ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШ – БОЛА ҲАҚИ ВА ОИЛА МАСЪУЛИЯТИ
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасида белгиланишича, ҳар бир ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс фарзандини вояга етгунга қадар боқиш, тарбиялаш, таълим бериш ва уни соғлом ҳамда ҳар томонлама етук инсон қилиб вояга етказиш учун масъулдир. Бу инсонпарвар тамойил мамлакатимиз оила сиёсатида муҳим ўрин тутади.
Оила кодексининг 20-бобига кўра, фарзандликка олиш фақат вояга етмаган болалар манфаатини кўзлаб амалга оширилади. Бу жараён суд орқали, васийлик ва ҳомийлик органларининг хулосаси асосида кўриб чиқилади.
Суд ишлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси талабларига мувофиқ, фарзандликка олувчи(лар), васийлик ва ҳомийлик органи вакиллари ҳамда прокурор иштирокида кўриб чиқилади. Бу — бола манфаатини тўлиқ таъминлашга хизмат қиладиган муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади.
Қонунчиликка кўра, ака-укалар ёки опа-сингиллар турли шахслар томонидан фарзандликка олинишига йўл қўйилмайди, фақат болалар манфаатидан келиб чиққан ҳоллар бундан мустасно.
Фарзандликка олувчи сифатида вояга етган эркак ёки аёл шахс қатнашиши мумкин. Бироқ Оила кодексининг 152-моддасида белгиланган айрим шахслар, жумладан, фарзандликка олишга монелик қилувчи касалликларга чалинган фуқаролар бундай ҳуқуққа эга эмас. Бу касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган.
Фарзандликка олиш сир сақланиши қонун билан ҳимоя қилинади.
Оила кодексининг 165-моддасига мувофиқ, фарзандликка олинган бола ўз фарзандликка олувчиларининг биологик фарзанди каби барча шахсий ва мулкий ҳуқуқларга эга бўлади. Шу билан бирга, фарзандликка олинган бола ўз биологик ота-онаси ва уларнинг қариндошларига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларини йўқотади.
Баъзи ҳолларда боланинг манфаатларидан келиб чиқиб, унинг айрим ҳуқуқлари сақланиб қолиши мумкин. Масалан, фарзандликка олувчи эркак бўлиб, боланинг онаси илтимос қилса ёки фарзандликка олувчи аёл бўлиб, боланинг отаси илтимос қилса, бола билан айрим номулкий ёки мулкий ҳуқуқий боғлиқлик сақланиши мумкин.
Шунингдек, агар боланинг ота-онасидан бири вафот этган бўлса, бува ёки бувининг илтимосига кўра бола билан улар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар ҳам сақланиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2013 йил 11 декабрдаги 21-сонли қарорининг 12-бандида таъкидланишича, ўн ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун унинг розилиги албатта олиниши шарт. Суд бунда болага фарзандликка олишнинг ҳуқуқий оқибатларини, яъни фамилия, исм ва ота исмининг ўзгариши, қариндошлар билан кўришиш тартиби ва бошқа масалаларни болага тушунарли қилиб баён этиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, фарзандликка олиш институти — ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим ҳуқуқий воситасидир. Судлар томонидан бу жараённи адолатли ва қонуний ҳал этиш оила институтини мустаҳкамлайди, жисмонан соғлом ва маънан етук авлод тарбиясига хизмат қилади.
Нурлибай АКИМНИЯЗОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро суди судьяси