ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ЯНГИ ҚОНУННИНГ АҲАМИЯТИ
2025 йил 20 февралда қабул қилинган ЎРҚ-1032-сонли қонун давлат божи масалаларига янги тартиблар киритди. Бу ўзгаришлар, айниқса, иқтисодий судлар фаолияти учун катта аҳамият касб этади.
Энг аввало, электр ва иссиқлик энергияси етказиб берувчи ташкилотлар истеъмолчилар қарздорлиги бўйича судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод этилди. Бу орқали улар учун молиявий енгиллик яратилди ва қарздорликни ундириш жараёни анча осонлашди. Натижада иқтисодий судларга мурожаат қилиш тезлашиб, уларда ишларни кўриб чиқиш самараси ошиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, агар суд даъвони рад этса, давлат божини хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўзи тўлайди. Бу тартиб иқтисодий судларда адолатни таъминлайди, суиистеъмол ҳолатларини олдини олади.
Қонунга киритилган ўзгаришлар хорижий компаниялар учун ҳам аҳамиятлидир. Улар ваколатхоналарини аккредитация қилишда давлат божини қайси муддат учун тўлашини аниқ билиб, ўз фаолиятини режалаштиришда қийинчиликка дуч келмайди. Бу эса инвестиция муҳитини яхшилашга хизмат қилади.
Якуний натижада, янги қонун иқтисодий судлар учун:
-
мурожаатлар тартибини енгиллаштиради;
-
қарздорликни ундириш жараёнини тезлаштиради;
-
адолат ва шаффофликни кучайтиради;
-
тадбиркорлик субъектлари учун ҳуқуқий ишончни мустаҳкамлайди.
Демак, ЎРҚ-1032-сонли қонун иқтисодий судларнинг самарали ишлаши ва иқтисодий муносабатларда барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Алишер АЯПОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси