ЕР УЧАСТКАЛАРИДАН НОҚОНУНИЙ ФОЙДАЛАНИШ: ЖАВОБГАРЛИК МУҚАРРАР

 

Бугунги кунда ер муносабатларини тартибга солиш, ер участкаларидан қонуний ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис, ердан ноқонуний фойдаланиш, уни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларига нисбатан қонунчиликда аниқ ва қатъий жавобгарлик чоралари белгиланган.

 

Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, айрим ҳолатларда фуқаролар томонидан ер участкаларини тегишли рухсат ва ҳужжатларсиз эгаллаб олиш, ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш ҳолатлари учрамоқда. Бундай ҳолатлар эса қонун талабларининг бузилишига, шунингдек, турли ҳуқуқий низолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

 

Жиноят ишлари бўйича Шоманай туман суди томонидан кўриб чиқилган навбатдаги маъмурий иш ҳам айнан шу каби ҳуқуқбузарлик билан боғлиқдир.

 

Мазкур иш материалларига кўра, фуқаро Ғаний Бисенбаев ( исмлар ўзгартирилган)  аввал мавжуд турар жойини бузиб, кадастр ҳужжатларини бекор қилдирган. Шундан сўнг, ушбу ер участкасидан қонуний асосларсиз фойдаланган ҳолда янги турар жой қурган.

 

Ушбу ҳолат юзасидан тегишли тартибда текширувлар ўтказилиб, турар жойни расмийлаштириш имконияти мавжуд ёки мавжуд эмаслиги аниқлаш мақсадида бир неча бор юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилинган. Бироқ, белгиланган талабларга жавоб бермаслиги сабабли, мазкур қурилиш ноқонуний деб топилган.

 

Шу асосда, ваколатли орган томонидан фуқаро фуқаро Ғаний Бисенбаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси 3-қисми билан маъмурий жазо, яъни катта миқдорда жарима тайинланган.

 

Фуқаро томонидан ушбу қарор устидан судга шикоят аризаси киритилиб, унда жарима миқдорини камайтириш сўраган.

 

Суд томонидан иш барча далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари ҳамда иш материаллари асосида ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганилди.

 

Суд муҳокамаси жараёнида аниқланишича, фуқаро томонидан ер участкасидан қонуний ҳуқуқий асосларсиз фойдаланилгани, мазкур ҳолат ваколатли орган томонидан тўғри қайд этилгани ва қонун талаблари асосида ҳуқуқий баҳо берилгани ўз тасдиғини топди.

 

Шунингдек, ишни кўриб чиқиш жараёнида жаримани камайтириш ёки бекор қилиш учун қонунчиликда назарда тутилган асослар мавжуд эмаслиги аниқланди.

 

Натижада, суд томонидан ваколатли орган қарори ўзгаришсиз қолдирилиб, шикоят аризаси қаноатлантирилмади.

 

Ер муносабатлари соҳасида қонун талабларига қатъий риоя этиш ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади. Ер участкаларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш нафақат маъмурий жавобгарликка, балки кейинчалик янада оғир ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.

 

Шу боис, фуқаролар ҳар қандай қурилиш ёки ер билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширишдан олдин тегишли рухсатнома ва ҳужжатларни расмийлаштириши, амалдаги қонунчилик талабларига қатъий амал қилиши зарур.

 

Қонун устуворлиги таъминланган жамиятдагина адолат ва тартиб қарор топади.

 

Жеткиншек Қдырниязов,

Жиноят ишлари бўйича Шоманай тумани судининг тергов судьяси

ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ – ЕР МУНОСАБАТЛАРИДА АДОЛАТ МЕЗОНИ

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, ўзбошимчалик билан ер эгаллаш ва ноқонуний қурилишларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар янада такомиллаштирилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 60-моддаси ер тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилайди.

Жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман суди амалиётида кўрилган ишлардан бири мазкур норманинг ҳаётда қандай қўлланилишини яққол намоён қилди.

Иш материалларига кўра, фуқаро Ш.Б тегишли ер ажратиш ҳужжатларисиз 1500 квадрат метр ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, унда 348 квадрат метрли турар жой қурган ва ундан фойдаланиб келган. Ушбу ҳолат давлат ер назорати тадбирлари жараёнида аниқланиб, тегишли далолатномалар, фотоиловалар ҳамда бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланган.

Шу муносабат билан ваколатли орган томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси учинчи қисмига мувофиқ маъмурий жарима қўлланилган.

Фуқаро ушбу қарордан норози бўлиб, судга мурожаат қилди. У ўзининг пенсияда эканлиги, оиласининг оғир ижтимоий аҳволи, фарзандларининг вақтинча ишсизлиги ҳамда келини ногиронлиги сабабли жарима миқдорини камайтириш ёки қарорни бекор қилишни сўради.

Суд муҳокамаси давомида ҳуқуқбузар ўз ҳаракатларини инкор этмади. Аксинча, қурилиш учун зарур ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларга эга эмаслигини тан олди. Шу билан бирга, судга мурожаат қилинган вақтга қадар ноқонуний қурилган объект бузилмагани ва ер участкасининг аввалги ҳолати тикланмагани ҳам аниқланди.

Суд иш материалларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона таҳлил қилди. Давлат ер назорати ҳужжатлари, ҳуқуқбузарнинг тушунтиришлари ҳамда бошқа далиллар унинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик таркиби мавжудлигини тўлиқ тасдиқлади.

Муҳими, суд қарор қабул қилишда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 31 ва 33-моддалари талабларини ҳам инобатга олди. Ушбу нормаларга кўра, айрим ҳолларда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлса, суд енгилроқ жазо тайинлаши мумкин.

Бироқ мазкур ишда ҳуқуқбузар ноқонуний қурилишни бартараф этмаган, ерни қонун талабларига мувофиқ ҳолатга келтирмаган ва ҳуқуқбузарлик оқибатларини тугатиш бўйича амалий чоралар кўрмаган. Шу боис фақатгина моддий аҳволнинг оғирлиги жазони енгиллаштириш учун етарли ҳуқуқий асос бўла олмайди.

Суд қонун устуворлиги, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ва ер муносабатларида белгиланган тартибга қатъий риоя қилиниши тамойилларидан келиб чиққан ҳолда ваколатли орган қарори қонуний ва асосли эканлигини эътироф этди ҳамда шикоятни қаноатлантирмасдан қолдирди.

Мазкур суд амалиёти бир муҳим ҳақиқатни англатади: ижтимоий ёки моддий аҳвол, албатта, суд томонидан эътиборга олинади. Бироқ ҳуқуқбузарлик оқибатлари бартараф этилмаган ва қонун талаблари бажарилмаган ҳолларда бу ҳолатлар жавобгарликдан озод қилиш ёки жазони бекор қилиш учун мустақил ҳуқуқий асос бўла олмайди.

Қонунга ҳурмат, ер муносабатларида белгиланган тартибга риоя қилиш ва давлатнинг ер сиёсатига масъулият билан ёндашиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Ана шу тамойилларга амал қилиш орқали қонун устуворлиги таъминланади, жамиятда ҳуқуқий маданият юксалади ва адолат қарор топади.

Бауржан Сабуров,
Жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман судининг тергов судьяси

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИНИНГ 33 ЙИЛЛИГИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида байрам олди маънавий-маърифий учрашув юқори савияда ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янграб, иштирокчиларда юксак фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотди. Шундан сўнг институт ректори Н.Абсаттаров кириш сўзи билан тадбирни очиб, меҳмонларни таништирди ҳамда барча иштирокчиларни ушбу қутлуғ сана билан самимий муборакбод этди. У ўз нутқида Конституциянинг жамият тараққиётидаги беқиёс ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталди.

 Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш.Ўтемисов ўз маърузасида Конституциянинг қабул қилиниши тарихий бурилиш бўлганини, у давлат ва жамиятнинг демократик ривожланиш йўлини белгилаб берган муҳим ҳуқуқий ҳужжат эканини таъкидлади. Шунингдек, асосий қонунимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, миллий ҳуқуқий тизимни шакллантиришда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси ўринбосари Б.Қтайбеков сўзга чиқиб, Конституция ҳар бир давлатнинг сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий қиёфасини белгилаб берувчи асосий ҳужжат эканини таъкидлади. У 1993 йил 9 апрель куни қабул қилинган Конституция янги давлат ва жамият қурилишида мустаҳкам асос бўлганини, айнан шу ҳужжат орқали жамият ҳаётининг барча соҳаларини тартибга солувчи ҳуқуқий тизим шаклланганини алоҳида эътироф этди.

Тадбирда шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим бошлиғи А.Абдикаримов ҳам иштирок этиб, Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устувор аҳамият касб этиши, мазкур нормалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларига мос келишига алоҳида эътибор қаратди.

Учрашув давомида талаба-ёшлар фаол иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Мутахассислар томонидан берилган атрофлича жавоблар ёшларнинг ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

  

ШАХСНИ ҒАЙРИИХТИЁРИЙ ТАРТИБДА ПСИХИАТРИЯ СТАЦИОНАРИГА ЁТҚИЗИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар тиббий ёрдам кўрсатишнинг алоҳида тури ҳисобланади. Ушбу муносабатлар ихтиёрий ва мажбурий даволаниш жараёнларида вужудга келиб, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиклашга қаратилган бўлади. Бунда кўрсатиладиган тиббий хизмат ягона тиббий стандартлар ва усуллар асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига “Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада бўлиш муддатини узайтириш” тўғрисидаги 32-бобнинг киритилиши фуқароларнинг суд орқали ҳимоя қилинишини янада мустаҳкамлади. Чунки айрим ҳолатларда шахснинг руҳий ҳолати атрофдагилар учун хавф туғдириши мумкин бўлиб, бу эса нохуш оқибатларнинг олдини олиш мақсадида уни мажбурий тартибда даволаш заруратини келтириб чиқаради.

Мазкур тоифадаги ишлар суд тартибида кўриб чиқилиши ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикасининг “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонунининг 30 ва 31-моддаларига мувофиқ, шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш фақат қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

  • шахсни фақат стационар шароитида текшириш ёки даволаш мумкин бўлганда;
  • унинг руҳий ҳолати оғир бўлиб, ўзига ёки атрофдагиларга бевосита хавф туғдирганда;
  • шахс ўзининг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда қондиришга лаёқатсиз бўлганда;
  • психиатрия ёрдами кўрсатилмаса, унинг соғлиғига жиддий зарар етказилиши эҳтимоли мавжуд бўлганда.

Мазкур ҳолатларда шахсни стационарга жойлаштириш масаласи суд томонидан ҳал қилинади.

Шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг стационарда бўлиш муддатини узайтириш ҳақидаги ишлар суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқилади. Бу ишлар психиатрия муассасаси жойлашган ҳудуддаги судга тааллуқлидир.

Аризада қонунчиликда назарда тутилган асослар аниқ кўрсатилиши лозим. Шунингдек, унга шифокор-психиатрлар комиссиясининг шахсни стационарга ётқизиш ёки унинг даволаниш муддатини узайтириш зарурлиги ҳақидаги асослантирилган хулосаси илова қилиниши шарт.

Суд аризани қабул қилар экан, ишни кўриб чиқиш даврида шахснинг стационарда бўлиб туриши масаласини ҳам ҳал этади.

Ушбу ишлар, қоида тариқасида, ўн кунлик муддатда кўриб чиқилади. Суд мажлисида шахснинг қонуний вакили, шифокор-психиатрлар комиссияси вакили, прокурор ҳамда психиатрия муассасаси вакили иштирок этади.

“Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ, шахс психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун вакил таклиф этиш ҳуқуқига эга. Вакиллик қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини уларнинг васийлари, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини эса ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари ҳимоя қилади.

Иш судда кўриб чиқилгандан сўнг ҳал қилув қарори қабул қилинади. Суднинг аризани қаноатлантириш ҳақидаги ҳал қилув қарори шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг у ерда бўлиш муддатини узайтириш учун ҳуқуқий асос ҳисобланади.

Ғайриихтиёрий тартибда стационарга ётқизилган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган барча ҳуқуқлардан фойдаланади. Жумладан, уларнинг ҳуқуқлари тиббиёт соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳам ҳимоя қилинади.

Шунингдек, “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонуннинг 39-моддасига мувофиқ, шахс психиатрия стационаридан унинг соғайгани ёки руҳий ҳолати яхшиланиб, стационар шароитида даволаниш зарурати қолмаган тақдирда, шунингдек текширув ёки экспертиза якунланган ҳолларда чиқарилади.

Хулоса қилиб айтганда, шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тартиби инсон ҳуқуқлари ва жамият хавфсизлиги ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

Саодат КАИПНАЗАРОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси

КОНСТИТУЦИЯ — ҲУҚУҚ ВА АДОЛАТНИНГ МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОРИ

 

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

 

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Раджапбай Нуразизов, Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси Камал Тарихов, республика прокурорининг ўринбосари Тўлқин Нурметов, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

Тантанали тадбир давлат мадҳиялари ижроси билан бошланди.

 

 

Тадбир давомида сўзга чиққанлар Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши тарихи, унинг давлат ва жамият ҳаётидаги аҳамияти, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ўрни ҳақида сўз юритдилар.

 

 

Таъкидланганидек, Конституция — демократик ислоҳотларни амалга оширишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси, инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли кафолати ҳисобланади. Бош Қомусда “инсон — жамият — давлат” тамойили устувор этиб белгиланган.

 

 

Шунингдек, сўнгги йилларда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди.

 

Тадбир доирасида маърузалар тингланиб, ёшлар онгида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, Конституция нормаларига ҳурмат руҳини мустаҳкамлаш муҳим вазифа экани қайд этилди.

 

Тантанали тадбир маданий дастур билан якунланди.

 

 

 

КИМГА ҚАНДАЙ ИМКОНИЯТ? МЕҲНАТДА ТЕНГЛИК МАСАЛАСИ

 

 

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг амалга оширилаётган кенг кўламли ҳуқуқий ислоҳотлар натижасида жамиятда бозор иқтисодиёти талабларига мос янги ҳуқуқий тафаккур шаклланмоқда. Бу ўзгаришлар қонунчилик тизимида ҳам ўз ифодасини топиб, айниқса меҳнат муносабатларини тартибга солиш соҳасида замонавий тамойиллар қарор топмоқда.

 

Жумладан, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг қабул қилиниши ҳамда меҳнатга оид бошқа қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши натижасида ушбу соҳада инсон ҳуқуқ ва манфаатларини устувор қўювчи янги ҳуқуқий ёндашувлар шаклланди.

 

Меҳнат ҳуқуқи ҳуқуқ тизимида муҳим ўрин эгаллайди. У меҳнат бозорида юзага келадиган ижтимоий муносабатларни, хусусан ёлланма меҳнатдан фойдаланиш ва уни ташкил этиш жараёнини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига мувофиқ, ҳар бир инсон муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсиз ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда ишлаш, камситишларсиз адолатли иш ҳақи олиш ҳамда ишсизликдан қонун асосида ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

 

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш мақсадида белгиланади. Шу билан бирга, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, уларни ишдан бўшатиш ёки иш ҳақини камайтириш қонунан тақиқланади.

 

Меҳнат кодексининг 4-моддасига кўра, ҳар ким меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда тенг имкониятларга эга. Меҳнат ва бандлик соҳасида ҳар қандай камситиш қатъиян ман этилади.

 

Жумладан, жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи, мансаб мавқеи, яшаш жойи, динга муносабати, эътиқоди ёки бошқа шахсий белгиларга қараб тўғридан-тўғри ёки билвосита чекловлар ўрнатиш ёки имтиёзлар бериш камситиш деб баҳоланади.

 

Бироқ айрим ҳолларда, меҳнатнинг хусусияти ёки айрим тоифадаги шахсларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги ҳисобга олиниб, қонун доирасида белгиланган фарқлар камситиш ҳисобланмайди. Масалан, вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳомиладор аёллар ёки оилавий вазифаларни бажараётган шахсларга нисбатан қўшимча кафолатлар берилиши шулар жумласидандир.

 

Ўзини меҳнат соҳасида камситилган деб ҳисоблаган шахс белгиланган тартибда шикоят қилиш, жумладан судга мурожаат этиш, етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплатиш ҳуқуқига эга.

 

Меҳнат ҳуқуқи субъекти бўлиш учун шахс муайян ёшга етган ва меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлиши лозим. Амалдаги қонунчиликка кўра, меҳнат ҳуқуқий субъектлилик одатда 16 ёшдан бошланади. Айрим ишлар учун эса шахснинг 18 ёшга тўлган бўлиши талаб этилади.

 

Меҳнат қилиш ҳуқуқи инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири бўлиб, унинг ҳимояси давлат томонидан кафолатланади. Хусусан, суд орқали ҳуқуқларни ҳимоя қилиш имконияти муҳим аҳамиятга эга. Суд қарори асосида ишга тикланган ходимнинг бузилган ҳуқуқлари тўлиқ тикланади ва мажбуран ишламаган даври учун ҳақ тўланади.

 

Фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини бузган мансабдор шахслар қонунчиликка мувофиқ интизомий, маъмурий, моддий, айрим ҳолларда эса жиноий жавобгарликка тортилади.

 

Шунингдек, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, фуқароларнинг ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланган.

 

Умуман олганда, меҳнатга оид қонун ҳужжатлари ходимлар ва иш берувчилар манфаатларини мувозанатли таъминлаш, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилади.

 

 

Саодат КАИПНАЗАРОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ВА ТИКЛАШ ШАРТЛАРИ

 

Болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан оилавий-ҳуқуқий соҳада ҳимоя қилиш даражасини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда давлат оила сиёсати жамият ҳаётида юз бераётган объектив ўзгаришлар таъсири остида шаклланмоқда. Шу боис, республикамиз миқёсида оилаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий муаммоларнинг сабабларини бартараф этишга қаратилган мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Афсуски, баъзи оилаларда ота-оналар қийин ҳаётий вазият сабабли болаларига зарур ғамхўрлик кўрсата олмайдилар. Бу жумладан, болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик, шунингдек мулкий ҳуқуқларнинг бузилиши ҳам кузатилади. Асосий сабаблар қаторида қашшоқлик, алкоголизм, гиёҳвандлик, ота-она мажбуриятларига масъулиятсиз муносабат ва оилавий ҳамда ахлоқий қадриятларнинг паст даражаси кўрсатилади. Бу ҳолатлар оилавий муносабатларнинг беқарорлигига ва ижтимоий муаммоларнинг кучайишига олиб келади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш – бу ота-оналарнинг фарзандларига нисбатан айбли ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатлари учун қўлланиладиган охирги қатъий санкциядир. Қонунга кўра, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш фақат суд қарори билан амалга оширилади ва бу боланинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қўлланилади.

Амалда, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш фақат қуйидаги ҳолларда мумкин:

  • Ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш, шу жумладан алимент тўлашдан воз кечиш;
  • Болани даволаш, тарбиялаш ёки ижтимоий ҳимоя муассасаларидан олишдан ўз иродаси билан бош тортиш;
  • Ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш ва болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлиш;
  • Муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мойиллик;
  • Боланинг ёки оила аъзоларининг ҳаёти ва соғлиғига қарши қасддан жиноят содир этиш.

Суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жараёнида боланинг таъминоти, таълими ва хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилади. Шунингдек, суд ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онанинг болага алимент тўлаш мажбуриятидан озод қилмаслигини таъминлайди.

Ота-онанинг ҳуқуқини тиклаш мумкин бўлиб, бу фақат уларнинг хулқ-атворини ва бола тарбиясига муносабатини ўзгартирган ҳолатда ва суд қарори асосида амалга оширилади. 10 ёшга тўлган болаларнинг розилиги ота-оналик ҳуқуқини тиклашда асосий шарт саналади.

Шу тариқа, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш институтлари нафақат жавобгарлик чораси сифатида, балки боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва оилада тарбиявий муҳитни сақлаш воситаси сифатида ҳам қонунчиликда ўз ўрнига эга. Бу жараёнда асосий мақсад — боланинг қонуний манфаатларини таъминлаш ва унинг келажагини муҳофаза қилишдир.

Саодат КАИПНАЗАРОВА,

 Қорақалпоғистон Республикаси судининг  судьяси

АПЕЛЛЯЦИЯДА ҲУКМ ЎЗ КУЧИДА ҚОЛДИ: ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАСИ БИЛАН БОҒЛИҚ ИШ БЎЙИЧА ҚАРОР ЎЗГАРТИРИЛМАДИ

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судлари томонидан  томонидан жиноят ишларини қонун талабларига мувофиқ, очиқ ва шаффоф тарзда кўриб чиқиш амалиёти изчил давом эттирилмоқда.

Жумладан, навбатдаги бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган ҳукмнинг қонунийлиги ва асослилиги юзасидан ҳуқуқий баҳо берилди.

 

Суд ҳайъати раиси Х.Бердикличев, судьялар Д.Разов ва А.Аметовдан иборат таркибда, суд мажлисида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим катта прокурори А.Ниязимбетов, судланувчи «Ё.Я»  ҳамда унинг ҳимоячилари иштирок этди.

 

Жиноят ишлари бўйича Беруний туман судининг 2025 йил 11 сентябрдаги ҳукмига кўра, «Ё.Я» Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

 

Иш материалларига кўра, судланувчи қонунга хилоф равишда 0,4 грамм миқдордаги героин гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадисиз, шахсий истеъмол қилиш мақсадида сақлаб келган. У 2025 йил 16 июнь куни Беруний тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу модда билан ушланган.

 

Суд-кимёвий экспертиза хулосасига мувофиқ, олинган модда таркибида фаол гиёҳванд модда — диацетилморфин мавжуд бўлиб, у героин экани ва унинг соф оғирлиги 0,4 граммни ташкил этиши аниқланган.

 

Судланувчи ва унинг ҳимоячиси томонидан берилган апелляция шикоятида биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгартириш, енгилроқ жазо тайинлаш сўралган.

 

Апелляция инстанцияси томонидан иш материаллари қонун талабларига мувофиқ ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганилди. Биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган ҳукмда келтирилган хулосалар ишнинг ҳақиқий ҳолатларига тўлиқ мос келиши, далиллар эса ЖПК талабларига мувофиқ баҳолангани аниқланди.

 

Шунингдек, жазо тайинлашда судланувчининг шахси, айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, оилавий аҳволи ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олингани қайд этилди.

 

Шу асосда, апелляция инстанцияси қарорига кўра, жиноят ишлари бўйича Беруний туман судининг 2025 йил 11 сентябрдаги ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди, апелляция шикояти қаноатлантирилмади.

 

Мазкур жиноят иши бўйича апелляция инстанцияси томонидан қабул қилинган қарор биринчи инстанция суди хулосаларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини яна бир бор тасдиқлади.

 

Судлар томонидан жиноят ишларини кўриб чиқишда қонун талабларига қатъий риоя этилиши, далилларни ҳар томонлама ва холис баҳолаш, шунингдек, жазо тайинлашда шахсга оид барча ҳолатларни инобатга олиш амалиёти изчил таъминланмоқда.

 

Шу билан бирга, мазкур қарор гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабат юритилиши, қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашда суд ҳокимиятининг қатъий позициясини намоён этади.

 

Қонун устуворлиги таъминланган жамиятда ҳар қандай ҳуқуқбузарликка нисбатан жавобгарлик муқаррар бўлиб, суд қарорлари орқали адолатнинг таъминланиши — ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгисидир.

 

 

Хамра БЕРДИКЛИЧЕВ,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси

АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАРНИ ЗЎРАВОНЛИКДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ — ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, айниқса аёллар ва болаларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан муҳофаза қилиш давлат сиёсатидаги энг муҳим устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Shavkat Mirziyoyev томонидан 2026 йил 3 мартда «Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида»ги Фармон қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни турли кўринишдаги тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Фармонда аввало эрта никоҳ ҳолатларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу орқали ёшларнинг ўз ҳаёт йўлини онгли равишда танлаши, оила қуришга тайёр бўлган ҳолда никоҳ тузиши рағбатлантирилади. Жумладан, 2027 йилдан бошлаб ҳар икки тараф камида 21 ёшга тўлган ҳолда биринчи марта никоҳдан ўтган ёш оилалар учун давлат томонидан қўшимча имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари назарда тутилган.

Шунингдек, ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланаётган талабалар учун таълимни давом эттириш бўйича «иккинчи имконият» яратилиши ҳам муҳим ижтимоий кафолатлардан бири ҳисобланади. Бу эса ёш аёлларнинг билим олиш ва касбий ривожланиш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати — аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш механизмларини янада кучайтиришдир. Хусусан, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига уларнинг розилиги билан махсус “my.ihma.uz” мобил иловаси ўрнатилади. Ушбу илова орқали жабрланувчи шахслар тезкор равишда SOS сигнали юбориб, зарур ёрдам олиш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, зўравонлик ҳолатларини содир этган шахслар билан ишлаш, уларни мажбурий психиатр кўригидан ўтказиш, шунингдек, айрим жиноятлар бўйича тергов ваколатларини прокуратура органларига юклаш каби нормалар ҳам белгиланган. Бу эса ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.

Фармонда яна бир муҳим янгилик сифатида 2027 йилдан бошлаб аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишларини, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан кўриб чиқиш тартиби жорий этилиши белгиланди. Бу эса бундай тоифадаги ишларни кўриб чиқишда профессионал ёндашувни таъминлайди.

Албатта, ушбу чора-тадбирлар нафақат ҳуқуқий ҳимояни кучайтиришга, балки жамиятда оила қадриятларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Чунки соғлом оила — барқарор жамиятнинг асоси ҳисобланади.

Суд органлари ҳам мазкур Фармонда белгиланган вазифаларни амалга оширишда фаол иштирок этиб, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилиниши, адолат принциплари тўлиқ таъминланишига алоҳида эътибор қаратади.

Аёллар ва болаларни ҳимоя қилишга қаратилган бу каби ташаббуслар жамиятимизда инсон қадрини улуғлаш, адолат ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Раиса БЕКМУРАТОВА,

жиноят ишлари бўйича Кегейли тумани суди раиси 

АДОЛАТ ЙЎЛИДА ЁЗИЛГАН 75 ЙИЛЛИК ИБРАТ

 

Умрлар бор — бир яшагулик. Умрлар бор — мангу яшагулик. Шундай умр эгалари борки, уларнинг ҳаёт йўли фақат шахсий тақдир эмас, балки бир даврнинг маънавий қиёфасига айланади. Ана шундай инсонлардан бири — “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган юрист”, “Дўстлик” ордени ва “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби, суд фахрийси Парахат Айтниязов бу йил муборак 75 ёшни қарши олди.

 

 

Нукус шаҳрида ўтказилган тантанали анжуман фақат юбилей эмас, балки бир умрлик садоқат, ирода ва адолатга бағишланган ҳаётнинг эътирофи сифатида ўтди. Тадбирда юбилярнинг ҳамкасблари, шогирдлари, кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди. Залда фақат табриклар эмас, самимий ҳурмат, устозга бўлган чексиз эҳтиром ҳукм сурарди.

 

 

Анжуманда Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Мингбоевнинг маърузаси ўқиб эшиттирилди. У ўз нутқида Парахат Айтниязовнинг ҳаёт йўлини “тасодифлар эмас, балки аниқ мақсад, мустаҳкам ирода ва адолатга бўлган чуқур ишонч асосида қурилган ибратли йўл” дея таърифлади.

 

 

Дарҳақиқат, юбилярнинг меҳнат фаолияти ҳуқуқшунослик соҳасида алоҳида саҳифаларни ташкил этади. У Нукус шаҳар суди судьясидан тортиб, Қўнғирот туман суди раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари, собиқ иттифоқ даврида СССР Адлия вазирлиги катта маслаҳатчиси каби масъул лавозимларда ишлади.

 

 

Мустақилликнинг илк йилларида эса қонунчилик ва ҳуқуқ тартибот қўмитасига раҳбарлик қилиб, янги давлатчилик пойдеворини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшди.

 

Кейинчалик унга ишонч билдирилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди раиси лавозими топширилди. Ушбу масканда ўн беш йил давомида одил судловни таъминлаш, қонун устуворлигини қарор топтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлида сабот билан меҳнат қилди.

 

 

Парахат Айтниязов нафақат раҳбар, балки устоз сифатида ҳам юзлаб ёш ҳуқуқшуносларга ҳаёт мактаби бўлди. Бугун унинг шогирдлари турли масъул лавозимларда адолат анъаналарини давом эттиришмоқда. Бу — устоз меҳнатининг энг катта самараси.

 

 

Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б.Исламовнинг табриги ҳам ўқиб эшиттирилди. Юбилярнинг жамият ривожига қўшган ҳиссаси, юксак инсонпарварлик фазилатлари алоҳида эътироф этилди.

 

 

Қорақалпоғистон ҳақида сўз кетганда эл қалбида қолган буюк номлар ёдга олинди: Ибройим Юсупов, Муса Ерниязов, Қаллыбек Камалов. Ана шундай эл ардоқлаган инсонлар сафида Парахат Айтниязов номи ҳам муносиб ўрин эгаллаши таъкидланди.

 

 

Бугун у ҳали-ҳамон фаол — Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раиси сифатида фаолият юритмоқда. Бу ишонч — унинг йиллар давомида орттирган тажрибаси ва юксак обрўсининг ёрқин далилидир.

 

 

Тантана якунида устознинг ҳаёт йўли ибрат сифатида тилга олинди. У ҳақда “Бу одам ҳудди чинордек — илдизлари чуқур, сояси кенг” дея таъриф берилди.

 

Дарҳақиқат, айрим инсонлар борки, уларнинг умри йиллар билан эмас, эзгу амаллар билан ўлчанади. Парахат Айтниязов ана шундай мангу яшагулик умр соҳибларидан.

 

 

75 ёш — бу фақат бир сана эмас, балки адолатга бағишланган умрнинг яна бир нурли манзили. Илдизлари чуқур, сояси кенг чинордек бу ҳаёт йўли ҳали кўпларга паноҳ, унинг бой тажрибаси эса ёш ҳуқуқшунослар учун йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилишда давом этади. Чунки ҳақиқий устознинг умри йиллар билан эмас, тарбиялаган шогирдлари, қолдирган анъаналари ва жамиятда қолдирган изи билан ўлчанади. Парахат Айтниязов мана шундай инсонлардан – нафақат адолатга хизмат қилган арбоб, балки бутун бир ҳуқуқшунослик мактабини яратган устоз сифатида эл ҳурматида азиз ва қадрли.

 

Skip to content