ОИЛАВИЙ (МАИШИЙ) ЗЎРАВОНЛИК ВА ТАЗЙИҚЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШ — БАРҚАРОР ОИЛА ГАРОВИ

 

Оила — жамиятнинг асосий бўғини, унинг барқарорлиги эса ҳар бир давлатнинг маънавий, иқтисодий ва ижтимоий ривожининг муҳим омили ҳисобланади. Афсуски, айрим ҳолларда оила муҳитида ҳам зиддиятлар ва зўравонлик ҳолатлари кузатилмоқда.

 

Оиладаги зўравонлик — бу ижтимоий жараён бўлиб, турли кўринишларда деярли ҳар тўртинчи оилада намоён бўлади. Бу иллатдан энг кўп жабр кўрувчи тоифалар — аёллар, болалар, қариялар ва ногиронлиги бўлган шахслардир.

 

 

Миллатимиз учун оила муқаддас саналади. Айниқса, аёл-қизларимиз оила тинчлиги, фарзандлар фаровонлиги йўлида бор куч ва меҳнатини аямайди. Шу билан бирга, айрим ҳолларда уларнинг ўз оиласида зўравонлик ва тазйиқларга дуч келаётгани жамият учун жиддий хавотир уйғотмоқда.

 

Тадқиқотларга кўра, оилавий зўравонликка учраган аёлларнинг 60–70 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилмайди. Бу ҳолат зўравонликнинг кўпинча яширин тус олишига ва унинг салбий оқибатларининг чуқурлашишига сабаб бўлади.

 

 

Оилавий (маиший) зўравонлик — инсонга нисбатан унинг яқин қариндоши ёки бир рўзғорда яшаётган шахс томонидан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий босим ўтказиш шаклидаги тажовузкор хатти-ҳаракатлардир.

 

Бу турдаги зўравонлик жисмоний — калтаклаш, тана жароҳати етказиш; руҳий — ҳақорат қилиш, таҳдид ва қўрқитиш; иқтисодий — молиявий манбаларни назорат қилиш ёки уларни чеклаш; жинсий — шахснинг иродасига қарши мажбурлаш кўринишида намоён бўлади.

 

Бундай ҳолатларда зўравон шахс қурбон устидан ҳукмронлик ўрнатишга, уни қўрқитиш ёки бўйсунишига эришишга интилади. Бу эса оилавий муҳитдаги ишонч ва ҳурматни йўқотиб, ижтимоий муносабатларнинг издан чиқишига сабаб бўлади.

 

 

Мамлакатимизда сўнгги йилларда оилавий зўравонликни олдини олиш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш ва жавобгарликни кучайтириш бўйича қатор ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 

Хусусан, 2023 йил 11 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сонли Қонунига мувофиқ, оилавий (маиший) зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилди.

 

Шунингдек, 2024 йил 21 октябрда қабул қилинган «Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддаси ва Жиноят кодексининг 126¹-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, болаларга нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланди.

 

Бу ўзгаришлар давлатимиз томонидан инсон ҳуқуқлари, айниқса, аёллар ва болаларнинг шаъни ҳамда қадр-қимматини ҳимоя қилишга қаратилганлигини кўрсатади.

 

 

Оилавий-маиший зўравонликка қарши кураш фақатгина жабрланувчининг ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу умумжамият ишидир. Зўравонликка учраган инсон кўпинча руҳий жиҳатдан езилган бўлади ва мустақил равишда тўғри қарор қабул қилишга қийналади. Шу боис, бундай ҳолатларда нафақат яқинлар, балки давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам унинг ёнида бўлиши шарт.

 

Зўравонлик — шахсга қарши жиноят, унинг эркинлик ва ҳуқуқларига тажовуздир. Шунинг учун ҳам жамиятда бу борадаги ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, мавжуд нотўғри қарашларни ўзгартириш зарур.

 

Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оилавий муносабатларда тенглик ва ҳурматни таъминлаш, зўравонликка олиб келадиган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш — барқарор оила ва соғлом жамият гаровидир.

 

Бунда давлат органлари, маҳалла фуқаролар йиғини, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг яқин ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.

 

Хулоса қилиб айтганда, оилавий (маиший) зўравонликка қарши кураш — фақат ҳуқуқий эмас, балки маънавий, тарбиявий вазифа ҳамдир. Ҳар биримиз бу йўлда масъуллик билан ёндашсак, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга катта ҳисса қўшган бўламиз.

 

 

 

Гулистан БИСЕНОВА,

Жиноят ишлари бўйича Нукус туман суди раиси