ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТЛАР КУЧАЙТИРИЛДИ
Оила — жамиятнинг таянчи. Унинг мустаҳкамлиги эса нафақат маънавий қадриятлар, балки аниқ ҳуқуқий кафолатлар билан ҳам таъминланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини экани, у жамият ва давлат ҳимоясида бўлиши қатъий белгилаб қўйилган. Шунингдек, 58-моддага мувофиқ, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли бўлиб, давлат уларга жамият ва давлат бошқарувида ҳамда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида тенг имкониятлар яратишни кафолатлайди.
Бугунги кунда оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, уларнинг фаровонлигини ошириш ва хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилди. Шу билан бирга, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш зарурати долзарб вазифа сифатида кун тартибига чиқди.
Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, 2025 йил 9 апрелда қабул қилинган «Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг 1053-сонли Қонуни билан қатор муҳим янгиликлар жорий этилди. Унга кўра, Оила кодексининг 40-моддаси янги қоида билан тўлдирилди: эндиликда суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахс талаб қилган тақдирда ярашиш учун муддат белгиламайди.
Бу норма амалиётда жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки аввал айрим ҳолатларда ярашиш муддати тайинланиши жабрланган шахс хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди. Янги тартиб эса биринчи навбатда инсон хавфсизлигини устувор қўяди.
Қонун билан Уй-жой кодексига ҳам муҳим қўшимча киритилди. Энди уй-жойдан фойдаланишга оид низолар кўрилганда суд тарафлар келишувига асосан мулкдор зиммасига мажбурий киритилаётган шахсни тенг шароитли бошқа уй-жой билан таъминлаш ёки ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин. Бу норма айниқса низоли ҳолатларда ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур ўзгартишлар суд амалиётида бир хил қўлланилишини таъминлаш мақсадида Олий суд Пленумининг 2025 йил 23 июндаги 15-сон қарори билан тегишли қарорлар ҳам янгиланди. Хусусан, никоҳдан ажратиш ишларини кўриш тартибига оид қоидалар қайта кўриб чиқилиб, зўравонликдан жабрланган шахс манфаатларини устувор ҳимоя қилиш механизмлари аниқ белгилаб берилди.
Шу билан бирга, судларга оилавий (маиший) зўравонлик ҳолатларини баҳолашда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59²-моддаси ва Жиноят кодексининг 126¹-моддаси талабларидан келиб чиқиш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Умуман олганда, қонунчиликка киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар оилавий зўравонликдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтиришга, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга ҳамда оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш тамойили изчил таъминланаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
Еркин ЎТЕНИЯЗОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси






