СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ СОҲАСИГА БАҒИШЛАНГАН СЕМИНАР БЎЛИБ ЎТДИ
Қорақалпоғистон Республикаси судида Х. Сулайманова номидаги Республика суд экспертиза марказининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими экспертлари Д. Тажиев ва У. Рустамовалар иштирокида семинар ташкил этилди. Тадбирда судьялар ҳамда суд тизими ходимлари иштирок этдилар.
Семинарнинг асосий мақсади суд амалиётида экспертиза фаолиятининг аҳамиятини ошириш, суд ходимларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, соҳадаги янгиликлар билан таништиришдан иборат бўлди.
Семинар давомида иштирокчиларга суд лингвистикаси соҳаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Экспертлар бу йўналишнинг мазмун-моҳияти, унинг тадқиқот объектлари, ҳамда сўз ва матн таҳлили орқали суд жараёнларида далилларнинг ишончлилигини аниқлашдаги аҳамияти ҳақида тушунча бердилар. Суд лингвистикаси орқали турли хатлар, баёнотлар ёки электрон ёзишмалардаги маънони аниқ талқин қилиш имконияти ошиши таъкидланди.
Шунингдек, тадбирда суд ҳужжатларини интеграция тизими орқали жўнатиш тартиби, унинг афзалликлари ва электрон ҳамкорликнинг самараси ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Бу тизим суд қарорларини тезкор, аниқ ва хавфсиз тарзда етказишни таъминлаб, суд фаолиятини янада шаффоф ва самарали қилиши қайд этилди.
Экспертлар суд-ер экспертизаси тушунчаси, унинг қўлланиш соҳалари ва амалий аҳамияти ҳақида маълумот бердилар. Шу билан бирга, экспертиза харажатларини ҳисоблаш тартиби, уларни суд ишлари юритувида тўғри қўллаш механизмлари юзасидан ҳам атрофлича тушунтиришлар берилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 21-августда қабул қилинган 140-сонли Фармони мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Ушбу ҳужжатда суд-ҳуқуқ тизимида рақамлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш, ахборот технологияларини жорий этиш орқали тизим самарадорлигини ошириш вазифалари белгилаб берилган. Экспертлар мазкур Фармон суд ишларини юритишда замонавий ахборот ечимларини жорий этишда янги босқични бошлаб берганини таъкидладилар.
Тадбир якунларида семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Судьялар ва суд ходимлари экспертизаларни тайинлаш, уларнинг натижаларини баҳолаш ҳамда замонавий рақамли ечимлардан фойдаланиш борасида экспертлардан аниқ ва илмий асосланган жавоблар олдилар.
Семинар суд тизими ходимларининг билим ва малакасини ошириш, суд экспертизаси соҳасидаги янгиликлар билан таништириш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини амалиётга кенг жорий этиш йўлида муҳим аҳамият касб этди.