МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИК ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА
Бугунги кунда жаҳон миқёсида глобаллашув жараёнларининг кучайиши ҳар бир давлат олдида, аввало, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда фаровон ҳаёт кечиришлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш вазифасини долзарб қилиб қўймоқда. Бу эса, ўз навбатида, жамиятда фуқароларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашни тақозо этади.
Мазкур жараёнда маъмурий судларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, маъмурий судларнинг асосий вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишдан иборат.
Ушбу вазифаларнинг тўлақонли амалга оширилиши кўп жиҳатдан маъмурий суд ишларини юритишда қўлланиладиган процессуал мажбурлов чоралари доираси билан бевосита боғлиқ. Шу маънода, маъмурий судларнинг ҳуқуқий таъсир чораларини янада кенгайтириш орқали давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларининг самарали ва ишончли ҳимоя этилишини таъминлаш имкониятлари янада ошади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси асосида маъмурий судлар томонидан суд жарималари, шунингдек, хусусий ажрим ва хабарнома шаклида процессуал таъсир чоралари қўлланилиб келинмоқда. Айни пайтда, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида ҳам суд фаолиятини таъминлашга қаратилган қатор муҳим нормалар белгиланган.
Жумладан, мазкур Кодекснинг 180-моддасида судга ҳурматсизлик қилганлик, 181-моддасида эса суднинг хусусий ажрими (қарори) бўйича чоралар кўрмаслик учун маъмурий жавобгарлик чоралари назарда тутилган. Низоларни ҳал этиш жараёнида ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, бундай ишлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддасига мувофиқ жиноят ишлари бўйича судлар, 245¹-моддасига мувофиқ иқтисодий судлар ҳамда 245⁴-моддасига мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилиши белгиланган.
Эндиликда мазкур соҳада янги босқич бошланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПҚ–33-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш Концепциясида низоларни ҳал этиш жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини маъмурий судларга ҳам бериш назарда тутилган.
Шу билан бирга, ушбу Қарорда маъмурий суд ишларини юритишда қўлланиладиган процессуал мажбурлов чораларининг доирасини аниқ белгилаш ва уларни тизимли равишда такомиллаштириш масалалари ҳам кўзда тутилган. Бу эса маъмурий судларнинг ҳуқуқий таъсир имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг мазкур Қарори соҳада изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида мамлакатимизда маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди. Ишонч билан айтиш мумкинки, илғор хорижий тажрибага мувофиқ маъмурий судлар фаолиятида янги институт ва механизмларнинг жорий этилиши давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларининг самарали ва ишончли ҳимоя этилишини таъминлашга, пировардида эса Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ва халқаро майдондаги имижининг янада юксалишига хизмат қилади.
Азат ИМАТОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси






