КИМГА ҚАНДАЙ ИМКОНИЯТ? МЕҲНАТДА ТЕНГЛИК МАСАЛАСИ

 

 

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг амалга оширилаётган кенг кўламли ҳуқуқий ислоҳотлар натижасида жамиятда бозор иқтисодиёти талабларига мос янги ҳуқуқий тафаккур шаклланмоқда. Бу ўзгаришлар қонунчилик тизимида ҳам ўз ифодасини топиб, айниқса меҳнат муносабатларини тартибга солиш соҳасида замонавий тамойиллар қарор топмоқда.

 

Жумладан, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг қабул қилиниши ҳамда меҳнатга оид бошқа қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши натижасида ушбу соҳада инсон ҳуқуқ ва манфаатларини устувор қўювчи янги ҳуқуқий ёндашувлар шаклланди.

 

Меҳнат ҳуқуқи ҳуқуқ тизимида муҳим ўрин эгаллайди. У меҳнат бозорида юзага келадиган ижтимоий муносабатларни, хусусан ёлланма меҳнатдан фойдаланиш ва уни ташкил этиш жараёнини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига мувофиқ, ҳар бир инсон муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсиз ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда ишлаш, камситишларсиз адолатли иш ҳақи олиш ҳамда ишсизликдан қонун асосида ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

 

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш мақсадида белгиланади. Шу билан бирга, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, уларни ишдан бўшатиш ёки иш ҳақини камайтириш қонунан тақиқланади.

 

Меҳнат кодексининг 4-моддасига кўра, ҳар ким меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда тенг имкониятларга эга. Меҳнат ва бандлик соҳасида ҳар қандай камситиш қатъиян ман этилади.

 

Жумладан, жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, мансаб мавқеи, яшаш жойи, динга муносабати, эътиқоди ёки бошқа шахсий белгиларга қараб тўғридан-тўғри ёки билвосита чекловлар ўрнатиш ёки имтиёзлар бериш камситиш деб баҳоланади.

 

Бироқ айрим ҳолларда, меҳнатнинг хусусияти ёки айрим тоифадаги шахсларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги ҳисобга олиниб, қонун доирасида белгиланган фарқлар камситиш ҳисобланмайди. Масалан, вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳомиладор аёллар ёки оилавий вазифаларни бажараётган шахсларга нисбатан қўшимча кафолатлар берилиши шулар жумласидандир.

 

Ўзини меҳнат соҳасида камситилган деб ҳисоблаган шахс белгиланган тартибда шикоят қилиш, жумладан судга мурожаат этиш, етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплатиш ҳуқуқига эга.

 

Меҳнат ҳуқуқи субъекти бўлиш учун шахс муайян ёшга етган ва меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлиши лозим. Амалдаги қонунчиликка кўра, меҳнат ҳуқуқий субъектлилик одатда 16 ёшдан бошланади. Айрим ишлар учун эса шахснинг 18 ёшга тўлган бўлиши талаб этилади.

 

Меҳнат қилиш ҳуқуқи инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири бўлиб, унинг ҳимояси давлат томонидан кафолатланади. Хусусан, суд орқали ҳуқуқларни ҳимоя қилиш имконияти муҳим аҳамиятга эга. Суд қарори асосида ишга тикланган ходимнинг бузилган ҳуқуқлари тўлиқ тикланади ва мажбуран ишламаган даври учун ҳақ тўланади.

 

Фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини бузган мансабдор шахслар қонунчиликка мувофиқ интизомий, маъмурий, моддий, айрим ҳолларда эса жиноий жавобгарликка тортилади.

 

Шунингдек, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, фуқароларнинг ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланган.

 

Умуман олганда, меҳнатга оид қонун ҳужжатлари ходимлар ва иш берувчилар манфаатларини мувозанатли таъминлаш, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилади.

 

 

Саодат КАИПНАЗАРОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси