Ҳозирги кунда бутун дунёда рўй бераётган глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқий эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш жуда ҳам долзарб масалага айланиб бормоқда. Жамиятда хотин-қизларнинг иқтисодий-сиёсий ҳамда ижтимоий-ҳуқуқий фаолиятини юксалтириш жараёнлари кечиктириб бўлмас давр талаби ҳисобланмоқда.
Сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича ишлар бир неча йўналишларда олиб борилмоқда.
Шу маънода Беруний туманлараро иқтисодий судининг судьялари Қ.Хожамуратов ва Б.Бекмуратовлар томонидан ҳам мазкур соҳадаги қонунчилик чораларига тўхталиниб, қуйидагилар таъкидланди.
Хусусан, Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида 2019 йил сентябрь ойида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди.
“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга биноан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи хотин-қизларнинг ҳуқуқлари белгилаб берилди, айниқса ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланиб қўйилди.
Шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти, ички ишлар, меҳнат, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини давлат томонидан бошқариш органлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ваколатлари алоҳида ажратиб берилди.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш механизми ҳамда чора-тадбирлари, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тўғрисида ахборот олишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида туну кун ишлайдиган, бепул телефон линияси тармоғи (ишонч телефони) ишлаб туришини таъминлаш вазифаси юклатилган. Телефон линияси тармоғи махфийликка риоя этган ҳолда фаолият кўрсатади. Ишонч телефони орқали олинган ахборотни ошкор этишга йўл қўйилмайди, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно.
Тазйиқ ва зўравонликдан жарбланувчилар учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг 1146 рақамли ҳамда Оғир аҳволга тушиб қолган аёллар учун Республика реабилитация ва мослаштириш марказининг 1169 рақамли ишонч телефонлари йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, Қонунда ҳимоя ордерини бериш ва унинг муддатини узайтириш тартиби ҳам белгиланган бўлиб, ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига берилади. Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси берилади.
Гендер тенглик бўйича институционал чораларга келсак, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинган. Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази, Ҳукумат ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази каби янги тузилмалар ташкил топди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқилаётган чора-тадбирлар мамлакатнинг барча ҳудудлари ва хотин-қизларнинг барча тоифаларини қамраб олиши керак. Бу ерда айниқса чекка ҳудудлардаги, қишлоқлардаги хотин-қизларга, этник озчилик гуруҳлари, ногиронлар ва нотинч оилалардаги хотин-қизларга асосий эътибор қаратилиши даркор.
Байрамбай Бекмуратов,
Беруний туманлараро иқтисодий судининг судьяси