ҲАДЯ ШАРТНОМАСИ ТУШУНЧАСИ, УНИ БЕКОР ҚИЛИШ ВА ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШ ТАРТИБИ  

 

Бугунги кунда судлардаги статистик маълумотлардан  фуқаролар ўртасида ҳадя шартномасини бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар ҳам бор эканлиги кўринади.

 

Авваломбор ҳадя шартномаси – бу қандай шартнома деган савол туғилиши бежиз эмас, албатта.

 

Ушбу шартномага Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 502-моддасида қўйидагича тушунтириш берилган бўлиб, унга кўра,  ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.

 

Агар ашё ёки ҳуқуқ муқобил берилганида ё бўлмаса, муқобил мажбурият мавжуд бўлганида шартнома ҳадя деб тан олинмайди. Бундай ҳолда бу  шартномага нисбатан ушбу Кодекс 124-моддасининг иккинчи қисми қоидалари, яъни  қалбаки ва кўзбўямачилик учун тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги ҳақидаги норма қўлланилади. Демак, юридик оқибатлар туғдириш нияти бўлмаган ҳолда, номигагина тузилган битим (қалбаки битим) ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Агар битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса (кўзбўямачилик битими), тарафлар ҳақиқатда назарда тутган битимга доир қоидалар қўлланилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 113-моддасига кўра,  ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир.

 

Битим ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши, олинган нарсани аслича (шу жумладан олинган нарса мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат билан ифодаланганда) қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, агар битим ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилган бўлмаса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт.

 

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.

 

Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.

 

Манфаатдор шахснинг талабига биноан суд якка тадбиркор ёки юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиши мумкин.

 

Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.

 

Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.

 

Демак шартномани бекор қилиш билан ҳақиқий эмас деб топишнинг фарқи қуйидагилардан иборат:

 

– шартномани ҳақиқий эмаслигига асос унинг ноқонунийлигидир.  Бекор қилишга эса – унинг қонунийлиги низолашилмасдан  шартномани бекор қилишга сабаб бўладиган ҳолатларнинг юзага келиши сабаб бўлади.

 

– шартномани бекор қилиш у амалда бўлган вақтдаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсир этмасдан, фақатгина келгусидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга тааллуқлидир.

 

Қайд қилиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан битимлар билан боғлиқ низоларни судда кўриш амалиёти тез-тез умумлаштирилиб борилади ва  судларда битимларга оид муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини тўғри татбиқ қилиш, шу билан бирга суд амалиётида низоли ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланиши лозим бўлган моддий қонун нормаларини аниқлаш ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни ҳар томонлама текшириш бўйича йўл-йўриқлар берилиб келинади.

 

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан 2006 йил 22 декабрда “Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги 17-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, Қарорда айнан юқорида қайд қилинганидек ҳадя шартномаси бўйича низоларни кўриб чиқишда қандай моддий ҳуқуқ нормалари қўлланилиши ва низони ҳал этиш бўйича тавсиялар берилган.

 

 

 

Зульфия БАБАДЖАНОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси