Судлар билан ҳамкорлик самараси

Қорақалпоғистон Республикаси судида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Унга судлар фаолиятини кенг ёритишда фаоллик кўрсатиб келаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К.Тарихов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси А.Нурлипесов томонидан бугунги кунда самарали фаолият олиб бораётган, мамлакатимизда одил судловни амалга ошириш борасидаги ислоҳотларнинг натижаларини кенг халқ оммасига етказишда фаоллик кўрсатаётган фидойи журналистларнинг меҳнати эътироф этилди. Ўзларига кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромдан мамнун бўлган журналистлар бугунги кунда оммавий ахборот воситаларининг суд органлари билан ҳамкорлиги самарали бўлаётганлигини, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Тадбир якунида соҳа фидойиларининг бир гуруҳига ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

 

 

Сайёр қабул

Элликқалъа тумани “Тозабоғ” овул фуқаролар йиғинида жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман суди раиси О.Мауленов ҳамда Беруний туманлараро иқтисодий суди судьяси Қ.Хожамуратов томонидан сайёр қабул ташкил этилди. Унда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

 

Айтиш керакки, фуқароларнинг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашда жойларда ташкил этиладиган қабулларнинг ўрни беқиёс. Зотан, бундай учрашувлар фуқароларнинг эшикма-эшик сарсон бўлишларининг олдини олишга, муаммоларни имкон қадар тезкор ҳал этишга хизмат қилиши баробарида уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ҳам хизмат қилади.

 

 

 

 

 

 

Давлат раҳбарининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастурида ҳам юқоридаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, пировард мақсад адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига ишончини мустаҳкамлашдан иборат.

Қабулда фуқаролар уй-жой, мерос, алимент, иқтисодий низолар, фирибгарлик билан боғлиқ, шунингдек, судларга доир бошқа масалалар юзасидан ўзларини ўйлантираётган муаммолар билан судьяларга мурожаат қилдилар.

 

Сайёр қабул ўтказилди

Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси суди томонидан олис қишлоқ ва маҳалаларда яшовчи фуқаролар билан сайёр қабуллар ўтказиш юзасидан 2023 йилнинг 1-чорагига мўлжалланган режасига мувофиқ жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси А.Сафаров ва Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси Қ.Атамуратовларнинг иштирокида сайёр қабул ўтказилди.

 

Унда асосан, Амударё тумани “Хитой” овул фуқаролар йиғинида яшовчи фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлари тингланди.

 

 

Қабулда мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой низолари, суд қарорларининг ижроси ва суд томонидан тайинланган жазони енгилроғига алмаштириш каби масалалар бўйича бўлди.

 

Шунингдек, профилактика мақсадида иштирокчиларга қонунларга киритилган ўзгартиришлар, худудда содир этилаётган жиноятлар, асосан аёллар томонидан содир қилинган жиноятларнинг таҳлили, коррупцияга қарши муросасиз курашиш, одам савдоси жиноятларининг салбий оқибати ва алимент билан боғлиқ масалаларда ҳам ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

 

 

1600 АҚШ доллари эвазига ишга киритиб беришни ваъда қилган фирибгар ушланди

Ҳаётда бировнинг ҳақига хиёнат қилиш, фириб бериш орқали мўмай даромад топишга интилиш туфайли юзи қаро бўлган, эл олдида жиноятчи сифатида боши эгилган одамлар учраб туради. Бироқ, уларнинг аччиқ қисмати негадир бошқаларга ўрнак бўлмайди, бу боши берк кўчани тарк этишга ундамайди. Гўёки ўзини ҳаммадан ақллидай ҳисоблаб, қилмишимни ҳеч кимга сездирмайман , ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолаверади, деб ўйлайди. Лекин қинғир ишнинг охири вой эканлигини ҳаёт қайта-қайта тасдиқламоқда.

 

Тумандаги давлат муассасаларидан бирида ишлаб юрган, гулдай икки фарзанднинг онаси Гулруҳ (исмлар ўзгартирилди) ҳам топганига қаноат қилмай, осон пул топиш йўлига ўтганида бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб кўрмади.

 

Ҳамкасб дугонаси Ҳалимадан унинг бир қариндоши ўз мутахассислиги бўйича иш излаётганини, ишсиз қийналаётганини эшитиб, буни гўё ўзи учун осон пул топишга имкондай қабул қилди. Дарров танишлари орқали унинг ишини ҳал қилиб беришини, бунинг учун ўша қиз тезроқ 1600 доллар пулни топиб бериши кераклигини айтди. Дугонасини пора берса, иши осон битишини айтиб, қизиқтирди. У розилик билдирди.

 

Гулруҳ ўша куни айтилган жойда Ҳалиманинг қариндоши пулларни олиб келса, ундан кейинги ишларини ўзича хомчўт қилиб турганида гўё хаёллари рўёга айлангандай бўлди: ўша қиздан айтилган суммадаги долларни ва ҳужжатларини олиб сумкасига солиб, энди жўнамоқчи бўлаётган вақтида уни маъмурий органлар ходимлари қўлга олишди.

 

Яқинда содир этган ушбу ҳолати учун Гулруҳнинг қаршисига очилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича туман судида батафсил муҳокама қилинди. Суд ҳайъати иш бўйича тўпланган барча ҳужжатларни ўрганиб, тарафларнинг кўрсатмаларини эшитиб, Гулруҳнинг қилмишига яраша жазо тайинлади.

 

Асқар САФАРОВ,

жиноят ишлари бўйича Амударё  туман суди раиси

Фуқаро М. Халековнинг ижтимоий тармоқда эълон қилинган мурожаати юзасидан

Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Бўзатов туман судининг 2022 йил 16 февралдаги ҳукмига кўра К. Садирбаева Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг «б» банди билан айбли, деб топилган. Унга нисбатан ушбу Кодекснинг 57-моддаси қўлланилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

 

Суд ҳукми устидан берилган шикоятларга асосан Қорақалпоғистон Республикаси суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 1 августдаги ажрими билан мазкур ҳукм ўзгартирилиб, К. Садирбаеванинг айбловидан мурожаатчи М. Халековдан 3.800.000 сўм миқдоридаги пулни алдаб олганлиги эпизоди ва моддий зарар ундириш билан боғлиқ қисми чиқарилган.

 

Маълумки, Жиноят-процессуал кодекси 499-моддасининг 1-қисми талабига кўра, биринчи ва апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими устидан маҳкум, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, жабрланувчи ҳамда унинг вакили кассация тартибида шикоят бериши мумкин.

 

Ушбу Кодекснинг 500-моддасига асосан кассация шикояти, протести бевосита кассация инстанцияси судига – Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.

 

Қайд этилганларга асосан М. Халековга К.Садирбаевага оид жиноят иши юзасидан қабул қилинган суд қарорларидан норози бўлган тақдирда Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят қилишга ҳақли эканлиги тушунтирилади.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси суди  матбуот хизмати

 

Коррупцияга қарши курашиш – асосий мақсадимиздир

Ҳар бир қонун яхшиликни кўзлаб, эзгу мақсадда қабул қилинади. Айрим қонунлар ўз мазмун-моҳиятига кўра давлат ва жамият тақдири, халқ келажаги, ҳар биримизга дахлдор бўлади. Миллий парламентимиз томонидан қабул қилиниб, Президентимиз томонидан имзоланган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун ана шундай тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлардан биридир.

 

Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби масалалар аниқ белгилаб қўйилган. Мазкур қонун билан яқиндан танишиш, унинг ҳар бир моддасини чуқур ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этишга интилиш, содда қилиб айтганда, коррупция балосининг нақадар мудҳиш иллат эканини тушуниш, мустақил идрок этиш, энг муҳими, унга қарши курашиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

 

Президентимиз Ш.Мирзиёев Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги Фармонни имзолади. Ҳужжат коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини оширишга қаратилган.

 

Сўнгги вақтларда жамиятимиз ҳаёти, мамлакатимиз иқтисодиётининг турли соҳаларини янада жадал ривожлантириш бўйича қабул қилинган қонунлар, Президент Қарор ва Фармонлари ана шу эзгу мақсадга қаратилганлигини англаш қийин эмас. Туризмни ривожлантириш, дунёнинг кўплаб давлатларидан юртимизга ташриф буюрадиган сайёҳлар учун виза режимини бекор қилиш ёки суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш ёхуд тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, турли бюрократик тўсиқ ва ғовларни йўқ қилиш ҳақидаги ҳамда бошқа бир қанча Қарор ва Фармонлар одамларнинг йўлини очишга, Ўзбекистонимизнинг жозибасини янада оширишга хизмат қилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун бу борадаги ислоҳотлар янада изчил тус олишига шароит яратмоқда, бу эса халқимизда катта умид уйғотмоқда. Зеро, коррупцияга қарши курашиш, том маънода барчамизнинг бурчимиздир.

 

 

С.Давлетмурадов,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси

Беруний туманида йиғилиш бўлиб ўтди

Беруний тумани Ёшлар маркази биносида  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2023 йил 6-апрелдаги СҚ-709-IV-сон қарори билан тасдиқланган  “Хотин-қизлар ва гендер тенглик ҳамда ёшлар маданият ва спорт масалалари қўмиталари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ҳотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгариш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди.

 

 

Тадбирда Жиноят ишлари бўйича Беруний тумани суди раиси Р.Камалова, Жиноят ишлари бўйича Тўрткўл туман суди раиси С.Атабаев, Беруний туманлараро иқтисодий суди раиси Р.Курбанбаев,  Беруний тумани ИИБ ЖХХ ХПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта лейтенант С. Бекбагамбетова, Беруний тумани Оила ва хотин-қизлар бўлими етакчи мутахассиси М.Каримовалар ва маҳалла хотин-қизлар фаоллари ва хотин-қизлар иштирок  этди. Йиғилишда Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти бўйича тушунтиришлар  берилди.

 

 

 

Алиментга оид қонунчилик ва амалиёт

Хўжайли тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг шўба рахбари З.Мадаминова, Жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман судининг раиси И.Алланиязов, Хўжайли тумани мажбурий ижро бўлимининг ижрочиси А.Саимбетов, тумандаги “Қирқинчи”, “Суенли, “Жан-Қўнғирот” маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар фаоллари, Хўжайли тумани ИИБ ЖХХ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори Г.Турдымуратовалар томонидан туманнинг мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг мажлислар залида фуқаролар иштирокида семинар ўтказилди.

 

 

Семинарда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-829-сонли Қонунининг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтирилиб, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик маъмурий жавобгарликга тортилишига сабаб бўлиши, маъмурий жазо қўлланилганидан кейин икки ойдан ортиқ муддатда моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаган тақдирда жиноий жавобгарликга тортилишига сабаб бўлиши, ушбу ҳукуқбузарликнинг ва жиноятнинг олдини олиш юзасидан тегишли маълумотлар ва мисоллар келтириб, бу борада доимий равишда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.

 

И.Алланиязов,

Жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман судининг раиси

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди

Шимоли-Ғарбий ҳарбий округ маънавият марказида Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган Қуролли Кучлар таркибидаги  ҳарбий қисм ва муассасалар командир ва бошлиқлари иштирокида ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни олдини олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

 

Унда Бош прокурор ўринбосари-Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори Ботир Кудратходжаев, Республика Ҳарбий суди раиси Садриддин Эшонқулов ҳамда Шимолий-ғарбий округ қўмондони Фарход Шерматов қатнашди.

 

 

Йиғилишда лавозимларга  янги тайинланган Нукус ҳарбий прокурори Улуғбек Абдирахимов ва Нукус ҳарбий суди раиси Пурханиддин Акимниязовлар таништирилди ҳамда келгусида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар келишиб олинди.

 

 

 

 

 

Тезкор йиғилишда маъсулларга ҳудудда ҳуқуқ тартиботни, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоясини янада самарали таъминлашга қаратилган кўрсатмалар берилди.

 

 

Сохта прокурорлик узоқга бормади

“Йўқ буғдойга йўқ тегирмон”. Бу мақол бежизга айтилмаган. Аммо Шундай кимсалар борки, уни бор қилиш пайига тушади. Ферузбек (исм ўзгартирилган) ҳам ўзида йўқ нарсани ҳаёл қилди. Ўзидан транспорт прокурорини ясаб, одамларни алдашга уринди. Илгари ҳам бир неча маротаба номусга тегиш, ўғирлик каби жиноятлари учун ўз жаза муддатини ўтаган Ферузбек бу қилмишларидан ўзига тўғри хулоса чиқармасдан яна “жиноят кўчаси”га кирди. Бу гал аввалги қилмишларидан фарқли ўлароқ, ўзини давлат идорасининг катта лавозимида ишловчи шахс яъни Қўнғирот тумани Транспорт прокурори лавозимида ишлаган “Бакир” исмли шахс ниқоби остида таништириб, осон бойлик орттириш пайига тушади.

 

“Қармоқга илинадиган ёғлироқ балиқ” излади ва уни топди ҳам! Ўзининг болаликдаги таниши Алиш бунинг учун энг осон “ўлжа” бўлди. Алиш “Ўзбекистон темир йўллари” акциадорлик жамиятига қарашли “Мискин” бекати ёнилғи омбор ҳўжалиги Қўнғирот ёнилғи омборхонаси омбор мудири бўлиб ишлар эди.

 

Бир куни Алишнинг телефонига нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлди.

 

-Мен Бакирман, Қўнғирот тумани Транспорт прокурори танимадингми? Бугун меҳмонларим бор эди, уларни яхшироқ кузатишимиз керак шунга сен 1.200.000 сўм пулни манави пластик рақамга ташавор. Қўлингдан келадими?

-Албатта, хўп акажон…

 

Воқеа ана шундай бир-кетин авж олиб кетаверади. Алиш ўз амалидан айрилиб қолмаслик учун Бакирнинг кун ора қилган қўнғиротларига жавоб бериб, “прокурор” сўраган пулларни қандай бўлмасин топиб бериш ҳаракатига тушди.

 

Дастлаб 1.200.000 сўмни ҳеч қандай қийинчилик ва эътирозларсиз олишга муваффақ бўлган Бакирнинг “иштаҳаси хакалак” ота бошлайди.

 

Бир куни тутунган отасининг янги сотиб олган автомашинасига янги баллонлар олиб бериш учун 2.200.000 сўм пул олган бўлса, орадан 2-3 кун вақт ўтиб Бакир ўзининг бошқарувидаги автомашинасида йўл ҳаракат ходисаси содир қилиб олганлигини, шунга таъмир ишлари учун 7.000.000 сўм пул зарурлигини айтиб “олтин балиқ”дан истагинини олиб ўтиради.

 

Аммо доимо Бакирнинг чўнтагига, унинг обрўси ва меҳмонлари учун ўз топганини сарфлашдан чарчаган Алиш шубҳага ўтади. Аниқ транспорт прокуратурасида “Бакир” борми йўғми, биринчи иши шуни аниқлаш бўлди. Ҳақиқатда бор мавжуд  собиқ прокурор “Бакир”ни топиб унга бўлган воқеаларни сўзлаб беради. Шу орада сохта “Бакир”  қилмишларини ошкор қилиш учун пухта режалаштирилган тезкор тадбир ўтказилади.  Оқибатда Бакир ўзининг кейинги топшириғи бўйича Алишдан сўраган 200 АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

 

Мазкур иш судта кўрилиб, сохта Бакир аслида Алишнинг болаликдаги таниши Ферузбек эканлиги аниқланиб, унинг жинояти рад этиб бўлмас далиллар билан исботини топди.

 

Суд ҳукми билан унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан шу кодекснинг 57-моддаси қўлланилиб 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди.

 

“Қилмиш қидирмиш” деганлари шу бўлса керак!

 

 

Даўлетбай Разов,

Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси

 

Skip to content