Нукус гарнизонида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларнинг салбий оқибатлари тушунтирилди
Нукус ҳарбий прокуратураси, Нукус ҳарбий суди ҳамда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида “Қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этганлик учун маъмурий ва жиноий асослари” мавзусида профилактик суҳбат бўлиб ўтди.
Тадбирда Нукус ҳарбий прокурори, адлия полковниги Улуғбек Абдираҳимов, Нукус ҳарбий суди раиси Пурханиддин Акимниязов, шаҳардаги “Салмен эшон” жоме масжиди имом хатиби И.Копабаев ҳамда бошқа мутахассислар иштирок этиб, гарнизондаги ҳарбий хизматчиларга дунё бўйича тез ривожланаётган ва кўпчиликка моддий зарар етказиб келаётган қимор ва таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинларнинг салбий оқибатлари, уларни ўйнаган шахсларда қонунчиликда белгиланган жазо ҳақида батафсил маълумотлар беришди. Ана шундай иллатларнинг домига тушганларнинг аянчли оқибати, психологиясида кузатиладиган ўзгаришлар, иқтисодий қарамликка тушиш ҳолатлари ёрқин мисолларда тушунтирилди.
Эслатиб ўтамиз, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйин бу — ўйин ташкилотчиси (ўйин муассасаси) томонидан бир ёки ундан ортиқ иштирокчилар билан тасодифга (воқеага) ва (ёки) ўйин иштирокчисининг қобилияти, эпчиллиги ва бошқа сифатларига боғлиқ ютуқ тўғрисида тузилган, таваккалчиликка асосланган келишувга мувофиқ амалга ошадиган жараёндир.
Ачинарлиси, бугунги кунда интернетда миллий урф-одатларимиз ва менталитетимизга ёт бўлган қимор иллати азарт ўйинларни ёқтирадиганлар сафини кенгайтириб, турли онлайн тотализатор ўйинлар кўринишида пайдо бўлмоқда.
Хавотирлиси, ўрта ёшдагилар ҳам бундай ўйинларда кўп миқдордаги пул маблағларини таваккал тикиб, ютуқ эвазига ушбу пулларни фирибгарларнинг қўлига ўз хоҳиши билан тақдим этишяпти. Қарзга ёки банкдан олинган кредит пулларини ютқазгандан кейин, уларни тўлаш учун ўғрилик ва бошқа турдаги оғир жиноятларни содир этиш ҳолатлари, барчамизни огоҳлик ва ҳушёрликка чорлайди. Қолаверса, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар учун қонунчилигимизда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлишига қарамай, интернет тармоғи орқали тармоқ фойдаланувчилари учун турли реклама ва бошқа ҳаволалар орқали кириб келиши ташвишли, албатта.
Соҳа мутахассислари томонидан олиб борилган тадқиқотларига кўра, бундай ўйинлар инсонда қарамлик ва психологик касалликларни вужудга келтириб, мўмай даромад илинжида яна ва яна ўйнашга, бунинг учун пул маблағларини турли йўллар билан қидириб топишга чорлайди.
Суҳбат давомида ҳуқуқни муҳофаза этувчи орган ходимлари ҳарбий хизматчиларни ана шундай фирибгарликлардан огоҳ бўлишга, фарзандларига кўпроқ эътибор қаратишга чақирди.
Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар мавзу бўйича қизиқтирган саволларига батафсил маълумот олишди.