КОРРУПЦИЯ – ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИГА ТЎСИҚ

 

Коррупция – бугунги кунда жаҳон миқёсидаги энг оғриқли муаммолардан бири ҳисобланади. У фақат иқтисодий ўсишни секинлаштирибгина қолмай, инсон ҳуқуқларига, жамият адолат ва ишонч муҳитига ҳам жиддий путур етказади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолиятининг илк кунлариданоқ коррупцияга қарши курашишни давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилади. 2016 йилги сайловолди дастурида у мазкур иллатга қарши кескин курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва давлат идораларида шаффофликни таъминлашни асосий вазифа сифатида кўрсатган эди.

 

Мазкур йўналишдаги илк ҳуқуқий қадамлардан бири — 2016 йил 24 ноябрда қабул қилинган ва 2017 йил 3 январда Президент томонидан имзоланган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун бўлди. Ушбу қонунда биринчи марта коррупцияга аниқ таъриф берилди:

 

«Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий ёки бошқа шахслар манфаати учун қонунга хилоф равишда моддий ёки номоддий наф олиш ёхуд бундай нафни тақдим этишдир.»

 

Халқ тилида айтганда, бу — порахўрлик, таниш-билишчилик ва мансабдан фойдаланиш орқали шахсий манфаат кўриш ҳолатларидир.

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши тизимли курашиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

 

Жорий йилнинг 5 мартида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда соҳадаги натижадорлик таҳлил қилиниб, келгусида амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.

 

Шунингдек, 2025 йил 21 апрель куни қабул қилинган ПФ–71-сонли Фармон билан коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш, жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтларини фаол жалб этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

 

Шу куни қабул қилинган ПҚ–147-сонли қарорда эса давлат органлари ва ташкилотларидаги ички назорат бўлинмалари фаолиятини мустақил ва самарали йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди. Унда “ҳалоллик вакцинаси” тамойили асосида давлат хизматчиларида коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш вазифаси илгари сурилди.

 

Бундан ташқари, 2025 йил 19 сентябрдаги ПҚ–288-сонли қарор орқали фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш, коррупция ҳолатларини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш ва уларнинг сабабларини бартараф этишга қаратилган “Йўл харитаси” тасдиқланди. Ушбу ҳужжат коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назоратининг кучайишига хизмат қилади.

 

Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш фақат ҳуқуқий ёки маъмурий чоралар билан чекланиб қолмаяпти. Энг муҳими — жамият онгида “ҳалоллик” қадриятини қарор топтириш, ёш авлодни пок ният, адолатпарвар руҳда тарбиялаш орқали бу иллатга қарши мафкуравий иммунитет яратишга эътибор кучаймоқда.

 

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида яратилган ҳуқуқий асослар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар давлат ва жамиятнинг барқарор ривожига хизмат қилади, деб ишонч билан айтиш мумкин.

 

 

 Жанат АЙМАГАНБЕТОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси

 

СУД ЭКСПЕРТИЗАСИ СОҲАСИГА БАҒИШЛАНГАН СЕМИНАР БЎЛИБ ЎТДИ

 

Қорақалпоғистон Республикаси судида Х. Сулайманова номидаги Республика суд экспертиза марказининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими экспертлари Д. Тажиев ва У. Рустамовалар иштирокида семинар ташкил этилди. Тадбирда судьялар ҳамда суд тизими ходимлари иштирок этдилар.

 

Семинарнинг асосий мақсади суд амалиётида экспертиза фаолиятининг аҳамиятини ошириш, суд ходимларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, соҳадаги янгиликлар билан таништиришдан иборат бўлди.

 

Семинар давомида иштирокчиларга суд лингвистикаси соҳаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Экспертлар бу йўналишнинг мазмун-моҳияти, унинг тадқиқот объектлари, ҳамда сўз ва матн таҳлили орқали суд жараёнларида далилларнинг ишончлилигини аниқлашдаги аҳамияти ҳақида тушунча бердилар. Суд лингвистикаси орқали турли хатлар, баёнотлар ёки электрон ёзишмалардаги маънони аниқ талқин қилиш имконияти ошиши таъкидланди.

 

Шунингдек, тадбирда суд ҳужжатларини интеграция тизими орқали жўнатиш тартиби, унинг афзалликлари ва электрон ҳамкорликнинг самараси ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Бу тизим суд қарорларини тезкор, аниқ ва хавфсиз тарзда етказишни таъминлаб, суд фаолиятини янада шаффоф ва самарали қилиши қайд этилди.

 

Экспертлар суд-ер экспертизаси тушунчаси, унинг қўлланиш соҳалари ва амалий аҳамияти ҳақида маълумот бердилар. Шу билан бирга, экспертиза харажатларини ҳисоблаш тартиби, уларни суд ишлари юритувида тўғри қўллаш механизмлари юзасидан ҳам атрофлича тушунтиришлар берилди.

 

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 21-августда қабул қилинган 140-сонли Фармони мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Ушбу ҳужжатда суд-ҳуқуқ тизимида рақамлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш, ахборот технологияларини жорий этиш орқали тизим самарадорлигини ошириш вазифалари белгилаб берилган. Экспертлар мазкур Фармон суд ишларини юритишда замонавий ахборот ечимларини жорий этишда янги босқични бошлаб берганини таъкидладилар.

 

Тадбир якунларида семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Судьялар ва суд ходимлари экспертизаларни тайинлаш, уларнинг натижаларини баҳолаш ҳамда замонавий рақамли ечимлардан фойдаланиш борасида экспертлардан аниқ ва илмий асосланган жавоблар олдилар.

Семинар суд тизими ходимларининг билим ва малакасини ошириш, суд экспертизаси соҳасидаги янгиликлар билан таништириш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини амалиётга кенг жорий этиш йўлида муҳим аҳамият касб этди.

ЭКОЛОГИЯ СОҲАСИ: МУАММО ВА ЕЧИМЛАР

Глобал дунёда кузатилаётганидек, мамлакатимизда ҳам экология билан боғлиқ муаммолар долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу муаммоларни бартараф этиш учун, бир томондан, иқтисодий аҳволни изчил яхшилаш зарур бўлса, иккинчи томондан, халқимиз орасида азалдан мавжуд бўлган экологик маданиятни тиклаш, тарихий тажрибани чуқур ўрганиш ва унинг замонавий шароитдаги қўлланиш имкониятларини излаб топиш талаб этилади.

Инсон фаолияти натижасида биосферадаги ўзгаришлар жуда тез кечмоқда. Инсониятнинг табиатга кучайиб бораётган таъсири ХХ аср ўрталарида экологик муаммоларнинг кескинлашувига сабаб бўлди. Бинобарин, бу муаммоларнинг асосий манбаи инсоннинг табиат билан номувофиқ муносабатидир.

Цивилизация ривожланиши билан инсоннинг табиатга таъсири янада чуқурлашиб, аҳвол ёмонлашмоқда. Бугунги кунда ибтидоий, соф табиат ҳақида гапириш қийин. Ер юзидаги кўплаб ўрмонлар кесиб ташланган, катта ҳудудлар деҳқончиликка мослаштирилган, доривор ва кимёвий ўғитлар билан ишлов берилган, атмосфера ҳавоси ва табиат турли чиқиндилар ҳамда газлар билан ифлосланган.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда табиатда тошқинлар, ўрмон ёнғинлари, чанг бўронлари ва бошқа табиий офатлар тез-тез ва катта кўламда содир бўлмоқда. Бу ҳолатлар атроф муҳитнинг табиий мувозанатига жиддий путур етказмоқда.

Дунё миқёсида кузатилаётган табиий ва антропоген ҳодисалар умумбашарий экологик муаммолар сифатида баҳоланади. Улар қаторига атмосферанинг димиқиши, озон қатламининг сийраклашиши, чучук сув ресурсларининг тақчиллиги, флора ва фауна турларининг қисқариши, ерга ишлов беришда заҳарли кимёвий моддалардан фойдаланиш каби масалалар киради.

Ўзбекистон йирик саноат ва аграр мамлакат сифатида келгусида машинасозлик, энергетика, кимё, озиқ-овқат саноати ҳамда транспорт соҳаларини янада ривожлантиришни мақсад қилган. Бироқ бу соҳаларнинг ривожланиши табиий экотизим ҳолатига маълум даражада салбий таъсир кўрсатиши табиий ҳолатдир.

Мутахассислар фикрича, бугунги кунда мамлакатимизда долзарб бўлиб турган асосий экологик муаммолар қуйидагилардан иборат:

  1. Саноат мажмуалари таъсири. Ангрен, Олмалиқ, Чирчиқ, Фарғона, Марғилон, Навоий ва бошқа ҳудудларда жойлашган йирик саноат марказлари чиқарган турли газ ва чиқиндилар атмосфера ҳавоси ва атроф муҳитни ифлослантирмоқда.

  2. Агросаноат соҳасидаги экологик муаммолар. Ерга ишлов бериш жараёнида минерал ўғитлар ва пестицидлардан ортиқча фойдаланиш тупроқ ва сув ресурсларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

  3. Сувларнинг ифлосланиши. Саноат чиқиндилари ва заҳарли моддалар сув манбаларига тушиши натижасида ичимлик суви сифати пасаймоқда.

  4. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш. Қўриқхоналар ва миллий боғлар фаолиятини кенгайтириш, биохилма-хилликни сақлаш масалалари ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича асосий стратегик мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • аҳолининг соғлом турмуш шароитини таъминлаш ва биосферавий мувозанатни сақлаш;

  • ижтимоий-иқтисодий ривожланиш барқарорлигини таъминлаган ҳолда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, қайта тикланадиган ресурслар ишлаб чиқариш ва истеъмол жараёнларининг мувозанатини таъминлаш;

  • табиатнинг қайта тикланиш қобилиятини сақлаш ва ривожлантириш;

  • табиий турлар, уларнинг генофонди ҳамда ландшафт хилма-хиллигини муҳофаза қилиш;

  • Орол денгизи билан боғлиқ экологик фалокат оқибатларини юмшатиш ва мазкур ҳудуддаги ҳаёт шароитини яхшилаш.

Ҳозирги кунда юртимиз дашт ва боғ-роғларида сут эмизувчи ҳайвонлар ҳамда қушлар сони камайиб бормоқда. Қуриган майдонларда кемирувчилар кўпайиб, турли хасталикларни тарқатмоқда. Бу эса экотизимнинг янада издан чиқишига олиб келади.

Биз, инсонлар, табиат билан чамбарчас боғлангандирмиз. Ундан айри ҳолда ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис, ҳар биримиз табиатни асраб-авайлаш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш, сув ва ҳавони тежаб ишлатиш ҳамда атроф муҳит мусаффолиги ҳақида доимо ғамхўрлик қилишимиз лозим.

Рашид МАТКУРБАНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Қораўзак туман суди тергов судьяси

АТРОФ-МУҲИТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ БУРЧ ВА МАЖБУРИЯТИМИЗ  

 

Бугунги глобал тараққиёт ва жадал индустриаллашув жараёнида инсон ҳаёти табиат билан тобора мустаҳкам боғланиб бормоқда. Атроф-муҳитнинг тозалиги, табиий ресурсларнинг асраб-авайланиши ва экотизим барқарорлиги жамиятнинг барқарор ривожланиши ва келажак авлод фаровонлигининг гаровидир. Шу боис экология соҳасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка йўл қўймаслик, уларнинг олдини олиш ҳамда жавобгарлик механизмларини кучайтириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

 

 

Азалдан инсон ва жамият ҳаёти табиат билан узвий боғлиқ. Атроф-муҳитнинг соғлом ва барқарор бўлиши нафақат инсон саломатлиги, балки иқтисодий тараққиёт ва келажак авлодлар ҳаётининг фаровонлиги учун ҳам муҳимдир. Шу сабабли экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қонунбузарликлар ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 14-бобида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятларни содир этганлик учун тайинланадиган жазо чоралари, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 8-бобида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун белгиланадиган маъмурий жавобгарликлар кўрсатиб ўтилган.

 

Экология соҳасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар жамият ва табиат манфаатларига жиддий зарар етказади. Шу сабаб экология соҳасидаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни камайтириш ва олдини олиш учун қонунчиликни янада такомиллаштириш, экологик қонунбузарликлар учун жазо чораларини кучайтириш, жавобгарлик турларини аниқлаш ва уларнинг самарадорлигини таъминлаш, назорат ва мониторинг тизимини кучайтириш, табиатни муҳофаза қилувчи соҳалар фаолиятини кенгайтириш ва замонавий ахборот технологиялари асосида атроф-муҳитни асраш бўйича мониторинг ташкил этиш каби чора-тадбирларни амалга ошириш лозим бўлади.

 

 

Шунингдек, аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш, мактаб ва олий таълим муассасаларида экология фанини кенг тарғиб қилиш, фуқаролар ва жамоатчилик иштирокини таъминлаш, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларни экологик назоратга жалб қилиш, экологик акция ва тадбирларни самарали ташкил этиш, ҳуқуқбузарларга нисбатан иқтисодий чоралар қўллаш, табиатга жиддий зарар етказувчи ва атрф-муҳитни ифлослантирувчи корхоналарга нисбатан жиддий чоралар қўллаш тамойилини жорий қилиш орқали ҳам экологиямизнинг бузилиши ва табиатнинг ифлосланишининг олдини олишга эриша оламиз.

 

 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши кураш фақатгина тегишли давлат органлари эмас, балки барча фуқароларнинг вазифаси ҳисобланиши даркор. Буни ҳар бир ўз келажаги учун қайғурадиган инсон ҳис этиши лозим. Бу соҳада ҳуқуқий билимларни ошириш, жавобгарликни кучайтириш ва жамоатчиликнинг фаол иштироки орқали табиатни асраб-авайлаш мумкин.

 

 

Хулоса қилиб айтганда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бугунги кунда олдимизда турган энг муҳим вазифалардандир. Табиатни асраб-авайлаш, қонунларга риоя қилиш ва экологик маданиятни ошириш орқали жамиятда барқарор ривожланишга эришиш мумкин. Зеро, Она табиатга меҳр-муҳаббат туйғусини ошириш орқали табиатни асраб-авайлаш ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаёт тарзига айланса, жамиятимизда экологик муаммоларнинг ечими ҳам анча осонлашади.

 

 

Мухаббат КАЙПОВА,

Фуқаролик ишлар бўйича Амударё туман судининг судьяси                                                           

ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШ – БОЛА ҲАҚИ ВА ОИЛА МАСЪУЛИЯТИ

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасида белгиланишича, ҳар бир ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс фарзандини вояга етгунга қадар боқиш, тарбиялаш, таълим бериш ва уни соғлом ҳамда ҳар томонлама етук инсон қилиб вояга етказиш учун масъулдир. Бу инсонпарвар тамойил мамлакатимиз оила сиёсатида муҳим ўрин тутади.

 

Оила кодексининг 20-бобига кўра, фарзандликка олиш фақат вояга етмаган болалар манфаатини кўзлаб амалга оширилади. Бу жараён суд орқали, васийлик ва ҳомийлик органларининг хулосаси асосида кўриб чиқилади.

 

Суд ишлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси талабларига мувофиқ, фарзандликка олувчи(лар), васийлик ва ҳомийлик органи вакиллари ҳамда прокурор иштирокида кўриб чиқилади. Бу — бола манфаатини тўлиқ таъминлашга хизмат қиладиган муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади.

 

 

Қонунчиликка кўра, ака-укалар ёки опа-сингиллар турли шахслар томонидан фарзандликка олинишига йўл қўйилмайди, фақат болалар манфаатидан келиб чиққан ҳоллар бундан мустасно.

 

Фарзандликка олувчи сифатида вояга етган эркак ёки аёл шахс қатнашиши мумкин. Бироқ Оила кодексининг 152-моддасида белгиланган айрим шахслар, жумладан, фарзандликка олишга монелик қилувчи касалликларга чалинган фуқаролар бундай ҳуқуққа эга эмас. Бу касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган.

 

Фарзандликка олиш сир сақланиши қонун билан ҳимоя қилинади.

 

Оила кодексининг 165-моддасига мувофиқ, фарзандликка олинган бола ўз фарзандликка олувчиларининг биологик фарзанди каби барча шахсий ва мулкий ҳуқуқларга эга бўлади. Шу билан бирга, фарзандликка олинган бола ўз биологик ота-онаси ва уларнинг қариндошларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларини йўқотади.

 

Баъзи ҳолларда боланинг манфаатларидан келиб чиқиб, унинг айрим ҳуқуқлари сақланиб қолиши мумкин. Масалан, фарзандликка олувчи эркак бўлиб, боланинг онаси илтимос қилса ёки фарзандликка олувчи аёл бўлиб, боланинг отаси илтимос қилса, бола билан айрим номулкий ёки мулкий ҳуқуқий боғлиқлик сақланиши мумкин.

 

Шунингдек, агар боланинг ота-онасидан бири вафот этган бўлса, бува ёки бувининг илтимосига кўра бола билан улар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар ҳам сақланиши мумкин.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2013 йил 11 декабрдаги 21-сонли қарорининг 12-бандида таъкидланишича, ўн ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун унинг розилиги албатта олиниши шарт. Суд бунда болага фарзандликка олишнинг ҳуқуқий оқибатларини, яъни фамилия, исм ва ота исмининг ўзгариши, қариндошлар билан кўришиш тартиби ва бошқа масалаларни болага тушунарли қилиб баён этиши лозим.

 

Хулоса қилиб айтганда, фарзандликка олиш институти — ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим ҳуқуқий воситасидир. Судлар томонидан бу жараённи адолатли ва қонуний ҳал этиш оила институтини мустаҳкамлайди, жисмонан соғлом ва маънан етук авлод тарбиясига хизмат қилади.

 

 

Нурлибай АКИМНИЯЗОВ, 
Фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро суди судьяси

ОРТИҚЧА ТЎЛАНГАН ВА УНДИРИЛГАН СОЛИҚЛАРНИ ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ

 

 

Ўзбекистон Республикаси давлат ғазнасининг асосий манбалари ичида солиқлар ва мажбурий тўловлар алоҳида ўрин тутади. Солиқ тўлаш – ҳар бир фуқаро ва хўжалик юритувчи субъектнинг Конституцияда белгилаб қўйилган бурчи ҳисобланади.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида солиқлар ва йиғимларни белгилаш, жорий этиш, ҳисоблаш ҳамда тўлаш тартиблари, шунингдек, солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ муносабатлар аниқ тартибга солиб қўйилган.

 

 

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, агар солиқ тўловчи томонидан солиқ ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган бўлса ва у солиқ бўйича қарздор бўлмаса, мазкур сумма солиқ тўловчига қайтарилиши ёки келгусидаги солиқ тўловлари ҳисобидан ҳисобга олиниши лозим.

 

 

Агар солиқ тўловчининг солиқ бўйича қарзи мавжуд бўлса, ортиқча тўланган ёки ундирилган сумма аввало шу қарзни, кейин пеня ва жарималарни қоплаш учун босқичма-босқич ҳисобга олинади.

 

 

Ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш ёки қайтариш тўғрисидаги қарор солиқ органи томонидан тегишли ҳолат аниқланган ёки солиқ тўловчининг ёзма аризаси қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида қабул қилинади.

 

 

Солиқ тўловчи ариза билан мурожаат этган тақдирда, ортиқча тўланган сумма тўлиқ ёки қисман қайтарилиши мумкин. Бу қоида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича ҳам татбиқ этилади.

 

 

Қайтариш ёки ҳисобга олиш миллий валютамиз – сўмда амалга оширилади. Ортиқча тўланган ёки ундирилган солиқ суммаси солиқ тўловчининг ёзма аризаси олинган кундан эътиборан 15 кун ичида, барқарорлик рейтинги юқори бўлган тадбиркорлик субъектларига эса 3 кун ичида қайтарилиши шарт (ҚҚС бундан мустасно).

 

 

Бундай аризалар солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўлов қилинган кундан ёки ортиқча ундирилгани маълум бўлган кундан бошлаб уч йил ичида тақдим этилиши мумкин.

 

 

Солиқ органи аризани кўриб чиқиб, ортиқча тўланган сумма қайтарилиши ёки ҳисобга олиниши ҳақидаги қарорни одатда 10 кун ичида, юқори рейтингли тадбиркорлар бўйича эса 2 кун ичида қабул қилади. Агар рад этиш ҳақида қарор қабул қилинса, бу ҳақда солиқ тўловчига 3 кун ичида маълум қилиниши шарт.

 

 

Агар солиқ органи белгиланган муддатда ортиқча тўланган суммани қайтармаса, кечиктирилган ҳар бир кун учун фоизлар ҳисобланади. Ушбу фоизлар Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси асосида белгиланади ва давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади.

 

 

 

Спартак НИЯЗОВ,

Нукус туманлараро иқтисодий суди раиси

ОИЛАВИЙ (МАИШИЙ) ЗЎРАВОНЛИК ВА ТАЗЙИҚЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШ — БАРҚАРОР ОИЛА ГАРОВИ

 

Оила — жамиятнинг асосий бўғини, унинг барқарорлиги эса ҳар бир давлатнинг маънавий, иқтисодий ва ижтимоий ривожининг муҳим омили ҳисобланади. Афсуски, айрим ҳолларда оила муҳитида ҳам зиддиятлар ва зўравонлик ҳолатлари кузатилмоқда.

 

Оиладаги зўравонлик — бу ижтимоий жараён бўлиб, турли кўринишларда деярли ҳар тўртинчи оилада намоён бўлади. Бу иллатдан энг кўп жабр кўрувчи тоифалар — аёллар, болалар, қариялар ва ногиронлиги бўлган шахслардир.

 

 

Миллатимиз учун оила муқаддас саналади. Айниқса, аёл-қизларимиз оила тинчлиги, фарзандлар фаровонлиги йўлида бор куч ва меҳнатини аямайди. Шу билан бирга, айрим ҳолларда уларнинг ўз оиласида зўравонлик ва тазйиқларга дуч келаётгани жамият учун жиддий хавотир уйғотмоқда.

 

Тадқиқотларга кўра, оилавий зўравонликка учраган аёлларнинг 60–70 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмайди. Бу ҳолат зўравонликнинг кўпинча яширин тус олишига ва унинг салбий оқибатларининг чуқурлашишига сабаб бўлади.

 

 

Оилавий (маиший) зўравонлик — инсонга нисбатан унинг яқин қариндоши ёки бир рўзғорда яшаётган шахс томонидан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий босим ўтказиш шаклидаги тажовузкор хатти-ҳаракатлардир.

 

Бу турдаги зўравонлик жисмоний — калтаклаш, тана жароҳати етказиш; руҳий — ҳақорат қилиш, таҳдид ва қўрқитиш; иқтисодий — молиявий манбаларни назорат қилиш ёки уларни чеклаш; жинсий — шахснинг иродасига қарши мажбурлаш кўринишида намоён бўлади.

 

Бундай ҳолатларда зўравон шахс қурбон устидан ҳукмронлик ўрнатишга, уни қўрқитиш ёки бўйсунишига эришишга интилади. Бу эса оилавий муҳитдаги ишонч ва ҳурматни йўқотиб, ижтимоий муносабатларнинг издан чиқишига сабаб бўлади.

 

 

Мамлакатимизда сўнгги йилларда оилавий зўравонликни олдини олиш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш ва жавобгарликни кучайтириш бўйича қатор ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 

Хусусан, 2023 йил 11 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сонли Қонунига мувофиқ, оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилди.

 

Шунингдек, 2024 йил 21 октябрда қабул қилинган «Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддаси ва Жиноят кодексининг 126¹-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, болаларга нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланди.

 

Бу ўзгаришлар давлатимиз томонидан инсон ҳуқуқлари, айниқса, аёллар ва болаларнинг шаъни ҳамда қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратилганлигини кўрсатади.

 

 

Оилавий-маиший зўравонликка қарши кураш фақатгина жабрланувчининг ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу умумжамият ишидир. Зўравонликка учраган инсон кўпинча руҳий жиҳатдан езилган бўлади ва мустақил равишда тўғри қарор қабул қилишга қийналади. Шу боис, бундай ҳолатларда нафақат яқинлар, балки давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам унинг ёнида бўлиши шарт.

 

Зўравонлик — шахсга қарши жиноят, унинг эркинлик ва ҳуқуқларига тажовуздир. Шунинг учун ҳам жамиятда бу борадаги ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, мавжуд нотўғри қарашларни ўзгартириш зарур.

 

Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оилавий муносабатларда тенглик ва ҳурматни таъминлаш, зўравонликка олиб келадиган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш — барқарор оила ва соғлом жамият гаровидир.

 

Бунда давлат органлари, маҳалла фуқаролар йиғини, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг яқин ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.

 

Хулоса қилиб айтганда, оилавий (маиший) зўравонликка қарши кураш — фақат ҳуқуқий эмас, балки маънавий, тарбиявий вазифа ҳамдир. Ҳар биримиз бу йўлда масъуллик билан ёндашсак, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга катта ҳисса қўшган бўламиз.

 

 

 

Гулистан БИСЕНОВА,

Жиноят ишлари бўйича Нукус туман суди раиси

ЎЗБЕКИСТОНДА ЗЎРАВОНЛИКДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ: ҲУҚУҚ ВА АДОЛАТ ТАМОЙИЛИ

 

 

Бугунги кунда жамиятда зўравонлик муаммоси нафақат оила ичида, балки кенг маънода ижтимоий хавфли ҳолат сифатида намоён бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни давлат сиёсати даражасига кўтарган ҳолда, зўравонликнинг барча шаклларига қарши қатъий чоралар кўрмоқда. Бу йўналишда қабул қилинаётган қонунлар ва амалиётлар халқаро меъёрларга мос равишда такомиллаштирилиб бормоқда.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш, шафқатсиз ёки камситувчи муомалага йўл қўймаслик қатъий белгилаб қўйилган. Хусусан, 26-моддада ҳеч ким қийноққа солиниши ёки зўравонликка дучор этилиши мумкин эмаслиги, 46-моддада эса эркаклар ва аёллар ҳуқуқларининг тенглиги кафолатланиши қайд этилган.

 

Бу қонун нормалари “Хотин-қизлар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда ўз амалий ифодасини топган. Унда зўравонликнинг олдини олиш, унинг қурбонларига ёрдам кўрсатиш ва жавобгарликни таъминлаш механизмлари аниқ белгиланган.

 

 

Замонавий қонунчилик зўравонлик тушунчасини кенгайтирди — эндиликда у фақат жисмоний таҳдид билан чекланмайди.

Қонунга кўра, зўравонлик қуйидаги турларга бўлинади:

 

Жисмоний зўравонлик — тан жароҳати етказиш, уриш, танага зарар етказувчи ҳаракатлар;

 

Психологик (руҳий) зўравонлик — ҳақорат, таҳдид, камситиш, шантаж ёки мунтазам танқид орқали шахсни руҳий жабрга учратиш;

 

Иқтисодий зўравонлик — молиявий имкониятларни чеклаш, шахсни пул маблағларини тасарруф қилишдан маҳрум этиш;

 

Жинсий зўравонлик — шахсни жинсий ҳаракатларга мажбурлаш ёки унинг розилигисиз ҳаракатлар содир этиш.

 

 

 

Давлат фуқароларни ҳимоя қилиш учун қатор амалий воситаларни жорий этган:

 

Ҳимоя ордери — ички ишлар органлари томонидан бериладиган, жабрланувчини ҳуқуқбузардан ҳимоя қиладиган расмий ҳужжат. У орқали зўравон шахсга жабрланувчига яқинлашиш, боғланиш ёки таъқиб қилиш тақиқланади.

 

Ихтисослаштирилган марказлар — жабрланувчилар учун бепул ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатади.

 

Ишонч телефони — 24 соат фаолият юритувчи, махфийликни кафолатловчи хизмат орқали ҳар ким ёрдам сўраши мумкин.

 

Суд орқали зарарни қоплаш — жабрланувчилар моддий ва маънавий зарарни ундириш учун судга мурожаат қилиб, давлат божидан озод этилади.

 

Шунингдек, қонунчиликда зўравонлик ҳолатларига қараб жиноий ёки маъмурий жавобгарлик белгиланган. Бу — жарима ва ахлоқ тузатиш ишларидан тортиб, озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо чораларини ўз ичига олади.

 

 

 

Сўнгги йилларда оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш, ҳимоя ордерларини амалиётга жорий этиш, жабрланувчиларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қатор қадамлар қўйилди. Бу ўзгаришлар давлатнинг инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлашга бўлган жиддий интилишидан далолат беради.

 

 

Зўравонликка қарши кураш — бу фақат ҳуқуқий ёки маъмурий вазифа эмас, балки жамиятнинг маънавий бурчидир. Қонунни билиш ва унга амал қилиш ҳар бир фуқаронинг маданий даражасини белгилайди.

 

Демак, зўравонликка қарши курашда қонунчиликни мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ҳар бир шахснинг масъулиятини кучайтириш — адолатли ва хавфсиз жамият барпо этишнинг энг муҳим шартидир.

 

 

Мухаббат ҚАЙПОВА,

Фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани судининг судьяси

 

ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ КУРАШ — АДОЛАТ ВА ИНСОНИЙЛИК МЕЗОНИ

 

Ҳар қандай демократик давлатнинг асосий вазифаларидан бири — инсон ҳуқуқлари, айниқса, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдан иборатдир. Зўравонлик ва тазйиқ — нафақат шахсга, балки бутун жамиятга қарши жиноят ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш ва бундай ҳолатларнинг кескин камайиши давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган.

 

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда зўравонликка қарши курашиш борасида муҳим ҳуқуқий асослар яратилди. Хусусан, 2019 йилда қабул қилинган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун, ҳамда Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар зўравонликни жиноий қилмиш сифатида белгилади.

 

Қонунга мувофиқ, зўравонлик нафақат жисмоний, балки психологик, иқтисодий ёки жинсий кўринишда ҳам намоён бўлиши мумкин. Бу эса жамиятдаги кўп йиллик стереотипларни йўқотиш ва ҳар қандай тазйиқ шаклини ҳуқуқий нуқтаи назардан баҳолаш имконини беради.

 

Давлат даражасида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун, “Гендер тенгликни таъминлаш стратегияси” ҳамда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор дастурлар амалга оширилмоқда. Бу ташаббуслар нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий-маънавий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

 

Судлар фақат жазо тайинловчи орган эмас, балки инсон қадрини тикловчи, жамиятда адолат ҳиссини мустаҳкамловчи институтдир. Зўравонлик ҳолатларига оид ишлар кўриб чиқилаётганда, судьялар жабрланувчи шахснинг ҳуқуқларини, унинг дахлсизлиги ва хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратади.

 

Сўнгги йилларда суд амалиётида зўравонлик ишлари бўйича ҳимоя ордерлари берилиши, зўравон шахсни муайян муддатга жабрланувчи билан мулоқот қилишдан чеклаш амалиёти йўлга қўйилди. Бу эса зўравонликнинг такрорланишининг олдини олишда самарали ҳуқуқий механизм сифатида ўзини оқламоқда.

 

Бироқ зўравонликка қарши кураш фақат суд ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу — бутун жамиятнинг маънавий ва фуқаролик бурчидир.

Агар ҳар бир фуқаро ўз атрофидаги зўравонлик ҳолатларига бефарқ бўлмаса, жабрланувчига ёрдам беришни инсонпарварлик вазифаси деб билса, биз нафақат қонун билан, балки инсоф ва виждон билан ҳам жиноятларга қарши тура оламиз.

 

Зўравонлик — бу нафақат бир инсонни, балки бутун оиланинг, ҳатто авлодларнинг тақдирига салбий таъсир кўрсатадиган иллатдир. Шунинг учун унинг олдини олишда таълим муассасалари, маҳалла тизими, нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.

 

Адолат ва инсонийлик — ҳар бир жамиятнинг таянчи. Зўравонликка қарши курашда энг катта куч — қонун устуворлиги ва жамоавий масъулият ҳиссидир.

 

 

 

Азат СЕЙТАНОВ,

жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман судининг тергов судьяси

ЁПИҚ СУД МАЖЛИСИ МАЪЛУМОТЛАРИНИ ОШКОР ҚИЛГАНЛИК УЧУН ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИК ЖОРИЙ ЭТИЛДИ

 

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шахсий ҳаёт дахлсизлигини, оилавий сир ҳамда шаъни ва қадр-қимматни ҳимоя қилиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 

Шу йўналишда 2025 йил 22 апрелда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 28 май куни Сенат томонидан маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-1084-сонли Қонун бу борадаги муҳим қадам бўлди.

 

Мазкур қонун 2025 йил 26 сентябрь куни қабул қилиниб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини кучайтириш ҳамда замонавий ҳуқуқий кафолатларни яратишга қаратилган.

 

Амалдаги процессуал кодексларда ёпиқ суд мажлисларида иштирок этган шахслар маълумотларни ошкор қилмаслик ҳақида огоҳлантирилади, аммо бу талабни бузганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган эди.

 

Энди эса бу бўшлиқ бартараф этилди — ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ва тафсилотларини суд рухсатисиз ошкор этган шахслар жиноий жавобгарликка тортилади.

 

Қонун билан Жиноят кодексининг 239-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Энди суриштирув, дастлабки тергов ёки ёпиқ суд муҳокамаси маълумотларини тегишли рухсатсиз ошкор қилганлик жиноят сифатида баҳоланади.

 

Бу ўзгариш фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиради ҳамда суд жараёнларининг холислиги ва махфийлигини таъминлайди.

 

Қонунга мувофиқ, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал ва Маъмурий суд ишларини юритиш кодексларига ҳам қатор қўшимчалар киритилди.

 

Эндиликда, ёпиқ суд мажлисида иштирок этган барча шахслар суд муҳокамаси маълумотларини ошкор қилмаслик тўғрисида тилхат беради, тилхатда бу мажбуриятни бузганлик учун Жиноят кодексининг 239-моддасига мувофиқ жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантириш акс эттирилади, эксперт, таржимон, гувоҳ ва бошқа иштирокчилар ҳам суд томонидан огоҳлантирилади.

 

Ушбу ҳуқуқий янгилик суд тизимида махфийлик ва қонунийликни таъминлашга, шу билан бирга жамиятда ҳуқуқий маданият ва масъулиятни оширишга хизмат қилади.

 

 

Берик АЙТМУРАТОВ,

жиноят ишлари бўйича Қўнғирот тумани судининг тергов судьяси 

Skip to content