ОИЛАВИЙ ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ: ЯНГИ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТЛАР АМАЛИЁТДА
Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари, айниқса, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ва изчил ишлар амалга оширилмоқда. 2025 йил 9 апрель куни қабул қилинган “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун мазкур йўналишдаги ҳуқуқий кафолатларни янада мустаҳкамлади.
Мазкур Қонунга мувофиқ, Оила кодексига киритилган муҳим қўшимчалардан бири — суд томонидан никоҳдан ажратиш ишлари кўрилаётганида оилавий (ижтимоий) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муддат тайинланмаслиги ҳисобланади. Бу норма зўравон муносабатлар давом этишининг олдини олиш, жабрланувчи шахснинг хавфсизлигини таъминлаш ва унинг ҳақ-ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 59-2-моддасида оилавий (ижтимоий) зўравонлик тушунчасига ҳуқуқий жиҳатдан аниқ таъриф берилган. Унга кўра, қуйидаги ҳаракатлар оилавий зўравонлик ҳисобланади:
турмуш ўртоқ, собиқ турмуш ўртоқ, бирга яшовчи шахс ёки умумий фарзандга эга бўлган шахс томонидан бошқа шахснинг таълим, меҳнат, соғлиқни сақлаш, мулк ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилиш;
шахсий буюмлар ва мол-мулкка қасддан зарар етказиш;
шахс шаънини камситиш, уни қўрқитиш, яқин қариндошларидан мажбурий ажратиб қўйиш каби хатти-ҳаракатлар.
Агар ушбу ҳаракатларда жиноят аломатлари мавжуд бўлмаса, улар маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиб, 10 дан 20 бараваргача базавий ҳисоблаш миқдорида жарима ёки 10 суткагача маъмурий қамоқ жазоси билан жазоланади.
Модданинг иккинчи қисмида эса, жабрланувчи шахсга енгил тан жароҳати етказиш, соғлиғи ёмонлашишига олиб келган зўравон хатти-ҳаракатлар ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган. Бу ҳолатларда жарима миқдори сақланади, лекин маъмурий қамоқ муддати 15 суткагача оширилади.
Янги ҳуқуқий ўзгаришлар, хусусан, суд томонидан ярашиш муддати белгиланмаслиги каби нормалар оилавий зўравонликка учраган шахслар учун муҳим кафолат ҳисобланади. Бу каби ҳуқуқий ёндашувлар-зўравонликни рағбатлантирмаслик, жабрланувчиларни такрорий зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг дахлсизлиги ва шаънини тиклаш каби муҳим ижтимоий мақсадларга хизмат қилади.
Қабул қилинган Қонун нафақат оилавий зўравонликка қарши самарали курашишни, балки оилаларда соғлом муҳит яратиш, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис, ҳар бир фуқаро, хусусан, аёллар ва ёшлар ўз ҳуқуқларини билиши ва ҳимоя қилиш механизмларидан хабардор бўлиши жамият барқарорлиги учун муҳим шартлардан биридир.
Жанат АЙМАҒАНБЕТОВА
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг судьяси