СУД ФАОЛИЯТИДА ОДОБ-АХЛОҚ: ОДИЛ СУДЛОВНИНГ АСОСИЙ ТАМОЙИЛИ

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, мамлакатимизда одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади ва суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ҳамда ижро этувчи ҳокимиятдан тўла мустақил ҳисобланади. Суднинг мустақиллиги – фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари адолатли ҳимоя қилинишига асосий кафолатдир.

Сўнгги йилларда суд ишлари сони ортиб, одил судловга қўйиладиган талаблар янада ошди. Янги шароитлар, янгича ёндашув ва фуқароларнинг адолатга бўлган талаби суд-ҳуқуқ тизимидан юқори масъулиятни талаб этмоқда.

Шу боис суд фаолиятида тартиб-интизом, шахсий жавобгарлик ва холислик – ҳар бир судья ҳамда суд ходимининг кундалик иш меъёрига айланиши зарур. Чунки суд остонасига келган ҳар бир инсон бу ерда адолат ҳукм сураётганига ишонч ҳосил қилиши керак.

Жамиятда қабул қилинган одоб-ахлоқ меъёрлари суд тизимида алоҳида аҳамият касб этади:

Одоб – шахснинг хушмуомалалиги ва миллий қадриятларга таянган хулқи.

Хулқ – инсоннинг жамоа ва муҳитдаги маънавий қиёфаси.

Ахлоқ – жамият учун ибрат бўладган хайрли амаллар мажмуаси.

Интизом – ҳуқуқий ва ахлоқий талабларга риоя этиш, ташкилот қоидаларига мос юриш.

Судья ана шу меъёрларнинг барчасига амал қилиши, қонунга ва жамоатчилик ишончига хилоф келмайдиган хатти-ҳаракатни намоён этиши шарт.

Судьянинг хизматда ҳам, хизматдан ташқари вақтда ҳам қандай ўзини тутиши лозимлиги Судьялар одоб кодексида белгилаб қўйилган. Бу меъёрлар судьянинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекламайди, аксинча унинг обрўси, холислиги ва мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Кодексда кўрсатилмаган ҳолларда эса судья жамиятдаги умумий ахлоқ меъёрларига ва халқаро стандартларга амал қилиши талаб этилади.

Судья ўз касбий нуқтаи назарини қонунчилик, ҳуқуқ ва суд амалиётига оид вазиятларда билдириши мумкин. Бироқ бунда унинг устидан таъсир ўтказилишига, мустақиллигига шубҳа туғилишига йўл қўйилмаслиги зарур.

 

Шунингдек, судья давлат органлари фаолиятини оммавий танқид қилишдан тийилиши, турли комиссия ва гуруҳлар ишида қатнашиши унинг холислигига путур етказмаслиги керак.

Суд тизимининг обрўси, адолатли қарорлар қабул қилиниши, фуқароларнинг судга бўлган ишончи – бевосита тартиб-интизом ва одоб-ахлоққа боғлиқ. Шу боис бу қоидаларга нафақат судьялар, балки суд ходимлари ҳам қатъий амал қилишлари керак. Чунки улар келажакнинг судьялари, келажак адолат посбонларидир.

Суд-ҳуқуқ тизимидаги тартиб, принцип ва этика талаблари амалга оширилса, судлар ўз вазифасини тўла қондира олади. Бундай ёндашув фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши, мамлакатда қонунийлик ва адолат устувор бўлишининг асосий кафолатидир.

 

 

Зульфия БЕРДИМУРАТОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси