КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ: МИЛЛИЙ ҚОНУНЧИЛИК АСОСЛАРИ ВА СУДЛАРНИНГ ЎРНИ
Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва адолатли жамият барпо этишнинг устувор йўналишларидан биридир. Коррупция нафақат давлат бошқарувига, балки фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, иқтисодий ривожланишга ҳам жиддий таҳдид солади. Шу bois Ўзбекистонда коррупцияга qarshi курашиш доимий ва тизимли ҳуқуқий асосда амалга ошириб келинмоқда.
Коррупцияга қарши сиёсатнинг ҳуқуқий пойдевори қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат:
-
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, унда коррупциянинг олдини олиш, жазолаш ва институционал механизмлар белгилаб берилган;
-
2022–2026 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий дастури, давлат органлари, фуқаролик жамияти ва ОАВнинг ўзаро ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратади;
-
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида қабул қилинган фармон ва қарорлар, улар суд тизимининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини кучайтиришга қаратилган.
Ушбу ҳужжатлар коррупцияга қарши сиёсатни ягона давлат ёндашуви асосида самарали ташкил этишга хизмат қилмоқда.
Суд органлари коррупцияга қарши курашда қонун устуворлигини таъминлаш орқали муҳим ўрин тутади. Судлар:
-
коррупция билан боғлиқ ишлар бўйича одил, холис ва қонуний қарорлар қабул қилади;
-
фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга хизмат қилади;
-
жамоатчилик орасида ҳуқуқий маданият ва қонунга итоаткорликни ошириш ишларида фаол иштирок этади.
Шунингдек, судларда очиқ муҳокама, электрон ахборот тизимлари ва очиқ маълумотлар портали орқали шаффофликни таъминлаш коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эгадир.
Коррупцияга қарши курашиш – давлат ва жамиятнинг биргаликдаги вазифаси. Миллий қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, суд тизимининг очиқлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш коррупцияни бартараф этишда асосий омиллардан ҳисобланади.
Саодат КАЙПНАЗАРОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси






