БОЛАЛАРНИ ЗЎРАВОНЛИКНИНГ БАРЧА ШАКЛЛАРИДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ — ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ

Маълумки, 2025 йил 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди. Мазкур ҳужжат мамлакатимизда болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлида муҳим ва тарихий қадам сифатида эътироф этилмоқда.

Ушбу Фармон фақатгина расмий-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб қолмасдан, балки ҳар бир боланинг тинч, соғлом ва бахтли болаликка бўлган ҳақ-ҳуқуқини таъминлашга қаратилган кенг қамровли давлат стратегиясидир. Зеро, болалар — жамиятнинг энг нозик, энг ҳимояга муҳтож қатлами ҳисобланади.

Афсуски, ҳаётда болалар турли шаклдаги зўравонликка дуч келиши мумкин. Жумладан:

  • оиладаги қаттиққўллик ва беэътиборлик,

  • мактаб ёки жамоат жойларида таҳқирлаш ва босим,

  • интернет маконидаги кибербуллинг,

  • психологик ёки жисмоний тазйиқ ҳолатлари.

Аввал ҳам мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар мавжуд эди. Бироқ янги қабул қилинган Фармон мазкур муаммога тизимли, комплекс ва узоқ муддатли ёндашувни таклиф этмоқда. Яъни, зўравонлик оқибатлари билан курашиш эмас, балки унинг олдини олиш, хавфли омилларни бартараф этиш стратегиянинг асосий мақсади сифатида белгиланган.

2026–2030 йилларга мўлжалланган мазкур стратегиянинг бош мақсади — болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, улар учун хавфсиз муҳит яратиш ҳамда ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлиқ таъминлашдан иборат.

Бу эса қуйидагиларни англатади:

  • ҳар бир бола ўзини ҳимояланган ҳис қилиши лозим;

  • боланинг фикри ва овози эшитилиши шарт;

  • муаммога дуч келган бола ҳеч қачон ёрдамсиз қолмаслиги керак.

Стратегияда қатор муҳим янгилик ва устувор йўналишлар белгилаб берилган. Жумладан, барча қарорлар қабул қилинишида “боланинг энг яхши манфаати” асосий мезон сифатида белгиланмоқда. Яъни, ҳар қандай чора-тадбир аввало болага зарар етказмаслиги, аксинча унинг манфаатига хизмат қилиши лозим.

Фармонда фақат жазоловчи чоралар эмас, балки профилактикага қаратилган механизмлар ҳам алоҳида ўрин олган. Хусусан:

  • ота-оналарнинг бола тарбияси бўйича ҳуқуқий ва психологик саводхонлигини ошириш,

  • таълим муассасаларида психологик хизматларни кучайтириш,

  • болаларга ўз ҳуқуқлари ва ҳимоя механизмлари ҳақида тушунча беришга қаратилган чоралар белгилаб олинган.

Шунингдек, давлат органлари ўртасидаги ҳамкорлик масаласи ҳам янги босқичга олиб чиқилмоқда. Энди болалар билан боғлиқ муаммолар таълим, соғлиқни сақлаш, ички ишлар, ижтимоий ҳимоя ва суд органлари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ахборот алмашуви асосида ҳал этилади.

Зўравонликка учраган ёки хавф остидаги болаларнинг кимга мурожаат қилишини, қаердан ва қандай ёрдам олишини билиши учун осон, ишончли ва самарали ҳимоя тизимлари жорий этилиши ҳам стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармон ижроси жараёнида болани тарбиялаш ва уни ҳимоя қилиш фақат оиланинг эмас, балки бутун жамиятнинг масъулияти эканлиги яна бир бор тасдиқланмоқда. Давлат ушбу ҳужжат орқали ҳар бир боланинг тақдирига бефарқ эмаслигини, уни эшитишга, ҳимоя қилишга ва ҳар бир вояга етмаган шахс учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга тайёр эканини намоён этмоқда.

Хамра БЕРДИКЛИЧЕВ,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси