АДОЛАТ ТИЗИМИДА ЯНГИ БОСҚИЧ: СУДЛАРДА СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

 

 

Юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, уни замон талабларига мос равишда такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 21 августда қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш тўғрисида”ги Фармони (ПФ–140-сон) ана шу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

 

Фармонда суд фаолиятига сунъий интеллект (SI) технологияларини жорий этиш, рақамлаштириш жараёнларини тезлаштириш ҳамда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

 

Эндиликда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда:

 

-суд ишлари таҳлил қилинади ва улар юзасидан қарор қабул қилишда ёрдам кўрсатилади;

 

-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш жараёнлари автоматлаштирилади;

 

-фуқаролар суд қарорларини оддий ва тушунарли тилда олиш имкониятига эга бўлади;

 

электрон навбат, онлайн кузатув ва рақамли мурожаат имкониятлари кенг жорий этилади.

 

Бу ўзгаришлар фуқароларга ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда катта қулайлик яратиши, суд ишларининг самарадорлиги ва тезкорлигини ошириши кутилмоқда. Инсон омили камаяди, холислик ортади. Суд тизимида сунъий интеллектни татбиқ этиш инсон омилининг таъсирини камайтириш, холис ва одил қарор қабул қилишга хизмат қилади. Бу эса нафақат фуқароларнинг судга ишончини оширади, балки адолат сари қадамларни янада мустаҳкамлайди.

 

Президент Фармонида белгиланган вазифалар – суд-ҳуқуқ соҳасини рақамлаштириш ва замонавий технологиялар асосида ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг янги босқичидир. Энг муҳими, ушбу ислоҳотлар орқали халқ манфаати биринчи ўринга қўйилади.

 

 

Райса Бекмуратова,

Жиноят ишлари бўйича Кегейли тумани суди раиси