СУДЛАРНИНГ ЧИНАКАМ МУСТАҚИЛЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ — ОДИЛ СУДЛОВ СИФАТИНИ ОШИРИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

 

Бугунги кунда жаҳонда глобал таҳдидлар трансформациялашаётган мураккаб шароитда ҳар бир давлат олдида, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, инсон учун муносиб ва фаровон ҳаёт кечириш шароитларини яратиш вазифаси турибди. Ушбу стратегик муҳим мақсадларга эришишда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишни ўзининг асосий вазифаси этиб белгилаган давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи — суд ҳокимияти алоҳида аҳамият касб этади.

 

Шубҳасиз, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифати кўп жиҳатдан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги билан бевосита боғлиқ. Шу боис халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга оид аниқ кафолатлар белгиланган. Жумладан, БМТ томонидан 1985 йилда қабул қилинган Суд ҳокимияти мустақиллигининг асосий принципларининг 1-бандига мувофиқ, суд ҳокимияти мустақиллиги давлат томонидан кафолатланади ҳамда мамлакат Конституцияси ёки қонунларида мустаҳкамланади. Барча давлат органлари ва бошқа институтлар суд ҳокимияти мустақиллигини ҳурмат қилиши ва ҳимоя қилиши шарт.

 

Шу маънода, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш Ўзбекистон Республикасида давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш ҳисобланади. Бу бўйича ҳам сўров, ҳам жавобгарлик қаттиқ бўлади».

 

Мамлакатимиз миллий ҳуқуқ тизимида суд ҳокимияти мустақиллиги алоҳида кафолатланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 136-моддасида судьялар мустақил эканлиги, фақат қонунга бўйсуниши, судьянинг одил судловни амалга ошириш фаолиятига ҳар қандай шаклда аралашишга йўл қўйилмаслиги ҳамда бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши қатъий белгилаб қўйилган.

 

Ушбу конституциявий қоидалар қонунларимизда янада батафсил ривожлантирилган. Жумладан, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 67-моддасига кўра, судьяларнинг мустақиллиги қуйидаги кафолатлар орқали таъминланади:

судьяларни қонунда белгиланган тартибда сайлаш, тайинлаш ва озод қилиш;

судьяларнинг дахлсизлиги;

одил судловни амалга оширишда қатъий процессуал таомилларга риоя этилиши;

қарор қабул қилишда судьялар маслаҳатининг сир сақланиши ҳамда уни ошкор этишни талаб қилишнинг тақиқланиши;

судга ҳурматсизлик қилиш ёки муайян ишларни ҳал этишга аралашганлик, судьялар дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланиши;

судьяларга давлат ҳисобидан уларнинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот яратилиши.

 

Мазкур қонун нормалари талаблари бузилган тақдирда, қонунчиликда тегишли жавобгарлик чоралари назарда тутилган. Хусусан, судга ҳурматсизлик қилганлик учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 180-моддасида, тергов ёки суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун эса Жиноят кодексининг 236-моддасида қатъий жавобгарлик белгиланган. Бу эса суд ҳокимияти мустақиллигига оид кафолатларни янада мустаҳкамлайди.

 

Хулоса қилиб айтганда, суд ҳокимиятининг мустақиллиги — одил судлов сифатини оширишнинг энг муҳим кафолатидир. Ушбу тамойил Конституция ва қонунларимизда алоҳида мустаҳкамлаб қўйилган. Суд ҳокимияти мустақиллигига қарши қаратилган ҳар қандай ҳаракат ижтимоий хавфли қилмиш сифатида баҳоланиб, қонун билан жавобгарликка сабаб бўлади.

 

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифадир. Айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахс қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт».

 

Азат ИМАТОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси