МУЛКНИ МУСОДАРА ҚИЛИШ ТАРТИБИ
Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборат. Мулк ҳуқуқи муддатсиз бўлиб, мулк дахлсиз ва қонун билан муҳофаза қилинади.
Мулк эгасининг мол-мулкини олиб қўйишга, шунингдек унинг ҳуқуқларини чеклашга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда гина йўл қўйилади.
Шунингдек, қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув ушбу мол-мулкка қаратилган тақдирда, шунингдек, национализация қилиш, реквизиция ва мусодара қилиш тартибида йўл қўйилади.
Қонунда назарда тутилган ҳолларда мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ жиноят ёки ўзга ҳуқуқбузарлик қилганлик учун ҳақ тўламасдан мулкдордан олиб қўйилиши, яъни мусодара қилиниши мумкин.
Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, ҳисобга олиш, сақлаш, баҳолаш ва сотиш, шунингдек, уни йўқ қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида»ги Низом асосида амалга оширилади.
Мулкни олиб қўйиш тўғрисидаги материаллар қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш ёки уни йўқ қилиш тўғрисида қарор қабул қилувчи тегишли судга ёки органга берилиши керак. Бунда материалга мол-мулкни олиб қўйиш тўғрисидаги баённома, мол-мулкни сақлаш учун қабул қилиш-топшириш далолатномаси, автомототранспорт воситаси ёки кўчмас мулкни давлат даромадига ўтказишда – кўздан кечириш далолатномаси, 20 ва ундан ортиқ йил фойдаланилган автомототранспорт воситасини кўздан кечириш далолатномасига Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати органининг автомототранспорт воситасининг фойдаланишга яроқлилиги тўғрисидаги хулосаси, экспертиза ўтказиш учун қисмлар ва намуналар олиш тўғрисидаги далолатнома, мол-мулкнинг истеъмол, фойдаланиш ёки қайта ишлаш учун яроқлилиги ёки яроқсизлиги бўйича эксперт хулосаси, мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотга мувофиқлик сертификати, мол-мулкни баҳолаш тўғрисидаги хулоса ёки мол-мулкни баҳолаш тўғрисидаги далолатнома, шунингдек базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз баравари ва ундан ортиқ миқдорига тенг бўлган мол-мулк бўйича қўшимча равишда фотосуратга олиш материаллари, мавжуд бўлганда эса видеотасвирга олиш материаллари ҳам илова қилинади.
Мулкни давлат даромадига ўтказиш ёки уни йўқ қилиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилган суд ёки бошқа орган ўз қарорида экспертиза ўтказишда (сертификатлашда) олинган ва қайтарилган қисмлар ҳамда намуналар сонини кўрсатган ҳолда давлат даромадига ўтказиладиган ёки йўқ қилиб ташланадиган мол-мулкнинг қиймати ва миқдорини кўрсатади.
Мулкни давлат даромадига ўтказиш ёки уни йўқ қилиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилган суд ёки орган ўзи чиқарган тегишли қарор кучга кирганидан кейинги кундан кечиктирмай ижро ҳужжатини ижро этиш учун тегишли Бюро органига юборади.
Ваколатли органнинг кучга кирган қарори, шунингдек, мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш ёки мол-мулкни йўқ қилиш тўғрисидаги суднинг кучга кирган қарори асосида суд томонидан бериладиган ижро варақаси ижро ҳужжати ҳисобланади.
Суд ёки ваколатли органнинг ижро ҳужжатига ушбу Низомга асосан юқорида қайд этилган, ижрони юритиш учун зарур бўлган ҳужжатлар илова қилинади.
Мулкни сотишдан тушган пул маблағларининг давлат даромадига тўлиқ ва ўз вақтида тушишини назорат қилиш, шунингдек, давлат органларига бепул берилган мол-мулкни ҳисобга олиш солиқ органлари томонидан амалга оширилади.
Мулкни олиб қўйиш, давлат мулкига ўтказиш ёки уларни йўқ қилиш, баҳолаш (қайта баҳолаш) ҳамда сотиш ваколати берилган, олинган пул маблағларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тўлиқ ва ўз вақтида ўтказилишини таъминловчи давлат бошқаруви, назорат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг қонунийлиги устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.
Низом талаблари бузилишининг ҳар бир ҳолати бўйича прокуратура органлари жазо муқаррарлигини таъминлайди ва қонунда назарда тутилган жиноий жавобгарликкача бўлган жавобгарлик чораларини кўради.
Низом талаблари бузилганлиги учун айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Спартак Ниязов,
Нукус туманлараро иқтисодий суди раиси