ХУСУСИЙ АЖРИМЛАР ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА МУҲИМ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТДИР
Жиноятчиликка қарши кураш фақат жиноят содир этилгандан сўнг айбдор шахсга нисбатан жазо қўллаш билан чекланмайди. Замонавий ҳуқуқий давлатда жиноятларнинг олдини олиш, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада судлар фаолиятида қўлланилаётган таъсирчан ҳуқуқий институтлардан бири — хусусий ажримлардир.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 298-моддасига мувофиқ, жиноят ишини кўриш жараёнида жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар аниқланган тақдирда, суд хусусий ажрим чиқаради ҳамда унда тегишли давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, жамоалар ёки мансабдор шахслардан ушбу сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўришни талаб қилади. Мазкур норма суд фаолиятининг фақат жазо тайинлаш билан чекланмасдан, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган профилактик ва тарбиявий аҳамиятга ҳам эга эканини яққол ифодалайди.
Хусусий ажрим — бу жиноят иши бўйича чиқарилган ҳукм ёки қарордан ташқари қабул қилинадиган, жиноятга олиб келган омилларга ҳуқуқий баҳо берувчи ҳамда уларни бартараф этишни талаб қилувчи мустақил процессуал ҳужжатдир. У орқали суд давлат органлари, корхона ва муассасалардаги назоратсизлик, хизмат интизомининг бузилиши, мансабдор шахсларнинг лоқайдлиги каби ҳолатларга эътибор қаратади.
Жиноятчилик профилактикаси масаласи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси нормаларида ҳам ўз ифодасини топган. Жиноят кодексининг 2-моддасида жиноят қонунчилигининг вазифалари сифатида шахс, жамият ва давлат манфаатларини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, жиноятларнинг олдини олиш белгиланган. Хусусий ажримлар айнан шу вазифани амалга оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ҳам ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш масаласи алоҳида эътиборга олинган. Бу эса судлар томонидан чиқарилаётган хусусий ажримларнинг фақат жиноят ишлари доирасида эмас, балки ҳуқуқий тартиботни таъминлаш тизимида умумий аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
“Судлар тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, суд ҳокимияти қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш вазифасини бажаради. Хусусий ажримлар эса мазкур вазифанинг амалий ифодаси бўлиб, суднинг жиноятчиликка қарши курашдаги фаол ролини намоён этади.
Амалиётда кўп ҳолларда хусусий ажримлар асосида ташкилотларда ички назорат тизими қайта кўриб чиқилади, хизмат интизомини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланади, масъул шахсларнинг жавобгарлиги оширилади. Қонунчиликка мувофиқ, хусусий ажрим юборилган орган ёки мансабдор шахс уни белгиланган муддатда кўриб чиқиши ва кўрилган чора-тадбирлар ҳақида судга ахборот тақдим этиши шарт. Бу эса унинг ижросини таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, хусусий ажримлар жиноятчиликнинг олдини олишда муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади. Ушбу институт орқали жиноятларнинг илдиз сабабларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга эришилади. Шу маънода, хусусий ажримларни ўз вақтида, асосли ва мазмунан тўғри қўллаш жиноятчилик профилактикасининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Жеткиншек ҚДЫРНИЯЗОВ,
жиноят ишлари бўйича Шўманой тумани судининг тергов судьяси






