МЕРОС МУЛКИ БИЛАН БОҒЛИҚ НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШДА АМАЛДАГИ ҚОНУН ТАЛАБЛАРИ

Бугун суд залларида ака-ука, опа-сингил ва қавм-қариндошлар ўртасида келиб чиқаётган оилавий низоларнинг аксарияти мерос, уй-жой, мол-мулк талашишлар ортидан келиб чиқаётгани ҳеч кимга сир эмас.

 

Кўп ҳолатларда бир ота-онадан туғилган ака-ука, опа-сингиллар мулк талашишлари оқибатида “юз кўрмас” бўлиб, очиқдан-очиқ душманга айланишади ва бу душманлик узоқ йиллар, баъзан умрбод давом этади. Азал-азалдан барча  халқларда  вафот этган кишининг мол-мулкини ворислик асосида мерос қолдиришнинг ўзига хос тартиб-қоидалари мавжуд бўлиб келган. Мерос инсоният тарихидаги энг қадимий ҳуқуқ тушунчаси саналади.

 

Мулк ва мулк  ҳуқуқини вужудга келтирувчи объектлардан бири саналган ушбу  мерос ҳуқуқи бош қомусимизда ҳам қонун билан кафолатланган.  Шу ўринда мустақиллик йилларида  ҳаётимизга хусусийлаштиришнинг кириб келиши мерос масаласининг кенгайишига  кенг йўл очиб берганини таъкидлаб ўтиш лозим. Илгари даврларда жамиятнинг иқтисодий негизини асосан давлат мулки ташкил этганлиги сабабли фуқаролар амалда ҳеч қандай хусусий мулкка эга бўлмаганлар ва шу боис мерос қолдирилиши мумкин бўлган мол-мулкнинг миқдори жудаям чекланган ёки мол-мулкнинг ўзи мавжуд бўлмаган.  Ҳозирда бунга барҳам берилган бўлиб, уй-жойлар фуқароларнинг хусусий мулки ҳисобланади ҳамда вақти келиб, бу мулк фарзандларига мерос сифатида ўтади. Қонунлардан яхши хабардор фуқаролар ўзларидан кейин фарзандлари орасида турли низо ёки келишмовчиликлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида васият қолдиришга ҳаракат қилишади. Бу эса юзага келиши мумкин бўлган айрим муаммоларга ўз вақтида барҳам беради. Аммо вазият ҳар доим ҳам бир хил кечмайди ва меросни бўлишиш борасида турли хил нохуш ҳолатлар юзага келиши мумкин. Низоли вазиятни таҳлил қилиш, ўрганиш, масалага қонуний асосларда ечим бериш эса суд органлари олдидаги масъулиятли вазифалардан биридир. Мерос масаласи мулк билан боғлиқ бўлганлиги сабабли барча жараёнларда ўзининг аҳамиятлилиги билан ажралиб туради.    Мамлакатимизда бу борада аниқ механизмлар ишлаб чиқилган. Қонунчиликка мувофиқ, мерос ҳуқуқи – мулкка нисбатан ворисликдир, ворисликнинг эса васият ва қонун бўйича амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1112-моддасида кўрсатиб ўтилган. Мерос қолдирувчи ҳаётлигида эга бўлган мулк, мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларининг меросхўрларга ўтиши билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар ворислик ҳуқуқи нормалари билан тартибга солинади ва унинг предмети ҳисобланади. Фуқаролик кодексининг ворислик ҳуқуқига оид бўлимида мерос таркибининг барча жиҳатлари қамраб олинган ва меросга эгалик қилишга оид барча зарур меъёрлар белгилаб қўйилган.   Ўзбекистон Республикасида судлар томонидан мерос ҳуқуқи билан боғлиқ низоларнинг ўз вақтида ва тўғри ҳал этилиши мулк дахлсизлиги ва мерос ҳуқуқи қўриқланишига доир конституциявий кафолатлар таъминланишининг  ўта муҳим воситаси ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1113-моддасига кўра, мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради.

 

Ушбу моддага мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар киритилган:

– юридик шахс ҳисобланган тижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларга аъзолик, уларда иштирок этиш ҳуқуқлари, агар қонун ёки шартномада бошқа ҳол белгиланган бўлмаса;

– ҳаётга ёки соғлиққа етказилган зарар учун товон ундириш ҳуқуқи;

– алимент мажбуриятлари туфайли юзага келган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар;

– меҳнат ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонунчилик асосида пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар олиш ҳуқуқи;

– мулкий ҳуқуқлар билан боғлиқ бўлмаган шахсий номулкий ҳуқуқлар мерос таркибига кирмайди.

– Мерос қолдирувчига тегишли бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар ва бошқа номоддий бойликлар меросхўрлар томонидан амалга оширилиши ва ҳимоя қилиниши мумкин.

 

Кимлар меросхўр ҳисобланади?

Кодекснинг 1118-моддасига кўра:

– Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1135-моддасига асосан, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.

 

Мажбурий улуш олувчи шахслар

Агарда васиятнома мавжуд бўлса, мерос шу васиятномага асосан тақсимланади. Аммо мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шунингдек, эри (хотини) ва ота – онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъий назар, мажбурий улуш олувчи меросхўрлар ҳисобланади. Меросга мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг мажбурий улушидан ортиқча қисмига нисбатангина ҳақиқийдир.

 

Кимлар меросдан маҳрум қилинади?

Шунингдек, қонунда мерос қолдирувчига босим ўтказиб, мажбуран васият ёздиришга уринган шахслар меросдан маҳрум қилиниши борасида ҳам кодексда алоҳида модда билан белгилаб қўйилган.  Нолойиқ меросхўрларни меросдан четлатиш тўғрисидаги 1119-моддада қуйидаги бандлар ўрин олган.

Мерос қолдирувчини ёки эҳтимол тутилган меросхўрлардан бирортасини қасддан ўлдирган ёки уларнинг ҳаётига суиқасд қилган шахслар васият бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Васият қилувчи ўз ҳаётига суиқасд қилинганидан кейин васиятнома берган шахслар бундан мустасно.

Мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига қасддан тўсқинлик қилган ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг ворисликка чақирилишига ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши кўпайтирилишига имкон яратган шахслар васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам мерос олиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Болаларига нисбатан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ва мерос очилган пайтда бу ҳуқуқлари тикланмаган ота-оналар ана шу болалардан қолган мулкка ворис бўлиш ҳуқуқига эга эмаслар, шунингдек мерос қолдирувчига таъминлаб туриш юзасидан қонунга кўра зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаган ота-оналар (фарзандликка олувчилар) ва вояга етган болалар (фарзандликка олинганлар) қонун бўйича ворислик қилиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Нолойиқ меросхўрларни ворисликдан четлатиш учун асос бўладиган ҳолатлар бундай четлатиш келтириб чиқарадиган ворислик билан боғлиқ мулкий оқибатларга дахлдор шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан белгиланади.

Ушбу модданинг қоидалари ҳар қандай меросхўрларга, шу жумладан мажбурий ҳисса олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрларга ҳам тааллуқлидир.

 

Эгалик расмийлаштирилмаган уй-жойлар

Мерос билан боғлиқ низолар орасида кўпинча  эгалик расмийлаштирилмаган уй-жойлар  муаммоси тез-тез   учрайди. Сабаби, ҳуқуқий томондан саводсизлик, ўз мулкига эгалик қилиш шартларини билмаслик сабаб айрим фуқаролар  ўз мулкига нисбатан эгалик ҳуқуқини хатто расмийлаштирмаган бўлиб чиқади. Яъни ер сотиб олиб уй қурган, аммо уни ҳужжатлаштириш ишларига лоқайдлик қилган.  Қонунга мувофиқ, агар мана шундай қурилган бинолар белгиланган тартибга зид  бўлса, афсуски  хусусий мулк мақомини ололмайди ва бунинг натижасида бу мулкни ҳеч кимга мерос сифатида қолдиришга қонунан рухсат берилмайди. Шунингдек, ота-онадан мерос қолган уй-жойни фарзандлардан бирортасининг номига расмийлаштириш учун бошқа фарзандларнинг ҳам розилиги керак бўлади. Сабаби уларнинг ҳам  мерос улушига бўлган ҳуқуқи бор. Агар ака-укалар ўзаро рози бўлиб бу улушдан воз кечишмаса, бу низо суд залигача етиб бориши шубҳасиз.

 

 

Саёра Айтниязова,

фуқаролик ишлари буйича Нукус туманлараро суди судьяси

Суд қарорларини қонунийлиги, асослилиги ва адолатлигини текшириш институти такомиллаштирилиши юзасидан тарғибот тадбири ўтказилди

Жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди раиси Р.Н.Камалова томонидан Беруний тумани Ахборот кутубхона маркази биносида фуқаролар ва Беруний тумани ички ишлар бўлимининг пробация гуруҳида жазони ўтаётган маҳкумлар билан учрашув ўтказилди.

Тадбирда жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди раиси Р.Камалова сўзга чиқиб, мазкур тадбирнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида батафсил тушунча берди. Таъкидландики, кейинги йилларда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтириш мақсадида суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга доир кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 

 

Жумладан, ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш натижаларига кўра суд ишларини юритиш жараёнига янги институтлар жорий этилди. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ярашув, дастлабки эшитув, шунингдек суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди.

 

 

 

Олиб борилган ишлар натижасида одил судловни амалга ошириш жараёнида шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

 

Шу билан бирга, бугунги кунда суд қарорларини қайта кўриш институтининг таҳлили мазкур институтни такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. Учрашувда янги таҳрирда қабул қилинган Конституциядаги инсон ҳуқуқлари кафолатининг таъминланиши борасидаги янги нормалари, шунингдек “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳиятини тушунтириб берди. Киритилган ўзгартишларга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишлар вилоят судларида ва уларга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида қайта кўрилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда. Ушбу Қонун суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш механизмини янада такомиллаштиришга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Бундан ташқари, жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, суд ҳуқуқ соҳаси бўйича муаммолари бўлган фуқароларни қабул қилди ҳамда уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берди.

 

Р.Камалова,

Жиноят ишлари бўйича Беруний туман суди раиси 

«Ўзбекистон-2030» стратегияси халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қилади

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинганлиги мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш талаб этилмоқда.

 

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йил 11 сентябрь куни ««Ўзбекистон — 2030» стратегияси тўғриси»даги фармони қабул қилинди.

 

Мазкур Фармон билан халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон — 2030» стратегияси мувофиқ тасдиқланди.

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида қуйидаги асосий ғоялар акс эттирилди:

  • барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш;
  • аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш;
  • аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш;
  • халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш;
  • мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.

«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида қуйидаги устувор йўналишлар, яъни

  • ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш
  • барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш
  • сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш
  • қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш
  • «хавфсиз ва тинчликсевар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш белгиланди.

Ушбу йўналишларда белгиланган мақсадларни амалга ошириш йўлида олиб бориладиган ислоҳотлар шубҳасиз, халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

 

 Г.Калбаева,

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг архив мудири                                                     

Мамлакатимиз учун муҳим қадам: суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар  

Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг  тасдиқланиши бугун мамлакатимиз ҳаётида улкан бурилиш ясади. Президентимиз таъкидлаганидек, «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойилини ўзида акс эттирган Тараққиёт стратегияси қуйидаги 5 та устувор йўналишларни ўз ичига олган:

  1. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш;
  2. Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;
  3. Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
  4. Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;
  5. «Хавфсиз ва тинчликсевар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.

Ушбу устувор йўналишлар 100 та мақсадни ифода этади.

Ушбу Тараққиёт стратегияси барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби юксак ғояларни ўзида мужассамлаштирган.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этишнинг Тараққиёт стратегиясига алоҳида йўналиш сифатида киритилиши халқ билан мулоқот тизимининг самарадорлигини оширишга катта йўл очиб берди. Давлат органлари ва фуқароларни бир-бири билан боғлашга хизмат қилувчи электрон тизимларнинг жорий этилиши бугун халқимизнинг оғирини енгил қилмоқда. Стратегияда Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш мақсадида суд-ҳуқуқ тизимида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Тўртинчи устувор йўналишнинг “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар” номли бўлимидаги асосий мақсадлардан бири – “Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш”, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантиришдир. Ушбу мақсадларга эришиш учун 2030 йилгача:

– маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш;

– судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш;

– судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш;

– маъмурий тартиб-таомиллар прин­ципларини йўл ҳаракатини тартибга солувчи белгилар ва ишораларга тўлиқ татбиқ этиш кераклиги белгиланган.

Маълумки, мустақил ва холис судни талаб қилиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ҳисобланади. Бу ҳуқуқ Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 10-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси қўшилган бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Фақат мустақил судгина ҳар бир фуқаронинг ишини судда холис ва ошкора кўриш орқали топталган ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиши мумкинлигига ишонч уйғота олади. Бу жиҳатдан Тараққиёт стратегияси асосида амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга замин яратади. Стратегияда белгиланган мақсадларнинг амалдаги ижроси халқимизда суд-ҳуқуқ тизимига нисбатан ишончнинг янада ошишига хизмат қилади. Демакки, Тараққиёт стратегияси бу — шунчаки ҳужжат эмас, мамлакатимизнинг бугуни ва эртанги тараққиёти учун муҳим қадамдир.

Зульфия Бабаджанова,

Қорақалпоғистон республикаси суди судьяси

Биринчи инстанция судида иш юритиш. Суд буйруғи

Кейинги йилларда республикамизда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, судларнинг мустақиллигини, судларда ишларни кўришнинг ошкоралигини таъминлаш билан биргаликда суд ишларини юритиш тартибини соддалаштириш борасида ҳам бирмунча ижобий ишлар амалга оширилди ва бу айни пайтда одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда ўз самарасини бермоқда.

 

Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро иқтисодий судларида
2023 йил давомида суд буйруғини бериш тўғрисидаги жами 27 та ишлар кўрилган, шундан қаноатлантирилган ишлар 19 тани, рад этилган ишлар 8 тани ташкил қилган.

Ушбу кўрилган ишларнинг туркумлар бўйича таҳлил қилганимизда қайд этилган даврда суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризалар 5 таси олди-сотди,
4 таси маҳсулот етказиб бериш, 9 таси пудрат, 7 таси қарз ва бирттадан кредит ва коммунал хизмат кўрсатиш шартномалари юзасидан берилганлиги аниқланди.

 

Суд буйруғи биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг алоҳида бир тури бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 135-моддасида кўрсатилган талаблар юзасидан, судья томонидан қуйидаги ҳолларда якка тартибда берилади, яъни солиқ қарзини ундиришни юридик шахсларнинг ва фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса, коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўлови бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган талаб билдирилган бўлса, ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида талаб билдирилган бўлса, талаб тўланмаган, акцептланмаган ва акцептга сана қўйилмаган вексель нотариус томонидан протест қилинишига асосланган бўлса, ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса берилади ва у ижро ҳужжати кучига эга бўлади.

 

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги талаб Иқтисодий процессуал кодексининг 135-моддасининг 1 ва 2-бандларига асосан қўйилган бўлса, қарздор томонидан солиқ қарзининг ёки қарздор томонидан қарздорликнинг тан олиниши талаб этилмайди.

 

Иқтисодий процессуал кодексининг 135-моддасининг 3-бандига асосан тақдим этилган суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризада дебиторлик қарзини қарздорнинг мол-мулкидан ундириш тўғрисида талаб қўйилиши мумкин эмас. Бундай талаб билдирилганда, аризани қабул қилиш мазкур кодексининг 140-моддасининг биринчи қисмига асосан рад этилади.  Кодексининг 135-моддасининг 3-бандига асосан қарздорликни ундириш тўғрисида талаб қўйилганда, дебиторлик қарзини қарздор томонидан ҳужжатлар асосида тан олинган бўлиши лозим.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза юридик шахс мақомига эга бўлмаган кредитор томонидан ёки юридик шахс мақомига эга бўлмаган қарздорга нисбатан берилганда, аризани қабул қилиш Иқтисодий процессуал кодексининг 140-моддаси биринчи қисмига асосан рад этилади.

 

Ариза билан юридик шахснинг алоҳида бўлинмаси (филиали, ваколатхонаси) юридик шахс номидан ишончнома асосида мурожаат этса, суд аризани қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

Бунда талаб қилинаётган сумма (талаб қилиб олинаётган мол-мулк) алоҳида бўлинма (филиал, ваколатхона) фойдасига эмас, балки манфаатлари кўзланиб ҳаракат қилинаётган юридик шахс фойдасига ундирилади.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг мазмуни Иқтисодий процессуал кодексининг 136-моддасининг иккинчи қисми талабларига мос келиши лозим, акс ҳолда аризани қабул қилиш юқоридаги кодексининг 141-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан қайтарилади.

 

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага кредиторнинг талабини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши лозим. Ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзни ундириш учун суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

қарздор билан тузилган шартноманинг асли ёки нусхаси;

товарлар етказилганлиги, ишлар бажарилганлиги, хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

қарздорлик тан олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (солиштириш далолатномаси, ёзишмалар ва ҳ. к.)нинг асли.

 

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага арз қилинган талабни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаган тақдирда, ариза Иқтисодий процессуал кодексининг 141-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан қайтарилади.

 

Агар қонунда ёхуд шартномада низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя қилиниши белгиланган бўлса, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага ушбу тартибга риоя қилинганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилиниши керак. Бундай далиллар илова қилинмаган тақдирда, ариза Иқтисодий процессуал кодексининг 141-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига асосан қайтарилади.

 

Қонун ҳужжатлари талабига кўра нотариал тасдиқланиши ва (ёки) давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт бўлган битимлар асосида вужудга келган қарздорликни ундириш ёки мол-мулкни талаб қилиб олиш бўйича суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага ушбу талабларга риоя этилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилиниши лозим, акс ҳолда суд буйруғини бериш Иқтисодий процессуал кодексининг 144-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан рад этилади. Ушбу тартиб ғазначиликдан рўйхатдан ўтказиш мажбурий бўлган шартномаларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

 

ИПКнинг 137-моддасига мувофиқ аризачи (кредитор) суд буйруғини бериш тўғрисида ариза берганида қарздорга аризанинг кўчирма нусхасини топшириши шарт. Қарздор — юридик шахсга суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси топширилганлигининг далили бўлиб, унинг раҳбари ёки ходимининг муҳр (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) ёки штамп билан тасдиқланган имзоси, қарздор — фуқарога эса унинг шахсий имзоси ҳисобланади. Ушбу тартибга риоя қилинмаган тақдирда, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза Иқтисодий процессуал кодексининг 141-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига асосан аризачи (кредитор)га қайтарилади.

Иқтисодий процессуал кодексининг 139-моддасининг биринчи қисмига кўра суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун судга даъво аризаси билан умумий тартибда мурожаат қилинганда низолашилаётган сумма асосида ҳисоблаб чиқилган ставканинг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўланади.

 

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш Иқтисодий процессуал кодексининг 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этилганда, ариза Иқтисодий процессуал кодексининг 141-моддаси биринчи қисмининг 5, 6 ва 7-бандларига асосан қайтарилганда, шунингдек суд буйруғини бериш Иқтисодий процессуал кодексининг 144-моддасининг биринчи қисмига асосан рад этилганда, кредитор томонидан тўланган давлат божи қарздорга нисбатан умумий тартибда кредитор томонидан даъво тақдим этилганда тўланиши лозим бўлган бож ҳисобига ўтказилади.

 

Агар суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинмаган бўлса, ариза Иқтисодий процессуал кодексининг 141-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига мос ҳолда қайтарилади.

 

Агар суд буйруғи берилгунга қадар кредитордан суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қайтариш ёки талабдан воз кечиш ҳақида ариза берилган бўлса, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза Иқтисодий процессуал кодексининг 141-моддаси биринчи қисмининг 7-бандига асосан қайтарилади.

 

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг қайтарилганлиги кредиторнинг судга бундай ариза билан қайта мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади. Мазкур ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин.

 

Иқтисодий процессуал кодексининг 142-моддасининг биринчи қисмига кўра, қарздор унга суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси топширилган пайтдан бошлаб ўн кунлик муддатда судга кредитор талабларига қарши эътирозларини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли.

 

Агар қарздор узрли сабаб билан ўз вақтида кредиторнинг талабига қарши эътироз билдириш имкониятига эга бўлмаган бўлса, суд буйруғининг кўчирма нусхаси олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда ўша судга суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида ариза беришга ҳақли. Суд бундай ҳолда буйруқни бекор қилишга ҳақли, шундан кейин кредиторнинг талаби даъво ишини юритиш тартибида кўрилиши мумкин.

 

Суд буйруғини бекор қилиш ҳақидаги ёки бекор қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай суд муҳокамасисиз, кредитор ва қарздор чақиртирилмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан чиқарилади.

 

Мазкур ҳуқуқий институтнинг афзаллик жиҳатлари шундаки, ундирувчининг қарздордан пул маблағларини ундириш каби аризалари судлар томонидан қисқа муддат ичида, ортиқча оворагарчиликларсиз, тарафлар суд муҳокамасига чақирилмасдан кўриб чиқилади ва аризадаги талаб асосли бўлган тақдирда уни қаноатлантириш ҳақида суд буйруғи берилади.

 

 

 

Гулмира Арзиева,

Нукус туманлараро иқтисодий судининг судьяси

 

Нукус гарнизонида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларнинг салбий оқибатлари тушунтирилди

Нукус ҳарбий прокуратураси, Нукус ҳарбий суди ҳамда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида “Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этганлик учун маъмурий ва жиноий асослари” мавзусида профилактик суҳбат бўлиб ўтди.

 

 

 

 

Тадбирда Нукус ҳарбий прокурори, адлия полковниги Улуғбек Абдираҳимов, Нукус ҳарбий суди раиси Пурханиддин Акимниязов, шаҳардаги “Салмен эшон” жоме масжиди имом хатиби И.Копабаев ҳамда бошқа мутахассислар иштирок этиб, гарнизондаги ҳарбий хизматчиларга дунё бўйича тез ривожланаётган ва кўпчиликка моддий зарар етказиб келаётган қимор ва таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинларнинг салбий оқибатлари, уларни ўйнаган шахсларда қонунчиликда белгиланган жазо ҳақида батафсил маълумотлар беришди. Ана шундай иллатларнинг домига тушганларнинг аянчли оқибати, психологиясида кузатиладиган ўзгаришлар, иқтисодий қарамликка тушиш ҳолатлари ёрқин мисолларда тушунтирилди.

 

 

Эслатиб ўтамиз, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйин бу — ўйин ташкилотчиси (ўйин муассасаси) томонидан бир ёки ундан ортиқ иштирокчилар билан тасодифга (воқеага) ва (ёки) ўйин иштирокчисининг қобилияти, эпчиллиги ва бошқа сифатларига боғлиқ ютуқ тўғрисида тузилган, таваккалчиликка асосланган келишувга мувофиқ амалга ошадиган жараёндир.

Ачинарлиси, бугунги кунда интернетда миллий урф-одатларимиз ва менталитетимизга ёт бўлган қимор иллати азарт ўйинларни ёқтирадиганлар сафини кенгайтириб, турли онлайн тотализатор ўйинлар кўринишида пайдо бўлмоқда.

 

Хавотирлиси, ўрта ёшдагилар ҳам бундай ўйинларда кўп миқдордаги пул маблағларини таваккал тикиб, ютуқ эвазига ушбу пулларни фирибгарларнинг қўлига ўз хоҳиши билан тақдим этишяпти. Қарзга ёки банкдан олинган кредит пулларини ютқазгандан кейин, уларни тўлаш учун ўғрилик ва бошқа турдаги оғир жиноятларни содир этиш ҳолатлари, барчамизни огоҳлик ва ҳушёрликка чорлайди. Қолаверса, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар учун қонунчилигимизда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлишига қарамай, интернет тармоғи орқали тармоқ фойдаланувчилари учун турли реклама ва бошқа ҳаволалар орқали кириб келиши ташвишли, албатта.

Соҳа мутахассислари томонидан олиб борилган тадқиқотларига кўра, бундай ўйинлар инсонда қарамлик ва психологик касалликларни вужудга келтириб, мўмай даромад илинжида яна ва яна ўйнашга, бунинг учун пул маблағларини турли йўллар билан қидириб топишга чорлайди.

Суҳбат давомида ҳуқуқни муҳофаза этувчи орган ходимлари ҳарбий хизматчиларни ана шундай фирибгарликлардан огоҳ бўлишга, фарзандларига кўпроқ эътибор қаратишга чақирди.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар мавзу бўйича қизиқтирган саволларига батафсил маълумот олишди.

“Ўзбекистон -2030” стартегиясидаги суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш билан боғлиқ мақсад ва вазифалар

Бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, очиқлик ва ошкоралик тамойилларининг таъсирчан шаклларини жорий этиш, давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назорати ўрнатиш бўйича самарали ишлар йўлга қўйилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, стратегияни ишлаб чиқишда 2023 йил 30 апрель куни умумхалқ овоз бериш йўли билан референдум ўтказиш орқали янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямиз асос вазифасини бажарди. Айнан янги таҳрирдаги Конституцияда давлат органлари фаолиятининг асосий мезони бу – инсон ҳуқуқлари, инсон эркинликлари эканлиги кўрсатилган.

 

“Ўзбекистон -2030” стартегиясидаги асосий мавзулардан бири бўлган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ устувор йўналишлар бу – Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш.

 

Бу йўналишда қўйидаги мақсадлар – аҳоли пунктларида икки ва ундан ортиқ полосали тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакларини (тугмали) светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш, озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга ошириш назарда тутилган.

 

Кейинги устувор йўналиш бу – давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш.

 

Ушбу йўналишнинг қўйидаги мақсадлари – маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш, судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини
50 фоизга камайтириш, маъмурий тартиб-таомиллар принципларини йўл ҳаракатини тартибга солувчи белгилар ва ишораларга тўлиқ татбиқ этиш деб белгиланган.

 

Учинчи устувор йўналиш бу – суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш.

 

Бу йўналишда қўйидаги мақсадлар, яъни маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг 50 фоизини электрон шаклда келиб тушишига эришиш, тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш, суд тизимини бошқаришга судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини тўлақонли жорий этиш ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари тизимини тўлиқ шакллантириш, жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича 0,64 баллни тўплашга эришиш, бошқарув сифати индикаторларининг Ҳуқуқ устуворлиги йўналиши бўйича 61,5 баллни тўплашга эришиш мақсад қилинган.

 

Кейинги устувор йўналиш бу – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтириш.

 

Бу йўналишда қўйидаги мақсадлар – ягона электрон реестр яратиш орқали жиноят иши қўзғатилишидан тортиб иш юзасидан ҳукм чиқарилгунига қадар бўлган жараённи индивидуал рақам ва QR коди орқали кузатиб бориш имкониятини жорий қилиш, далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш фаолиятини замонавий технологиялар ва сўнгги илмий ютуқларни жорий қилиш орқали тўлиқ рақамлаштириш, суд ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича ишлар тоифасининг камида 30 фоизини хусусий сектор ёрдамида ижро этишни йўлга қўйиш, жиддий оқибатлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сонини камида 50 фоизга камайтириш, 100 фоиз жиноят ишлари ва материалларнинг электрон шаклдаги нусхасини юритиш ва ушбу ишлар бўйича электрон ҳужжат алмашинувини таъминлаш назарда тутилган.

 

Бешинчи устувор йўналиш бу – адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш.

 

Ушбу йўналишнинг қўйидаги мақсадлари – адвокатура институтини ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш ҳамда унинг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан чинакам мустақиллигини таъминлаш, адвокатлар малакасини оширишнинг замонавий ва халқаро стандартларга мос келувчи ва муқобиллик тамойилига асосланган тизимини жорий этиш, адвокатлар сонини камида 2000 нафарга кўпайтириш, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви даражасини камида 50 фоизга етказиш деб белгиланган.

 

 

Оҳирги устувор йўналиш бу – коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш.

 

Бу йўналишда – “Transparency International” халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинадиган Коррупцияни қабул қилиш индексида камида 50 поғонага кўтарилишга эришиш, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларини 2 баробарга камайтиришга эришиш, давлат харидларини тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширишда маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари, товар ва хизматларнинг нархи бозор қийматидан ошиб кетишининг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини тўлақонли жорий қилиш, 100 фоиз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг “коррупциядан холи қонунчилик” тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш мақсадлари қўйилган.

 

Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон -2030” стартегияси “Янги Ўзбекистон” орзусини реал ҳақиқатга айлантиришда, Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, жамиятимиз ва давлатимизнинг барча ютуқларини янада улуғвор натижалари билан мустаҳқамлаши ва бойитиши аниқ.

 

 

Арман Кощанов,         

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг девонхона мудири       

 

 

 

Судья томонидан маҳаллаларда тарғибот тадбирлари ўтказилди

Беруний тумани Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинида Нукус туманлараро маъмурий судининг судьяси Г.Байназарова мамлакатимизда суд-ҳуқуқ масалалари бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича аҳолига кенг тушунтиришлар берди.

Бундан ташқари маъмурий судга мурожаат етиш тартиби, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, гендер тенглик масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

 

 

Таъкидландики, барча фуқаролар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар бузилган ҳуқуқлари юзасидан судга оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилинади.

Судларга икки хил тоифадаги мурожаатлар қилиш мумкин:

Биринчиси, бу оддий хат тарзидаги (муайян иш билан боғлиқ бўлмаган) мурожаатлар, яъни ариза, таклиф, шикоятлар;

Иккинчиси, муайян низо ёки иш билан боғлиқ бўлган мурожаатлар, яъни ариза, даъво аризаси, илтимоснома, шикоятлар.

Биринчи тоифадаги мурожаатлар Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунида белгиланган тартибда, яъни судга келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши лозим. Агар ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш муддати узайтирилганда бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Иккинчи тоифадаги мурожаатлар тегишлича фуқаролик ишлари бўйича судларда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида, жиноят ишлари бўйича судларда Жиноят-процессуал кодексида, маъмурий судларда Маъмурий суд ишларини юритиш кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилиши тадбир иштирокчиларига атрофлича тушунтирилди.

 

Судья маҳалла фуқаролари томонидан суд-ҳуқуқ масалалари бўйича берилган саволларга батафсил жавоб берди.

Facebook ижтимоий тармоғида Х. Ботиров томонидан эълон қилинган билдириш юзасидан

Аввало, Х. Ботиров судьянинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш ваколатига эга эмаслигини таъкидлаш лозим. Қолаверса, унинг ўтказилган хизмат текширувини “сохта”, деб аташи ҳам Судьялар олий малака ҳайъатини обрўсизлантиришдан бошқа нарса эмас. Энг ажабланарлиси, Хизмат текшируви ўтказиш чоғида фуқаро Х. Ботиров тушунтириш олиш учун чақиртирилган, лекин у кела олмаслигини айтиб, тушунтириш хатини бериб юборган. Тушунтириш хатига видеомурожаат ёзилган 2 дона диск илова қилган.
Ўтказилган хизмат текшируви натижаси бўйича тузилган 2023 йил 24 ноябрдаги хулосага кўра фуқаро Х.Ботировнинг мурожаатидаги важлар тасдиғини топмаган. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Беруний туман судининг раиси томонидан Р. Ботировга оид жиноят ишини кўриб чиқиш чоғида ва ҳукм чиқаришда, ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаганлиги аниқланганлиги маълум қилинади.

Skip to content