УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

Суд-ҳуқуқ соҳаси фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, уларнинг тажрибасини ёш судьяларга етказиш мақсадида Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси, Қорақалпоғистон Республикаси суди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ҳамкорлигида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди.

Видеоконфренцалоқа орқали ўтган тадбирда Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси  раиси Убайдулла Мингбоев, суд фахрийлари, Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судья ва ходимлари, уларнинг ота-оналари, талаба-ёшлар иштирок этди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш  йили”да  амалга оширишга оид давлат дастурининг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим омили эканлиги, талаба-ёшларга одил судлов инсон манфаатлари ҳимоясининг гаровилиги  тушунтирилди. Шунингдек, “Касби-корим  адолат  бўлди” китоби тақдимоти ўтказилди.

Кўпни кўрган нуронийлар тажрибаси ёшлар учун катта ибрат мактаби. Инсон қадри улуғланаётган юртда бундай учрашувлар ёш судьялар ва суд ходимларини тафаккур қилишга, адолатли ва фақатгина қонунларга мувофиқ пок виждон билан ишлашга, инсон тақдири ва қадри учун янада масъулиятли бўлишга ундайди.

Ўзаро суҳбат ва мулоқотда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб бериш устувор вазифага айлангани таъкидланди.

Суд фахрийлари ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдирди. Эл-юрт  равнақи йўлида мамлакатимиз раҳбарига  яқин кўмакчи, камарбаста бўлиш лозимлиги уч авлодга мансуб юртдошларимиз ўртасида кечган самимий суҳбатларнинг бош  мавзусига айланди.

Тадбирда суд фахрийларига Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоевнинг  “Касби-корим  адолат  бўлди” китоби ва эсдалик совғалари топширилди.

“АДОЛАТ КЎЗГУСИ” ГАЗЕТАСИНИНГ 2024 ЙИЛ 11 МАРТДАГИ 4-СОНИДА ЧОП ЭТИЛГАН “АДОЛАТ ҚАРОР ТОПМАДИ…” САРЛАВҲАЛИ МУРОЖААТ ЮЗАСИДАН

Судланган Ш. Атажанов Нукус ҳарбий судининг 2023 йил 19 декабрдаги ҳукми билан Жиноят кодекси 25,168-модаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган ва унга нисбатан қонуний жазо тайинланган.

Мазкур ҳукмдан норози бўлиб, судланувчи Ш. Атажанов ва унинг адвокати томонидан апелляция тартибида шикоят киритилган. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2024 йил 7 февралдаги ажримига кўра, биринчи инстанция суди Нукус ҳарбий судининг 2023 йил 19 декабрдаги Ш. Атажановга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Мазкур мурожаат суд қарорларини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўла олмайди. Ш. Атажанов суд қарорларидан норозилиги юзасидан қонунда белгиланган муддатда тафтиш тартибида шикоят келтиришга ҳақли эканлиги маълум қилинади.

ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган.

Конституциямизнинг 26-моддасида “инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас. Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас” деб белгиланган.

Сўнги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг жамият ва сиёсий турмушда ролини кучайтириш бўйича ишлар бир нечта йўналишларда олиб борилмоқда. Аёл-қизлар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, уларни ҳимоя қилишни институцион асосларини жадаллаштириш, халқнинг гендер тенглик ва аёл-қизлар ҳуқуқлари тўғрисидаги хабардорлигини орттириш ва гендер тенгликни таъминлаш, барча аёл-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш белгиланиб, бу мақсадни амалга оширишга боғлиқ вазифалар ишлаб чиқилган.

Зўравонлик содир бўлишининг олдини олиш учун турли хил профилактика стратегияларини молиялаштириш муҳимлигига эътибор қаратилади. 16 кунлик фаол ҳаракатларда хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва тўхтатишда аёллар ҳаракати ва уларнинг етакчилигини эътироф этиш, “Ҳеч кимни беэътибор қолдирмаслик”, инсон ҳуқуқларини устувор билиш, “Зарар етказмаслик” ёндашувини жорий этиш, аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича давлатлараро ва оммавий стратегияларни ишлаб чиқиш ва кучларни бирлаштириш каби тамойилларга таяниши билан аҳамиятлидир.

БМТнинг “Хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенциясида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик бўйича муҳим қоидалар белгиланган.

Мамлакатимиз мазкур конвенцияга қўшилган ва миллий қонунчилик шунга мослаштирилган. “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар билан хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияда ҳам аёллар ҳуқуқларини мустаҳкам ҳимоялаш юзасидан қўшимча нормалар белгиланди.

 

Рустам ҚУРБАНБАЕВ,
Беруний туманлараро иқтисодий суди раиси 

СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИ-ИНСОН МАНФААТЛАРИ ЙЎЛИДА

 

Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатни модернизация қилишда муҳим аҳамиятга эга. Хоҳ у ижтимоий-иқтисодий, хоҳ маданий-маънавий ёки суд-ҳуқуқ соҳасида бўлсин, улардан кўзланган олий мақсад фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний манфаатлари бузилишининг олдини олиш, бир сўз билан айтганда, бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган бўлади.

 

Ҳаммамизга маълумки, судлар адолат тарозиси ҳисобланади. Сабаби, уларнинг вазифаси адолатни қарор топтиришдан иборат. Агар суд органлари фаолиятида шаффофлик бўлмас экан, бундай тизимга нисбатан халқнинг ишончи йўқолади.

 

Хўш, суд тизимида янги ислоҳотлар, ўзгаришлар нега керак эди?

 

Президентимиз 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида судлар фаолияти ҳақида қуйидагича фикр билдирган эди: “Судларга  бўладиган қатъий талаб – халқнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдир”.

 

Албатта, бу суд-ҳуқуқ тизимидаги жуда ҳам оғриқли нуқталардан бири эди. Аммо ўтган давр мобайнида судларнинг фаолиятини такомиллаштириш борасида бир қанча фармон ва қарорлар қабул қилинди.

 

Бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ва тадбиқ этилаётган ўзгаришлар муҳим ислоҳотлардан саналади. Негаки, қонунчиликка киритилаётган ўзгаришларда энг аввало инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари акс этган. Бугунги кунда  аҳолининг оворогарчилиги, вақт сарфининг олдини олиш мақсадида суд жараёнлари ҳақида аввалдан маълумот олиш, суд қарорларини онлайн олиш йўлга қўйилган.

 

Шунингдек, яна бир муҳим жиҳатлардан бири, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яшайдиган даъвогар ёки жавобгар суд ишини кўриш жараёнида суд залида бўлиши шарт эмас. Мана, бир неча йилдирки, уларга енгиллик яратиш мақсадида даъвогар ёки жавобгар билан савол-жавоблар видеоконференцалоқа тизими орқали амалга оширилмоқда.

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2023 йил 16 январдаги Фармонига асосан 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ишлаб чиқилди. Унга кўра, қуйидагилар одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланди:

 

  • “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;

 

  • адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;

 

 

  • фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;

 

  • судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;

 

 

  • судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш;

 

  • суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;

 

 

  • судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш.

 

Шу билан бирга  2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди.

 

Шунингдек, “Инсон қадрини улуғлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш” ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишлардан бири этиб белгиланган.

 

Президентимиз илк бор судьялар билан учрашув чоғида шундай сўзларни айтганди: “Судларни адолат қўрғонига айлантирайлик. «Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак!”.

 

Шунингдек, давлатимиз раҳбари судьялар олдига суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим, деган ҳақли талабни қўйганди. Бугунги кунда ушбу талабни амалда исботлаш учун кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 

Хусусан, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш йўлида муҳим қадамлар қўйилди. Бугун юртимизда нафақат суд-ҳуқуқ, балки бошқа соҳаларда ҳам ишлар “Инсон қадри ва манфаатлари учун” тамойилига асосланиб олиб борилмоқда. Халқимиз ҳаётини яхшилаш, фаровон турмуш тарзини яратиш бугунги кунимизнинг асосий мақсадларидан бири ва бу йўлда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот инсон қадри ва манфаатлари учун хизмат қилади.

 

 

Зульфия БАБАДЖАНОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси                                                                         

ЎЗБЕКИСТОН АЁЛ СУДЬЯЛАРИ – АДОЛАТ ВА МАТОНАТ ТИМСОЛИ

Кеча Тошкентда “Ўзбекистон аёл судьялари – адолат ва матонат тимсоли” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелдаги 75/274-сонли резолюцияси билан 10 март – Халқаро аёл судьялар куни деб эълон қилинган. Шу муносабат билан Олий суд, Судьялар олий кенгаши, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-west management institute” НТТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли анжуманда мамлакатимизда фаолият юритаётган аёл судьялар билан бир қаторда Қирғизистон ва Грузия давлатларидан хорижий эксперт сифатида аёл судьялар ҳам иштирок этди. Бундан ташқари, Зимбабведан эксперт тадбирда онлайн тарзда қатнашди.

Конференция Олий суд раисининг ўринбосари Ҳ. Тўрахўжаев ва Судьялар олий кенгаши раисининг ўринбосари А. Жалиловнинг кириш сўзлари билан бошланди.

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М. Қодирхонова, Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н. Умаров, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ф. Эшматова, “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Р. Маҳмудова, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги миссияси директори ўринбосари Э. Михалски ва “East-west management institute” нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали директори – “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси раҳбари, судья С. Простран иштирокчиларни Халқаро аёл судьялар куни билан муборакбод этиб, тадбирнинг аҳамияти ва унда муҳокама этиладиган мавзуларнинг долзарблиги хусусида тўхталиб ўтдилар.

Таъкидланганидек, бугунги кунда суд тизимида фаолият юритаётган аёл судьялар ўзларининг юксак билими, ақл-заковати билан жамиятда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Суд тизимида аёллар ҳиссасини ошириш нафақат хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, балки қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, гендер тенглигини таъминлаш учун ҳам зарурлиги қайд этилди.

Эътироф этилганидек, Ўзбекистонда ислоҳотларнинг янги босқичи айнан суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу жараёнда хотин-қизларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эгадир.

Анжуман доирасида одил судловни амалга оширишдаги самарали меҳнати учун 10 нафар аёл судья Олий суднинг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши томонидан суд тизимида юксак обрў-эътибор қозонган, судьялик бурчини бенуқсон ва ҳалол амалга оширган, жамиятда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва ёш судья кадрларни етиштиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган 1 нафар аёл судьяга “Суд фахрийси” кўкрак нишони ва 1 нафар аёл судьяга эсдалик совғалари топширилди. Қирғизистон ва Грузиядан ташриф буюрган аёл судьялар ҳам эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Конференцияда аёл судьяларнинг одил судлов тарихидаги роли ва бугунги кунда қўшаётган ҳиссаси муҳокама этилди.

Шунингдек, иштирокчилар анжуман кун тартибидан ўрин олган яна бир муҳим мавзу – суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самараси ва натижаси ҳақида фикр алмашдилар.

Хориждан ташриф буюрган аёл судьялар ўз давлатлари тажрибасидан келиб чиқиб, жиноий судловда гендер тенглигига оид муаммолар ва ютуқлар билан ўртоқлашдилар.

Мулоқот давомида судьялик лавозимига хотин-қизларни тайёрлаш масалаларига урғу берилди.

Тадбирда иштирокчилар алоҳида суд тизимлари мисолида гендер тенгликнинг халқаро тажрибаси ҳам муҳокама қилинди.

Конференция сўнгида муҳокама этилган масалалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

Маълумот учун: Ўзбекистонда бугунги кунда 199 нафар аёл судья фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 26 нафари раҳбар судьялик лавозимига тайинланган.

ЁШ ОИЛАЛАР ЯРАШТИРИЛДИ

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, прокуратураси, суд ҳамда Ички ишлар вазирлигининг жорий йил 2 февраль куни тасдиқланган “Алимент ундируви билан боғлиқ муаммоли ижро ҳужжатлари ижросини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгилаш ҳамда шундай оилаларда тарбияланаётган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча вазифалар тўғрисида”ги қўшма фармойиши ижроси юзасидан Мажбурий ижро бюроси Тахиатош туман бўлими томонидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

 

Хусусан, қўшма фармойиш ижроси доирасида ишчи гуруҳ аъзоларининг аралашуви билан алимент ундируви билан боғлиқ муаммоли ижро ҳужжатлари бўйича 5 та ажрашган ёш оила яраштирилди.

 

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг 2022 йил 8 июндаги суд буйруғига асосан, Г.А.нинг тарбиясидаги икки нафар вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун қарздор С.Н.нинг ҳар ойдаги жами даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

 

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ундирувчи ва қарздор билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ажрашган томонларнинг ярашишига эришилди.

 

Шундан сўнг, ундирувчи жорий йил 27 февраль куни Бюронинг Тахиатош туман бўлимига келиб, юқорида кўрсатилган суд ҳужжатига асосан ундирилиши белгиланган алимент пулларидан воз кечишини билдириб, ариза берди ва ижро ҳаракатлари тўхтатилди. Натижада вояга етмаган икки нафар фарзанд эндиликда тўлақонли оилавий муҳитда вояга этадиган бўлди.

 

Ҳозир ишчи гуруҳ аъзолари томонидан алимент ундируви билан боғлиқ муаммоли ижро ҳужжатлари ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар давом этмоқда.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири

ҚАРЗДОРЛАРГА ҚОНУНИЙ ЧОРА КЎРИЛМОҚДА

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси суди ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида “Алимент ундируви билан боғлиқ муаммоли ижро ҳужжатлари ижросини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни белгилаш ҳамда бундай оилаларда тарбияланаётган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча вазифалар тўғрисида” қўшма фармойиш тасдиқланган.

 

Мазкур ҳужжат асосида Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимлари иш юритувида бўлган алимент ундириш билан боғлиқ 1 минг 675 та муаммоли ижро ҳужжатининг 342 таси ўрганилди. Шундан 589 миллион сўмлик алимент пули ундириб берилди.

 

Тузилган ишчи гуруҳ аъзолари аралашуви билан 28 та ажрашган ёш оила яраштирилди, 139 нафар алимент тўловчи қарздор доимий иш билан таъминланди. 12 нафар ундирувчи, уларнинг 14 нафар вояга етмаган фарзанди соғломлаштирилиб, тўгаракларга жалб қилинди.

 

Ишчи гуруҳ томонидан моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлашдан бўйин товлаб юрган қарздорларга ҳам қонуний чоралар кўрилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 20 февраль куни жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман судида алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб юрган қарздорнинг жавобгарлик масаласи кўриб чиқилди.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман судининг 2021-йил 19 ноябрдаги суд буйруғига асосан, М.Д. вояга етмаган икки нафар фарзанди таъминоти учун ҳар ойдаги жами даромадининг 3/1 қисми миқдорида алимент тўлаши лозимлиги белгиланган. Ушбу суд буйруғи Мажбурий ижро бюроси Хўжайли туман бўлими иш юритувига келиб тушиб, бўлим ходимлари томонидан қарздорга алимент пулларини ўз вақтида тўлаб бориши лозимлиги, шунингдек, уларни тўламаслик оқибати ҳақида бир неча маротаба огоҳлантиришлар берилганлигига қарамасдан, унинг қарздорлиги 32 миллион сўмдан ошиб кетган. Шу сабабли, Мажбурий ижро бюроси Хўжайли туман бўлими томонидан қарздорга нисбатан жавобгарлик масаласини ҳал қилиш мақсадида тўпланган иш ҳужжатлари жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман судига юборилган.

 

Суд томонидан қарздор М.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига мувофиқ 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиб, суд залининг ўзида қамоққа олинган.

 

Ҳозирги кунда алимент ундируви билан боғлиқ муаммоли ижро ҳужжатлари ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар давом этмоқда.

 

 

СУДЬЯ МАҲКУМЛАР БИЛАН УЧРАШДИ

Жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди раиси Р.Камалова Ўзбекистон Республикаси Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Беруний тумани ЎСТК биносида фуқаролар ва Беруний туман ички ишлар бўлимининг пробация гуруҳида жазони ўтаётган маҳкумлар билан учрашув ўтказди.

Тадбирда туман суди раиси вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, коррупцион жиноятларнинг жамият ривожига салбий таъсири ҳамда жиноят қонунчилигида жазодан озод қилиш тартиби билан боғлиқ масалаларга тўхталиб ўтди.

Шунингдек “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни юзасидан тушунтиришлар берди ҳамда шу ернинг ўзида жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.

Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Кутилмаганда, баъзан билиб, билмасдан ҳаётнинг эгри йўлларига кириб қолади. Лекин бу билан ҳаммаси тамом, дегани эмас. Ҳар доим имкон топилади. Инсон борки адашади. Аёлми, эркакми жиноятга қўл урдими жавобгарлик муқаррар эканлиги тушунтирилди.

 

Раъно КАМАЛОВА,

жиноят ишлари бўйича Беруний тумани суди раиси

 

РАСМИЙ АХБОРОТ

2024 йил 26 февраль куни, Тошкент шаҳар судида “Док-1 Макс” дори воситаси билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Мусо Юсупов раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.

Суд ҳукмига кўра:

Сингх Рагвендра Пратап (1972 йилда Ҳиндистон Республикасида туғилган, “Quramax Medikal” МЧЖ директори лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 28,209-моддаси 1-қисми билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 2, 3-бандларига асосан оқланди. Сингх Рагвендра ПратапЖиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми, 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 211-моддаси 3-қисми “а” банди, 213-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Жазони ўтаб бўлганидан кейин Сингх Рагвендра Пратапни Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқариб юбориш белгиланди.

Б. Камбаралиев (1978 йилда Наманган вилоятида туғилган, “Quramax Medikal” МЧЖ савдо директори лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисми ва 241-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 4 йил 3 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 3 йил 11 ой 18 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Н. Мирзаахмедова (1992 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Quramax Medical” МЧЖ рўйхатга олиш бўйича менежери лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 28,186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Н. Мирзаахмедовага нисбатан Жиноят кодекснинг 72-моддасига асосан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.

Э. Мирзаахмедов (1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Quramax Medical” МЧЖ бош ҳисобчиси лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 184-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

С. Кариев (1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

А. Азимов (1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 25,205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди ва 210-моддаси 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Н. Мусаев (1988 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори ўринбосари, Фармакопея қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 25,205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди ва 210-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 16 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Г. Салиева (1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори ёрдамчиси, рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 1 йил 10 ой 10 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Ш. Шодманов (1992 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими вице-бошлиғи лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 25,205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а” банди, 28,210-моддаси 3-қисми “а” банди ва 210-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 16 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Ж. Эркиний (1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари ва 212-моддаси 3-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга фармацевтика соҳасидаги давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 4 йил 6 ой 26 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

С. Саидов (1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармакология қўмитаси раиси лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ж. Шамшетов (1991 йилда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаган)А. Джалилов (1992 йилда Тошкент шаҳрида туғилган,  “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармакопея қўмитаси етакчи мутахассиси лавозимида ишлаган) ва Г. Халилова (1963 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК Фармакология қўмитаси етакчи мутахассиси) Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан 2 йилга фармацевтика соҳасидаги давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Г. Болтабаева (1968 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси мудири) Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга давлат идораларида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

М. Хамдамов (1985 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ директори лавозимида ишлаган) жиноят иши доирасидаги битта эпизод бўйича Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан оқланди. М. Хамдамов Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми, 207-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 2 йил 10 ой 1 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Ш. Холмуродов (1992 йилда Навоий вилоятида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Сертификатлаштириш органи раҳбари лавозимида ишлаган) жиноят иши доирасидаги битта эпизод бўйича Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан оқланди. Ш. Холмуроодов Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми, 207-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ойга давлат идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жиноят кодексининг 62-моддасига асосан ўташ учун 3 йил 4 ой 24 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилди.

Н. Шукуруллаева (1988 йилда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Синов маркази раҳбари) жиноят иши доирасидаги битта эпизод бўйича жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан оқланди. Н. Шукуруллаева Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми “а” банди, 207-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 110 баравари миқдорида, яъни 33 000 000 сўм жарима жазоси тайинланди. Жиноят кодекснинг 62-моддасига асосан 17 190 000 сўм жарима жазоси қолдирилиб, тайинланган жаримани давлат фойдасига ундириш белгинади.

Ш. Абдуганиев (1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ директори ўринбосари лавозимида ишлаган)Ф. Файзиев (1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Сертификатлаштириш органи раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган) ва И. Мирзаёқубов (1991 йилда Фарғона вилоятида туғилган, “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ Синов маркази раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбсиз, деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан оқланди. Ш. Абдуганиев, Ф. Файзиев ва И. Мирзаёқубов Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан 2 йилга фармацевтика соҳасидаги давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ф. Талипов (1977 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК рўйхатдан ўтказиш бўлими бош мутахассиси, Фармакология қўмитаси бош мутахассиси лавозимларида ишлаган) Жиноят кодексининг 214-моддаси 3-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан 3 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.

Ф. Назаров (1970 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, “Origin Solution” ва “Medreg” МЧЖлар директори) Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “а”, “б” бандлари, 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилиб, унга нисбатан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Судланувчилар Сингх Равендра Пратап, Н. Мирзаахмедова, С. Кариев, А. Азимов, Н. Мусаев, Ш. Шодманов ва Ж. Эркинийдан солидар тартибда “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситаларидан заҳарланиб, вафот этган 68 нафар марҳум ва 4 нафар соғлиғи ўта оғир аҳволдаги боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 1 000 000 000 сўмдан, соғлиғининг аҳволи қониқарли бўлган 4 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 500 000 000 сўмдан ҳамда соғлиғи яхшиланган 8 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 200 000 000 сўмдан маънавий зарар ундирилиши белгиланди.

Судланувчи Ш. Шодмановдан олган пора миқдори қиймати – 881 814 000 сўмни, судланувчилар А. Азимов ва Н. Мусаевдан солидар тартибда – 93 810 000 сўмни давлат фойдасига ундириш белгиланди.

Жабрланувчиларнинг қонуний вакилларига жиноят доирасида етказилган моддий зарарларни ундириш масаласида фуқаролик ишлар бўйича судларига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Сингх Равендра Пратап, Б. Камбаралиев ва Э. Мирзаахмедовдан солидар тартибда 5 420 177 400 сўм солиқ қарздорлиги давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.

Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн сутка ичида апелляция тартибида ёки ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг кассация тартибида Тошкент шаҳар судига шикоят бериши, прокурор протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.

МУРОЖААТЛАР ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

Мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Бугун барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизим яратилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган даъватга қўшимча “Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасида “Ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт” – деб кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 43-44-моддалари, Жиноят кодексининг 144-маддаси ва «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида фуқаро мурожаатларини кўриб чиқишнинг кафолатлари белгилаб берилган.

Фуқароларнинг ҳар бир мурожаати тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши шарт. Мурожаатлар билан танишиш асоссиз рад этилса жавобгарликка сабаб бўлади.

Қонунчиликка кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик ёки мурожаат муносабати билан маълум бўлиб қолган жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, худди шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд жамият ва давлат манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса,

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар давлат органига, давлат муассасасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун мансабдор шахс томонидан таъқиб этиш,

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, фуқарога унинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқишни асоссиз равишда рад этиш жавобгарлик келтириб чиқаради.

Ушбу қилмиш мансабдор шахсларга 340 минг сўмдан 680 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: фуқароларнинг давлат идораларга бўлган ишончини таъминлаш учун нималар қилиш зарур?

Бунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, давлат органларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий тамойил сўзсиз таъминланиши керак.

Бинобарин, инсон, унинг қадри, ҳуқуқлари ва эркинликлари – олий қадрият.  Бу тамойил ҳар бир корхона, ташкилот, муассаса ўз фаолиятини инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга йўналтириши зарурлигини англатади.

 

 Гульмира АРЗИЕВА,

Нукус туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Skip to content