ОДАМ САВДОСИ ВА БОЛАЛАР МЕҲНАТИ: ИНСОН ҚАДРИГА ТАҲДИД
Инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳар қандай ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Аммо бугунги кунда дунёда инсон қадрига раҳна солаётган оғир жиноятлардан бири — одам савдоси ва болалар меҳнатидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларидир.
Тасаввур қилинг, яхши иш, юқори маош ёки муносиб турмуш ваъда қилиниб, инсон алданади. Унинг ҳужжатлари тортиб олинади, эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи чекланади ва меҳнат қилишга мажбур қилинади. Афсуски, бундай ҳолатлар бугун ҳам дунёда учраб турибди.
Одам савдоси — бу шунчаки қонунбузарлик эмас. Бу инсон тақдири, унинг орзу-умидлари ва эркинлигига қарши қаратилган оғир жиноятдир.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасида одам савдоси учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Қонун бу каби жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан қатъий жазо чораларини назарда тутади.
Инсон ҳуқуқлари ҳақида гап кетганда, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Чунки ҳар бир бола бахтли болаликка, билим олишга ва соғлом муҳитда вояга етишга ҳақли.
Боланинг қўлида оғир меҳнат қуроллари эмас, китоб бўлиши керак. Унинг вақти меҳнат майдонида эмас, таълим муассасасида ўтиши лозим.
Шу боис мамлакатимиз қонунчилигида болалар меҳнатининг зарарли ва хавфли шаклларига қарши қатъий чоралар белгиланган. Жиноят кодексининг 148¹ ва 148²-моддаларига мувофиқ, шахсларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ёки вояга етмаганларни уларнинг соғлиғи ва ривожланишига зарар етказиши мумкин бўлган ишларга жалб қилиш жавобгарликка сабаб бўлади.
Муҳими, одам савдоси ёки мажбурий меҳнат қурбонига айланиб қолмаслик учун ҳар бир фуқаро огоҳ бўлиши зарур. Айниқса, хорижда ишлаш ниятида бўлган шахслар таклиф этилаётган иш жойи ҳақида расмий манбалар орқали маълумот олишлари, меҳнат шартномаларини диққат билан ўрганишлари ва шубҳали таклифларга ишонмасликлари лозим.
Одам савдоси ва болалар меҳнатига қарши курашиш — фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки судларнинг вазифаси эмас. Бу бутун жамиятнинг масъулиятидир. Ҳар биримиз бефарқ бўлмасак, қонунларга ҳурмат билан ёндашсак ва инсон қадрини улуғласак, бундай иллатларга қарши самарали кураша оламиз.
Зеро, инсон қадри устувор бўлган жойда адолат қарор топади. Болаларнинг кулгиси янграган, инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинган жамият эса барқарор тараққиёт сари интилади.
Нағима БАЛТАБАЕВА,
Нукус туманлараро иқтисодий суди раисининг ўринбосари






