АДОЛАТ ЙЎЛИДА ЁЗИЛГАН 75 ЙИЛЛИК ИБРАТ

 

Умрлар бор — бир яшагулик. Умрлар бор — мангу яшагулик. Шундай умр эгалари борки, уларнинг ҳаёт йўли фақат шахсий тақдир эмас, балки бир даврнинг маънавий қиёфасига айланади. Ана шундай инсонлардан бири — “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган юрист”, “Дўстлик” ордени ва “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби, суд фахрийси Парахат Айтниязов бу йил муборак 75 ёшни қарши олди.

 

 

Нукус шаҳрида ўтказилган тантанали анжуман фақат юбилей эмас, балки бир умрлик садоқат, ирода ва адолатга бағишланган ҳаётнинг эътирофи сифатида ўтди. Тадбирда юбилярнинг ҳамкасблари, шогирдлари, кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди. Залда фақат табриклар эмас, самимий ҳурмат, устозга бўлган чексиз эҳтиром ҳукм сурарди.

 

 

Анжуманда Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Мингбоевнинг маърузаси ўқиб эшиттирилди. У ўз нутқида Парахат Айтниязовнинг ҳаёт йўлини “тасодифлар эмас, балки аниқ мақсад, мустаҳкам ирода ва адолатга бўлган чуқур ишонч асосида қурилган ибратли йўл” дея таърифлади.

 

 

Дарҳақиқат, юбилярнинг меҳнат фаолияти ҳуқуқшунослик соҳасида алоҳида саҳифаларни ташкил этади. У Нукус шаҳар суди судьясидан тортиб, Қўнғирот туман суди раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари, собиқ иттифоқ даврида СССР Адлия вазирлиги катта маслаҳатчиси каби масъул лавозимларда ишлади.

 

 

Мустақилликнинг илк йилларида эса қонунчилик ва ҳуқуқ тартибот қўмитасига раҳбарлик қилиб, янги давлатчилик пойдеворини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшди.

 

Кейинчалик унга ишонч билдирилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди раиси лавозими топширилди. Ушбу масканда ўн беш йил давомида одил судловни таъминлаш, қонун устуворлигини қарор топтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлида сабот билан меҳнат қилди.

 

 

Парахат Айтниязов нафақат раҳбар, балки устоз сифатида ҳам юзлаб ёш ҳуқуқшуносларга ҳаёт мактаби бўлди. Бугун унинг шогирдлари турли масъул лавозимларда адолат анъаналарини давом эттиришмоқда. Бу — устоз меҳнатининг энг катта самараси.

 

 

Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б.Исламовнинг табриги ҳам ўқиб эшиттирилди. Юбилярнинг жамият ривожига қўшган ҳиссаси, юксак инсонпарварлик фазилатлари алоҳида эътироф этилди.

 

 

Қорақалпоғистон ҳақида сўз кетганда эл қалбида қолган буюк номлар ёдга олинди: Ибройим Юсупов, Муса Ерниязов, Қаллыбек Камалов. Ана шундай эл ардоқлаган инсонлар сафида Парахат Айтниязов номи ҳам муносиб ўрин эгаллаши таъкидланди.

 

 

Бугун у ҳали-ҳамон фаол — Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раиси сифатида фаолият юритмоқда. Бу ишонч — унинг йиллар давомида орттирган тажрибаси ва юксак обрўсининг ёрқин далилидир.

 

 

Тантана якунида устознинг ҳаёт йўли ибрат сифатида тилга олинди. У ҳақда “Бу одам ҳудди чинордек — илдизлари чуқур, сояси кенг” дея таъриф берилди.

 

Дарҳақиқат, айрим инсонлар борки, уларнинг умри йиллар билан эмас, эзгу амаллар билан ўлчанади. Парахат Айтниязов ана шундай мангу яшагулик умр соҳибларидан.

 

 

75 ёш — бу фақат бир сана эмас, балки адолатга бағишланган умрнинг яна бир нурли манзили. Илдизлари чуқур, сояси кенг чинордек бу ҳаёт йўли ҳали кўпларга паноҳ, унинг бой тажрибаси эса ёш ҳуқуқшунослар учун йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилишда давом этади. Чунки ҳақиқий устознинг умри йиллар билан эмас, тарбиялаган шогирдлари, қолдирган анъаналари ва жамиятда қолдирган изи билан ўлчанади. Парахат Айтниязов мана шундай инсонлардан – нафақат адолатга хизмат қилган арбоб, балки бутун бир ҳуқуқшунослик мактабини яратган устоз сифатида эл ҳурматида азиз ва қадрли.

 

ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ ҲУҚУҚИЙ КАФОЛАТЛАР КУЧАЙТИРИЛДИ

 

Оила — жамиятнинг таянчи. Унинг мустаҳкамлиги эса нафақат маънавий қадриятлар, балки аниқ ҳуқуқий кафолатлар билан ҳам таъминланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини экани, у жамият ва давлат ҳимоясида бўлиши қатъий белгилаб қўйилган. Шунингдек, 58-моддага мувофиқ, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли бўлиб, давлат уларга жамият ва давлат бошқарувида ҳамда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида тенг имкониятлар яратишни кафолатлайди.

 

Бугунги кунда оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, уларнинг фаровонлигини ошириш ва хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилди. Шу билан бирга, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш зарурати долзарб вазифа сифатида кун тартибига чиқди.

 

Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, 2025 йил 9 апрелда қабул қилинган «Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг 1053-сонли Қонуни билан қатор муҳим янгиликлар жорий этилди. Унга кўра, Оила кодексининг 40-моддаси янги қоида билан тўлдирилди: эндиликда суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахс талаб қилган тақдирда ярашиш учун муддат белгиламайди.

 

Бу норма амалиётда жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки аввал айрим ҳолатларда ярашиш муддати тайинланиши жабрланган шахс хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди. Янги тартиб эса биринчи навбатда инсон хавфсизлигини устувор қўяди.

 

Қонун билан Уй-жой кодексига ҳам муҳим қўшимча киритилди. Энди уй-жойдан фойдаланишга оид низолар кўрилганда суд тарафлар келишувига асосан мулкдор зиммасига мажбурий киритилаётган шахсни тенг шароитли бошқа уй-жой билан таъминлаш ёки ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин. Бу норма айниқса низоли ҳолатларда ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади.

 

Мазкур ўзгартишлар суд амалиётида бир хил қўлланилишини таъминлаш мақсадида Олий суд Пленумининг 2025 йил 23 июндаги 15-сон қарори билан тегишли қарорлар ҳам янгиланди. Хусусан, никоҳдан ажратиш ишларини кўриш тартибига оид қоидалар қайта кўриб чиқилиб, зўравонликдан жабрланган шахс манфаатларини устувор ҳимоя қилиш механизмлари аниқ белгилаб берилди.

 

Шу билан бирга, судларга оилавий (маиший) зўравонлик ҳолатларини баҳолашда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59²-моддаси ва Жиноят кодексининг 126¹-моддаси талабларидан келиб чиқиш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

 

Умуман олганда, қонунчиликка киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар оилавий зўравонликдан жабрланган шахсларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтиришга, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга ҳамда оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш тамойили изчил таъминланаётганининг яна бир амалий ифодасидир.

 

 

Еркин ЎТЕНИЯЗОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Skip to content