ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИГИ ЯНАДА ЛИБЕРАЛЛАШТИРИЛДИ

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Шу жараённинг мантиқий давоми сифатида «Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Мазкур Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 4 июлда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2025 йил 1 августда маъқулланди ҳамда 2025 йил 23 октябрда расмий эълон қилинди.

Қонунга мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланади. Бу меъёр фақат ўта оғир жиноятлар ёки жазони ўтаб бўлгандан кейин қайтадан қасддан жиноят содир этилган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклаш ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилди. Бу ўзгартишлар жазо тайинлашда инсонпарварлик тамойилларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Қонуннинг асосий мақсади — вояга етмаганларни жамиятдан узиб қўймасдан, уларга ўз ҳаётини “судланганлик тамғаси”сиз давом эттириш имконини яратиш, қайта ижтимоийлашувга кўмаклашишдан иборат.

Мазкур Қонун вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим босқичи бўлиб, жиноят қонунчилигини янада либерал ва адолатли қилишга хизмат қилади.

Жасур УРАЗБАЕВ,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси