АРБИТРАЖ МУҲОКАМАСИ БИЛАН БОҒЛИҚ ИШЛАРНИ ЮРИТИШ

2022-йилнинг 16-майида “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун қабул қилинганлиги муносабати билан Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Кодексга арбитр тушунчаси киритилиб, арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар, жумладан, арбитрни тайинлаш, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар муҳокамаси кўрилиши белгиланган.

Шунингдек, арбитрлар, арбитраж таркиби томонидан тайинланган экспертлар, арбитраж муассасасининг ходимлари, ҳакамлик судьялари – арбитраж ёки ҳакамлик муҳокамаси давомида ўзларига маълум бўлиб қолган ҳолатлар тўғрисида гувоҳ сифатида чақирилиши ва сўроқ қилиниши мумкин эмаслиги белгиланган.

Қонун билан арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни юритиш тартиби белгиланган.

Арбитраж судлари ўз фаолиятида ҳеч кимга бўйсунмайди ва мустақилдир. Арбитраж судларининг фаолиятига бирор-бир аралашувга, худди шунингдек унга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатишга йўл қўйилмайди ҳамда бу Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Арбитрлар, арбитраж таркиби томонидан тайинланган экспертлар, арбитраж муассасаси ва унинг ходимлари арбитраж муҳокамасига тааллуқли ҳар қандай ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик учун, агар бундай ҳаракат ёхуд ҳаракатсизлик қасддан содир этилганлиги исботланмаса, тарафлар ёки бошқа шахслар олдида жавобгар бўлмайди.

 

Рустам ҚУРБАНБАЕВ,
Беруний туманлараро иқтисодий суди раиси

ҲАДЯ ШАРТНОМАСИ ТУШУНЧАСИ, УНИ БЕКОР ҚИЛИШ ВА ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШ ТАРТИБИ  

 

Бугунги кунда судлардаги статистик маълумотлардан  фуқаролар ўртасида ҳадя шартномасини бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар ҳам бор эканлиги кўринади.

 

Авваломбор ҳадя шартномаси – бу қандай шартнома деган савол туғилиши бежиз эмас, албатта.

 

Ушбу шартномага Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 502-моддасида қўйидагича тушунтириш берилган бўлиб, унга кўра,  ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ё бериш мажбуриятини олади, ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.

 

Агар ашё ёки ҳуқуқ муқобил берилганида ё бўлмаса, муқобил мажбурият мавжуд бўлганида шартнома ҳадя деб тан олинмайди. Бундай ҳолда бу  шартномага нисбатан ушбу Кодекс 124-моддасининг иккинчи қисми қоидалари, яъни  қалбаки ва кўзбўямачилик учун тузилган битимнинг ҳақиқий эмаслиги ҳақидаги норма қўлланилади. Демак, юридик оқибатлар туғдириш нияти бўлмаган ҳолда, номигагина тузилган битим (қалбаки битим) ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Агар битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса (кўзбўямачилик битими), тарафлар ҳақиқатда назарда тутган битимга доир қоидалар қўлланилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 113-моддасига кўра,  ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир.

 

Битим ҳақиқий бўлмаганида тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши, олинган нарсани аслича (шу жумладан олинган нарса мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат билан ифодаланганда) қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, агар битим ҳақиқий эмаслигининг бошқа оқибатлари қонунда назарда тутилган бўлмаса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт.

 

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.

 

Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.

 

Манфаатдор шахснинг талабига биноан суд якка тадбиркор ёки юридик шахснинг банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қоидаларини бузиб, банкрот деб эълон қилинишидан олдинги бир йил ичида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ маблағлар ҳисобидан қилган ҳадясини бекор қилиши мумкин.

 

Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.

 

Ҳадя бекор қилинган тақдирда ҳадя олувчи ҳадя қилинган ашёни, агар у ҳадя бекор қилинган пайтда асл ҳолатда сақланиб қолган бўлса, қайтариши лозим.

 

Демак шартномани бекор қилиш билан ҳақиқий эмас деб топишнинг фарқи қуйидагилардан иборат:

 

– шартномани ҳақиқий эмаслигига асос унинг ноқонунийлигидир.  Бекор қилишга эса – унинг қонунийлиги низолашилмасдан  шартномани бекор қилишга сабаб бўладиган ҳолатларнинг юзага келиши сабаб бўлади.

 

– шартномани бекор қилиш у амалда бўлган вақтдаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсир этмасдан, фақатгина келгусидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга тааллуқлидир.

 

Қайд қилиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан битимлар билан боғлиқ низоларни судда кўриш амалиёти тез-тез умумлаштирилиб борилади ва  судларда битимларга оид муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини тўғри татбиқ қилиш, шу билан бирга суд амалиётида низоли ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланиши лозим бўлган моддий қонун нормаларини аниқлаш ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни ҳар томонлама текшириш бўйича йўл-йўриқлар берилиб келинади.

 

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан 2006 йил 22 декабрда “Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида”ги 17-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, Қарорда айнан юқорида қайд қилинганидек ҳадя шартномаси бўйича низоларни кўриб чиқишда қандай моддий ҳуқуқ нормалари қўлланилиши ва низони ҳал этиш бўйича тавсиялар берилган.

 

 

 

Зульфия БАБАДЖАНОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси          

 

СУДЛАР ТОМОНИДАН АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР ТАҲЛИЛИ

 

Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2024 йил 9 ойи давомида мамлакатимизда қонун устуворлиги, фуқароларнинг тинчлигини таъминлаш, одил судловнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида қабул қилинган қонунларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича олиб борилган ишлар юзасидан брифинг ўтказилди.

– Ушбу давр мобайнида 2 минг 223 нафар шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган бўлиб, ўтган йилнинг ҳисобот даврига нисбатан 18,8 фоизга кўпайган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Абилай Адилов. – Кўриб тамомланган жиноят ишлари бўйича 1 минг 581 нафар шахсга жазо тайинлаш билан айблов ҳукми, 11 нафар шахсга оқлов ҳукми, 109 нафар шахсга жазо тайинланмасдан, айблов ҳукми чиқарилди. 49 нафар шахсга шартли жазо тайинланиб, уларга нисбатан синов муддати белгиланди.

Ҳукм чиқарилган ишлар бўйича 450 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш, 514 нафар шахсга озодликни чеклаш, 484 нафар шахсга ахлоқ тузатиш ишлари, 14 нафар шахсга мажбурий жамоат ишлари, 119 нафар шахсга жарима жазоси тайинланди. Таҳлилларга кўра, оилавий зўравонлик, номусга тегиш, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш жиноятлари сони кўпайган.

Шунингдек, судлар томонидан коррупцияга оид жами 327 нафар шахсга нисбатан 164 жиноят иши кўрилган. Бу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,4 фоизга кўпайган. Коррупция билан боғлиқ жиноятлар тадбиркорлик, давлат улуши бор корхоналар, мактабгача таълим, банк, олий ва ўрта махсус таълим, ҳокимликлар, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида ортган.

Ўтган йилнинг шу даврига таққослаганда, хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятлар 8,2, ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 16,5, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 36,9 фоизга кўпайган. Хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятларнинг аксарияти фирибгарлик, растрата ёки талон-тарож қилиш, ўғрилик, ёшлар томонидан содир этилган жиноятларнинг аксарияти ўғрилик, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш, фирибгарлик, вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг аксарияти ўғрилик, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятларини ташкил этади.

Бундан ташқари, жиноят ишлари бўйича шаҳар ва туман судлари томонидан 9 ой мобайнида жами 25 минг 203 нафар шахсга нисбатан 23 минг 304 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб тамомланди.

Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида корхона, муассаса, ташкилотларда, таълим муассасаларида ва аҳоли ўртасида учрашувлар ва давра суҳбатлари, оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда чиқишлар ташкил этилди.

Келгусида ҳам одил судловни амалга ошириш, судни ҳақиқий маънода адолат қўрғонига айлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар жадал давом эттирилади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири

ОЛИЙ СУД ВАКИЛЛАРИ ТАЛАБАЛАР ҲУЗУРИДА

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари И.Муслимов ва Кадрлар бошқармаси бошлиғи М.Муҳитдинов Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг талабалари билан учрашди.

Мулоқот Олий суд ва Қорақалпоқ давлат университети ўртасида имзоланган юридик кадрларни тайёрлаш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар тарғиботига алоҳида эътибор қаратилган учрашувда нафақат истиқболли режалар, балки Олий суд ва Қорақалпоқ давлат университети ўртасидаги амалий ҳамкорлик натижасида эришилган ютуқлар ҳам алоҳида эътироф этилди.

Таъкидланганидек, суд аппарати ходимларининг жамиятда ижтимоий мавқейини, обрў-эътиборини ошириш ҳамда судларда энг муносиб ва юқори малакали кадрлар корпусини шакллантириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш йўлидаги энг асосий вазифалардан бири. Ушбу мақсадларга эришиш учун кадрлар билан ишлаш ҳамда уларнинг билими, малакаси ва иш сифатини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Албатта, судларда ишчанлик муҳитини яратиш билан бир қаторда ходимларнинг дунёқараши, маънавияти, касбий одоб-ахлоқи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Олий суд ҳузурида ташкил этилган “Бўлажак суд ходимлари” клубига университет талабаларини фаол жалб қилиш учун тегишли ҳуқуқий замин яратилган.

Октябрь ойи ҳолатига кўра университетнинг 74 нафар талабаси клубга аъзо бўлиш мақсадида ариза берган. Уларнинг 49 нафари жиноят йўналишига, 20 нафари фуқаролик йўналишига ҳамда 5 нафари иқтисодий йўналишга қизиқиш билдирган. Ушбу талабалар белгиланган тартибда судларга бириктирилади ҳамда амалиёт ўташ учун барча шарт-шароит яратилиб берилади.

Ўтган йил натижаларига кўра минг нафардан ортиқ талаба судларда иш ўрганиб, амалий кўникмаларини ривожлантирди. Бундай имкониятга эга бўлган талабалар орасида 610 нафари айнан Қорақалпоқ давлат университети ёшлари эканлиги, албатта, қувонарлидир. Улар ҳозирданоқ судда ишлаш истагида бўлиб, келажакда ўзини шу соҳанинг етук мутахассиси сифатида кўраётгани ҳам бу йўналишда олиб бораётган изчил саъй-ҳаракатларнинг амалий самарасидир.

Тадбирда иштирок этган талабалар суд тизимидаги бўш иш ўринлари, ходимлар учун яратилган шароитлар, ижтимоий кафолатлар, ишга қабул қилиш тартиби ҳамда номзодларга қўйиладиган талаблар ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлди.

СУД ИШЛАРИДА ПРОКУРОРНИНГ ИШТИРОКИНИ ТАЪМИНЛАШ ЮЗАСИДАН ЯНГИ ҚОНУН ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини, судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, бу фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.

Шу билан бирга суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви принципини, давлат манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш судлар томонидан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўришда прокурорнинг иштирокига, шунингдек ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишга тааллуқли процессуал нормалар янада аниқлаштирилишини тақозо этмоқда.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва давлат бюджетидан ундирувлар билан боғлиқ ишларда иштирок этиш ҳуқуқини, шунингдек давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига прокурорнинг ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ушбу Қонун прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга, шунингдек судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

 

Жалгас АМАНИЯЗОВ,
Беруний туманлараро иқтисодий суди судьяси

ОЧИҚ СУД МАЖЛИСИ ЎТКАЗИЛДИ

Олтинчи минтақавий ҳудуд 2-сон Тергов ҳибсхонасида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексининг 53-моддаси билан хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун қолдирилган маҳкумларнинг ўталмай қолган жазо муддатини Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 113-моддасига асосан манзил колонияга ўтказиш бўйича Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судида очиқ суд мажлиси ўтказилди.

 

Унда судья М.Байниязов томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш бўлими 2-сон тергов ҳибсхонаси бошлиғининг илтимосномаси кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди ва 2 нафар шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган қисмини манзил колонияда ўташи бўйича суд ажрими чиқарилди.

ҲУКМ УСТИДАН АПЕЛЛЯЦИЯ ШИКОЯТИНИ БЕРИШ МУДДАТИ ҚИСҚАРТИРИЛДИ

 

Президент томонидан 2023 йил 27 сентябрь куни имзоланган “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонуни билан Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, Кодекс қуйидаги боблар билан тўлдирилди:

-Ҳукмларнинг, ажримларнинг, қарорларнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг умумий шартлари (55-боб);

-Суднинг ҳукми, ажрими устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш (56-2-боб).

Шунга мувофиқ: суд ҳукмлари, ажримлари, қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги апелляция, кассация ва тафтиш тартибида текширилиши мумкин.

Жиноят ишини апелляция, кассация, тафтиш тартибида кўришда прокурор иштирок этади.

Суд жиноят ишини апелляция, кассация, тафтиш тартибида кўришда шикоят ёки протест важлари билан чегараланмайди ва ишни барча маҳкумларга, шу жумладан тегишли шикоятни бермаган шахсларга ёки ўзига нисбатан шикоят (протест) берилмаган маҳкумларга нисбатан ҳам тўла ҳажмда текширади.

Маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, жабрланувчи, унинг вакили биринчи инстанция судининг апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари, шунингдек апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанцияси судларининг ҳукмлари, ажримлари устидан тафтиш тартибида шикоят беришга ҳақлидир.

Агар шикоятда ёки протестда оғирроқ жиноят тўғрисидаги қонунни қўллаш зарурлиги ҳақидаги, жазони кучайтириш тўғрисидаги ёки маҳкумнинг аҳволи ёмонлашишига олиб келадиган бошқа ўзгаришлар ҳақидаги масала қўйилган бўлса, суднинг айблов ҳукмини ёхуд ажримини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишга, шунингдек суднинг оқлов ҳукмини ёки ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқишга фақат у қонуний кучга кирганидан кейин 1 йил ичида йўл қўйилади.

Ҳукм чиқарган суд жиноят иши тафтиш инстанцияси судига юборилганлиги тўғрисида тегишли шахсларни 3 сутка ичида хабардор қилади.

Қонун билан шунингдек, ҳукм устидан апелляция шикоятларини (протестларини) бериш муддатлари 20 суткадан 10 суткага қисқартирилди.

Шунингдек, суд ҳукми, ажримини ва қарорини ижро этиш чоғида юзага келган масалаларни ҳал қилиш тўғрисидаги ажрим устидан хусусий шикоят бериш ва хусусий протест билдириш тартиби белгиланди.

 

Гулназ УТЕПБЕРГЕНОВА,
Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг судьяси

ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИНГ МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИ          

Бизнинг халқимиз болажон халқ, юртимизда мустақиллик йилларида кўплаб соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бевосита, қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Xусусан, вояга етмаганларнинг ҳуқуқларига доир муносабатлар бунинг яққол намунасидир.

 

Собиқ иттифоқ давлатининг юритган сиёсатига назар ташлайдиган бўлсак, ўша даврда вояга етмаганларнинг ҳуқуқларига хеч ким эътибор қаратмаган. Уларнинг ҳуқуқлари инобатга олинмаган.

 

Бугунги кунда эса унинг аксини кўрамиз. Вояга етмаганлар учун уларнинг ота-оналари, васий ёки ҳомийлари ғамхўрлик қиладилар.

 

Бевосита, Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 44-моддасида. суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади.

 

Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади.

 

Констттуциямизнинг 50-моддасида, ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга.

 

Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди.

 

Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади.

 

Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир.

 

Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир.

 

Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади деб белгиланган.

 

Вояга етмаганлар – амалдаги қонунчилигимизга кўра, 18 ёшга тўлмаган фуқаролардир.

 

Юртбошимиз таъбири билан айтганда, вояга етмаганларни тарбиялаш вазифаси – давлат бурчи, фуқароларнинг эса конституциявий мажбурияти ҳисобланади.

 

Конституциямизда вояга етмаганларнинг билим олиш, меҳнат қилиш, дам олиш, мулкдор бўлиш каби ҳуқуқлари таъминланган.

 

Бевосита, Фуқаролик кодексимизда 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг муомала лаёқати белгиланган.

 

Xусусан, улар ота-оналари, фарзандликка олувчилари ва ҳомийлиги розилигисиз мустақил равишда, ўз иш ҳақи ва бошка даромадларни тасарруф этиш, қонунга мувофиқ кредит муассасаларига омонатлар қўйиш ва уларни тасарруф этиш, майда маиший битимларни тузишлари мумкин.

 

Вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликни олдини олишга доир катта тадбирлар амалга оширилмоқда.

 

Вояга етмаганларнинг жиноий ишларини юритишда маxсус қонун меъёрлари орқали кўшимча ҳуқуқлар кафолатланган.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳузурида вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар тузилган.

 

Давлатимиз томонидан вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Xусусан:

 

– “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун;

 

– “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ги Қонун;

 

– “Таълим тўғрисида”ги Қонун;

 

– “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонун шулар жумласидан.

 

Маълумки  инсон  дунёга  келиши  биланоқ  у  билан  бирга  табиий  эҳтиёжлари  ҳам  юзага келади.  Ўсиш  даврида  эса  эҳтиёжлар  янада  кенгайиб,  шаклланиб  боради  ва  қайсидир босқичда шахс мустақил равишда ўз эҳтиёжларини ўзи қондира бошлайди. Мазкур жараён шахснинг ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари билан бевосита боғлиқ бўлиб, шахслар ушбу ҳуқуқлардан улғайишнинг ҳар бир босқичида мунтазам фойдаланади. Инсонлар қандай ҳуқуқларга ва эркинликларга эга эканлиги халқаро даражада аниқ қилиб белгиланган  бўлиб,  Бирлашган  Миллатлар  Ташкилотининг “Инсон  ҳуқуқлари  умумжаҳон декларацияси”да ўз ифодасини топган.

 

Декларациянинг  23-моддасига  кўра,  инсонлар меҳнатга  оид  қуйидаги  ҳуқуқларга  эга эканлиги келтириб ўтилган:

 

1.Ҳар бир инсон меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, адолатли ва қулай иш шароитига эга бўлиш ва ишсизликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга;

 

2.Ҳарбир инсон ҳеч бир камситишсиз тенг меҳнат учун тенг ҳақ олиш ҳуқуқига эга;

 

3.Ҳар бир ишловчи киши ўзи ва оиласи учун инсонга муносиб яшашни таъминлайдиган адолатли ва қониқарли даромад олишга, зарур бўлганда ижтимоий таъминотнинг бошқа воситалари билан тўлдирилувчи даромад олиш ҳуқуқига эга.

 

4.Ҳар бир инсон касаба уюшмалари тузиш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун касаба уюшмаларига кириш ҳуқуқига эга, ушбу ҳуқуққа бошқалар каби вояга етмаганлар ҳам эга бўлиб, улар ҳам ўз навбатида маълум шароитда ва маълум вақтларда меҳнат қилиши мумкин.

 

Шахс меҳнати орқали ижтимоийлашади, жамиятда ўз ўрнига эга бўлади, жамият аъзолари билан муносабатга киришади ва меҳнат бозори иштирокчисига айланади. Бу эса давлатдан меҳнатга лаёқатли шахсларни иш билан таъминлаш, меҳнат қилган ҳар бир шахсни фаровон ҳаёт кечириши, эркин касбтанлаши, муносиб шароитларда ишлаши ва камситилишларга йўл қўйилмаслигини олдини олиш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилашни тақозо этади. Чунки,  меҳнат  орқали  шахс  фаровон  ҳаётга  эришса  давлатда  иқтисодий  юксалиш  бўлади, тараққиётнинг ривожланиши янада тезлашади.

 

Халқаро  меҳнат  ташкилотига  кўра, “Меҳнатга  лаёқатли  аҳоли  сонининг  ўзгариши  меҳнат бозори ва иқтисодиётга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

 

Меҳнатга лаёқатли аҳолининг ўсиб бораётгани иқтисодий ўсиш имкониятларини беради, шу билан бирга иш ўринларини яратиш  ва  меҳнат  бозорига  янги  иштирокчиларни интеграциялашуви  учун  қийинчиликлар туғдиради. Аксинча,  меҳнатга  лаёқатли  аҳолининг  қисқариши  иқтисодий  ўсиш,  рақобатбардошлик, аҳолининг қарамлиги ва бошқалар учун муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

 

Меҳнатга лаёқатли аҳоли деганда маълум ёшдаги меҳнат қилиши мумкин бўлган шахслар тушунилади.

 

Меҳнат  қилиш  мумкин  бўлган  шахсларнинг  ёши  бўйича  Халқаро  меҳнат  ташкилоти томонидан  1973 йилда “Энг  кичик  ёш  тўғрисида”ги  Конвенция  қабул  қилинган  бўлиб, мазкур  конвенцияни  ратификация  қилган  176  та  давлатларнинг  32  фоизида  14  ёшдан,  43 фоизида 15 ёшдан ва 25 фоизида 16 ёшдан бошлаб вояга етмаганлар енгил ишларда, соғлиғи ва  ахлоқий  ривожланишига  ҳамда  таълим  олиш  жараёнини  бузмайдиган  ўқишдан  бўш вақтларда ишлаш ҳуқуқига эга.

 

Мазкур конвенциянинг 3-моддаси 1-бандига асосан “Ўз хусусияти ёки амалга ошириладиган шароитига кўра ўсмир соғлиги, хавфсизлиги ёки маънавиятига зиён етказиши мумкин бўлган ҳар қандай иш турига  ёки  ёлланма  иш турига  қабул  қилиш  учун  энг  кичик  ёш  ўн  саккиз ёшдан  кам  бўлмаслиги  керак”лиги, 3-бандига  асосан ушбу  модда 1-банди қоидаларидан қатъий назар,“Миллий қонун ҳужжатлари ёки ваколатли ҳокимият органи иш берувчилар ва меҳнаткашларнинг  тегишли  ташкилотлари  билан,  агар  бундай  ташкилотлар  мавжуд  бўлса, маслаҳатлашилгандан сўнг ўн олти ёшдан кичик бўлмаган шахсларга ишлашга ёки ёлланиб ишлашга,  уларнинг  соғлиги,  хавфсизлиги  ва  маънавияти  тўла  муҳофаза  этилиши  ва  улар етарлича  махсус  таълим  ҳамда  фаолиятнинг  тегишли  соҳаси  бўйича  касбий  тайёргарлик олишлари шарти билан рухсат беришлари мумкин”лиги келтириб ўтилган.

 

Конвенциянинг  7-моддаси  1-бандида “Миллий  қонун  ҳужжатлари  ўн  уч  ёшдан  ўн  беш ёшгача  бўлган  шахсларга  енгил  ишларда  ишлашга  ёки  ёлланиб  ишлашга  рухсат  этиши мумкин, агар бу уларнинг соғлиғи ва ривожланиши учун зарарли бўлмаса; уларнинг  мактабга  қатнашига,  уларнинг  ваколатли  ҳокимият  органлари  томонидан тасдиқланган  касбга  йўналтириш  ёки  касбий  тайёргарлик  дастурларида  иштирок этишларига,  ёки  уларнинг  олган  ўқувларидан  фойдаланиш  лаёқатига  зарар  етказмайдиган бўлса”.

 

Ўзбекистонда  мазкур  конвенциялар  ратификация  қилинган  ва  тўлақонли  аъзоси  сифатида конвенция  қоидалари  миллий  қонунчиликка  имплементация  қилинган  бўлиб,  18  ёшга тўлмаган шахсларни ишлаши билан боғлиқ бўлган ҳуқуқий тартиб қоидалар белгилаган.

 

Ўзбекистон  Республикасининг “Бола  ҳуқуқлар  кафолатлари  тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддасига асосан “Ҳар бир бола ўзининг ёши, соғлиғининг ҳолати ва касбий тайёргарлигига мувофиқ қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат қилиш, фаолият турини ва касбни эркин танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга.

 

Ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан бошлаб йўл қўйилади. Болаларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши  учун —улар  ўн  беш  ёшга  тўлганидан  кейин  ота-онасидан  бирининг  ёки  ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

 

Давлат ўн саккиз ёшга тўлмаган ишловчи шахсларга ишни таълим билан қўшиб олиб бориши учун зарур шароитларни яратиб бериш ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа чораларни кўриш орқали боланинг меҳнат қилиш ҳуқуқи таъминланишини кафолатлайди” деб кўрсатиб ўтилган.

 

Шунингдек,  мазкур  қоидалар  Ўзбекистон  Республикаси  меҳнат  кодексида  ҳам  келтириб ўтилган.

 

Бундан   ташқари,   меҳнат   кодексининг   118-моддаси   3-бандида “Маданий-томоша ташкилотларида, телевидение, радио эшиттириш ташкилотларида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида, шунингдек профессионал спортчилар билан ота-онанинг ҳар иккисининг (ота-она ўрнини босувчи шахснинг) розилиги ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан, соғлиғига ва маънавий камол топишига зиён етказмасдан асарларни яратиш ва (ёки) ижро  этишда  (кўргазмага  қўйишда)  иштирок  этиш  учун  ўн  беш  ёшга  тўлмаган  шахслар билан меҳнат шартномасини тузишга йўл қўйилади.

 

Кўрсатилган ёшга тўлган шахслар қабул қилиниши мумкин бўлган ишлар, касблар, лавозимлар рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар  Маҳкамаси  томонидан  Ижтимоий-меҳнат  масалалари  бўйича  уч  томонлама Республика  комиссияси  билан  келишилган  ҳолда  тасдиқланади.

 

Бундай  ҳолда  ходимнинг номидан  меҳнат  шартномасини  унинг  ота-онаси  (ота-онасининг  ўрнини  босувчи  шахс) имзолайди.

 

Васийлик ва ҳомийлик органининг рухсатномасида ҳар кунлик ишнинг энг кўп йўл  қўйиладиган  давомийлиги  ҳамда  иш  бажарилиши  мумкин  бўлган  бошқа  шартлар кўрсатилади” деб келтириб ўтилган.

 

Статистик  маълумотларга  кўра,  2024  йил  бошига  нисбатан  15  ёшгача  бўлган  болалар Ўзбекистонда 9.342.159. нафарни (аҳолисига нисбатан 26,5 фоизни) ташкил этган.

 

Биринчидан, вояга етмаганларни 14 ёшдан бошлаб уларнинг соғлиғига зарар етказмайдиган ва таълимини бузмайдиган ишларга ота-онанинг рухсати билан чегараланган шароитларда ишлашини жорий этиш орқали уларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш янада тезлашади, бўш вақтларидан унумли фойдаланишга эришилади;

 

Иккинчидан,  вояга  етмаганлар  ўрсатида  назоратсизликни  олди  олинади  ва  улар  ўртасида ҳуқуқбузарликларни содир этиш бир мунча қисқаради;

 

Учинчидан,  меҳнатга  лаёқатли  ҳар  бир  шахс  фаровон  ҳаёт  кечира  бошлайди,  мамлакат иқтисодиёти ва эртанги ҳаёти эса янада тараққий этади.

 

 

Раъно КАМАЛОВА,

Жиноят ишлари бўйича Беруний тумани суди раиси

МАЪРИФАТ СОАТИ ЎЗБЕК ТИЛИГА ДАВЛАТ ТИЛИ МАҚОМИ БЕРИЛГАНЛИГИНИНГ 35 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНДИ

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судида ўтказилган маърифат соати ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 35 йиллигига бағишланди.

 

 

Судьялар ва суд ходимлари иштирок этган тадбирда Ажиниёз номидаги Нукус Давлат педагогика институти филология факультети ўзбек тили кафедраси катта ўқитувчиси Полат Ўразбоев ўзбек тилининг тарихий, маданий ва ижтимоий аҳамияти ҳусусида сўз юритди. Ўзбек тилининг глобаллашув жараёнларидаги ўрни, унинг бой ва рангин маданиятдаги аҳамияти ҳақида гапирдилар.

 

 

Шунингдек, тадбир давомида буюк шоирлар ва ёзувчиларининг ўзбек тилини мадҳ этувчи асарларидан парчалар ўқиб эшиттирилди.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИГА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРИТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР ОДИЛ СУДЛОВ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилди.
Ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш натижаларига кўра суд ишларини юритиш жараёнига янги институтлар жорий этилди, фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди.
Шу билан бирга судларда ишнинг ҳажми кескин ортганлиги ишларни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиш имкониятининг йўқолишига олиб келиб, бу фуқароларнинг ўринли эътирозлари кўпайишига сабаб бўлди.
Бундан ташқари узил-кесил қарор қабул қилишда суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини уч босқичли тизим воситасида текшириш имкониятлари чекланганлиги сабаби мазкур тизимни ўрта бўғиннинг — вилоят судларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали такомиллаштириш зарурлигидан далолат бермоқда.
2023 йил 27 сентябрда қабул қилинган «Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 869-сонли ЎРҚ Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар, одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор муҳим тадбирларни ўз ичига олади. Бу ўзгартишлар жиноят процессини янада демократик, шаффоф ва инсон ҳуқуқларига мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

 

Суд қарорларининг қайта кўриб чиқилиши имконини берадиган янги механизмлар жорий этилди. Бу, одил судловни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, чунки у суд фаолиятининг самарадорлигини оширади.

 

Жумладан, мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга, шунингдек қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят судларига ва уларга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу эса ўз навбатида, судьяларнинг масъулиятини оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ва норозиликларнинг олдини олишга, шунингдек ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликка хизмат қилади.

 

Жиноят процессуал кодексини такомиллаштириш, мамлакатимизда одил судлов самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи муҳим тадбирлардан ҳисобланади. Ушбу ўзгартишлар, суд тизимининг ишлашини яхшилаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жамиятдаги ҳуқуқий адолатни таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

 
Агзам УСПАНОВ,
жиноят ишлари бўйича Чимбой тумани судининг раиси
Skip to content