ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЙ ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИНИНГ КЕЛИШУВ БИТИМИ ВА МЕДИАТИВ КЕЛИШУВНИНГ ФАРҚЛИ ЖИҲАТЛАРИ
Келишув битими – ўзаро келишишга асосланган ва ва низони ҳал қилиш юзасидан тарафларнинг ёзма келишуви тушунилади.
Медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир.
Медиатив келишув – медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув ҳисобланади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида, низоларни ўзаро тинч (дипломатик) йўл билан ҳал қилиш орқали судларда иш ҳажмини мақбуллаштиришда келишув битими ва медиатив келишув институтлари муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида”ги 204-сон қарори 2-бандида берилган тушунтиришга кўра, келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилади.
“Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 4-моддасига кўра, медиация — келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усулидир. Медиатив келишув эса — медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув ҳисобланади.
Уларнинг умумий жиҳати шундаки, иккиси ҳам низоларни тинчлик ва муроса (дипломатик) йўл билан ҳал қилишга қаратилган низоларни муқобил ҳал қилиш усулидир.
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 131-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ, келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.
Фарқли жиҳатлари шундаки, келишув битими иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида (ҳаттоки, ишларни апелляция ва кассация инстанциясида кўриш босқичларида ҳам) ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин;
иккинчидан, келишув битими у суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади, медиатив келишувни эса тасдиқлаш талаб этилмайди;
учинчидан, суд томонидан келишув битимининг тасдиқланиши иш юритишни тугатишга асос бўлади, шу сабабли айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан судга такроран мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.
Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади, бундай ҳолатда даъвогар судга даъво аризаси билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли;
тўртинчидан, тарафлар ўртасида келишув битими бўйича шартлашилган мажбуриятларни бажармаслик ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради. Шу сабабли, келишув битимида мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари кўрсатилиши керак, шунингдек келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан (неустойка)дан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин. Келишув битимининг унда белгиланган тартиб ва муддатларда ижро этилмаслиги суд томонидан манфаатдор тарафнинг аризаси бўйича ижро варақаси бериш учун асос бўлади. Медиатив келишувда эса, гарчи тарафлар маълум мажбуриятларни бажариш ҳақида келишган бўлсалар-да, ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди. Шунга кўра, медиатив келишув шартлари бажарилмаган тақдирда, тарафлар такроран судга мурожаат этишга ҳақли;
бешинчидан, агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, умумий тартибда ҳал этади. Тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилиб, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган тақдирда эса, даъво аризаси тақдим этишда олдиндан тўланган давлат божи даъвогарга қайтарилади (“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 18-модда).
Тарафлар иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил 18 декабрдаги “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида”ги 204-сон қарори 17,18 ва 19-бандларида келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги суд ажримининг хулоса қисмида унинг барча шартлари баён этилиши лозим. Бунда тарафларнинг суд харажатларини тақсимлаш бўйича келишувнинг мавжуд эмаслиги келишув битимини тасдиқлашни рад этишга асос бўлмаслигини инобатга олиши керак. Бундай ҳолда, суд харажатларини тақсимлаш масаласини суд Иқтисодий процессуал кодекси 118-моддасининг қоидалари асосида ҳал қилади.
Келишув битимини тасдиқлаш ва иш юритишни тугатиш тўғрисидаги суд ҳужжати устидан Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган умумий тартибда шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
Агар келишув битимининг тарафи, келишув битими суд томонидан тасдиқлангандан сўнг келишув битими шартларини қайта кўриб чиқишга ва (ёки) келишув битимини ижро этишдан бош тортишга қаратилган даъво билан мурожаат қилса, суд Иқтисодий процессуал кодекси 173-моддасининг иккинчи қисмини қўллаб, бундай талабларни қаноатлантиришни рад этиши лозим.
Агар суд томонидан тасдиқланган келишув битимини тарафлар ўзаро бекор қилиб ёки уни шартларини ўзгартириб, судга янги таҳрирдаги келишув битимини тасдиқлаш учун тақдим этса, суд бундай аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ажрим чиқаради ва бундай ажрим устидан шикоят қилинмайди (протест келтирилмайди).
Мухтасар қилиб айтганда, келишув битими ва медиатив келишув институтлари тарафларга ўрталарида юзага келган низоли масалаларни ўзаро келишув, дипломатик йўл билан ҳал қилиш усуллари бўлиб, алал оқибат низоли вазиятнинг муросаи-мадора йўли билан барҳам топилишига хизмат қилади.
Байрамбек БЕКМУРАТОВ,
Чимбой туманлараро иқтисодий судининг раиси