Блогер З. Атаханов томонидан “Facebook” ижтимоий тармоғида эълон қилинган билдириш юзасидан

Аввал хабар берилганидек, фуқаро З. Атахановнинг мурожаати асосида жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман суди раиси С. Атабаевга нисбатан хизмат текшируви ўтказилган ва унинг натижаси кенг жамоатчиликка маълум қилинган эди.

Шунингдек, фуқаро З. Атахановга айнан шу мазмундаги мурожаати юзасидан тўлиқ тушунтириш берилган. Фуқаро З. Атаханов бу масалада бошқа эътирози йўқ экани тўғрисида ёзма тилхат берганлиги маълум қилинади.

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШДА ЎЗАРО ҲАМКОРЛИК

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 6-июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан Беруний тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимида Жиноят ишлари бўйича Беруний тумани суди раиси Р.Камалова иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

 

Унда коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар таъкидланди. Жумладан, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида сўнгги йилларда амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида коррупцияга оид жиноятлар салмоғида ўтган йилга нисбатан камайиш тенденцияси кузатилмоқда.

 

Таҳлилларга кўра, 2023 йилда судлар томонидан кўрилган айблов ҳукми чиқарилган коррупцияга оид жиноят ишлари сони 4 128 тани ташкил қилиб, 2022 йилга (4 607 та) нисбатан 479 тага ёки 11 фоизга камайган.

 

Энг кўп содир этилган коррупцияга оид жиноятлар ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш – 2 067 (2 145), пора бериш – 894 (1 061), фирибгарлик – 769 (937), пора олиш -121 (155) ва ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш – 125 (117) ҳисобланади.

 

Халқимизда касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш афзал деган нақл бор. Зеро коррупция келтириб чиқарадиган оқибатларини кутиб турмасдан бу иллатга оид жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, уларга чек қўйиш мақсадга мувофиқдир. Шу боисдан ҳам бу иллатга биргаликта курашиш, соҳа ва тармоқларда коррупцион ҳолатларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни ўрганиб, уларни бартараф этиш чораларини кўриш муҳим аҳамият касб этиши тушунтирилди.

 

Тадбирда судья иштирокчиларни айни мавзу билан боғлиқ саволларига батафсил жавоб берди.

 

 

СУДЛАРДА АПЕЛЛЯЦИЯ ВА КАССАЦИЯ ТАРТИБИДА ИШ ЮРИТИШ УЧУН МУҲИМ ҲУЖЖАТ

Кейинги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганини текширишнинг фуқаролар учун қулай ва соддалаштирилган тартиби яратилди. Вилоят ва унга тенглаштирилган судларда кассация ва тафтиш инстанциялари, Олий судда тафтиш ва Раёсат инстанциялари жорий этилиб, ўрта бўғин судларида иш юритиш тартиби тубдан ўзгарди.

Бу, ўз навбатида, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг амалиётини бир хил ва тўғри йўлга қўйишга қаратилган раҳбарий кўрсатмаларни ишлаб чиқиш, шунингдек, апелляция ва кассация тартибида иш кўришга оид амалдаги Пленум қарорларини процессуал қонунчиликдаги ўзгартиришларга мувофиқлаштириш заруратини келтириб чиқарди.

Шу маънода яқинда бўлиб ўтган Олий суд Пленуми мажлисида “Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция ва кассация тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилингани муҳим аҳамиятга эга.

Айтиш керакки, Пленум қарорида қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят ёки протест асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида қайта кўришнинг асосий жиҳатлари, иш юритишнинг ўзига хос хусусиятлари очиб берилган. Шунингдек, ушбу ҳужжатда судларда ягона амалиётни шакллантиришга оид муҳим тушунтиришлар ҳам ўз ифодасини топган.

Масалан, процессуал қонунчиликда шикоят келтирилиши мумкин бўлган ва шикоят келтирилмайдиган суд ажримлари назарда тутилган бўлиб, айни ҳолат амалиётда нафақат фуқаролар, балки баъзи адвокат ва ҳуқуқшунослар ўртасида ҳам айрим тушунмовчиликларни келтириб чиқараётган эди. Шу сабабли Пленум қарорида устидан шикоят бериш назарда тутилмаган ажримда тегишли кодексда шикоят қилиш назарда тутилган процессуал масалалар ҳам ҳал этилган бўлса, ажримнинг шу қисми бўйича шикоят қилиниши мумкинлиги тўғрисида тушунтириш берилмоқда.

Шикоят иш юритишга қабул қилиниши ва ажримда шикоятни имзолаш ваколатини тасдиқловчи далилларни тақдим этиш талаб этилиши ва бундай далил тақдим этилмаган тақдирдагина шикоят кўрмасдан қолдирилиши тўғрисида ҳам тушунтириш берилмоқда. Бундан мақсад — шикоятни имзолаган шахснинг бунга ваколати мавжудлиги борасида шубҳа туғилганда, фуқаро ва тадбиркорлар оворагарчилигига барҳам бериш кўзда тутилган.

Қонун талабига кўра, апелляция, кассация шикояти берган шахс суд ҳужжати чиқарилгунига қадар шикоятдан воз кечишга, прокурор протестни чақириб олишга ҳақли.

Шу боис суд ҳужжатига нисбатан бир неча шахслар томонидан шикоят (протест) берилган бўлиб, уларнинг айримлари шикоятдан воз кечганлиги воз кечишни қабул қилмасликка асос бўлмайди. Бундай ҳолда воз кечилган шикоят (протест) қисми бўйича иш юритиш тугатилиб, бошқа шахснинг шикояти (протести) умумий асосларда кўриб чиқилади.

Амалиётда апелляция, кассация шикоятига (протестига) алоқадор қўшимча ҳужжатлар ёки бошқа шахслардан апелляция, кассация шикояти келиб тушиши ва ҳал қилув қарори қабул қилган суд томонидан ушбу хужжатларни тегишли инстанция судига кечиктириб юбориш ҳолатлари учраб туради.

Бунинг олдини олиш мақсадида Пленум қарорига шикоятга алоқадор қўшимча ҳужжатлар ёки бошқа шахслардан шикоят келиб тушган тақдирда, улар келиб тушган куннинг эртасидан кечиктирмай шикоят (протест) кўриб чиқилаётган суд инстанциясига юборилиши ҳақидаги қоида киритилди.

Бу, шубҳасиз, юқорида таъкидланган ҳужжатларнинг қисқа муддатларда тегишли инстанция судларига юборилишини таъминлаш билан бирга қуйи инстанция суди қарорларининг қонунийлиги ва асослилиги юзасидан келтирилган важларни тўлиқ текшириш ҳамда иш бўйича барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама ва тўлиқ аниқлаш имконини беради.

Маълумки, маъмурий процессуал қонунчиликка янги институт сифатида апелляция, кассация инстанцияси судларининг ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтишга оид нормалар киритилди. Бунда апелляция ва кассация инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун қуйи инстанцияларга юбориш амалиётига чек қўйиш, ўрта бўғин судларига ишнинг якуни бўйича қарор чиқариш масъулиятини юклаш, энг муҳими, битта ишнинг қуйи инстанция судларида қайта-қайта кўрилиши борасидаги фуқаролар норозилигининг олдини олиш мақсадларидан келиб чиқилди.

Мазкур институт маъмурий судлар учун янгилик бўлди. Шунинг учун бу борада қуйи судлардан кўплаб саволлар келиб тушаётганини инобатга олган ҳолда, уни тўғри қўллашга оид раҳбарий кўрсатмалар ишлаб чиқилди. Жумладан, қонунда назарда тутилган асослар аниқланганда, апелляция, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтади ва бу ҳақда асослантирилган ажрим чиқарилади. Бунда ушбу ажрим билан шикоят (протест) берилган суд ҳужжати бекор қилинмайди.

Шунингдек, ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш масаласи нафақат шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномасига кўра, балки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномаси асосида ҳам иш юритишнинг ҳар қандай босқичида ҳал қилиниши мумкин.

Шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида илтимоснома келиб тушганда, ушбу масала якка судья томонидан эмас, балки судлов ҳайъати томонидан ҳал этилади.

Пленум қарорида апелляция, кассация шикояти бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимоснома билан бир вақтда бошқа, мисол учун суд харажатларини тўлашни кечиктириш, суд ҳужжатларининг ижросини тўхтатиб туриш, дастлабки ҳимоя чораларини кўриш ҳақида илтимосномалар келиб тушган ҳолларда дастлаб шикоят бериш муддатини тиклаш масаласини ҳал этиш борасида ҳам зарур тушунтиришлар берилди.

Ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки юридик шахснинг ўз талабларини судда исботлаб бериш бўйича имкониятлари давлат органларининг ресурсларига қараганда бирмунча чекланганига ҳам эътибор қаратиш жоиз.

Шунга кўра, “суднинг фаол иштироки” принципидан келиб чиқиб, апелляция, кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқишда биринчи инстанция суди томонидан айрим талаблар кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритишдан тугатилган ҳолларда, ишнинг якунига қадар ишда иштирок этувчи шахсларга талабнинг бир қисмини иш юритишдан тугатиш ёки кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ажрим устидан ҳам шикоят келтириш ҳуқуқини тушунтиришга оид қоидалар кўзда тутилди. Бу, албатта, фуқароларнинг Конституциямизнинг 55-моддаси билан кафолатланган одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга шарт-шароит яратади.

Янада муҳими шундаки, Пленум қарорида ҳал қилув қарори бекор қилинганда апелляция, кассация инстанцияси суди хусусий ажримнинг қонунийлиги ва асослантирилганини, гарчанд унинг устидан шикоят (протест) келтирилмаган бўлса ҳам, текшириш ва уни бекор қилишга ҳақлилиги борасида долзарб раҳбарий кўрсатмалар берилмоқда. Ушбу тушунтириш бугунги кун амалиётида учраётган айрим муаммоларга амалий ечим бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, янги Пленум қарори ўрта бўғин судларида апелляция ва кассация тартибида иш юритиш учун муҳим ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилади.

 

Нодира Ҳакимова,

Баҳодир Эргашев, Олий суд судьялари

ОЛИЙ СУД ПЛЕНУМИНИНГ ЯНГИ ҚАРОРИ СУДЛАР ТОМОНИДАН ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУН МЕЪЁРЛАРИНИ ТЎҒРИ ВА БИР ХИЛДА ҚЎЛЛАШДА МУҲИМ ЎРИН ТУТАДИ

Аввало шуни айтиш керакки, 2024 йил 1 январдан Фуқаролик процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ҳамда қўшимчалар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтирди. Бу ўринда апелляция ва кассация институтларининг такомиллаштирилиши, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш механизми ўзгартирилиши, апелляция, кассация инстанция судларининг ваколатлари кенгайтирилиши билан боғлиқ янгиланишлар ҳақида сўз бормоқда.

Айтиш керакки, процессуал қонунларга киритилган ўзгартиришлар аввало суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш орқали фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга қаратилган. Натижада инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилиш имконияти яратилмоқда.

Энг муҳими, суд қарорларини қайта кўришнинг янги тизими фуқароларнинг судга мурожаат қилиш билан боғлиқ оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Ягона суд амалиётини шакллантириш, ишларнинг сифатли ҳамда ўз вақтида кўрилиши орқали бир томондан, одил судлов амалга оширилаётган бўлса, иккинчи томондан, инсон ҳуқуқларининг ишончли ҳимояси таъминланмоқда.

Амалга жорий этилган суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибига кўра:

– биринчи инстанция судида кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

– апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни ушбу судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш;

– тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида, судлов ҳайъатлари томонидан кўрилган ишларни Олий суднинг Раёсатида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш назарда тутилган.

Шунингдек, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартиби бекор қилиниб, уларга якуний қарор қабул қилиш масъулияти юклатилган.

Шу маънода жорий йил 25 март куни Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция ва кассация тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, ушбу қарорда фуқаролик ишини апелляция, кассация тартибида қайта кўриб чиқишда суд процесси иштирокчиларининг суд ҳужжати устидан шикоят беришга бўлган ҳуқуқини кафолатлаш кўзда тутилган.

Пленум қарори 50-банддан иборат бўлиб, уни ишлаб чиқишдан мақсад — судлар томонидан процессуал қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлашдан иборат.

Ҳужжатда апелляция, кассация тартибида суд қарорларини қайта кўришда келиб чиқадиган айрим процессуал масалалар бўйича зарур тушунтиришлар берилган.

Хусусан, унда апелляция, кассация инстанцияси судларида иш юритишнинг асослари келтирилган. Процессуал қонунда апелляция ёки кассация шикояти билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхати белгиланган бўлиб, шикоят бериш ҳуқуқи ушбу шахсларнинг ҳуқуқий ворисларига ҳам ўтиши қайд этилган.

Бундай ҳуқуқ вояга етмаган, васий ва ҳомийга эга бўлган шахсларнинг қонуний вакилларига ҳам берилган. Шикоят берувчи шахснинг вакилига нотариал тасдиқланган тарзда берилган ишончномада эса, шикоят бериш ва уни имзолаш каби ваколатлар махсус кўрсатилган бўлиши лозим.

Шунингдек, Пленум қарорида шикоят келтирилмайдиган суд ҳужжатлари, апелляция, кассация шикоятини (протестини) бериш тартиби, муддатлари, ушбу муддатларни ҳисоб­лаш, тиклаш, суд харажатларига доир масалалар юзасидан ҳам тушунтириш берилган. Шикоятни (протестни) қабул қилиш масаласини ҳал этиш, суд ҳужжатлари ижросини тўхтатиш, ишни биринчи инстанция қоидалари бўйича кўриш, далилларни текшириш, шикоят (протест) важларига ҳуқуқий баҳо бериш каби бошқа бир қатор масалалар юзасидан ҳам тушунтиришлар берилган.

2024 йил 1 январга қадар амалда бўлган фуқаролик процессуал қонунчилигига кўра, апелляция шикоятини (протестини) қабул қилиш масаласи ишни кўрган суд томонидан амалга ошириб келинган.

Эндиликда бу ваколат вилоят ва унга тенглаштирилган апелляция, кассация инстанцияси судининг судьясига берилди.

Шу сабабли тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида Пленум қарорида апелляция, кассация шикоятини (протестини) йўллаш ва юбориш, ишни кўрган суд эса, шикоятни (протестни) иш билан бирга вилоят ва унга тенглаштирилган судга юбориш тартиби юзасидан аниқ тушунтириш берилгани жуда муҳим. Қарорда суд ҳужжатини қабул қилган суд берилган шикоятни (протестни) процессуал қонуннинг бирон-бир талабларига мос эмаслиги асоси билан қайтариш масаласини ҳал қилишга ҳақли эмаслиги тушунтирилган.

Маълумки, процессуал қонунда апелляция, кассация шикоятини (протестини) бериш муддатлари бир ва олти ой деб белгиланган. Ушбу муддатларни тиклашни апелляция, кассация инстанцияси судининг судьяси якка тартибда ҳал қилади.

Қонун ҳужжатларида бу муддатларни тиклаш учун асослар, сабаблар ва омиллар келтирилмаганлиги боис бир хил суд амалиётини яратиш қийин кечаётган эди. Шунинг учун қарорда шикоят билан мурожаат қилиш муддатини тиклаш масаласини ҳал қилишда бунга тўсқинлик қилган объектив ҳолатларга қандай омиллар кириши, хусусан, жисмоний шахсларнинг касаллиги, оилавий аҳволи ва бошқа ҳолатлар узрли сабаблар ҳисобланиши тушунтирилиб, судьянинг муддатни тиклаш ҳақидаги хулосалари шикоятни (протестни) қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажримларда асослантирилиши лозимлиги кўрсатилган.

Шу билан бирга, Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган шикоят (протест) бериш муддатларини тиклаш учун уч ой қатъий ҳисобланиши қайд этилган. Ушбу уч ойлик муддат ўтгандан сўнг берилган шикоят (протест) бўйича процессуал муддат тикланмайди.

Пленум қарорида шикоят (протест) бериш муддати узрли деб топилган сабабларга асосан тикланганда, иш бўйича бошқа шахслар томонидан ўтказиб юборилган муддатни, ўтказиб юборилиши сабабларидан қатъи назар, тиклаш тўғрисидаги масалани қўшимча равишда ҳал қилиш талаб этилмаслиги ҳам батафсил тушунтирилган. Бундай шикоят (протест) тегишли талабларга риоя этган ҳолда апелляция, кассация муҳокамаси тугаганига қадар шу инстанция судига берилиши мумкин ва умумий асосларда кўриб чиқилиши лозим.

Чунки апелляция, кассация инстанцияси суд ҳужжатини шикоятда (протестда) келтирилган важлар доирасида эмас, тўлиқ ҳажмда текшириб чиқиши шарт бўлиб, битта ёки бир нечта шахс томонидан шикоят (протест) берилишидан қатъи назар, суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги тўлиқ текширилади.

Пленум қароридаги асосий тушунтиришлардан яна бири процессуал қонунчиликка киритилган янги процессуал ҳаракат, яъни фақат апелляция, кассация инстанция судлари ваколати ҳисобланган ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриш тартибидир. Бу норма бошқа процессуал қонунлар қаторида Фуқаролик процессуал кодексига ҳам киритилган бўлиб, Пленум қарорида айнан шу тартибда иш юритиш қоидалари ёритилган.

Хусусан, қонунга кўра, учта ҳолатда:

биринчидан, билдирилган талаб бўйича суд томонидан қарор қабул қилинмаган бўлса;

иккинчидан, иш судда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, аммо суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинмаган шахсларнинг йўқлигида кўрилган бўлса;

учинчидан, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги масала ҳал қилинган бўлса, ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга йўл қўйилади.

Айнан шундай процессуал хатоликларга йўл қўйилгандагина суд ишни янгидан кўришга юбормасдан, биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиши ва бу ҳақида асослантирилган ажрим чиқариши лозим.

Пленум қарорида ушбу процессуал ҳаракатнинг яна бир муҳим жиҳати кенг ёритилган. Яъни ишда иштирок этишга жалб қилинмаган ёки хабардор қилинмаган шахслар апелляция, кассация инстанциясида қатнашганда улар томонидан биринчи инстанция судида муҳокама предмети бўлмаган, жумладан, қарши даъво тартибида келтирилган янги моддий-ҳуқуқий даъво талаблар, шунингдек, даъво муддатини қўллаш ҳақидаги талаблар қўйилган бўлса, суд томонидан бу талаблар қабул қилиниши ва кўрилиши лозимлиги тушунтирилди.

Шу билан бирга, Пленум қарорида бошқа бир қатор процессуал ҳаракатларга оид тушунтиришлар ҳам берилган. Ҳужжат суд ишни кўришда аниқлаши лозим бўлган ҳолатлар, далилларни текшириш, шикоят (протест) важларини тўлиқ ўрганиш ва уларнинг ҳар бирига тегишли ҳуқуқий баҳор бериш, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаси бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши ҳолатларининг тўғри талқин қилинишига бағишланган.

Мухтасар айтганда, ушбу Пленум қарори фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга қаратилган. Янги ҳужжат судларнинг процессуал қонунни тўғри қўллаши учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

 

Дилбар ИСРОИЛОВА,

Олий суд судьяси

СУД ХОДИМЛАРИ НАВРЎЗНИ НИШОНЛАДИ

Халқимизнинг асрий анъана ва қадриятларини ўзида мужассам этган Наврўз шодиёналари юртимиз узра давом этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси суди ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ҳамкорликда ўтказилган байрам тадбири суд ходимлари учун арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг савдо ярмаркаси билан бошланди.

Байрам шодиёналарида Қорақалпоғистон Республикаси судлари раислари ва фахрийлар сўз олиб, барча йиғилганларни яшариш ва янгиланиш айёми билан самимий муборакбод этди. Юртимизга тинчлик-осойишталик, хонадонларга бахт ва саодат тилаб, ҳар кунимиз Наврўз бўлсин, дея эзгу ниятлар билдирилди.

Дошқозонларда сумалак ва Наврўз таомлари тайёрланиб, барчага тортиқ қилинди. Эл суйган санъаткорларнинг байрамона куй-қўшиқлари тадбирга ўзгача файз киритди.

УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

Суд-ҳуқуқ соҳаси фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, уларнинг тажрибасини ёш судьяларга етказиш мақсадида Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси, Қорақалпоғистон Республикаси суди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ҳамкорлигида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди.

Видеоконфренцалоқа орқали ўтган тадбирда Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси  раиси Убайдулла Мингбоев, суд фахрийлари, Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судья ва ходимлари, уларнинг ота-оналари, талаба-ёшлар иштирок этди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш  йили”да  амалга оширишга оид давлат дастурининг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим омили эканлиги, талаба-ёшларга одил судлов инсон манфаатлари ҳимоясининг гаровилиги  тушунтирилди. Шунингдек, “Касби-корим  адолат  бўлди” китоби тақдимоти ўтказилди.

Кўпни кўрган нуронийлар тажрибаси ёшлар учун катта ибрат мактаби. Инсон қадри улуғланаётган юртда бундай учрашувлар ёш судьялар ва суд ходимларини тафаккур қилишга, адолатли ва фақатгина қонунларга мувофиқ пок виждон билан ишлашга, инсон тақдири ва қадри учун янада масъулиятли бўлишга ундайди.

Ўзаро суҳбат ва мулоқотда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб бериш устувор вазифага айлангани таъкидланди.

Суд фахрийлари ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдирди. Эл-юрт  равнақи йўлида мамлакатимиз раҳбарига  яқин кўмакчи, камарбаста бўлиш лозимлиги уч авлодга мансуб юртдошларимиз ўртасида кечган самимий суҳбатларнинг бош  мавзусига айланди.

Тадбирда суд фахрийларига Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоевнинг  “Касби-корим  адолат  бўлди” китоби ва эсдалик совғалари топширилди.

“АДОЛАТ КЎЗГУСИ” ГАЗЕТАСИНИНГ 2024 ЙИЛ 11 МАРТДАГИ 4-СОНИДА ЧОП ЭТИЛГАН “АДОЛАТ ҚАРОР ТОПМАДИ…” САРЛАВҲАЛИ МУРОЖААТ ЮЗАСИДАН

Судланган Ш. Атажанов Нукус ҳарбий судининг 2023 йил 19 декабрдаги ҳукми билан Жиноят кодекси 25,168-модаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган ва унга нисбатан қонуний жазо тайинланган.

Мазкур ҳукмдан норози бўлиб, судланувчи Ш. Атажанов ва унинг адвокати томонидан апелляция тартибида шикоят киритилган. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2024 йил 7 февралдаги ажримига кўра, биринчи инстанция суди Нукус ҳарбий судининг 2023 йил 19 декабрдаги Ш. Атажановга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Мазкур мурожаат суд қарорларини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўла олмайди. Ш. Атажанов суд қарорларидан норозилиги юзасидан қонунда белгиланган муддатда тафтиш тартибида шикоят келтиришга ҳақли эканлиги маълум қилинади.

ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган.

Конституциямизнинг 26-моддасида “инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир. Ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас. Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас” деб белгиланган.

Сўнги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг жамият ва сиёсий турмушда ролини кучайтириш бўйича ишлар бир нечта йўналишларда олиб борилмоқда. Аёл-қизлар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, уларни ҳимоя қилишни институцион асосларини жадаллаштириш, халқнинг гендер тенглик ва аёл-қизлар ҳуқуқлари тўғрисидаги хабардорлигини орттириш ва гендер тенгликни таъминлаш, барча аёл-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш белгиланиб, бу мақсадни амалга оширишга боғлиқ вазифалар ишлаб чиқилган.

Зўравонлик содир бўлишининг олдини олиш учун турли хил профилактика стратегияларини молиялаштириш муҳимлигига эътибор қаратилади. 16 кунлик фаол ҳаракатларда хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва тўхтатишда аёллар ҳаракати ва уларнинг етакчилигини эътироф этиш, “Ҳеч кимни беэътибор қолдирмаслик”, инсон ҳуқуқларини устувор билиш, “Зарар етказмаслик” ёндашувини жорий этиш, аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича давлатлараро ва оммавий стратегияларни ишлаб чиқиш ва кучларни бирлаштириш каби тамойилларга таяниши билан аҳамиятлидир.

БМТнинг “Хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги конвенциясида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик бўйича муҳим қоидалар белгиланган.

Мамлакатимиз мазкур конвенцияга қўшилган ва миллий қонунчилик шунга мослаштирилган. “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар билан хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияда ҳам аёллар ҳуқуқларини мустаҳкам ҳимоялаш юзасидан қўшимча нормалар белгиланди.

 

Рустам ҚУРБАНБАЕВ,
Беруний туманлараро иқтисодий суди раиси 

СУД-ҲУҚУҚ ИСЛОҲОТЛАРИ-ИНСОН МАНФААТЛАРИ ЙЎЛИДА

 

Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатни модернизация қилишда муҳим аҳамиятга эга. Хоҳ у ижтимоий-иқтисодий, хоҳ маданий-маънавий ёки суд-ҳуқуқ соҳасида бўлсин, улардан кўзланган олий мақсад фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний манфаатлари бузилишининг олдини олиш, бир сўз билан айтганда, бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган бўлади.

 

Ҳаммамизга маълумки, судлар адолат тарозиси ҳисобланади. Сабаби, уларнинг вазифаси адолатни қарор топтиришдан иборат. Агар суд органлари фаолиятида шаффофлик бўлмас экан, бундай тизимга нисбатан халқнинг ишончи йўқолади.

 

Хўш, суд тизимида янги ислоҳотлар, ўзгаришлар нега керак эди?

 

Президентимиз 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида судлар фаолияти ҳақида қуйидагича фикр билдирган эди: “Судларга  бўладиган қатъий талаб – халқнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдир”.

 

Албатта, бу суд-ҳуқуқ тизимидаги жуда ҳам оғриқли нуқталардан бири эди. Аммо ўтган давр мобайнида судларнинг фаолиятини такомиллаштириш борасида бир қанча фармон ва қарорлар қабул қилинди.

 

Бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ва тадбиқ этилаётган ўзгаришлар муҳим ислоҳотлардан саналади. Негаки, қонунчиликка киритилаётган ўзгаришларда энг аввало инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари акс этган. Бугунги кунда  аҳолининг оворогарчилиги, вақт сарфининг олдини олиш мақсадида суд жараёнлари ҳақида аввалдан маълумот олиш, суд қарорларини онлайн олиш йўлга қўйилган.

 

Шунингдек, яна бир муҳим жиҳатлардан бири, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яшайдиган даъвогар ёки жавобгар суд ишини кўриш жараёнида суд залида бўлиши шарт эмас. Мана, бир неча йилдирки, уларга енгиллик яратиш мақсадида даъвогар ёки жавобгар билан савол-жавоблар видеоконференцалоқа тизими орқали амалга оширилмоқда.

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2023 йил 16 январдаги Фармонига асосан 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ишлаб чиқилди. Унга кўра, қуйидагилар одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланди:

 

  • “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;

 

  • адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;

 

 

  • фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;

 

  • судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;

 

 

  • судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш;

 

  • суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш;

 

 

  • судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш.

 

Шу билан бирга  2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди.

 

Шунингдек, “Инсон қадрини улуғлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш” ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишлардан бири этиб белгиланган.

 

Президентимиз илк бор судьялар билан учрашув чоғида шундай сўзларни айтганди: “Судларни адолат қўрғонига айлантирайлик. «Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак!”.

 

Шунингдек, давлатимиз раҳбари судьялар олдига суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши лозим, деган ҳақли талабни қўйганди. Бугунги кунда ушбу талабни амалда исботлаш учун кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 

Хусусан, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш йўлида муҳим қадамлар қўйилди. Бугун юртимизда нафақат суд-ҳуқуқ, балки бошқа соҳаларда ҳам ишлар “Инсон қадри ва манфаатлари учун” тамойилига асосланиб олиб борилмоқда. Халқимиз ҳаётини яхшилаш, фаровон турмуш тарзини яратиш бугунги кунимизнинг асосий мақсадларидан бири ва бу йўлда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот инсон қадри ва манфаатлари учун хизмат қилади.

 

 

Зульфия БАБАДЖАНОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси                                                                         

ЎЗБЕКИСТОН АЁЛ СУДЬЯЛАРИ – АДОЛАТ ВА МАТОНАТ ТИМСОЛИ

Кеча Тошкентда “Ўзбекистон аёл судьялари – адолат ва матонат тимсоли” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелдаги 75/274-сонли резолюцияси билан 10 март – Халқаро аёл судьялар куни деб эълон қилинган. Шу муносабат билан Олий суд, Судьялар олий кенгаши, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-west management institute” НТТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли анжуманда мамлакатимизда фаолият юритаётган аёл судьялар билан бир қаторда Қирғизистон ва Грузия давлатларидан хорижий эксперт сифатида аёл судьялар ҳам иштирок этди. Бундан ташқари, Зимбабведан эксперт тадбирда онлайн тарзда қатнашди.

Конференция Олий суд раисининг ўринбосари Ҳ. Тўрахўжаев ва Судьялар олий кенгаши раисининг ўринбосари А. Жалиловнинг кириш сўзлари билан бошланди.

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М. Қодирхонова, Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н. Умаров, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ф. Эшматова, “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Р. Маҳмудова, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги миссияси директори ўринбосари Э. Михалски ва “East-west management institute” нодавлат нотижорат ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали директори – “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси раҳбари, судья С. Простран иштирокчиларни Халқаро аёл судьялар куни билан муборакбод этиб, тадбирнинг аҳамияти ва унда муҳокама этиладиган мавзуларнинг долзарблиги хусусида тўхталиб ўтдилар.

Таъкидланганидек, бугунги кунда суд тизимида фаолият юритаётган аёл судьялар ўзларининг юксак билими, ақл-заковати билан жамиятда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Суд тизимида аёллар ҳиссасини ошириш нафақат хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, балки қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, гендер тенглигини таъминлаш учун ҳам зарурлиги қайд этилди.

Эътироф этилганидек, Ўзбекистонда ислоҳотларнинг янги босқичи айнан суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу жараёнда хотин-қизларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эгадир.

Анжуман доирасида одил судловни амалга оширишдаги самарали меҳнати учун 10 нафар аёл судья Олий суднинг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши томонидан суд тизимида юксак обрў-эътибор қозонган, судьялик бурчини бенуқсон ва ҳалол амалга оширган, жамиятда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва ёш судья кадрларни етиштиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган 1 нафар аёл судьяга “Суд фахрийси” кўкрак нишони ва 1 нафар аёл судьяга эсдалик совғалари топширилди. Қирғизистон ва Грузиядан ташриф буюрган аёл судьялар ҳам эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Конференцияда аёл судьяларнинг одил судлов тарихидаги роли ва бугунги кунда қўшаётган ҳиссаси муҳокама этилди.

Шунингдек, иштирокчилар анжуман кун тартибидан ўрин олган яна бир муҳим мавзу – суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самараси ва натижаси ҳақида фикр алмашдилар.

Хориждан ташриф буюрган аёл судьялар ўз давлатлари тажрибасидан келиб чиқиб, жиноий судловда гендер тенглигига оид муаммолар ва ютуқлар билан ўртоқлашдилар.

Мулоқот давомида судьялик лавозимига хотин-қизларни тайёрлаш масалаларига урғу берилди.

Тадбирда иштирокчилар алоҳида суд тизимлари мисолида гендер тенгликнинг халқаро тажрибаси ҳам муҳокама қилинди.

Конференция сўнгида муҳокама этилган масалалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.

Маълумот учун: Ўзбекистонда бугунги кунда 199 нафар аёл судья фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 26 нафари раҳбар судьялик лавозимига тайинланган.

Skip to content