ҚОРАЎЗАКДА ЁШЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ ВА САЙЁР СУД ЎТКАЗИЛДИ
Қораўзак тумани Ёшлар марказида “Судья ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди. Учрашувда Нукус туманлараро Маъмурий суди судьяси А. Салиев ҳамда Қораўзак тумани прокурори ёрдамчиси Э. Садуллаев иштирок этиб, ёшлар билан очиқ мулоқот олиб боришди.
Тадбирда судья томонидан ёшларга сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, 2025 йил 11 мартда қабул қилинган “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳақида тушунчалар берилди. Қонун орқали фуқароларнинг судларга онлайн тарзда мурожаат қилиши ва масофадан иштирок этиши учун яратилган қулайликлар кенг ёритилди.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августда қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–140-сонли Фармонининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Ушбу Фармонда судлар фаолиятига сунъий интеллект ва замонавий рақамли технологияларни жорий этиш, суд ишларини юритишда автоматлаштиришни янада ривожлантириш, судьялар ишини енгиллаштириш ҳамда одил судловнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган устувор вазифалар белгиланган. Шунингдек, суд биноларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, моддий-техник таъминотни яхшилаш орқали фуқаролар учун муносиб суд муҳитини яратиш ҳам назарда тутилган.
Тадбирнинг давоми сифатида сайёр суд мажлиситашкил этилди. Унда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг оғир оқибатлари, ёшлар ўртасида учраётган турли қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида ҳаётий мисоллар келтирилди. Суд муҳитини жонли равишда кузатган ёшлар амалиёт орқали қонуннинг устуворлиги, жазо муқаррарлиги ва одил судлов тушунчаларини янада чуқурроқ англашди.