Судья томонидан маҳаллаларда тарғибот тадбирлари ўтказилди
Беруний тумани Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинида Нукус туманлараро маъмурий судининг судьяси Г.Байназарова мамлакатимизда суд-ҳуқуқ масалалари бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича аҳолига кенг тушунтиришлар берди.
Бундан ташқари маъмурий судга мурожаат етиш тартиби, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, гендер тенглик масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Таъкидландики, барча фуқаролар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар бузилган ҳуқуқлари юзасидан судга оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилинади.
Судларга икки хил тоифадаги мурожаатлар қилиш мумкин:
Биринчиси, бу оддий хат тарзидаги (муайян иш билан боғлиқ бўлмаган) мурожаатлар, яъни ариза, таклиф, шикоятлар;
Иккинчиси, муайян низо ёки иш билан боғлиқ бўлган мурожаатлар, яъни ариза, даъво аризаси, илтимоснома, шикоятлар.
Биринчи тоифадаги мурожаатлар Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунида белгиланган тартибда, яъни судга келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши лозим. Агар ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш муддати узайтирилганда бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.
Иккинчи тоифадаги мурожаатлар тегишлича фуқаролик ишлари бўйича судларда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида, жиноят ишлари бўйича судларда Жиноят-процессуал кодексида, маъмурий судларда Маъмурий суд ишларини юритиш кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилиши тадбир иштирокчиларига атрофлича тушунтирилди.
Судья маҳалла фуқаролари томонидан суд-ҳуқуқ масалалари бўйича берилган саволларга батафсил жавоб берди.