ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТНОМАСИ: АДОЛАТ ЙЎЛИДАГИ ВАЗИФАЛАР

 

2025 йил 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий Мажлис ва халқимизга йўлланган Мурожаатнома нафақат йилнинг сарҳисоби, балки келгуси йилга қаратилган муҳим вазифаларни белгилавчи ҳужжат бўлди. Судья сифатида уни диққат билан ўрганиб чиқдим ва юртимизда одил судловни таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги аҳамиятини баҳоладим.

 

Мурожаатномада давлат раҳбари 2026 йилда амалга ошириладиган олти асосий йўналишни белгилаб, фуқароларни пассив кутиб ўтиришга эмас, балки ўз масъулияти ва меҳнати билан ўзгаришларни яратишга чақирди. Тарихий қадриятларимиз — бирдамлик ва маҳалла тизимининг аҳамияти ҳам қайд этилди. Шу боис 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни такомиллаштириш йили” деб эълон қилиниши қўллаб-қувватланади.

 

Суд соҳасида эса энг долзарб муаммолар сифатида гиёҳвандлик, оилавий зўравонлик ва коррупция қайд этилди. Мамлакатда сўнгги икки йилда аёллар ва болаларга нисбатан 2 мингдан ортиқ оилавий зўравонлик ҳолати аниқланган, шунингдек 14 мингдан ортиқ гиёҳвандлик жинояти содир этилган. Судья сифатида таъкидлашим мумкинки, оиладаги зўравонлик — фақат ички масала эмас, бу бутун жамиятга дахлли, унинг олдини олишда барча давлат органлари, жумладан судлар ҳам сафарбар бўлиши лозим.

 

Коррупция масаласи ҳам алоҳида эътиборга молик. Суд соҳасидаги тажрибам шуни кўрсатадики, адолат ва қонун устуворлиги учун коррупцияга қарши қатъий чоралар жорий этилиши зарур. Мурожаатномада кўрсатилган комплаенс тизимлари ва ички назорат механизмлари бу борада муҳим қадам саналади.

 

Шу билан бирга, Президент Мурожаатномаси замонавий давлат бошқаруви ва одил суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда барча учун ишончли муҳит яратишга қаратилганлиги билан муҳим аҳамиятга эга.

 

 

Жанат АЙМАҒАНБЕТОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси