Сўнгги йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида суд тизимини рақамлаштиришга, фуқароларнинг судга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш, одил судловнинг шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорликни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараён фуқароларнинг ҳуқуқий хавфсизлигини мустаҳкамлаш, иқтисодий ва ижтимоий фаолиятда ҳуқуқий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Президентимизнинг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони суд тизимида рақамли технологияларни жорий этишнинг янги босқичини бошлаб берди. Мазкур ҳужжат нафақат суд ишларини қоғоз шаклидан тўлиқ воз кечиш, балки сунъий интеллект орқали “Рақамли суд” концепциясини амалга оширишни ҳам назарда тутади.
Фармонда белгиланган вазифалар миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар билан уйғун. Хусусан, Конституциянинг 44-моддаси ҳар бир шахснинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини кафолатлайди, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 10-моддаси эса адолатли судловга эришиш ҳуқуқини эътироф этади. Шу боис “Рақамли суд” концепцияси Ўзбекистоннинг ҳуқуқий тизими ва халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилмоқда.
Рақамли суд тизими қатор ҳуқуқий ва амалий афзалликларни тақдим этади:
Сунъий интеллект орқали прогнозлаш: суд жараёнининг тахминий натижаси ва харажатлари олдиндан баҳоланади, фуқаролар ва тадбиркорлар учун ҳуқуқий таваккалчилик камаяди.
Электрон мурожаат ва масофавий иштирок: суд иштирокчилари бинога ташрифсиз, онлайн тарзда қатнашиши мумкин, бу вақт ва харажатларни тежайди ҳамда суд жараёнининг очиқлигини таъминлайди.
Ҳужжат айланмаси шаффофлиги: иш материаллари электрон шаклда тақдим қилиниши орқали ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилади.
Автоматик жараёнлар: ижро варақалари ва баённомалар сунъий интеллект томонидан тайёрланиши инсон омилларидан келиб чиқадиган суиистеъмол эҳтимолини камайтиради.
Суд тизимини рақамлаштиришнинг илмий аҳамияти ҳам катта. “Кибер ҳуқуқ” соҳасида янги тадқиқотларнинг зарурияти пайдо бўлади, шу жумладан, электрон далилларни баҳолаш, сунъий интеллект орқали тайёрланган ҳужжатнинг юридик кучга эгалиги масалалари алоҳида тадқиқотларни талаб қилади.
Амалий жиҳатдан эса, “Рақамли суд” концепцияси судларнинг самарадорлигини ошириб, иқтисодий ва фуқаролик айланмасида ҳуқуқий барқарорликни таъминлайди. Суд жараёнлари тезкор ва шаффоф ўтказилганда, тадбиркорлик муҳити ҳам ривожланади, фуқаролар судга мурожаат қилишда қийинчиликка дуч келмайди, ҳуқуқий барқарорлик эса мустаҳкамланади.
Эндиликда суд ишлари замонавий технологиялар ёрдамида тезроқ, шаффоф ва оддий тарзда амалга оширилади. Фуқаролар ва тадбиркорлар учун суд тизими нафақат очиқ, балки ишончли ва халққа яқин адолат қўрғонига айланади. Бу эса давлатнинг ҳуқуқ устуворлиги ва фуқароларнинг ҳуқуқий хавфсизлигини таъминлашда муҳим қадамдир.
Султанмурат ДАВЛЕТМУРАТОВ,
Жиноят ишлари бўйича Хўжайли тумани суди раиси