РАҚАМЛИ СУД АМАЛИЁТИ ВА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

 

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг юридика факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан судьялар иштирокида учрашув ўтказилди. Тадбирда суд тизимини рақамлаштириш, коррупцияга қарши курашиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорларининг мазмун-моҳияти кенг жамоатчиликка тушунтирилди.

 

 

 

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси А. Иматов суд тизимида коррупциянинг олдини олиш, давлат хизматларини рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Таъкидланидек, суд жараёнларининг электронлаштирилиши шаффофликни ошириб, инсон омилини камайтиришга хизмат қилади.

 

 

 

Шунингдек, Нукус туманлараро маъмурий суди судьяси Қ. Бабаназаров 2025 йил 24 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 23-сонли қарори мазмун-моҳиятини ёритиб, мазкур қарор суд амалиётида ягона ёндашувни таъминлашга қаратилганини қайд этди.

 

 

Судьялар ўз маърузаларида суд фаолиятини рақамлаштириш фуқароларнинг судларга мурожаат қилишини соддалаштириши, масофавий иштирок, электрон ариза топшириш ва суд ҳужжатларини онлайн олиш имкониятларини янада кенгайтиришини таъкидладилар. Бу ўз навбатида одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.

 

 

Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан фикр алмашдилар.