САЙЁР СУД — ЖИНОЯТГА ЖАЗО, ЖАМОАТЧИЛИККА ҲУҚУҚИЙ САБОҚ

 

Чимбой тумани Адлия бўлими биносида Жиноят ишлари бўйича Чимбой туман судининг раиси А.Успанов раислигида очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилди.

 

Сайёр суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган П.Д. ва И.Б., шунингдек, Жиноят кодексининг 238-моддаси 3-қисми “б” банди ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларда айбланган А.А.га нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилди.

 

Суд муҳокамаси давомида П.Д. ва И.Б. ўз айбларини тўлиқ тан олиб, қилмишларидан пушаймон эканликларини билдирдилар. Суд ҳукмига кўра, улар Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, ушбу модда санкцияси доирасида жарима жазоси тайинланди.

 

Шунингдек, А.А. ҳам ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганини маълум қилди. Суд томонидан у Жиноят кодексининг 238-моддаси 3-қисми “б” банди ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 3 йил 7 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 

Суд мажлиси якунида суд раиси томонидан мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг суд тизимига оид яқинда қабул қилинган фармонлари мазмун-моҳияти юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Сайёр суд мажлислари нафақат жиноят ишларини кўриб чиқиш, балки аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни оширишга ҳам хизмат қилаётгани таъкидланди.

ПЛЕНУМ ҚАРОРИ – ЯГОНА СУД АМАЛИЁТИ КАФОЛАТИ

Нукус туман суди биносида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.

 

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад — жиноят ишлари бўйича судларда жазо тайинлаш амалиётини янада такомиллаштириш, қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўллашни таъминлаш, шунингдек, Пленум қарорига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига етказишдан иборат бўлди.

 

Семинарда жиноят ишлари бўйича Нукус тумани судининг раиси Г.Бисенова, тергов судьяси Г.Утепбергенова, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакиллари иштирок этдилар.

 

Тадбир давомида Пленум қарорига киритилган янгиликлар, хусусан жазо тайинлашда жиноятнинг оғирлик даражаси, шахснинг айбдорлик шакли, содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, суд амалиётида учраётган айрим муаммоли жиҳатлар таҳлил қилиниб, ягона ҳуқуқий ёндашувни шакллантириш зарурлиги таъкидланди.

 

Иштирокчилар томонидан жиноят учун жазо тайинлашда адолат, қонунийлик ва инсонпарварлик тамойилларига қатъий риоя этиш муҳим экани алоҳида қайд этилди. Янги ўзгартириш ва қўшимчалар суд амалиётида жазоларнинг мутаносиблигини таъминлаш, шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда одил судлов сифатини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Семинар якунида таъкидланганидек, бундай мулоқот ва ўзаро тажриба алмашувлар суд амалиётини такомиллаштириш, адолат ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

СУД АМАЛИЁТИ ВА ТЕРГОВ СИФАТИ: САМАРАДОРЛИККА ЙЎНАЛТИРИЛГАН МУЛОҚОТ

 

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси суди томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида судьялар ва прокуратура ходимларининг билим ва малакасини ошириш, касбий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган ўқув-семинарлари мунтазам ташкил этилмоқда.

Мазкур тадбирнинг асосий мақсади — тергов сифати ва самарадорлигини янада юксалтириш, тергов ҳамда суд жараёнларида қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўллашни таъминлаш, шу орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдан иборат. Шунингдек, амалдаги қонунчиликка киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига атрофлича етказиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида ўтказилган навбатдаги семинар жиноят ишлари бўйича судларда маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар юзасидан шаклланган суд амалиёти ва ишларни кўриб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим жиҳатларга бағишланди.

Тадбирда суд амалиётидаги долзарб масалалар — қонун нормаларини изчил ва ягона тарзда қўллаш, далилларни холисона баҳолаш, ҳуқуқбузарлик таркибини тўғри квалификация қилиш каби жиҳатлар атрофлича муҳокама қилинди. Шу орқали жамоат тартибини таъминлаш ва фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда судларнинг масъулияти ва ўрни яна бир бор таъкидланди.

Семинарда жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг тергов судьяси Д.Сражатдинов ҳамда Мўйноқ тумани судининг тергов судьяси Б.Досимбетов иштирок этиб, амалиётда учраётган айрим муаммоли ҳолатлар юзасидан фикр алмашдилар. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган 592-модда (оилавий, яъни маиший зўравонлик), 60-модда (табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузиш), 61-модда (оз миқдорда талон-торож қилиш), 131-модда (транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш)ларига оид ишлар бўйича шаклланган суд амалиёти таҳлил қилинди. Аниқ мисоллар асосида ҳуқуқий ёндашувлар кўриб чиқилиб, ягона суд амалиётини шакллантириш масалалари муҳокама этилди.

Тадбир якунида бундай ўқув-семинарлар қонун устуворлигини таъминлаш ва одил судлов сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

 

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ: ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТНИНГ МУСТАҲКАМ КАФОЛАТИ

 

 

Коррупция ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидаги энг жиддий хавфлардан бири ҳисобланади. У давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигига путур етказади, қонун устуворлиги тамойилини заифлаштиради ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга салбий таъсир кўрсатади. Шу боис коррупциянинг ҳуқуқий табиатини чуқур ўрганиш, унинг келиб чиқиш омилларини таҳлил қилиш ва унга қарши курашишнинг самарали қонуний механизмларини такомиллаштириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан биридир.

 

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, коррупция — шахснинг ўз хизмат мавқеидан шахсий ёки бошқа шахслар манфаати йўлида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, шунингдек бундай фойдаланиш учун ноқонуний наф олиши ёки тақдим этишидир. У пора олиш ва бериш, хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги, манфаатлар тўқнашуви каби турли кўринишларда намоён бўлади. Коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг ҳуқуқий тавсифи Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқа соҳавий қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган.

 

Жиноят-ҳуқуқий чоралар коррупцияга қарши курашишнинг асосий механизмларидан бири ҳисобланади. Жиноят кодексида пора олиш, пора бериш, воситачилик қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби қилмишлар учун қатъий жавобгарлик белгиланган. Жазонинг муқаррарлиги принципи коррупциявий жиноятларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Бироқ фақат жазо чоралари билан чекланиб қолиш етарли эмас. Маъмурий ва интизомий жавобгарлик, манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш, декларация тизимини жорий этиш каби профилактик механизмлар ҳам коррупция хавфини камайтиришга хизмат қилади.

 

Коррупцияга қарши курашишда қонун устуворлиги тамойили ҳал қилувчи ўрин тутади. Конституцияда барча фуқаролар қонун олдида тенг экани белгилаб қўйилган. Агар ҳуқуқни қўллаш амалиётида тенглик таъминланмаса, коррупция тизимли характер касб этади. Шу нуқтаи назардан, суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьяларнинг дахлсизлиги ва холислиги адолатли судловни таъминлашнинг асосий кафолатларидир. Судлар томонидан коррупцияга оид ишлар қонуний, асосли ва холис кўриб чиқилиши жамиятда ҳуқуқий ишончни мустаҳкамлайди.

 

Коррупцияга қарши курашишнинг институционал асослари ҳам мустаҳкамланмоқда. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат сиёсатидаги мувофиқлаштирувчи орган сифатида профилактика, таҳлил ва мониторинг вазифаларини амалга оширади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш амалиёти эса қонун ижодкорлиги жараёнидаёқ коррупциявий омилларни аниқлаш имконини бермоқда. Бу ёндашув реактив эмас, балки превентив механизм сифатида аҳамиятлидир.

 

Замонавий шароитда давлат хизматларини рақамлаштириш коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидан бирига айланмоқда. Электрон ҳукумат тизими, онлайн давлат хизматлари, автоматлаштирилган ахборот платформалари инсон омилини қисқартириб, қарор қабул қилиш жараёнларининг шаффофлигини оширади. Рақамли назорат механизмлари маблағлар ҳаракатини кузатиш ва давлат харидларида очиқликни таъминлаш имконини беради. Бу эса коррупция хавфини сезиларли даражада камайтиради.

 

Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашиш фақат жиноий жазо қўллаш билан чекланмайди. У ҳуқуқий, институционал ва ташкилий чора-тадбирларнинг ўзаро уйғун тизимини талаб этади. Қонун устуворлиги, суд мустақиллиги, шаффоф бошқарув ва рақамли трансформация каби омиллар коррупцияга қарши курашишнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворини яратади. Адолатли ва шаффоф жамият барпо этиш йўлида ҳар бир давлат органи ва мансабдор шахс ўз масъулиятини чуқур англаши зарур.

 

 

Жасурбек БАЛТАБАЕВ,

 Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси

СУД ВА ЖАМИЯТ: КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ ҲУҚУҚИЙ ИММУНИТЕТ

 

Коррупцияга қарши курашиш замонавий давлат бошқарувининг энг устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. У нафақат иқтисодий тараққиётга, балки жамиятда адолат ва қонунийлик тамойилларининг қарор топишига бевосита таъсир кўрсатади. Коррупция давлат ва жамият ўртасидаги ишончга путур етказади, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклайди ҳамда ислоҳотлар самарадорлигини пасайтиради. Шу боис мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий ва институционал асосларини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 

Сўнгги йилларда мазкур соҳада йигирмадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, коррупцияга қарши курашишнинг комплекс тизими шакллантирилди. Хусусан, 2021 йил 18 ноябрда қабул қилинган ЎРҚ-729-сон Қонун коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилди. Ушбу қонун билан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари мустаҳкамланди. Агентлик давлат сиёсатини мувофиқлаштирувчи, таҳлил ва мониторинг ишларини амалга оширувчи марказий орган сифатида фаолият юритмоқда.

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш механизмининг жорий қилиниши ҳам муҳим қадам бўлди. Адлия вазирининг 2021 йил 24 февралдаги буйруғи билан тасдиқланган тартибга мувофиқ, қабул қилинаётган ҳужжатларда коррупциявий омиллар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Бу эса коррупция хавфини илдизидаёқ бартараф этиш имконини бермоқда.

 

Давлат харидлари ва шартномавий муносабатларда шаффофликни таъминлаш мақсадида 2021 йил 15 сентябрдаги Фармон асосида давлат харидлари билан боғлиқ шартномаларга коррупцияга қарши қўшимча шартларни киритиш мажбурийлиги белгиланди. Мазкур норма шартномавий муносабатларда тарафларнинг масъулиятини кучайтириб, ноқонуний манфаатдорлик ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилмоқда.

 

Ер муносабатлари соҳасида ҳам коррупция хавфини камайтиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди. 2021 йил 9 июндаги Фармон билан ер ажратишдаги истисно ва имтиёзлар бекор қилиниб, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари аниқ тартибга солинди ҳамда ерларни тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиёти тугатилди. Бу чоралар ер ресурсларидан адолатли ва очиқ фойдаланишни таъминлашга хизмат қилмоқда.

 

Коррупцияга қарши курашишда суд ҳокимиятининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Судлар томонидан коррупцияга оид ишлар холис ва қонуний асосда кўриб чиқилиши, жазонинг муқаррарлиги таъминланиши жамиятда қонунийлик ва адолат принципларини мустаҳкамлайди. Суд амалиёти орқали коррупцияга қарши қонунларнинг бир хил ва тўғри қўлланилиши таъминланмоқда. Бу эса фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.

 

2025 йил 26 декабрда Президентимиз томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўлланган мурожаатномада коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида яна бир бор таъкидланди. Мурожаатда коррупция мамлакат тараққиёти йўлидаги жиддий тўсиқ сифатида баҳоланиб, унга қарши тизимли ва қатъий чоралар кўриш зарурлиги қайд этилди. Хусусан, 2026 йилнинг коррупцияга қарши курашишда янги босқич бўлиши, давлат органларида ички назорат ва комплаенс тизимларини янада кучайтириш, раҳбар шахсларнинг шахсий масъулиятини ошириш вазифалари белгиланди. Ушбу ёндашув коррупцияга қарши курашишни фақат жазо чоралари билан эмас, балки профилактика ва институционал назорат механизмлари орқали амалга оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

 

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари изчил такомиллаштирилмоқда. Қонунчилик базасининг мустаҳкамланиши, ваколатли органлар фаолиятининг мувофиқлаштирилиши, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва шаффофлик тамойилларининг қарор топиши ушбу йўналишда барқарор натижаларга эришиш имконини бермоқда. Коррупцияга қарши курашиш фақат давлат органларининг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулияти экани бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.

 

 

Дилмурат ДАВЛЕТОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси

РАҚАМЛИ СУД АМАЛИЁТИ ВА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

 

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг юридика факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан судьялар иштирокида учрашув ўтказилди. Тадбирда суд тизимини рақамлаштириш, коррупцияга қарши курашиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорларининг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка тушунтирилди.

 

 

 

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси А. Иматов суд тизимида коррупциянинг олдини олиш, давлат хизматларини рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Таъкидланидек, суд жараёнларининг электронлаштирилиши шаффофликни ошириб, инсон омилини камайтиришга хизмат қилади.

 

 

 

Шунингдек, Нукус туманлараро маъмурий суди судьяси Қ. Бабаназаров 2025 йил 24 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 23-сонли қарори мазмун-моҳиятини ёритиб, мазкур қарор суд амалиётида ягона ёндашувни таъминлашга қаратилганини қайд этди.

 

 

Судьялар ўз маърузаларида суд фаолиятини рақамлаштириш фуқароларнинг судларга мурожаат қилишини соддалаштириши, масофавий иштирок, электрон ариза топшириш ва суд ҳужжатларини онлайн олиш имкониятларини янада кенгайтиришини таъкидладилар. Бу ўз навбатида одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.

 

 

Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан фикр алмашдилар.

ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИ ҚАРОРЛАРИ – АМАЛИЁТДА

Амударё туман суди биносида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг яқинда қабул қилинган муҳим қарорлари мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган ўқув-семинари бўлиб ўтди. Тадбирда судялар, давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирок этиб, суд амалиётига татбиқ этилаётган янгиликлар юзасидан фикр алмашдилар.

 

Семинарнинг асосий мақсади – Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги “Судлар томонидан шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш амалиёти ҳақида”ги 21-сонли, “Жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарорга ўзгартириш киритиш ҳақида”ги 22-сонли ҳамда айрим Пленум қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги 23-сонли қарорларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка ва ижрочиларга етказишдан иборат бўлди.

 

Тадбирда сўзга чиққан Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси Жасурбек Балтабаев таъкидлаганидек, Олий суд Пленумининг 22-сонли қарори билан жазо тайинлашда мутаносиблик принципига асосланиш ва ҳуқуқий таъсир чоралари қонунда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги белгиланган. Шунингдек, эндиликда шахсни ўта хавфли ресидивист деб топишда нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлат судларининг ҳукмлари ҳам ҳисобга олиниши мумкин. Қолаверса, Қарор билан жазо тайинлашнинг ўзига хос тартиблари киритилмоқда. Эндиликда судларга жиноят содир этган вояга етмаганларга нисбатан жазо ўрнига кўпроқ мажбурлов чораларини қўллаш тавсия этилади.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман суди раиси Адилбек Сейтназаров интернет тармоғида шаън ва қадр-қимматни камситувчи маълумотлар тарқатилганда қўлланиладиган чоралар ҳақида тушунтириш берди. Агар ижтимоий тармоқларда шахс ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатилса, жабрланувчи нафақат раддия беришни, балки ушбу маълумотларни ўчириб ташлаш, қидирув тизимларидан олиб ташлаш ҳамда маънавий зарарни ундиришни талаб қилиши мумкин. Эътиборли жиҳати шундаки, тарқатилган маълумотнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлаш мажбурияти эндиликда маълумотни тарқатган жавобгар зиммасига юклатилади.

 

Семинар давомида фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман судининг судяси Муҳаббат Кайпова Пленумнинг 22- ва 23-сонли қарорлари билан амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга эътибор қаратди. У ўз нутқида кредит муносабатлари ва жазо тайинлаш амалиётидаги янгиликларни шарҳлаб берди.

 

Қайд қилинганидек, Пленумнинг 23-сонли қарори билан кредит шартномалари бўйича низоларни ҳал қилишда адолатли ёндашув белгиланди. Хусусан, агар қарз олувчи кредитни қайтариш муддатини бузса, банк дарҳол кредитнинг қолган барча қисмини ундиришни талаб қила олмайди. Дастлаб муддати ўтган қисмни ундириш чоралари кўрилиши керак. Фақат шундан кейингина, натижа бўлмаса, кредитнинг тўлиқ суммасини муддатидан олдин ундириш масаласи қўйилиши мумкин. Бу фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим кафолатдир.

 

Шунингдек, судя Муҳаббат Кайпова жиноят ишлари бўйича жазо тайинлашдаги ўзгаришларга ҳам тўхталди. 22-сонли Пленум қарорига кўра, Конституциямизнинг 20-моддасига асосан, шахсга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши шарт. Судларга вояга етмаганларга нисбатан жазо ўрнига мажбурлов чораларини кенгроқ қўллаш тавсия этилмоқда. Яна бир муҳим жиҳат: жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни интернетда тарқатган шахсларга озодликни чеклаш жазоси тайинланганда, уларга Интернетдан фойдаланишни тақиқлаш каби қўшимча чекловлар белгиланиши мумкинлиги тушунтирилди.

 

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга судялардан батафсил жавоб олдилар. Ушбу Пленум қарорларининг амалиётга тўғри татбиқ этилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилиши таъкидланди.

ҚОНУН ҚЎЛЛАНИЛИШИДА ЯГОНА ЁНДАШУВ — СУД АМАЛИЁТИНИНГ УСТУВОР ВАЗИФАСИ

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Қорақалпоғистон Республикасидаги сектори, Мажбурий ижро бюроси ва Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаларида тегишли соҳа вакиллари билан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьялари Г.Байназарова, К.Хожамуратов ва Ж.Аймаганбетовалар иштирокида ўқув-семинар бўлиб ўтди.

 

Семинарда суд амалиётида қонун ҳужжатларини бир хил қўллашни таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги 23-сонли қарори билан бир қатор қарорларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти кенг ёритилди. Мазкур ўзгартишлар кредит ва гаров муносабатлари, ижро иши юритиш ҳамда ерга оид низоларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштиришга қаратилгани таъкидланди.

 

Судьялар томонидан кредитни муддатидан олдин ундириш шартлари, гаровдаги мол-мулкка ундирув қаратиш тартиби, ер ижараси муносабатларида юзага келаётган низоларни ҳал этишда ягона ёндашувни таъминлаш, шунингдек, прокурор иштирокининг мажбурий ҳолатлари юзасидан аниқ тушунтиришлар берилди. Амалда учраётган муаммолар, суд амалиётидаги тафовутлар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди.

 

Очиқ мулоқот шаклидаги семинарда иштирокчилар томонидан амалий саволлар берилди, судьялар эса қонун нормаларини тўғри қўллаш бўйича аниқ мисоллар асосида жавоблар берди.

СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ВА СУД: ЎЗБЕКИСТОНДА ОДИЛ СУДЛОВНИНГ ЯНГИ ДАВРИ

 

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида суд тизимини рақамлаштиришга, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш, одил судловнинг шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорликни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараён фуқароларнинг ҳуқуқий хавфсизлигини мустаҳкамлаш, иқтисодий ва ижтимоий фаолиятда ҳуқуқий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

 

Президентимизнинг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони суд тизимида рақамли технологияларни жорий этишнинг янги босқичини бошлаб берди. Мазкур ҳужжат нафақат суд ишларини қоғоз шаклидан тўлиқ воз кечиш, балки сунъий интеллект орқали “Рақамли суд” концепциясини амалга оширишни ҳам назарда тутади.

 

Фармонда белгиланган вазифалар миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар билан уйғун. Хусусан, Конституциянинг 44-моддаси ҳар бир шахснинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини кафолатлайди, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 10-моддаси эса адолатли судловга эришиш ҳуқуқини эътироф этади. Шу боис “Рақамли суд” концепцияси Ўзбекистоннинг ҳуқуқий тизими ва халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилмоқда.

 

Рақамли суд тизими қатор ҳуқуқий ва амалий афзалликларни тақдим этади:

 

Сунъий интеллект орқали прогнозлаш: суд жараёнининг тахминий натижаси ва харажатлари олдиндан баҳоланади, фуқаролар ва тадбиркорлар учун ҳуқуқий таваккалчилик камаяди.

 

Электрон мурожаат ва масофавий иштирок: суд иштирокчилари бинога ташрифсиз, онлайн тарзда қатнашиши мумкин, бу вақт ва харажатларни тежайди ҳамда суд жараёнининг очиқлигини таъминлайди.

 

Ҳужжат айланмаси шаффофлиги: иш материаллари электрон шаклда тақдим қилиниши орқали ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилади.

 

Автоматик жараёнлар: ижро варақалари ва баённомалар сунъий интеллект томонидан тайёрланиши инсон омилларидан келиб чиқадиган суиистеъмол эҳтимолини камайтиради.

 

Суд тизимини рақамлаштиришнинг илмий аҳамияти ҳам катта. “Кибер ҳуқуқ” соҳасида янги тадқиқотларнинг зарурияти пайдо бўлади, шу жумладан, электрон далилларни баҳолаш, сунъий интеллект орқали тайёрланган ҳужжатнинг юридик кучга эгалиги масалалари алоҳида тадқиқотларни талаб қилади.

 

Амалий жиҳатдан эса, “Рақамли суд” концепцияси судларнинг самарадорлигини ошириб, иқтисодий ва фуқаролик айланмасида ҳуқуқий барқарорликни таъминлайди. Суд жараёнлари тезкор ва шаффоф ўтказилганда, тадбиркорлик муҳити ҳам ривожланади, фуқаролар судга мурожаат қилишда қийинчиликка дуч келмайди, ҳуқуқий барқарорлик эса мустаҳкамланади.

 

Эндиликда суд ишлари замонавий технологиялар ёрдамида тезроқ, шаффоф ва оддий тарзда амалга оширилади. Фуқаролар ва тадбиркорлар учун суд тизими нафақат очиқ, балки ишончли ва халққа яқин адолат қўрғонига айланади. Бу эса давлатнинг ҳуқуқ устуворлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқий хавфсизлигини таъминлашда муҳим қадамдир.

 

 

Султанмурат ДАВЛЕТМУРАТОВ,

Жиноят ишлари бўйича Хўжайли тумани суди раиси

 

ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТНОМАСИ: АДОЛАТ ЙЎЛИДАГИ ВАЗИФАЛАР

 

2025 йил 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий Мажлис ва халқимизга йўлланган Мурожаатнома нафақат йилнинг сарҳисоби, балки келгуси йилга қаратилган муҳим вазифаларни белгилавчи ҳужжат бўлди. Судья сифатида уни диққат билан ўрганиб чиқдим ва юртимизда одил судловни таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги аҳамиятини баҳоладим.

 

Мурожаатномада давлат раҳбари 2026 йилда амалга ошириладиган олти асосий йўналишни белгилаб, фуқароларни пассив кутиб ўтиришга эмас, балки ўз масъулияти ва меҳнати билан ўзгаришларни яратишга чақирди. Тарихий қадриятларимиз — бирдамлик ва маҳалла тизимининг аҳамияти ҳам қайд этилди. Шу боис 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни такомиллаштириш йили” деб эълон қилиниши қўллаб-қувватланади.

 

Суд соҳасида эса энг долзарб муаммолар сифатида гиёҳвандлик, оилавий зўравонлик ва коррупция қайд этилди. Мамлакатда сўнгги икки йилда аёллар ва болаларга нисбатан 2 мингдан ортиқ оилавий зўравонлик ҳолати аниқланган, шунингдек 14 мингдан ортиқ гиёҳвандлик жинояти содир этилган. Судья сифатида таъкидлашим мумкинки, оиладаги зўравонлик — фақат ички масала эмас, бу бутун жамиятга дахлли, унинг олдини олишда барча давлат органлари, жумладан судлар ҳам сафарбар бўлиши лозим.

 

Коррупция масаласи ҳам алоҳида эътиборга молик. Суд соҳасидаги тажрибам шуни кўрсатадики, адолат ва қонун устуворлиги учун коррупцияга қарши қатъий чоралар жорий этилиши зарур. Мурожаатномада кўрсатилган комплаенс тизимлари ва ички назорат механизмлари бу борада муҳим қадам саналади.

 

Шу билан бирга, Президент Мурожаатномаси замонавий давлат бошқаруви ва одил суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда барча учун ишончли муҳит яратишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.

 

 

Жанат АЙМАҒАНБЕТОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси

Skip to content