СУДЛАР ТОМОНИДАН АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР ТАҲЛИЛИ
Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2024 йил 9 ойи давомида мамлакатимизда қонун устуворлиги, фуқароларнинг тинчлигини таъминлаш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида қабул қилинган қонунларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича олиб борилган ишлар юзасидан брифинг ўтказилди.
– Ушбу давр мобайнида 2 минг 223 нафар шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган бўлиб, ўтган йилнинг ҳисобот даврига нисбатан 18,8 фоизга кўпайган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Абилай Адилов. – Кўриб тамомланган жиноят ишлари бўйича 1 минг 581 нафар шахсга жазо тайинлаш билан айблов ҳукми, 11 нафар шахсга оқлов ҳукми, 109 нафар шахсга жазо тайинланмасдан, айблов ҳукми чиқарилди. 49 нафар шахсга шартли жазо тайинланиб, уларга нисбатан синов муддати белгиланди.
Ҳукм чиқарилган ишлар бўйича 450 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш, 514 нафар шахсга озодликни чеклаш, 484 нафар шахсга ахлоқ тузатиш ишлари, 14 нафар шахсга мажбурий жамоат ишлари, 119 нафар шахсга жарима жазоси тайинланди. Таҳлилларга кўра, оилавий зўравонлик, номусга тегиш, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш жиноятлари сони кўпайган.
Шунингдек, судлар томонидан коррупцияга оид жами 327 нафар шахсга нисбатан 164 жиноят иши кўрилган. Бу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,4 фоизга кўпайган. Коррупция билан боғлиқ жиноятлар тадбиркорлик, давлат улуши бор корхоналар, мактабгача таълим, банк, олий ва ўрта махсус таълим, ҳокимликлар, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида ортган.
Ўтган йилнинг шу даврига таққослаганда, хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар 8,2, ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 16,5, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 36,9 фоизга кўпайган. Хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятларнинг аксарияти фирибгарлик, растрата ёки талон-тарож қилиш, ўғрилик, ёшлар томонидан содир этилган жиноятларнинг аксарияти ўғрилик, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш, фирибгарлик, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг аксарияти ўғрилик, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятларини ташкил этади.
Бундан ташқари, жиноят ишлари бўйича шаҳар ва туман судлари томонидан 9 ой мобайнида жами 25 минг 203 нафар шахсга нисбатан 23 минг 304 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб тамомланди.
Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида корхона, муассаса, ташкилотларда, таълим муассасаларида ва аҳоли ўртасида учрашувлар ва давра суҳбатлари, оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда чиқишлар ташкил этилди.
Келгусида ҳам одил судловни амалга ошириш, судни ҳақиқий маънода адолат қўрғонига айлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар жадал давом эттирилади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири