ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИГИ: ЖАЗОДАН ТУЗАТИШГА ЎТИШ
Суд амалиётида вояга етмаганлар иштирокидаги жиноят ишлари алоҳида эътибор ва масъулиятни талаб қилади. Чунки бундай ишлар бўйича қабул қилинаётган ҳар бир қарор нафақат содир этилган қилмишга ҳуқуқий баҳо бериш, балки ўсмирнинг келгуси ҳаёти, унинг жамиятга қайта мослашуви ва тақдири билан бевосита боғлиқдир. Шу боис, жиноят қонунчилигини вояга етмаганлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш долзарб вазифа ҳисобланади.
2025 йил 24 октябрдан кучга кирган «Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун айнан шу мақсадга хизмат қилади. Ушбу қонун билан вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни қўллашда инсонпарварлик ва адолат тамойиллари янада мустаҳкамланди.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этилган жиноятлар кўп ҳолларда ўсмирнинг онгли равишда жиноий йўлни танлагани эмас, балки ижтимоий муҳит, тарбия ва назорат етишмаслиги билан боғлиқ бўлади. Шу сабабли, жазони ўтаб бўлган шахсни бутун умр судланганлик ҳолатида қолдириш унинг тўғри йўлга қайтишига тўсиқ бўлиб келаётган эди.
Мазкур қонун билан Жиноят кодексига киритилган муҳим янгиликлардан бири — ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланишидир. Жиноят кодексининг 77-моддаси 6-қисм билан тўлдирилиб, мазкур қоида аниқ белгилаб қўйилди. Бунда фақат ўта оғир жиноятлар ҳамда жазони ўтаб бўлгандан кейин ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар қасддан янги жиноят содир этилган ҳолатлар истисно этилди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 84-1-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, озодликни чеклаш вояга етмаган маҳкумларга нисбатан бир ойдан икки йилгача муддатга тайинланади. Илгари мазкур жазо тури олти ойдан бошланган бўлса, эндиликда энг кам муддатнинг бир ой этиб белгиланиши судларга жазо тайинлашда янада индивидуал ва тарбиявий ёндашиш имкониятини беради.
Жиноят кодексининг 85-моддасида эса вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси бир ойдан ўн йилгача муддатга тайинланиши назарда тутилди. Бу ҳам аввалги тартибга нисбатан сезиларли либераллашув бўлиб, судлар томонидан жазони белгилашда ўсмирнинг шахси, қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва уни тузатиш имкониятлари инобатга олинишига хизмат қилади.
Умуман олганда, қонунчиликка киритилган ушбу янги нормалар вояга етмаганларни жазолашга эмас, балки уларни тузатиш, қайта ижтимоийлаштириш ва жиноят содир этишдан қайтаришга қаратилган. Суд амалиётида мазкур қоидаларнинг қўлланилиши ўсмирларга иккинчи имконият бериш, уларнинг келажагини асраб қолиш ҳамда жамиятда адолат ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Луиза ОТЕГЕНОВА,
Жиноят ишлари бўйича Тахиятош тумани суди раиси






