Мамлакатимиз учун муҳим қадам: суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар
Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг тасдиқланиши бугун мамлакатимиз ҳаётида улкан бурилиш ясади. Президентимиз таъкидлаганидек, «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойилини ўзида акс эттирган Тараққиёт стратегияси қуйидаги 5 та устувор йўналишларни ўз ичига олган:
- Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш;
- Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;
- Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
- Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;
- «Хавфсиз ва тинчликсевар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.
Ушбу устувор йўналишлар 100 та мақсадни ифода этади.
Ушбу Тараққиёт стратегияси барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби юксак ғояларни ўзида мужассамлаштирган.
Қонун устуворлигини таъминлаш ва халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этишнинг Тараққиёт стратегиясига алоҳида йўналиш сифатида киритилиши халқ билан мулоқот тизимининг самарадорлигини оширишга катта йўл очиб берди. Давлат органлари ва фуқароларни бир-бири билан боғлашга хизмат қилувчи электрон тизимларнинг жорий этилиши бугун халқимизнинг оғирини енгил қилмоқда. Стратегияда Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш мақсадида суд-ҳуқуқ тизимида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилиши кўзда тутилган. Тўртинчи устувор йўналишнинг “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар” номли бўлимидаги асосий мақсадлардан бири – “Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш”, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантиришдир. Ушбу мақсадларга эришиш учун 2030 йилгача:
– маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш;
– судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш;
– судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш;
– маъмурий тартиб-таомиллар принципларини йўл ҳаракатини тартибга солувчи белгилар ва ишораларга тўлиқ татбиқ этиш кераклиги белгиланган.
Маълумки, мустақил ва холис судни талаб қилиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ҳисобланади. Бу ҳуқуқ Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 10-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси қўшилган бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида белгилаб қўйилган. Фақат мустақил судгина ҳар бир фуқаронинг ишини судда холис ва ошкора кўриш орқали топталган ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиши мумкинлигига ишонч уйғота олади. Бу жиҳатдан Тараққиёт стратегияси асосида амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга замин яратади. Стратегияда белгиланган мақсадларнинг амалдаги ижроси халқимизда суд-ҳуқуқ тизимига нисбатан ишончнинг янада ошишига хизмат қилади. Демакки, Тараққиёт стратегияси бу — шунчаки ҳужжат эмас, мамлакатимизнинг бугуни ва эртанги тараққиёти учун муҳим қадамдир.
Зульфия Бабаджанова,
Қорақалпоғистон республикаси суди судьяси