“ДАВЛАТ БОЖИ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНГА ЎЗГАРИШЛАР: АҲОЛИ ВА БИЗНЕС УЧУН ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

2025 йил 20 февралда Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-1032-сонли “Давлат божи тўғрисида”ги қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат мамлакатда давлат божи билан боғлиқ муносабатларни замон талабларига мос равишда ислоҳ қилиш, адолат ва самарадорликни таъминлаш мақсадини кўзлайди. Қонуннинг моҳияти ва аҳамиятини таҳлил қиладиган бўлсак, бир нечта муҳим йўналишларни кўрсатиш мумкин.

Аввало, электр ва иссиқлик энергияси етказиб берувчи ташкилотлар энди истеъмолчилар қарздорлиги учун судга мурожаат қилганда давлат божини тўламайди. Бу муҳим ўзгариш ҳисобланади, чунки коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар кўпинча қарздорликни ундириш жараёнида давлат божи учун катта маблағ сарфлашига тўғри келарди. Энди эса уларнинг молиявий юки енгиллашади, хизмат кўрсатиш сифатини сақлаб қолиш ва техник таъмирлаш ишларига маблағ йўналтириш имконияти ошади. Шу билан бирга, агар суд даъвони рад этса, давлат божи хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўзи томонидан тўланиши белгиланган. Бу ҳолат қонун нормасининг адолатли тарзда ишлашига хизмат қилади.

Иккинчидан, қонун хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилиш жараёнига ойдинлик киритди. Энди давлат божи қайси муддат учун тўланиши аниқ белгиланган. Бу ўзгариш хорижий бизнес учун ҳуқуқий тартибларнинг шаффофлиги ва барқарорлигини таъминлайди. Ўзбекистонда фаолият юритишни режалаштираётган хорижий компаниялар учун ишончли муҳит яратилиши мамлакат инвестициявий жозибадорлигини янада ошириши шубҳасиз.

Учинчидан, қонун аҳоли манфаатларига ҳам тўғридан-тўғри таъсир қилади. Суд орқали қарздорлик ундириш жараёни енгиллашиши фуқароларни ўз вақтида тўловларни амалга оширишга ундайди. Бу тўлов интизомини кучайтиради, ўз вақтида хизмат ҳақини тўлайдиган фуқароларнинг манфаатлари ҳимоя қилинади. Энг муҳими, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар барқарор маблағга эга бўлиб, электр ва иссиқлик таъминотида узилишларнинг олдини олиши мумкин.

Шу билан бирга, қонун ижросида эътибор қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар ҳам бор. Хусусан, аҳолида тўлов интизомининг пастлиги кўпинча ижтимоий ёки иқтисодий сабабларга бориб тақалади. Шунинг учун масалани фақат жазо чоралари билан эмас, балки қулай тўлов тизимларини жорий қилиш, аҳолига имтиёз ва қулайликлар яратиш орқали ҳал этиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, суд орқали мурожаат қилиш жараёнлари барча учун оддий ва арзон бўлиши, аккредитация жараёни эса тўлиқ шаффоф ташкил этилиши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, ЎРҚ-1032-сонли қонун давлат божи тизимини такомиллаштириш орқали хизмат кўрсатувчилар, аҳоли ва хорижий бизнес учун янги имкониятлар очади. У коммунал хизматлар барқарорлигини таъминлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва ҳуқуқий муносабатларда аниқликни оширишга хизмат қилади. Шунингдек, у аҳоли турмуш сифатини яхшилашга қаратилган қадам сифатида жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этади.

Низаматдин АБДАКИМОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси

ФУҚАРО  К. САБУРОВНИНГ YOUTUBE ВИДЕОХОСТИНГИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ВИДЕОМУРОЖААТИ ЮЗАСИДАН

 

Аниқланишича, даъвогар К. Сабуров жавобгар Г. Рахимовага нисбатан турар жойлардан мерос улушини олиш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилган.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2022 йил     22 декабрь кунги ҳал қилув қарори билан даъвогар К. Сабуровнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилган.

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди апелляция инстанциясининг    2023 йил 14 февралдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2024 йил 14 февралдаги ажрими билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

 

Иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида кўрилмаган.

 

Чунки жавобгар Г.Рахимова 1985 йилдан бошлаб мерос очилгунга қадар мерос қолдирувчи Э.Сабуров билан биргаликда яшаганлиги ва мерос қолдирувчи билан мол-мулкка нисбатан умумий мулк ҳуқуқига эга бўлганлиги сабабли мерос тақсимланишида мерос мулкини асл ҳолида олишда имтиёзли ҳуқуққа эга ҳисобланган.

 

Аризачи мажбурий ижро бўлими Тўрткўл тумани бўлими ҳал қилув қарори бўйича ундирувни низоли мулкка қаратиш ва ва кадастр паспортини шакллантирилиб, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги аризаси билан судга мурожаат қилган.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2024 йил     17 майдаги ажрими билан аризачи мажбурий ижро бўлими Тўрткўл тумани бўлимининг аризаси қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 23 июль кунги ажрими билан биринчи инстанция судининг ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди фуқаролик ишлари бўйича тафтиш инстанциясининг 2024 йил 9 октябрдаги ажрими билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

 

Иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида кўрилмаган.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси судининг ахборот хизмати

“ДАВЛАТ БОЖИ ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУНГА МУҲИМ ҚЎШИМЧА ВА ЎЗГАРИШЛАР КИРИТИЛДИ

2025 йил 20 февралда қабул қилинган ЎРҚ-1032-сонли қонун билан  “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга муҳим қўшимча ва ўзгаришлар киритди. Янги тартибга кўра, электр ва иссиқлик энергияси етказиб берувчи ташкилотлар истеъмолчилардан қарздорликни суд орқали ундириш учун мурожаат қилганда давлат божини тўламайди. Бу уларга ўз маблағларини тежаш ва қарздорликни тезроқ ундириш имкониятини беради. Шунингдек, чет эл тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилишда давлат божини тўлаш муддати аниқ белгилаб қўйилди, бу эса хорижий бизнес учун ҳуқуқий тартибларнинг янада равшанлашишига хизмат қилади.

 

Қонуннинг аҳоли учун аҳамияти, энг аввало, хизматлар сифатини ошириш ва узлуксизлигини таъминлашда намоён бўлади. Хизмат кўрсатувчилар ўз маблағларини давлат божига сарфламай, уларни таъмирлаш ва хизматларни яхшилашга йўналтира олади. Суд орқали қарзларни ундириш имконияти енгиллашгани учун истеъмолчилар ҳам ўз вақтида тўлов қилишга интилади, натижада тўлов интизоми кучаяди. Бу ўз вақтида тўлов қиладиган фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилади, адолатлиликни таъминлайди.

 

Чет эл компаниялари учун аккредитация тартибининг аниқлаштирилиши эса мамлакатимизга янги хизматлар ва технологияларни олиб киришга шароит яратади. Бу орқали иш ўринлари яратилиши, инвестиция муҳити яхшиланиши ва аҳоли учун қўшимча имкониятлар пайдо бўлиши мумкин.

Қонуннинг аҳамияти шундаки, у бир томондан аҳоли ва хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги муносабатларни адолатли йўлга қўяди, иккинчи томондан хизматларнинг барқарор ва сифатли бўлишини таъминлайди. Натижада аҳоли электр ва иссиқлик каби кундалик ҳаёт учун зарур хизматларни узлуксиз олиш имкониятига эга бўлади, жамиятда эса тартиб ва масъулият кучаяди.

 

 

Гулистан ЕШНАЗАРОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси

Skip to content