КОРРУПЦИЯГА – ИСЛОҲОТЛАР ЙЎЛИДАГИ ЭНГ КАТТА ТЎСИҚ ВА ҒОВ
Коррупция – жамият ривожига тўсқинлик қилувчи, давлат институтларига бўлган ишончни пасайтирувчи салбий ҳодиса ҳисобланади. Айниқса, маиший коррупция кундалик ҳаётда фуқаролар ва давлат хизматчилари ўртасидаги муносабатларда намоён бўлиб, аҳолининг давлат тизимига бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатади.
2025 йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида иштирок этди. Йиғилишда мамлакатимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, келгусидаги вазифалар белгиланди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида коррупциянинг ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ эканини таъкидлаб, сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш бўйича қабул қилинган қонунлар ва яратилган янги тизимлар ҳақида маълумот берди.
Президент Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашни умуммиллий вазифа деб атаб, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг бу жараёнда фаол иштирок этиши зарурлигини таъкидлади. Кенг жамоатчиликни жалб қилиш, нодавлат ташкилотлар фаоллигини ошириш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.
Давлат раҳбари сўнгги йилларда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилди. Лекин судьяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб тургани қайд этиб лекин, айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.
“Барча раҳбарларни қатъий огоҳлантираман. Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланади. Бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади”, – деди Президент.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлигида сўнгги йилларда давлатимизда коррупцияга қарши курашишда тизимли ва комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, бу борада муҳим натижаларга эришилмоқда.
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштирилмоқда.
2017 йилда қабул қилинган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун ушбу соҳадаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлиб, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашишдаги ваколатлари ва мажбуриятларини белгилаб берди.
Шунингдек, 2020-йил 29-июнда Президентимизнинг ПФ-6013-сонли Фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Ушбу агентлик коррупциянинг олдини олиш, уни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш билан шуғулланади.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. 2019-йил 27-майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5729-сонли фармони билан коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланди. Ушбу фармон коррупциянинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратишга қаратилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПФ-6257-сонли Фармони билан давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари белгиланди. Ушбу фармон коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратишга хизмат қилади.
Юқоридаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда суд олдинга қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий суди тизимида ҳам коррупциянинг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш юзасидан ишлар тизимли равишда йўлга қўйилган.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2017 йил
30 августдаги РС-30-17-сонли қарори билан «Ўзбекистон Республикаси судлари судьяларининг одил судловни амалга оширишдаги ва суд ходимларининг хизмат вазифаларини бажаришдаги фаолияти давомида муайян ҳаракатларни бажариш ёки бажармаслик учун ҳақ (пора) таклиф қилинганлиги тўғрисида хабар бериш ва уни кўриб чиқиш Тартиби» тасдиқланган бўлиб, Тартибнинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Олий суди, қуйи судларнинг судьялари ва суд ходимларини, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг худудий бўлимларининг ходимларини ўз хизмат бурчига садоқатлилик руҳида тарбиялаш, суднинг ва ўз ҳамкасбларининг обрўсига путур етказадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзини тийишга чорлаш, пора таклиф қилишга имкон берувчи шароитларни яратишга йўл қўймаслик ҳамда жамиятда порахўрлик иллатини йўқотишга кўмаклашишдан иборатдир.
Шунингдек, 2024 йил 27 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раисининг “Судларда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 283-сонли буйруғи қабул қилинди.
Мазкур буйруқ билан қуйидагилар яъни,
-“ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати”;
-“Суд органларида манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги Низом”;
-“Суд органларида коррупцияга қарши тартиб-таомилларнинг самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш услубиёти”;
– “Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимларида давлат харидлари жараёнини ташкил этиш бўйича Низом”;
-“ Суд органларида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти”;
– “Ўзбекистон Республикаси Олий судининг алоқа каналлари орқали суд ходимларига оид коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида келиб тушган хабарларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш регламенти”;
– “Суд органларида коррупцияга қарши кўраш тизимининг ҳолати тўғрисидаги ҳисоботни шакллантириш ва тақдим этиш регламент”лари тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу соҳада қабул қилинаётган қонунлар ва Президент фармонлари давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциявий омилларни камайтиришга қаратилган.
Ушбу чора-тадбирлар натижасида фуқароларнинг давлат институтларига шу қатори судга бўлган ишончи мустаҳкамланади деб ишонамиз.
Хулоса ўрнида барча ҳамкасбларимизни ва фуқароларимизни коррупцияга қарши кураш жараёндан четда турмасликка чақириб қоламиз.
Еркин УТЕНИЯЗОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьялари малака ҳайъати раиси