ФУҚАРО К. САБУРОВНИНГ YOUTUBE ВИДЕОХОСТИНГИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ВИДЕОМУРОЖААТИ ЮЗАСИДАН
Аниқланишича, даъвогар К. Сабуров жавобгар Г. Рахимовага нисбатан турар жойлардан мерос улушини олиш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2022 йил 22 декабрь кунги ҳал қилув қарори билан даъвогар К. Сабуровнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси суди апелляция инстанциясининг 2023 йил 14 февралдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2024 йил 14 февралдаги ажрими билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.
Иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида кўрилмаган.
Чунки жавобгар Г.Рахимова 1985 йилдан бошлаб мерос очилгунга қадар мерос қолдирувчи Э.Сабуров билан биргаликда яшаганлиги ва мерос қолдирувчи билан мол-мулкка нисбатан умумий мулк ҳуқуқига эга бўлганлиги сабабли мерос тақсимланишида мерос мулкини асл ҳолида олишда имтиёзли ҳуқуққа эга ҳисобланган.
Аризачи мажбурий ижро бўлими Тўрткўл тумани бўлими ҳал қилув қарори бўйича ундирувни низоли мулкка қаратиш ва ва кадастр паспортини шакллантирилиб, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклаш ҳақидаги аризаси билан судга мурожаат қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг 2024 йил 17 майдаги ажрими билан аризачи мажбурий ижро бўлими Тўрткўл тумани бўлимининг аризаси қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 23 июль кунги ажрими билан биринчи инстанция судининг ажрими ўзгаришсиз қолдирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси суди фуқаролик ишлари бўйича тафтиш инстанциясининг 2024 йил 9 октябрдаги ажрими билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.
Иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида тафтиш тартибида кўрилмаган.
Қорақалпоғистон Республикаси судининг ахборот хизмати