ҳужжатлар мамлакатларга ўз қонунчилигини ўрганиш, қонунларни тўғри ва самарали татбиқ этиш, аёлларга нисбатан зўравонликка қарши чоралар кўришни мажбурлайди.

 

Хавфсиз муҳит яратиш: Халқаро меъёрлар аёлларга нисбатан зўравонликдан ҳимоялаш учун хавфсиз муҳит яратишга ишонади.

 

Шу тариқа, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича халқаро ҳужжатлар давлатларнинг аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни зўравонликдан сақлашга оид масъулиятларни аниқ белгилайди, ҳамда бу йўналишдаги глобал ҳаракатларни кучайтиришга ёрдам беради.

 

 

Райса БЕКМУРАТОВА,

Жиноят ишлари бўйича Кегейли тумани суди раиси

БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ХАЛҚАРО ҲУЖЖАТЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ

 

Халқаро ҳужжатлар болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича муҳим ролига эга. Ушбу ҳужжатлар давлатларга болаларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни ҳар қандай зўравонликдан, эксплуатациядан ҳимоя қилишга мажбур қилади.

 

Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳужжатлар болаларнинг асосий ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва уларнинг фаровонлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Бу ҳужжатлар болаларга нисбатан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим асоси бўлиб, уларнинг жисмоний, руҳий, ижтимоий ва маънавий ривожланишини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган. Бу ҳужжатлар болаларнинг ҳуқуқларини халқаро миқёсда тан олиш ва ҳимоя қилишда катта аҳамиятга эга. Ушбу ҳужжатларнинг аҳамиятини қуйидаги жиҳатлардан кўриш мумкин:

 

  1. БМТнинг Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси (CRC)

«Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция» (Convention on the Rights of the Child, CRC) 1989 йилда БМТ томонидан қабул қилинган ва 1990 йилда кучга кирган. Бу конвенция болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган энг муҳим халқаро ҳужжат ҳисобланади. Ушбу конвенцияда болаларнинг инсон ҳуқуқларининг барча асосий аспектлари, жумладан, уларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик, меҳнат, жисмоний ва руҳий ёпилишдан ҳимоя қилиш, равнақ топиш ҳуқуқлари каби масалалар қамраб олинган.

 

Мазкур ҳужжатнинг аҳамияти шундан иборатки:

 

Болаларнинг барча соҳаларда тенг ҳуқуқларига эга бўлишини таъминлайди.

Болаларга нисбатан зўравонлик, меҳнат эксплуатации, савдога тушиш каби ёмон муносабатларга қарши курашишга чорлайди.

Болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун давлатлардан амалдаги чоралар кўришни талаб қилади.

Конвенция болаларни “ҳуқуқларга эга инсонлар” сифатида тан олишни таъминлайди.

 

  1. БМТнинг Болалар савдосига қарши протоколи

Болалар савдосига қарши курашиш учун қабул қилинган махсус протоколлар 2000 йилда БМТ томонидан қабул қилинган. Ушбу протоколлар болаларни савдога чиқариш, порнография, ишлаш ва эксплуатациядан ҳимоя қилишга қаратилган.

 

  1. БМТнинг болаларни ҳарбий интизомда ишлатишга қарши конвенцияси

2000 йилда қабул қилинган «Болаларни ҳарбий интизомда ишлатишга қарши конвенция» (Optional Protocol to the Convention on the Rights of the Child on the involvement of children in armed conflict) болаларнинг ҳарбий ҳаракатларда ишлатилишини олдини олишга қаратилган.

 

Мазкур ҳужжат билан болаларнинг ҳарбий ишларга аралашиши ман этилади.

Ҳарбий интизомда ишлатиш ёшлик ва болалар ҳуқуқларига зид эканлигини эътироф этган.

Давлатларнинг ҳарбий хизматга болаларни жалб қилишни ман этишга мажбур қилган.

 

  1. Халқаро меҳнат ташкилотининг (ILO) 138 ва 182-қанунлари

Болаларни меҳнатдан ҳимоя қилиш учун Халқаро меҳнат ташкилоти (ILO) томонидан 1973 йилда 138-қанун (минимум меҳнат ёши) ва 1999 йилда 182-қанун (болаларни меҳнатдан ҳимоя қилиш ва ёшларнинг маъмурий ҳимояси) қабул қилинган. Ушбу ҳужжатнинг аҳамияти шундаки, болаларни меҳнатдан ҳимоя қилишга қаратилган.

Болаларнинг меҳнат ҳақидаги қонунларга мувофиқ меҳнат қилишини таъминлаш.

Эксплуатация ва зўравонликдан қочиш.

 

  1. Болалар учун таълим ҳуқуқи (ЮНЕСКО)

ЮНЕСКО 1948 йилда болалар учун таълим ҳуқуқини белгилаган ва бу ҳуқуқни барча давлатлар учун таъминлашга мажбурлайди. Ҳар бир бола таълим олиш ҳуқуқига эга эканлигини таъминлаш давлатларнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

 

Аҳамияти:

 

Барча болаларга таълим олиш ҳуқуқини таъминлайди.

Болаларни таълим олиш орқали уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва шахсий ривожланишини рағбатлантиради.

Барча мамлакатларда таълимнинг самарали ва тенг бўлишига таъсир кўрсатади.

  1. Европа Кенгаши Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси

Европа Кенгаши томонидан 1996 йилда қабул қилинган Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция болаларни ёшликка, зўравонликка, ёт нарсаларга қарши ҳимоя қилиш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

 

Аҳамияти:

 

Болаларни ёшликдаги ижтимоий таълим ва жамиятда тенглик имкониятлари билан таъминлаш.

Болаларни йўқотиш ёки болалар ҳуқуқларига хилоф келишга қарши курашиш.

 

Болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ҳужжатлар жамиятларда болаларнинг инсон ҳуқуқларига эътибор қаратишга, уларнинг ҳуқуқлари устидан кузатувни кучайтиришга ва ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади.

 

 

Луиза ОТЕГЕНОВА,

Жиноят ишлаир бўйича Тахиятош тумани суди раиси

ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

 

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни 2024 йил 21 ноябрь куни қабул қилиниб, ушбу қонуннинг ўзида Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгилаб қўйилди.

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда инсоннинг ўз қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун тенг имкониятлар яратиш, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона аниқлашга доир қонун талабларига сўзсиз риоя этиш, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципларини ҳаётга татбиқ этиш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

 

Шу билан бирга жамият ҳаётининг турли соҳаларини жадал рақамлаштириш, одамларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда янада кўпроқ ҳамкорлик қилиши ва бунинг оқибатида жиноятлар содир этилиши, рақамли муҳитда фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши ҳолларининг кенг тарқалиши рақамли далилларнинг институционаллаштирилишини ва улар билан боғлик ишларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланишини талаб этмоқда.

 

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига, Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига рақамли далиллар тушунчасини, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

 

Бундан ташқари «Нотариат тўғрисида»ги, «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги ва «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида рақамли далилларни гувоҳлантириш ва уларни текшириш тартиби назарда тутилмоқда.

 

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлар рақамли далиллардир.

 

Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, башарти унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланса, йўл қўйилади.

 

Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга йўл қўйилиши ўзидан мазкур кўчирма нусха олинган рақамли далилнинг асли мавжудлиги билан таъминланади.

 

Гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва бошқа шахслар рақамли далилларнинг кўчирма нусхаларини қоғозда чоп этилган шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга. Бунда рақамли далилнинг қоғоздаги шакли ёзма далил деб ҳисобланиши мумкин эмас.

 

Терговга кадар текширув, суриштирув, тергов ва суд жараёнида тузилган процессуал баённомаларга илова қилинган, электрон маълумотлар тарзида шакллантирилган аудио-, видеоёзувлар ҳам рақамли далиллар ҳисобланади.

 

Рақамли далилнинг кўчирма нусхаси иш материаллари билан бирга сақланади.

 

Ушбу Қонун фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

 

 

 

Жанат АЙМАҒАНБЕТОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси  маъмурий суди судьяси

Skip to content