“ДАВЛАТ БОЖИ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНГА ЎЗГАРИШЛАР: АҲОЛИ ВА БИЗНЕС УЧУН ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

2025 йил 20 февралда Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-1032-сонли “Давлат божи тўғрисида”ги қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат мамлакатда давлат божи билан боғлиқ муносабатларни замон талабларига мос равишда ислоҳ қилиш, адолат ва самарадорликни таъминлаш мақсадини кўзлайди. Қонуннинг моҳияти ва аҳамиятини таҳлил қиладиган бўлсак, бир нечта муҳим йўналишларни кўрсатиш мумкин.

Аввало, электр ва иссиқлик энергияси етказиб берувчи ташкилотлар энди истеъмолчилар қарздорлиги учун судга мурожаат қилганда давлат божини тўламайди. Бу муҳим ўзгариш ҳисобланади, чунки коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар кўпинча қарздорликни ундириш жараёнида давлат божи учун катта маблағ сарфлашига тўғри келарди. Энди эса уларнинг молиявий юки енгиллашади, хизмат кўрсатиш сифатини сақлаб қолиш ва техник таъмирлаш ишларига маблағ йўналтириш имконияти ошади. Шу билан бирга, агар суд даъвони рад этса, давлат божи хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўзи томонидан тўланиши белгиланган. Бу ҳолат қонун нормасининг адолатли тарзда ишлашига хизмат қилади.

Иккинчидан, қонун хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилиш жараёнига ойдинлик киритди. Энди давлат божи қайси муддат учун тўланиши аниқ белгиланган. Бу ўзгариш хорижий бизнес учун ҳуқуқий тартибларнинг шаффофлиги ва барқарорлигини таъминлайди. Ўзбекистонда фаолият юритишни режалаштираётган хорижий компаниялар учун ишончли муҳит яратилиши мамлакат инвестициявий жозибадорлигини янада ошириши шубҳасиз.

Учинчидан, қонун аҳоли манфаатларига ҳам тўғридан-тўғри таъсир қилади. Суд орқали қарздорлик ундириш жараёни енгиллашиши фуқароларни ўз вақтида тўловларни амалга оширишга ундайди. Бу тўлов интизомини кучайтиради, ўз вақтида хизмат ҳақини тўлайдиган фуқароларнинг манфаатлари ҳимоя қилинади. Энг муҳими, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар барқарор маблағга эга бўлиб, электр ва иссиқлик таъминотида узилишларнинг олдини олиши мумкин.

Шу билан бирга, қонун ижросида эътибор қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар ҳам бор. Хусусан, аҳолида тўлов интизомининг пастлиги кўпинча ижтимоий ёки иқтисодий сабабларга бориб тақалади. Шунинг учун масалани фақат жазо чоралари билан эмас, балки қулай тўлов тизимларини жорий қилиш, аҳолига имтиёз ва қулайликлар яратиш орқали ҳал этиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, суд орқали мурожаат қилиш жараёнлари барча учун оддий ва арзон бўлиши, аккредитация жараёни эса тўлиқ шаффоф ташкил этилиши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, ЎРҚ-1032-сонли қонун давлат божи тизимини такомиллаштириш орқали хизмат кўрсатувчилар, аҳоли ва хорижий бизнес учун янги имкониятлар очади. У коммунал хизматлар барқарорлигини таъминлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва ҳуқуқий муносабатларда аниқликни оширишга хизмат қилади. Шунингдек, у аҳоли турмуш сифатини яхшилашга қаратилган қадам сифатида жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этади.

Низаматдин АБДАКИМОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси