КОРРУПЦИЯ: ТАЪМАГИРЛИК, НАФС ВА САБР-ҚАНОАТ

 

Коррупция – давлат хизматчиларининг моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланишда ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир. Коррупцияга доир муносабатларнинг иштирокчилари нафақат давлат хизматчилари, балки давлат ташкилотида ишламайдиган фуқаролар ҳам бўлиши мумкин.

Шунинг учун ҳам коррупция ва порахўрлик ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил ҳисобланади. Мазкур иллат бор экан, демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етади, инсон ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлади, ҳаёт сифати ёмонлашади, энг ачинарлиси фуқароларнинг ижтимоий адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига бўлган ишончи йўқолади.

 

Мамлакатимизда коррупцияни илдизи билан йўқотиш, ҳокимият амалдорларининг ҳалол ишлашини таъминлаш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ва тадбиркорлар олдида турган бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш борасида сезиларли даражада ишлар амалга оширилиб келинмоқда, миллий қонунчилигимиз такомиллаштирилмоқда.

 

Аммо “қонун қабул қилинди, энди ҳаммаси изига тушиб кетади” деб ўйлаш, хотиржамликка берилиш катта хато бўлади. Коррупция балосидан қутилиш, ислоҳотларни унинг чангалидан озод этиш ҳақида ҳаммамиз ўйлашимиз, бунинг заруратини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши қатъий курашишимиз керак.

 

Ушбу иллатга қарши нафқат қонунчилик механизмлари билан, балки тарбия орқали маънан етук, инсон қалбида сабр-қаноат, ҳалоллик, иймон ва инсоф туйғуларини

ақл-иродаси бут инсонларни камолга етказиш йўли билан ҳам курашишимиз мумкин.

 

Маънавий баркамоликка эришишнинг биринчи шарти – нафсни жиловлашдир. Зеро, порахўрликка элтувчи энг яқин йўл ҳам инсон ўз нафсининг қулига айланишидир. Нафсга эрк беришнинг салбий оқибатлари ҳақида Хожа Аҳмад Яссавийнинг қуйидаги ўгитларини келтириш мумкин:

 

Нафс йўлига кирган киши расво бўлур,

Йўлдан озиб, тойиб, тўлиб, гумроҳ бўлур,

Ётса-турса, Шайтон билан ҳамроҳ бўлур…

Нафсим мани йўлдан уруб, хор айлади,

Термултуруб, халойиққа зор айлади.

 

Инсон нафсини енгувчи, жиловловчи кучлардан бири сабр ва қаноат ҳисобланади.

 

Ислом динида сабр инсоннинг энг муҳим фазилатларидан бири сифатида эътироф этилиб, у – нафсни ақл ва шариат тақозо қилганидек тутиб туришлар ёки иккиси тақозо қилган нарадан тутиб туриш маъносида тушунилади.

 

Сабр қуйидагича ифодаланади:

– Сабр нафсни қайғу ва аччиқланишдан, тилни шикоятдан ва аъзоларни ташвишдан тутиб туришдир.

– Сабр нафснинг фозил ахлоқларидан бири бўлиб, қилиниши яхши ва гўзал бўлмаган нарсалардан сақланишдан иборатдир.

– Сабр инсоннинг бошига бирор бир фалокат келганда уни матонат билан енгиш ҳамда гўзал одоб ила туришдир.

– Сабр изтироб пайтида қалбнинг собит туришидир.

“Маҳбуб ул-қулуб”да қаноат ҳақида шундай гўзал мисралар келтирилган:

Қаноат – суви олган билан қуримас булоқ.

Қаноат – сочган билан камаймайдиган хазина.

Қаноат – бир экин майдоники, унда иззат ва шафқат деган мевалар унади.

Қаноат – бир дарахтки, шохларида истиғно ва ҳурмат деган мевалар пишади.

Қаноатдан кўнгил очилади.

Қаноатдан кўз ёришади.

 

Қаноатли одам, аввало, кўнглини таъмадан поклаши лозим. Таъма – гадолар иши. Агар киши шоҳлик тахтида ўтирган бўлса-ю, таъма қилса, унинг гадога айлангани – шу, қаноат қилган дарвеш эса – шоҳ.

 

Қаноатда чинакам фароғат, таъмада эса кони машаққат бор. “Яримта нон – роҳати жон”, “Оч қорним – тинч қулоғим” ёки “Ҳалол пишиб чиқар, ҳаром тешиб чиқар”, – деган халқ мақоллари ҳам бекорга тўқилмаган.

 

Гувоҳи бўлганимиздек, коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашишни биз, энг аввало, ўзимиздан бошлашимиз даркор. Бунинг учун эса шахснинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти етарли даражада шаклланган бўлмоғи мақсадга мувофиқдир.

 

 

Қуўанишбай ХОЖАМУРАТОВ,

Қўнғирот туманлараро иқтисодий судининг раиси                                                      

АВФ-БУ БАҒРИКЕНГЛИКДИР!

Жиноят содир этган шахсни кечириш, уни авф этиш бу олий жаноблик, бағрикенглик ҳисобланади.

Мухтарам Президентимиз томонидан 2017 йилдан бошлаб, билиб, билмай жиноят содир этган шахсларга нисбатан, уларни оиласи бағрига қайтариш соғлом ҳаёт кечириши учун шароит яратиб бериш борасида авф этиш Фармони қабул қилиниб келинмоқда.

Бу йили ҳам Президентимиз томонидан Республикамизда, Рамазон ҳайити муносабати билан, жиноят содир этган ва жазони ўтаётган яна бир гуруҳ шахсларни АВФ этиш тўғрисидаги Фармони эълон қилинди.

Ушбу Фармон билан Ўзбекистон Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 426 нафар шахс афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 135 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 200 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 26 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 65 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 11 нафарини чет эл фуқаролари, 50 нафарини аёл, 13 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 157 нафарини ёшлар (шулардан, 3 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 5 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

 

Раъно КАМОЛОВА,
жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди раиси

“YouTube видеохостингида эълон қилинган видеолавҳа юзасидан (http://youtube.com/watch?v=-lVL5OJlU5g)

Айни вақтда даъвогар «ALLAMURAT IYSHAN» фермер хўжалиги томонидан биринчи инстанция судининг 2024 йил 08 апрелдаги ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция тартибида шикоят келтирилган.

Мазкур шикоят Чимбой туманлараро иқтисодий судига2024 йилнинг 09 апрель куни 20-сон билан рўйхатга олинган ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси судининг иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига юборилганлиги маълум қилинади.

 

ЎТА ХАВФЛИ РЕЦИДИВИСТ ЯНА ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ

 

Инсон ҳаётда яшар экан, яхшиликка интилиб, ёмонликдан қайтиб яшашга ҳаракат қилади. Лекин “яхшилик” ва “ёмонлик” тушунчаларига ҳар ким ҳар хил таъриф беради. Ҳаёт эзгулик билан гўзал. Аммо баъзан эзгуликка ёвузлик кўланка солади.

 

Гиёҳвандлик воситалари савдоси оғир жиноят бўлиб, бундай жиноятга қўл урган шахсларга нисбатан кескин чора кўрилади. Агар бу такроран содир этилган бўлса, қасддан эканлиги очиқ-ойдин кўриниб турганлиги учун, ҳеч қандай важ-карсон жазони енгиллаштиришга ёрдам бермайди.

 

Одатда, баъзи инсонлар адашиб содир этган жинояти учун муайян муддатга жазони ўтагач, уни енгиллаштиришни сўраб мурожаат қилади. Чин дилдан пушаймон бўлган шахсни жамият кечиради. Бундан тўғри фойдаланган одам эса, ўз ҳаётини ўнглаб ҳам кетади. Аммо орамизда ўта оғир жиноят содир этганлиги учун бир марта авф этилган бўлсада, худди шундай жиноятни такрор содир этган шахслар ҳам учрайдики, бундай кимсаларга раҳм-шафқат қилсанг, ҳайф кетади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилган навбатдаги жиноят иши ҳам айнан гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ бўлди.

 

1972 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Ўзбекистон фуқароси, миллати ўзбек, маълумоти ўрта-махсус, оилали 2 нафар фарзанди бўлишига қарамасдан, судланувчи Мирод (исм ўзгартилган) муқаддам турли жиноий қилмишлари учун 4 мартда қамалиб, тегишли жазо муддатларини ўтаган бўлсада, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармабди. Яна ўша “жиноят кўчасига” қадам қўйди.

 

“Ўрганган кўнгил ўртанса-қўймас” деганларидек, Мирод дастлабки тергов давомида аниқлаш имкони бўлмаган шахсдан олган 1,46 грамм кўп миқдордаги “Героин” гиёвандлик воситасини қонунга хилоф равишда ўтказиш мақсадини кўзлаб, гиёвандлик воситасини мўмай пуллар эвазига сотишни режалаштириб, 2023 йил 06 апрель куни соат 11:10 чамасида ўзининг бошқарувидаги “Лада Ларгус” русумли транспорт воситаси билан Беруний тумани Амир Темур кўчаси бўйига келиб, шу жойда жиноий келишувга кўра учрашиши лозим бўлган харидор, яъни дастлабки тергов давомида хавфсизлик мақсадида шахси сир сақланиб, “Ж” тахаллуси берилган тадбир иштирокчисига, ўзи билан олиб келган 4 дона бўлак-бўлак ялтироқ фалга қоғозга ўралиб, ўтказиш учун қулай қилиб қадоқланган соф вазни 0,29 (ноль бутун юздан йигирма тўққиз) грамм “Героин” гиёвандлик воситасини 2.000.000 сўм эвазига сотган вақтида ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимларининг ушлашга келаётганлигини кўриб қолиб, қўлга тушмаслик мақсадида ўзининг бошқарувидаги автотранспорт воситасини катта тезликда бошқариб, ҳодиса жойидан қочиб яширинади. Мирод Беруний тумани Амир Темур кўчаси бўйида транспорт воситасининг бошқарувини йўқотиб, ушбу кўчанинг чеккасида жойлашган электр токини ўтказувчи сим ёғочга бориб урилиб тўхтаганида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланади. Унинг автотранспорти кўздан кечирилганида, ҳайдовчи томонидаги ўриндиқ остидан “СПИЧКА” деб ёзилган гугурт қутиси ичидан 4 (тўрт) дона бўлак-бўлак ялтироқ фалга қоғозга ва 1 (бир) дона оддий чақмоқ дафтар варағига қадоқланган соф вазни 0,99 (ноль бутун юздан тўқсон тўққиз) грамм кўп миқдордаги “героин” гиёвандлик воситасини, ўтказиш мақсадини кўзламасдан қонунга хилоф равишда сақлаб келганлиги аниқланди.

 

Бундан ташқари, Мироднинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, у уйнинг ётоқхонасидаги тошойнаси устида турган оқ рангли дафтар варағи устида 4 (тўрт) дона бўлак-бўлак ялтироқ фалга қоғозга ўралган соф вазни 0,18 (ноль бутун юздан ўн саккиз) грамм кўп миқдордаги “героин” гиёвандлик воситасини ўтказиш мақсадини кўзламасдан, қонунга хилоф равишда сақлаб келганлиги маълум бўлди.

 

Очиқ суд мажлисида ушбу шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддасининг 5-қисми ва 276-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандлари билан айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун 10 (ўн) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Илгари ҳам содир этган жинояти туфайли тергов ва суд жараёнларидан ўтган, суд томонидан 2008 йилда ўта хавфли рецидивист деб топилган Мироднинг бу сафар ҳам сувдан қуруқ чиқишга уринишини умуман оқлаб бўлмайди. Зора, бу шахс жиноятга жазо муқаррарлигини энди тушуниб етса.

 

Даўлетбай РАЗОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси

ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШ МАСАЛАЛАРИ

Одил судловга эришиш ҳуқуқ устуворлигининг асосий тамойили ҳисобланади. Бугунги кунда эркакларга қараганда заифроқ ҳисобланган хотин-қизларнинг одил судловга эришиш масалалари айниқса долзарб ҳисобланади.

 

Чунки хотин-қизларнинг одил судловга эришишида кўплаб тўсиқлар мавжуд бўлиб, уларни шартли равишда ҳуқуқий, институционал, ижтимоий, маданий ва иқтисодий тўсиқларга ажратиш мумкин.

 

Жаҳон тажрибаси қонунчиликнинг гендер сезувчанлигини таъминлаш, хотин-қизларни ўз ҳуқуқлари ҳақида хабардор қилиш, бепул юридик ёрдам олишлари учун тегишли шарт ва тузилма яратиш, гендер масалалари буйича судьялар ва адвокатларни ўқитиш, қўлланилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги буйича мониторингни амалга ошириш нақадар муҳим эканлигини кўрсатяпти. Буларнинг барчаси муаммонинг ечимига комплекс ёндашувни шакллантиради.

 

Мамлакатимизда гендер масаласига оид 2 та қонун қабул қилинди, ижтимоий мослашув ва реабилитация марказлари ташкил этилди, ишонч телефонлари ва юридик клиникалар фаолият юритмоқда, онлайн-маслаҳатлар ташкил этилмоқда, гендер индикаторларидан фойдаланиш амалиёти босқичма-босқич жорий этилмоқда.

 

“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасида агар шахс ўзини жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган деб ҳисобласа, ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситишга дучор этилган шахсдан давлат божи ундирилмайди. Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни судларда кўриш чоғида адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизматларга ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда, уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади деб белгиланган.

 

Хотин-қизларнинг инсон хуқуқларини жиддий равишда чеклайдиган ва уларнинг одил судловга эришишига тўсқинлик қиладиган тўсиқ иқтисодий тўсиқ ҳисобланади. Яъни, ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишда молиявий ресурсларнинг, шу жумладан, адвокатларнинг хизматлари учун тўловлар, давлат божлари, транспорт харажатлари каби харажатлар учун маблағларнинг етишмаслиги. Ресурсларнинг чеклангани хотин-қизларнинг одил судловга мурожаат қилиш имкониятига таъсир қилади, чунки улар одатда турмуш ўртоғига молиявий жиҳатдан карам бўладилар.

 

Польшада суд тизими вакиллари (пробация ходимлари, стажер судьялар ва судьялар) ҳар йили ўтказиладиган “Зўравонликдан жабрланганларга бепул ёрдам кўрсатиш хафталиги: очиқ судлар” тадбири давомида хотин-қизларга зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқлари тўғрисида бепул маълумот ва ҳуқуқий маслаҳатлар беради.

 

Хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, давлатимизда гендер тенглик ва зуравонлик буйича судларда ишонч телефонлари ва онлайн маслаҳатлар яратиш, шунингдек, суд тузилмаларининг сайтларига тегишли рубрикалар киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

 

Гаўҳар ЗАРИПОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси

 СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ТАФТИШ ТАРТИБИДА ҚАЙТА КЎРИШНИНГ АЙРИМ ЖИҲАТЛАРИ ҲАҚИДА   

2023 йил 25 декабрь куни “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги  ЎРҚ-887-сонли Қонуни қабул қилинди ва  қонун шу йилнинг 1 январдан бошлаб кучга кирди.

 

Ушбу қонун билан амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган, яъни суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам берилиб,  ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилди.

 

Оддий тилда айтадиган бўлсам, бугунги кунга қадар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман судларида ишлар биринчи инстанцияда, ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция инстанциясида, Ўзбекистон Республикаси Олий судида кассация инстанциясида ва такрорий кассацияда кўрилиб келинди.

 

Бу албатта фуқароларимизнинг ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда ноқўлайликларга олиб келди, шу сабабли ҳам уларнинг манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни натижали таъминлаш бўйича ишлар олиб борилди.

 

Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш давомида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга кўтарилди.

 

Шундай қилиб, суд қарорларини қайта кўриш институтининг анализи амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатди, ишларни вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция инстанциясидан бошқа кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий қилинди.

 

Амалдаги қонунчиликка кўра, апелляция шикояти (протести) суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши, кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб олти ой ичида берилиши мумкин бўлса, биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ҳамда апелляция ёки кассация инстанцияси судининг ажрими устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин.

 

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир йил ичида берилади.

 

Янгидан жорий қилинган тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш институти ҳақида тўҳтаб ўтадиган бўлсам, Қорақалпоғистон  Республикаси судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида кўрилиши лозим бўлган шикоят (протест) ушбу судлар номига йўлланади, лекин суд ҳужжатини қабул қилган биринчи инстанция судига  берилади.

 

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда шикоятни (протестни) ишни тафтиш тартибида кўрадиган судга иш билан бирга юбориши шарт.

 

Ушбу киритилган ўзгаришларга кўра, 4199-моддада Қорақалпоғистон  Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги масала  судья томонидан якка тартибда шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай ҳал қилиниши белгиланган.

 

Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодексининг 41911-моддасига кўра, агар шикоят (протест) суд ҳужжати устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган, шикоят (протест) қонунга мувофиқ тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлмаган суд ҳужжати устидан, шикоят (протест) Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига апелляция ёки кассация тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан, шикоят (протест) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига Қорақалпоғистон Республикаси судида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида тафтиш тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан берилган, шикоят (протест) ишни тафтиш тартибида кўраётган суд томонидан илгари тафтиш тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса, шикоятни (протестни) бериш муддати ўтказиб юборилган ва ўтказилган муддатни тиклаш рад этилган бўлса, шунингдек шикоятдан уни берган шахс воз кечганлиги, протест чақириб олинганлиги сабабли шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим мавжуд бўлса, тафтиш инстанцияси судининг судьяси тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни  рад этади.

 

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисида судья ажрим чиқаради ва ажримда шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш асосларини кўрсатади ва  шикоятни беришда тўланган давлат божини қайтариш  масалани ҳал қилади.

 

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, шикоят (протест) судга дастлаб мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.

 

Хулоса қилиб айтганда, бу киритилган ўзгаришлар одил судловга эришиш натижаларини янада кенгайтириш, инсон қадр-қиммати устунлигини таъминлашга қаратилган аҳамиятли ислоҳотлар бўлиб ҳисобланади.

 

 

Зульфия БАБАДЖАНОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси     

ХОДИМ ИШГА ТИКЛАНДИ

Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманлараро судининг 2023 йил 7 ноябрдаги ижро ҳужжатига асосан, фуқаро С.Муратовни Шуманай тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимидаги олдинги иш ўрнига тенглаштирилган ўринга тиклаш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тӯғрисида”ги қонун талабига мувофиқ, ишга тиклаш ва иш ҳақи ундириш ҳақидаги судларнинг ижро ҳужжатлари Бюро органларига тақдим этилмасдан аввал иш берувчи ташкилотга топширилиши лозимлиги белгилаб қўйилган. Шу сабабли фуқаро С.Муратов суд ҳужжатининг ижросини таъминлаб беришни сўраб, Шуманай тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига топширган.

Мазкур бўлим суд қарори ижросини таъминламаганидан сўнг фуқаро Бюронинг Шуманай туман бўлимига мурожаат қилган ва ижро ҳаракатларига киришилган.

Бўлим давлат ижрочиси Шуманай тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғига ҳужжат ижроси таъминланиши лозимлиги, унинг ижросини таъминламаслик оқибати ҳақида огоҳлантириш берган. Шундан сўнг туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғининг 2024 йил 8 апрелдаги буйруғига асосан, фуқаро С.Муратов ўзининг аввалги иш ўрнига тенглаштирилган лавозимга ишга тикланди.

СУДЬЯЛИК: МУНОСИБ БЎЛМОҚ МАШАҚҚАТИ

Бешикдан қабргача илм изла, дейилади муқаддас манбаларда. Чунки, инсон мавқе мартабаси унинг илми билан белгиланади. Одил судлов самарадорлиги судьяларнинг билим даражаси ва амалий кўникмаларига боғлиқ экани инкор этиб бўлмас ҳақиқат.

 

Шу боис ҳам Судьялар одоби кодексида судья илмга чанқоқлик хислатларига эга бўлиши, ўз мажбуриятларини лозим даражада бажариши учун ўз малакаси ва касбий билимларини мунтазам ошириб бориши шарт қилиб қўйилган. Зотан, судьялар зиммасига жамиятда ижтимоий адолатни таъминлашдек масъулиятли вазифа юклатилган.

 

Жамият тараққиётига мутаносиб равишда ижтимоий муносабатлар ўзгариб борар экан, шунга монанд янги қонунлар қабул қилиниши, мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши табиий жараён ҳисобланади.

 

Бу эса, ўз навбатида, судьялар ўз устида изчил ишлаши, ўз билим ва кўникмаларини муттасил равишда ошириб боришини, қисқаси, жамият ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар билан ҳамнафас яшашини тақозо этади.

 

Шунингдек, бошқа соҳалар каби судлар фаолиятига замонавий ахборот коммуникация технологиялари жорий этилаётганлиги ҳам улардан доимий равишда ўз устида ишлашни талаб қилади. Бунинг учун судья доимий равишда ўқиб-ўрганиб, касбий малакасини ошириб бориши лозим. Унутмаслик керакки, инсон борини бермаса, илм ҳеч нарса бермайди.

 

Илм эгаллашда энг кераксиз нарса – димоғдорлик, энг зарури –вақтдир, дейди файласуфлардан бири. Яъни, билим ва зарур кўникмалар бугун эгалланмаса, эртага кеч бўлиши аниқ.

 

Шу боис, қуйида судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятининг асосий талабларидан бири ҳисобланган ўз билим ва кўникмасини ошириб бориш борасидаги айрим тавсия ҳамда яратилаётган имкониятлар хусусида тўхталиб ўтамиз.

 

Биринчидан, судьялар ўз билим ва касбий кўникмаларини орттириб бориши учун доимий равишда мустақил ўз устида ишлашни йўлга қўйиши лозим.

 

Судьянинг мустақил таълим олиши – кундалик ҳаётининг бир қисми бўлиб, иш фаолияти давомида ошириб боришни назарда тутади.

 

Мустақил таълим жараёнида қонунчиликдаги янгиликлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалардан доимий бохабар бўлиши зарур.

 

Олий суд пленуми қарорларини, суд-ҳуқуқ соҳасига оид миллий ва хорижий юридик адабиётлар ва нашрлар билан яқиндан танишиб бориши лозим. Бунда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий веб-сайтидаги электрон кутубхона муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Шунингдек, Кенгаш ҳузуридаги Судьялар клубининг электрон платформаси имкониятидан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

 

Маълумки, Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клуби моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтириш бериш ваколатига эга тузилма бўлиб, унинг электрон платформаси айни кунда судьялар учун катта мулоқот майдонига айланган.

 

Бу майдонда бемалол фикрлашиш, мулоҳазалар билдириш, ҳатто баҳслашиш ҳам мумкин. Ҳақиқат эса шундай баҳсларда туғилади. Шу нуқтайи назардан электрон платформада ўртага ташланадиган фикр-мулоҳазалар ва тавсиялар судьянинг қарор қабул қилишида ички ишончини мустаҳкамлашга кўмаклашади, эҳтимолий хатоликларнинг олдини олади ҳамда ягона суд амалиёти шаклланишига хизмат қилади.

 

Фикримизнинг далили сифатида айтиб ўтиш ўринлики, Судьялар клуби электрон платформасида кейинги икки йилда 1750 мавзу муҳокама этилиб, улар юзасидан қатор таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланган. Жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи Судьялар клубига кўп йиллик тажриба ва юқори билимли судьялар бириктирилгани сабаби ҳам шунда.

 

Бундан ташқари, судьялар билан ўтказилаётган маънавият ва маърифат дарслари, кўп йиллик тажрибага эга фахрий судьялар билан мулоқотлар, семинар машғулотлар муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этиш лозим.

 

Шу ўринда яна бир янгилик. Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Кенгаш веб-сайтида «Судья кутубхонаси» (электрон кутубхона) ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Бош қомусимиз – Конституция, судлар фаолиятини тартибга солувчи қонун ва зарур норматив-ҳужжатлар қамраб олинган тест саволларидан иборат махсус электрон дастур ҳам яқин вақтда ишга туширилади. Мазкур дастурдаги тест саволларига онлайн жавоб берган судья ўша вақтнинг ўзида тест натижасини билиш имконияти яратилади. Бу ҳам судьянинг ўз устида ишлаши учун яратилаётган яна бир имкониятдир.

 

Тарихдан маълумки, донишманд боболаримиз қайси соҳада етукликка эришган бўлмасин, фақат шу билан кифояланиб қолмаган. Ал-Хоразмий – математика, Абу Али ибн Сино – тиббиёт, Мирзо Улуғбек – фалакиёт, Абу Райҳон Беруний – жуғрофия, Амир Темур – ҳарб илмида, Алишер Навоий – адабиётда тенгсиз экани маълум.

 

Шу баробарида уларнинг барчаси фалсафа, сиёсат, айниқса, фиқх соҳасида ҳам кўзга кўринган шахс бўлган. Шунга кўра, буюк аждодларнинг ҳаёт йўли ва маънавий меросини ўрганиш ҳамда замондош адиб ва шоирлар ижодидан баҳраманд бўлиш, кундалик вақтли матбуот билан танишиб бориш ҳам судьянинг дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилиш билан бирга оғзаки ва ёзма нутқининг ривожланишига ҳисса қўшади.

 

Улуғ аждодимиз Абу-Мансур Мотуридий таъбири билан айтганда, илм олмоқлик яхши руҳий сифат эгаларида эзгу фазилатларнинг янада равнақ топишига хизмат қилади.

 

Иккинчидан, махсус малака ошириш курсларида ўқиш орқали ҳам судьялар ўз билим ва касбий кўникмаларини ошириб бориши мумкин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги қарори асосида ташкил этилиб, судьяларнинг малакасини ошириб боришга кўмаклашиш асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабида судьялар ва суд раислари учун тегишли малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари фаолияти йўлга қўйилган. Малака ошириш бўйича ўқув дастурлари мунтазам такомиллаштирилиб борилмоқда Бунда Германия, Испания каби давлатлар тажрибаларидан фойдаланишдан ташқари судьяларнинг фикр ва таклифлари ҳам эътиборга олинаётганини алоҳида қайд этиш зарур.

 

Раҳбар судьялик лавозимларига тайёрлаш курсларига (ўқув курси икки ой давом этади) номзодлар (улар камида икки йиллик судьялик стажига эга бўлиши керак) очиқ танлов асосида сараланиб олиниши, ушбу жараёнда инсон омили кескин чекланиб, тест шаклида ўтказиладиган савол-жавоблар натижасини ўша пайтнинг ўзидаёқ билиш имконияти яратилгани ҳам ижобий янгиликлардан бири ҳисобланади.

 

2020 йил 7 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти 61-27-сонли фармони ижроси доирасида Кенгаш томонидан Судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолаш электрон рейтинг тизими жорий этилиб, юқори рейтинг баллга эга судьялар «Ибратли судья» мукофоти (намунали фаолият юритаётган судьяларнинг она-онаси, мактабда ўқитган устозларига Кенгашнинг ташаккурномаси) билан рағбатлантирилмоқда.

 

Рейтинг кўрсатгичлари юқори судьяларнинг иш фаолияти ва тажрибалари билан яқиндан танишиш фойдадан холи эмас. Шу мақсадда «Ибратли судья» мукофоти эгаларига ўз тажрибаларини ҳамкасблари билан ўртоқлашиши мақсадга мувофиқ. Чунки, айни пайтда тизим вакилларининг 21 фоизини биринчи беш йиллик муддатига тайинланган судьялар ташкил этади. Табиийки, уларда муваффақиятли ҳамкасблари тажрибаларини ўрганиш, таклиф ва тавсияларига эҳтиёж йўқ эмас.

 

Рейтинг кўрсаткичи паст судьяларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида Судьялар олий мактаби ва Олий судда икки ҳафталик малака ошириш курсини ўташга жалб қилинмоқда. Уларнинг ҳар бири билан индивидуал режа асосида машғулот ўтказилади. Яъни, бекор бўлган ёки ўзгартирилган суд қарорлари таҳлилидан келиб чиқиб, зарур назарий машғулот ўтишдан ташқари, қонунларни тўғри қўллаш борасида (ўқув-машғулотлари Судьялар олий кенгаши, Олий суд ва ҳудудий судларнинг тажрибали судьялари ҳамда Олий мактаб профессор ўқитувчилари томонидан) тегишли тавсиялар берилмоқда.

 

Шунингдек уларнинг ҳар бирига тажрибали судьялар – устозлар бириктирилмоқда. Бундай чора-тадбирлар уларнинг билим ва касбий кўникмалари янада ошишига хизмат қилиши шубҳасиз. Чунки, хато қилиш билимсизликдан кўра тажрибасизликка бориб тақалади, хатолар устида ишлаб, уларни бартараф қилмаслик эса билимсизликдир.

 

Яқинда Судьялар олий кенгаши томонидан «Судьялик лавозимларига биринчи марта тайинланадиган номзодларни, янги ваколат муддатига ёки бошқа судьялик лавозимларига номзодларни танлашда уларнинг билим ва касбий кўникмасини аниқлаш тартиби тўғрисида» алоҳида низом қабул қилинди.

 

Мазкур ҳужжатда судьялик лавозимига номзодларнинг билим даражасини турли усул ва шаклларда ўрганиш тартиблари белгиланган бўлиб, пировард мақсад — уларнинг мустақил ўқиб-ўрганиш орқали билимларини янада бойитишига қаратилгандир.

 

Ушбу низом Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг ўқув режасига муайян ўзгартиришлар киритишни ҳам тақозо этади. Бунда назарий ва амалий таълим шаклини янада такомиллаштирилади, модуль тизим имкониятлардан кенг ва самарали фойдаланиш йўлга қўйилади. Буларнинг ҳамма-ҳаммаси судьялар ўз билим ва кўникмаларини лозим даражада ошириб бориши учун Кенгаш томонидан амалга оширилаётган ишларнинг муҳим қисми бўлиши билан бирга бу борадаги ишлар доимий эътиборда эканини ҳам кўрсатади. Зеро, сўзим бошида айтилганидек, одил судлов самарадорлиги судьяларнинг билим даражаси ва амалий кўникмаларига боғлиқ.

 

 

Холмўмин ЁДГОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси

АЛИМЕНТ ПУЛЛАРИ ОЛДИНДАН ТЎЛАНДИ

Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманлараро судининг 2011 йил 22 сентябрдаги ижро ҳужжатига асосан ундирувчи Д.К.нинг фойдасига тарбиясидаги икки нафар фарзандларининг таъминоти учун, улар вояга етгунига қадар қарздор Р.М.нинг ҳар ойдаги жами даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган эди.

 

Мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Тўрткўл туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва бўлим томонидан ижро ҳаракатига киришилган. Жумладан, бўлим давлат ижрочиси томонидан Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 421-моддасига асосан, қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиш ҳуқуқига нисбатан 2024 йили 21 февраль куни чеклов ўрнатилган.

 

Қарздор жорий йилнинг март ойида Бюронинг Тўрткўл туман бўлимига келиб, чет элга чиқишга зарурати борлигини билдирган. Бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздорга унга нисбатан ўрнатилган чекловларни бекор қилиш асослари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди. Қарздор ота ўзи томонидан фарзандлари вояга етгунига қадар тўланиши лозим бўлган 47 миллион сўмдан ортиқ алимент пулини олдиндан тўлади. Шу муносабат билан, ота томонидан суд қарори талаби бажарилганлиги инобатга олиниб, унинг чет элга чиқиш ҳуқуқига нисбатан ўрнатилган чеклов 2024 йил 2 апрель куни бекор қилинди.

 

АЛИМЕНТНИ ТЎЛАМАГАН ОТА ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманлараро судининг суд буйруғига асосан, қарздор С.Р.дан ундирувчи С.Д.нинг фойдасига икки нафар фарзанди таъминоти учун алимент ундириш белгиланган эди.

Қарздор С.Р. алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб юрганлиги оқибатида унинг қарздорлиги 7 миллион сўмдан ошган.

 

Шу боис Мажбурий ижро бюроси Чимбой туман бўлими ходимлари томонидан қарздор С.Р.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Чимбой туман судига юборилган.

 

Суд томонидан қарздор С.Р.га Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг тегишли моддасига асосан ўн беш сутка қамоқ жазоси қўлланилди.

 

Skip to content