ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРИТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР ОДИЛ СУДЛОВ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилди.
Ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш натижаларига кўра суд ишларини юритиш жараёнига янги институтлар жорий этилди, фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди.
Шу билан бирга судларда ишнинг ҳажми кескин ортганлиги ишларни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш имкониятининг йўқолишига олиб келиб, бу фуқароларнинг ўринли эътирозлари кўпайишига сабаб бўлди.
Бундан ташқари узил-кесил қарор қабул қилишда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини уч босқичли тизим воситасида текшириш имкониятлари чекланганлиги сабаби мазкур тизимни ўрта бўғиннинг — вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали такомиллаштириш зарурлигидан далолат бермоқда.
2023 йил 27 сентябрда қабул қилинган «Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 869-сонли ЎРҚ Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор муҳим тадбирларни ўз ичига олади. Бу ўзгартишлар жиноят процессини янада демократик, шаффоф ва инсон ҳуқуқларига мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

 

Суд қарорларининг қайта кўриб чиқилиши имконини берадиган янги механизмлар жорий этилди. Бу, одил судловни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, чунки у суд фаолиятининг самарадорлигини оширади.

 

Жумладан, мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга, шунингдек қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят судларига ва уларга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу эса ўз навбатида, судьяларнинг масъулиятини оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ва норозиликларнинг олдини олишга, шунингдек ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликка хизмат қилади.

 

Жиноят процессуал кодексини такомиллаштириш, мамлакатимизда одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи муҳим тадбирлардан ҳисобланади. Ушбу ўзгартишлар, суд тизимининг ишлашини яхшилаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жамиятдаги ҳуқуқий адолатни таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

 
Агзам УСПАНОВ,
жиноят ишлари бўйича Чимбой тумани судининг раиси