СУД ТИЗИМИДА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ

 

Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев фаолиятининг илк кунлариданоқ бу иллатга қарши муросасиз курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашни устувор вазифа сифатида белгилаб берди.

 

Бу борадаги муҳим ҳуқуқий асослардан бири — «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши бўлди. Мазкур ҳужжат коррупция тушунчасига аниқ таъриф бериб, унга қарши тизимли курашнинг мустаҳкам пойдеворини яратди. Қонунга кўра, шахснинг ўз хизмат мавқеидан шахсий ёки бошқалар манфаати йўлида қонунга хилоф равишда моддий ёки номоддий наф олиши коррупция сифатида баҳоланади. Оддий тил билан айтганда, бу — пора олиш-бериш, таниш-билишчилик ва лавозимдан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш ҳолатларидир.

 

Сўнгги йилларда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида изчил ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Олий суд раиси Б.Исломов раҳбарлигида судлар фаолиятида очиқликни кучайтириш, мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва жамоатчилик назоратини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Бугунги кунда фуқаролар учун суд тизимида коррупция ҳолатларига дуч келган тақдирда тезкор мурожаат қилиш имкониятлари яратилган. Ишонч телефони, Telegram-бот ва расмий веб-сайт орқали мурожаат юбориш мумкин. Энг муҳими, мурожаат қилган шахснинг шахси сир сақланиши ҳамда мурожаат белгиланган тартибда кўриб чиқилиши қонун билан кафолатланган.

 

Суд тизимида ҳалоллик муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида Олий суд Президиумининг қарори билан пора таклиф этилгани ҳақида хабар бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби ҳам жорий этилди. Бу эса судьялар ва суд ходимлари фаолиятида очиқлик стандартларини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

 

2024 йил 27 декабрда қабул қилинган «Судларда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги буйруқ эса соҳада янги босқични бошлаб берди. Ушбу ҳужжат билан коррупцияга қарши сиёсат, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, хавф-хатарларни баҳолаш, давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва мурожаатларни қабул қилиш тартибини қамраб олган қатор муҳим ички ҳужжатлар тасдиқланди.

 

Шунингдек, судьялар ва суд ходимларининг ҳуқуқий онги ва масъулиятини ошириш мақсадида коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ўқув дастурлари йўлга қўйилган. Амалда турли мавзуларда маъруза ва семинарлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

 

Қисқаси, суд тизимида коррупцияга қарши курашиш фақат жазо чоралари билан чекланиб қолмаяпти. Бугун бу жараён профилактика, очиқлик, рақамлаштириш ва институционал назорат механизмлари орқали комплекс тарзда йўлга қўйилган. Бу эса, ўз навбатида, одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

 

Жанат АЙМАГАНБЕТОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси  маъмурий суди судьяси

ҚАРЗНИ УНДИРИШ ҲАҚИДА СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ  

 

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасида белгиланганидек, қарз шартномаси бўйича бир тараф — қарз берувчи иккинчи тарафга, яъни қарз олувчига пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради. Қарз олувчи эса, қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ё қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни ёхуд қарз суммасини қайтариб бериш мажбуриятини олади.

 

Қарз шартномаси шартига кўра, қийматга эга олинган нарса шартномада кўрсатилган вақтда қайтарилиши лозим. Борди-ю, қайтариш муддати шартномада кўрсатилмаган бўлса, қарз қарзни берувчи талаб қилган вақтда қайтарилиши керак.

 

Қарз шартномасининг бошқа шартномалардан фарқланадиган, юридик аҳамиятга эга ўзига хос хусусиятлари мавжуд.

 

Хусусан, қарз шартномаси реал бўлиб, унинг маъноси шундаки, шартнома нарса, пул ёки ашёни қарз берувчи қарз олувчига топшириш пайтидан вужудга келади ва худди шу вақтдан шартнома тузилган ҳисобланади. Қарз шартномаси бир томонлама шартнома ҳисобланиб, бир тараф — қарз берувчи қарз бериш ҳуқуқига эга бўлса, иккинчи томонда қарз нарсасини қайтариш мажбурияти вужудга келади. Шартномага кўра, қарздор олган мулкдан фойдаланиб, уни бошқариш ҳуқуқи берилганлиги туфайли мулкнинг вақтинчалик эгаси ҳисобланади. Қарз шартномаси аксарият ҳолларда текинга тузилади. Қонун ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда фоизлар олишга йўл қўйилади. Фуқаролар ўртасида қарз суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, шартнома оддий ёзма шаклда тузилиши шарт. Шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса, суммасидан қатъи назар қарз шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак.

 

Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёхуд муайян миқдордаги ашёлар топширилганини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади. Борди-ю, қарз мажбурияти қарз олувчи томонидан вексель, облигация ёки қарз суммасини ва қарз берувчининг уни ундириб олиш ҳуқуқини белгилайдиган бошқа қимматли қоғоз билан тасдиқланган бўлса, бундай ҳолда қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.

 

Қарз берувчи қарзни вақтида қайтариб ололмаганида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжуд.

 

Қарзни ундириш ҳақида судга агар нотарила тасдиқланган низосиз талаб бўлса суд буйруғини бериш тўғрисида ариза билан ёки даъво ариза шаклида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судларига мурожаат қилинади.

 

Судга ариза берилганда даъво баҳосининг (қарз суммаси) 4 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади. Агар қарз шартномаси бўйича тарафлар юридик шахслар бўлса, давлат божи даъво баҳосининг 2 фоизи миқдорида ундирилади.

 

Даъво аризада (аризада) суднинг номи, даъвогар (аризачи) ва жавобгар (қарздор) Ф.И.Ш ва яшаш манзиллари, боғланиш маълумотлари, реквизитлари (агар мавжуд бўлса), даъво асоси ва суммаси ҳамда талаб кўрсатилади ва даъвогар (аризачи) ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

 

Даъво ариза (ариза)га унинг нусхаси, даъво талабларини тасдиқловчи ҳүужжатлар, яъни қарз шартномаси ёки унга тенглаштирилган ёзма ҳужжатлар асл нусхаси, давлат божи ва почта харажати тўлангани тўғрисида ҳүжжатлар ва бошқа ҳужжатлар илова қилинади.

 

Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича биринчи инстанция судлари томонидан 2025 йил давомида қарзни ундириш билан боғлик жами 1188 фуқаролик иши кўриб тамомланган, шундан 1030 даъво ариза қаноатлантирилган, 48 таси рад этилган, 13 та иш иш юритишдан тугатилган, 97 та ариза кўрмасдан қолдирилган.

 

Шу ўринда суд амалиётидан бир мисол, даъвогар Х.Ахмедов судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Н.Кобейсиновдан 15.000.000 сўм қарз пулини ундириб беришни сўраган.

 

Суд ҳал қилув қарори билан даъво ариза қаноатлантирилиб, жавобгар Н.Кобейсиновдан даъвогар Х.Ахмедовнинг фойдасига 15.000.000 сўм қарз пули ва суд харажатлари ундирилган.

 

Чунки, даъвогар Х.Ахмедов 2025 йили май ойида жавобгар Н.Кобейсиновга қайтариб бериш шарти билан қарзга 15.000.000 сўм берган. Бу ҳақида жавобгар Н.Кобейсинов тил хат ёзиб берган лекин қарз пулни даъвогар талаб қилган пайтдан буён қайтармаган.

 

Суд мажлисларида Н.Кобейсинов даъво талабини тан олиб, даъвогар Х.Ахмедовдан қарз олганлигини, лекин ҳозирги кунда моддий аҳволи туфайли қайтара олмаётганлигини билдирган.

 

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732, 733, 735-моддаларига кўра,  қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади. Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт. Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик ушбу Кодекснинг 109-моддасида назарда тутилган оқибатларга олиб келади. Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

 

Амалдаги Фуқаролик кодекси 735-моддасининг 1 ва 2-қисмларига кўра, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт. Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак.

 

Ушбу қонун талабларига асосан суд, даъвогар Х.Ахмедовнинг даъво аризасини қаноатлантириш ҳақида хулосага келган.

 

 

 

 Саодат КАИПНАЗАРОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси                           

САЙЁР СУД — ЖИНОЯТГА ЖАЗО, ЖАМОАТЧИЛИККА ҲУҚУҚИЙ САБОҚ

 

Чимбой тумани Адлия бўлими биносида Жиноят ишлари бўйича Чимбой туман судининг раиси А.Успанов раислигида очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилди.

 

Сайёр суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган П.Д. ва И.Б., шунингдек, Жиноят кодексининг 238-моддаси 3-қисми “б” банди ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларда айбланган А.А.га нисбатан жиноят ишлари кўриб чиқилди.

 

Суд муҳокамаси давомида П.Д. ва И.Б. ўз айбларини тўлиқ тан олиб, қилмишларидан пушаймон эканликларини билдирдилар. Суд ҳукмига кўра, улар Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, ушбу модда санкцияси доирасида жарима жазоси тайинланди.

 

Шунингдек, А.А. ҳам ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганини маълум қилди. Суд томонидан у Жиноят кодексининг 238-моддаси 3-қисми “б” банди ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 3 йил 7 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 

Суд мажлиси якунида суд раиси томонидан мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг суд тизимига оид яқинда қабул қилинган фармонлари мазмун-моҳияти юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

Сайёр суд мажлислари нафақат жиноят ишларини кўриб чиқиш, балки аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни оширишга ҳам хизмат қилаётгани таъкидланди.

ПЛЕНУМ ҚАРОРИ – ЯГОНА СУД АМАЛИЁТИ КАФОЛАТИ

Нукус туман суди биносида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди.

 

Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад — жиноят ишлари бўйича судларда жазо тайинлаш амалиётини янада такомиллаштириш, қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўллашни таъминлаш, шунингдек, Пленум қарорига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига етказишдан иборат бўлди.

 

Семинарда жиноят ишлари бўйича Нукус тумани судининг раиси Г.Бисенова, тергов судьяси Г.Утепбергенова, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари вакиллари иштирок этдилар.

 

Тадбир давомида Пленум қарорига киритилган янгиликлар, хусусан жазо тайинлашда жиноятнинг оғирлик даражаси, шахснинг айбдорлик шакли, содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни инобатга олиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, суд амалиётида учраётган айрим муаммоли жиҳатлар таҳлил қилиниб, ягона ҳуқуқий ёндашувни шакллантириш зарурлиги таъкидланди.

 

Иштирокчилар томонидан жиноят учун жазо тайинлашда адолат, қонунийлик ва инсонпарварлик тамойилларига қатъий риоя этиш муҳим экани алоҳида қайд этилди. Янги ўзгартириш ва қўшимчалар суд амалиётида жазоларнинг мутаносиблигини таъминлаш, шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда одил судлов сифатини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Семинар якунида таъкидланганидек, бундай мулоқот ва ўзаро тажриба алмашувлар суд амалиётини такомиллаштириш, адолат ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

СУД АМАЛИЁТИ ВА ТЕРГОВ СИФАТИ: САМАРАДОРЛИККА ЙЎНАЛТИРИЛГАН МУЛОҚОТ

 

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси суди томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида судьялар ва прокуратура ходимларининг билим ва малакасини ошириш, касбий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган ўқув-семинарлари мунтазам ташкил этилмоқда.

Мазкур тадбирнинг асосий мақсади — тергов сифати ва самарадорлигини янада юксалтириш, тергов ҳамда суд жараёнларида қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўллашни таъминлаш, шу орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдан иборат. Шунингдек, амалдаги қонунчиликка киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига атрофлича етказиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида ўтказилган навбатдаги семинар жиноят ишлари бўйича судларда маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар юзасидан шаклланган суд амалиёти ва ишларни кўриб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим жиҳатларга бағишланди.

Тадбирда суд амалиётидаги долзарб масалалар — қонун нормаларини изчил ва ягона тарзда қўллаш, далилларни холисона баҳолаш, ҳуқуқбузарлик таркибини тўғри квалификация қилиш каби жиҳатлар атрофлича муҳокама қилинди. Шу орқали жамоат тартибини таъминлаш ва фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда судларнинг масъулияти ва ўрни яна бир бор таъкидланди.

Семинарда жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар судининг тергов судьяси Д.Сражатдинов ҳамда Мўйноқ тумани судининг тергов судьяси Б.Досимбетов иштирок этиб, амалиётда учраётган айрим муаммоли ҳолатлар юзасидан фикр алмашдилар. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган 592-модда (оилавий, яъни маиший зўравонлик), 60-модда (табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузиш), 61-модда (оз миқдорда талон-торож қилиш), 131-модда (транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш)ларига оид ишлар бўйича шаклланган суд амалиёти таҳлил қилинди. Аниқ мисоллар асосида ҳуқуқий ёндашувлар кўриб чиқилиб, ягона суд амалиётини шакллантириш масалалари муҳокама этилди.

Тадбир якунида бундай ўқув-семинарлар қонун устуворлигини таъминлаш ва одил судлов сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

 

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ: ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТНИНГ МУСТАҲКАМ КАФОЛАТИ

 

 

Коррупция ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидаги энг жиддий хавфлардан бири ҳисобланади. У давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигига путур етказади, қонун устуворлиги тамойилини заифлаштиради ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга салбий таъсир кўрсатади. Шу боис коррупциянинг ҳуқуқий табиатини чуқур ўрганиш, унинг келиб чиқиш омилларини таҳлил қилиш ва унга қарши курашишнинг самарали қонуний механизмларини такомиллаштириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан биридир.

 

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, коррупция — шахснинг ўз хизмат мавқеидан шахсий ёки бошқа шахслар манфаати йўлида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, шунингдек бундай фойдаланиш учун ноқонуний наф олиши ёки тақдим этишидир. У пора олиш ва бериш, хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги, манфаатлар тўқнашуви каби турли кўринишларда намоён бўлади. Коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг ҳуқуқий тавсифи Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқа соҳавий қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган.

 

Жиноят-ҳуқуқий чоралар коррупцияга қарши курашишнинг асосий механизмларидан бири ҳисобланади. Жиноят кодексида пора олиш, пора бериш, воситачилик қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби қилмишлар учун қатъий жавобгарлик белгиланган. Жазонинг муқаррарлиги принципи коррупциявий жиноятларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Бироқ фақат жазо чоралари билан чекланиб қолиш етарли эмас. Маъмурий ва интизомий жавобгарлик, манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш, декларация тизимини жорий этиш каби профилактик механизмлар ҳам коррупция хавфини камайтиришга хизмат қилади.

 

Коррупцияга қарши курашишда қонун устуворлиги тамойили ҳал қилувчи ўрин тутади. Конституцияда барча фуқаролар қонун олдида тенг экани белгилаб қўйилган. Агар ҳуқуқни қўллаш амалиётида тенглик таъминланмаса, коррупция тизимли характер касб этади. Шу нуқтаи назардан, суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьяларнинг дахлсизлиги ва холислиги адолатли судловни таъминлашнинг асосий кафолатларидир. Судлар томонидан коррупцияга оид ишлар қонуний, асосли ва холис кўриб чиқилиши жамиятда ҳуқуқий ишончни мустаҳкамлайди.

 

Коррупцияга қарши курашишнинг институционал асослари ҳам мустаҳкамланмоқда. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат сиёсатидаги мувофиқлаштирувчи орган сифатида профилактика, таҳлил ва мониторинг вазифаларини амалга оширади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш амалиёти эса қонун ижодкорлиги жараёнидаёқ коррупциявий омилларни аниқлаш имконини бермоқда. Бу ёндашув реактив эмас, балки превентив механизм сифатида аҳамиятлидир.

 

Замонавий шароитда давлат хизматларини рақамлаштириш коррупцияга қарши курашишнинг самарали воситаларидан бирига айланмоқда. Электрон ҳукумат тизими, онлайн давлат хизматлари, автоматлаштирилган ахборот платформалари инсон омилини қисқартириб, қарор қабул қилиш жараёнларининг шаффофлигини оширади. Рақамли назорат механизмлари маблағлар ҳаракатини кузатиш ва давлат харидларида очиқликни таъминлаш имконини беради. Бу эса коррупция хавфини сезиларли даражада камайтиради.

 

Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашиш фақат жиноий жазо қўллаш билан чекланмайди. У ҳуқуқий, институционал ва ташкилий чора-тадбирларнинг ўзаро уйғун тизимини талаб этади. Қонун устуворлиги, суд мустақиллиги, шаффоф бошқарув ва рақамли трансформация каби омиллар коррупцияга қарши курашишнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворини яратади. Адолатли ва шаффоф жамият барпо этиш йўлида ҳар бир давлат органи ва мансабдор шахс ўз масъулиятини чуқур англаши зарур.

 

 

Жасурбек БАЛТАБАЕВ,

 Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси

Skip to content