СУД ФАОЛИЯТИДА ОДОБ-АХЛОҚ: ОДИЛ СУДЛОВНИНГ АСОСИЙ ТАМОЙИЛИ

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, мамлакатимизда одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади ва суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимиятдан тўла мустақил ҳисобланади. Суднинг мустақиллиги – фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари адолатли ҳимоя қилинишига асосий кафолатдир.

Сўнгги йилларда суд ишлари сони ортиб, одил судловга қўйиладиган талаблар янада ошди. Янги шароитлар, янгича ёндашув ва фуқароларнинг адолатга бўлган талаби суд-ҳуқуқ тизимидан юқори масъулиятни талаб этмоқда.

Шу боис суд фаолиятида тартиб-интизом, шахсий жавобгарлик ва холислик – ҳар бир судья ҳамда суд ходимининг кундалик иш меъёрига айланиши зарур. Чунки суд остонасига келган ҳар бир инсон бу ерда адолат ҳукм сураётганига ишонч ҳосил қилиши керак.

Жамиятда қабул қилинган одоб-ахлоқ меъёрлари суд тизимида алоҳида аҳамият касб этади:

Одоб – шахснинг хушмуомалалиги ва миллий қадриятларга таянган хулқи.

Хулқ – инсоннинг жамоа ва муҳитдаги маънавий қиёфаси.

Ахлоқ – жамият учун ибрат бўладган хайрли амаллар мажмуаси.

Интизом – ҳуқуқий ва ахлоқий талабларга риоя этиш, ташкилот қоидаларига мос юриш.

Судья ана шу меъёрларнинг барчасига амал қилиши, қонунга ва жамоатчилик ишончига хилоф келмайдиган хатти-ҳаракатни намоён этиши шарт.

Судьянинг хизматда ҳам, хизматдан ташқари вақтда ҳам қандай ўзини тутиши лозимлиги Судьялар одоб кодексида белгилаб қўйилган. Бу меъёрлар судьянинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекламайди, аксинча унинг обрўси, холислиги ва мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Кодексда кўрсатилмаган ҳолларда эса судья жамиятдаги умумий ахлоқ меъёрларига ва халқаро стандартларга амал қилиши талаб этилади.

Судья ўз касбий нуқтаи назарини қонунчилик, ҳуқуқ ва суд амалиётига оид вазиятларда билдириши мумкин. Бироқ бунда унинг устидан таъсир ўтказилишига, мустақиллигига шубҳа туғилишига йўл қўйилмаслиги зарур.

 

Шунингдек, судья давлат органлари фаолиятини оммавий танқид қилишдан тийилиши, турли комиссия ва гуруҳлар ишида қатнашиши унинг холислигига путур етказмаслиги керак.

Суд тизимининг обрўси, адолатли қарорлар қабул қилиниши, фуқароларнинг судга бўлган ишончи – бевосита тартиб-интизом ва одоб-ахлоққа боғлиқ. Шу боис бу қоидаларга нафақат судьялар, балки суд ходимлари ҳам қатъий амал қилишлари керак. Чунки улар келажакнинг судьялари, келажак адолат посбонларидир.

Суд-ҳуқуқ тизимидаги тартиб, принцип ва этика талаблари амалга оширилса, судлар ўз вазифасини тўла қондира олади. Бундай ёндашув фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши, мамлакатда қонунийлик ва адолат устувор бўлишининг асосий кафолатидир.

 

 

Зульфия БЕРДИМУРАТОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ: ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ МУҲИМ ШАРТИ

 

Коррупция — бу давлат ва жамият тизимининг ҳар қандай соҳасига кириб бориши мумкин бўлган иллат бўлиб, иқтисодий ривожланишни секинлаштиради, фуқаролар ишончини пасайтиради ва қонун устуворлигига тажовуз қилади. Шунинг учун ҳам дунё мамлакатлари қаторида Ўзбекистонда ҳам коррупцияга қарши кураш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Коррупциянинг моҳияти ва салбий оқибатлари :

Коррупция — мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаат йўлида ноқонуний фойдаланишдир. Унинг турлари пора олиш, пора бериш, дахлдорлик, манфаатлар тўқнашуви, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш каби кўринишларда намоён бўлади.

Коррупциянинг асосий оқибатлари:

  • Иқтисодий зарар. Инвестициялар камаяди, бюджет маблағлари самарасиз сарфланади.
  • Ижтимоий адолатга путур етиши. Фуқароларда давлат идораларига ишонч пасаяди.
  • Табиий тараққиётнинг секинлашиши. Инновация ва рақобатнинг заифлашиши иқтисодий ўсишни чеклайди.
  • Қонун устуворлигининг бузилиши. Жиноятчилик ва тартибсизликка замин яратади.

Коррупцияга қарши курашиш – Ўзбекистоннинг давлат сиёсатидаги энг устувор йўналишлардан бири бўлиб, 2017-2025 йилларда мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, бу сиёсат давлат бошқарувини шаффоф қилиш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иқтисодий ривожланишни таъминлашга қаратилган.

Сўнгги йилларда мамлакатда коррупцияга қарши курашиш бўйича туб ислоҳотлар орасида:

  1. Қонунчиликни такомиллаштириш;

2017 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, ушбу соҳада институционал асос яратилди.

  1. Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш;
  • Давлат харидлари электрон тарзга ўтказилди.
  • Лицензия ва рухсатномалар электрон шаклга кўчирилди.
  • Давлат идоралари фаолияти бўйича очиқ маълумотлар порталлари ишга туширилди.
  1. Махсус институтлар фаолияти;

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиб, мониторинг, таҳлил ва профилактика ишлари кучайтирилди.

  1. Жамоатчилик назорати;

Фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари коррупцияга қарши курашда муҳим ўрин тутади. Жамоатчилик фикрини ўрганиш, очиқ муҳокамалар ва журналистик суриштирувлар билан шаффофлик оширилмоқда.

Коррупцияга қарши курашнинг самарали усуллари:

  1. Таълим ва маърифат;

Ёшларда ҳуқуқий маданият, ҳалоллик, ватанпарварлик ва масъулиятни шакллантириш энг муҳим омиллардан.

  1. Рақамлаштириш;

Бюрократик жараёнларни қисқартириш коррупция хавфини камайтиради. Электрон ҳукумат тизими бора бора манфаатдор шахслар таъсирини йўқотмоқда.

  1. Жазони мустаҳкамлаш ва мукофот тизими;

Қонун бузганларни жазолаш билан бирга, ҳалол ишлаган ходимларни рағбатлантириш ҳам муҳим.

  1. Жамоатчилик иштирокини кенгайтириш;

Фуқароларнинг хабар бериш тизимлари, коррупция ҳолатлари бўйича ижтимоий мониторинглар муҳим роль ўйнайди.

Коррупцияга қарши кураш — бу бир кунлик жараён эмас, балки жамиятнинг барча қатламлари иштирокини талаб этувчи узоқ муддатли стратегиядир. Давлат идоралари, фуқаролик жамияти, тадбиркорлар ва ҳар бир фуқаро ҳалоллик тамойилларига амал қилиб, коррупцияни камайтиришга ҳисса қўшиши мумкин. Фақат шу тарзда жамиятда адолат, ҳуқуқ устуворлиги ва иқтисодий тараққиётни таъминлаш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, республикамизда коррупцияга қарши кураш сиёсати ислоҳотларнинг марказида бўлиб, бу саъй-ҳаракатлар давлат ва жамият хаётида адолатни мустаҳкамлаш, иқтисодий ривожланишни тазлаштиришга қаратилган.

 

Зульфия  Бабаджанова,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси                                                      

 

ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИГИ: ЖАЗОДАН ТУЗАТИШГА ЎТИШ

Суд амалиётида вояга етмаганлар иштирокидаги жиноят ишлари алоҳида эътибор ва масъулиятни талаб қилади. Чунки бундай ишлар бўйича қабул қилинаётган ҳар бир қарор нафақат содир этилган қилмишга ҳуқуқий баҳо бериш, балки ўсмирнинг келгуси ҳаёти, унинг жамиятга қайта мослашуви ва тақдири билан бевосита боғлиқдир. Шу боис, жиноят қонунчилигини вояга етмаганлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш долзарб вазифа ҳисобланади.

2025 йил 24 октябрдан кучга кирган «Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун айнан шу мақсадга хизмат қилади. Ушбу қонун билан вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни қўллашда инсонпарварлик ва адолат тамойиллари янада мустаҳкамланди.

Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этилган жиноятлар кўп ҳолларда ўсмирнинг онгли равишда жиноий йўлни танлагани эмас, балки ижтимоий муҳит, тарбия ва назорат етишмаслиги билан боғлиқ бўлади. Шу сабабли, жазони ўтаб бўлган шахсни бутун умр судланганлик ҳолатида қолдириш унинг тўғри йўлга қайтишига тўсиқ бўлиб келаётган эди.

Мазкур қонун билан Жиноят кодексига киритилган муҳим янгиликлардан бири — ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланишидир. Жиноят кодексининг 77-моддаси 6-қисм билан тўлдирилиб, мазкур қоида аниқ белгилаб қўйилди. Бунда фақат ўта оғир жиноятлар ҳамда жазони ўтаб бўлгандан кейин ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар қасддан янги жиноят содир этилган ҳолатлар истисно этилди.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 84-1-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, озодликни чеклаш вояга етмаган маҳкумларга нисбатан бир ойдан икки йилгача муддатга тайинланади. Илгари мазкур жазо тури олти ойдан бошланган бўлса, эндиликда энг кам муддатнинг бир ой этиб белгиланиши судларга жазо тайинлашда янада индивидуал ва тарбиявий ёндашиш имкониятини беради.

Жиноят кодексининг 85-моддасида эса вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси бир ойдан ўн йилгача муддатга тайинланиши назарда тутилди. Бу ҳам аввалги тартибга нисбатан сезиларли либераллашув бўлиб, судлар томонидан жазони белгилашда ўсмирнинг шахси, қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва уни тузатиш имкониятлари инобатга олинишига хизмат қилади.

Умуман олганда, қонунчиликка киритилган ушбу янги нормалар вояга етмаганларни жазолашга эмас, балки уларни тузатиш, қайта ижтимоийлаштириш ва жиноят содир этишдан қайтаришга қаратилган. Суд амалиётида мазкур қоидаларнинг қўлланилиши ўсмирларга иккинчи имконият бериш, уларнинг келажагини асраб қолиш ҳамда жамиятда адолат ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Луиза ОТЕГЕНОВА,

Жиноят ишлари бўйича Тахиятош тумани суди раиси

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ: МИЛЛИЙ ҚОНУНЧИЛИК АСОСЛАРИ ВА СУДЛАРНИНГ ЎРНИ

Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш мамлакатимизда ҳуқуқий давлат ва адолатли жамият барпо этишнинг устувор йўналишларидан биридир. Коррупция нафақат давлат бошқарувига, балки фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, иқтисодий ривожланишга ҳам жиддий таҳдид солади. Шу bois Ўзбекистонда коррупцияга qarshi курашиш доимий ва тизимли ҳуқуқий асосда амалга ошириб келинмоқда.

 

Коррупцияга қарши сиёсатнинг ҳуқуқий пойдевори қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат:

  • “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, унда коррупциянинг олдини олиш, жазолаш ва институционал механизмлар белгилаб берилган;

  • 2022–2026 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий дастури, давлат органлари, фуқаролик жамияти ва ОАВнинг ўзаро ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратади;

  • Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида қабул қилинган фармон ва қарорлар, улар суд тизимининг очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлигини кучайтиришга қаратилган.

Ушбу ҳужжатлар коррупцияга қарши сиёсатни ягона давлат ёндашуви асосида самарали ташкил этишга хизмат қилмоқда.

 

Суд органлари коррупцияга қарши курашда қонун устуворлигини таъминлаш орқали муҳим ўрин тутади. Судлар:

  • коррупция билан боғлиқ ишлар бўйича одил, холис ва қонуний қарорлар қабул қилади;

  • фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга хизмат қилади;

  • жамоатчилик орасида ҳуқуқий маданият ва қонунга итоаткорликни ошириш ишларида фаол иштирок этади.

Шунингдек, судларда очиқ муҳокама, электрон ахборот тизимлари ва очиқ маълумотлар портали орқали шаффофликни таъминлаш коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эгадир.

Коррупцияга қарши курашиш – давлат ва жамиятнинг биргаликдаги вазифаси. Миллий қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, суд тизимининг очиқлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш коррупцияни бартараф этишда асосий омиллардан ҳисобланади.

Саодат КАЙПНАЗАРОВА,

 Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси 

ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИГИ ЯНАДА ЛИБЕРАЛЛАШТИРИЛДИ

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Шу жараённинг мантиқий давоми сифатида «Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Мазкур Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 4 июлда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2025 йил 1 августда маъқулланди ҳамда 2025 йил 23 октябрда расмий эълон қилинди.

Қонунга мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланади. Бу меъёр фақат ўта оғир жиноятлар ёки жазони ўтаб бўлгандан кейин қайтадан қасддан жиноят содир этилган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклаш ҳамда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддати олти ойдан бир ойгача қисқартирилди. Бу ўзгартишлар жазо тайинлашда инсонпарварлик тамойилларини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Қонуннинг асосий мақсади — вояга етмаганларни жамиятдан узиб қўймасдан, уларга ўз ҳаётини “судланганлик тамғаси”сиз давом эттириш имконини яратиш, қайта ижтимоийлашувга кўмаклашишдан иборат.

Мазкур Қонун вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим босқичи бўлиб, жиноят қонунчилигини янада либерал ва адолатли қилишга хизмат қилади.

Жасур УРАЗБАЕВ,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси 

Skip to content